Барчаси инсон қадри учун

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-833-сонли Қонунин қабул қиланди.

Мамлакатимизда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, шунингдек фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, мансабдор шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқ фаолият юритишини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни маъмурий судларда кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратининг қўлланилиш соҳасини кенгайтириш, қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф эмаслигини маъмурий судда исботлаш мажбуриятини уни қабул қилган мансабдор шахснинг зиммасига юклатиш тартибига қатъий риоя этилишини таъминлаш, шунингдек суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш назарда тутилган.

Ҳозирги вақтда маъмурий суд ишларини юритишда аризачи ҳокимият ваколатларига эга бўлган маъмурий органга, унинг мансабдор шахсига — жавобгарга нисбатан тенгсиз ҳолатдадир. Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича чиқарилган суд ҳужжатининг давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда ижро этилишини таъминлаш устидан самарали назорат механизми ҳам назарда тутилмаган. Бунинг натижасида фуқароларнинг ёки юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб чиқарилган суд ҳужжатлари кўп ҳолларда давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ижро этилмасдан қолмоқда.

Бундан ташқари даъво аризасини (аризани), шикоятни ёхуд ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган судга ўтказган ҳолда, судлар томонидан даъво аризасини, аризани, шунингдек шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этишни ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш белгиланиши зарурати юзага келмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиққан холда, ушбу Қонун суд тизимида «ягона дарча» принципини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъи назар, қабул қилишга ва ваколатли судга юборишга ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизими жорий этилишига, маъмурий суд ишларини юритиш «суднинг фаол иштироки» принципи асосида амалга оширилишига, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан бир қаторда унга сабабий боғланишда бўлган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги талабнинг маъмурий суд томонидан кўрилишига, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафларга келишув битимини тузиш ҳуқуқи берилишига, суд ҳужжатлари маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланилишига доир процессуал қоидаларни белгилайди.

Ягона суд амалиётини таъминлаш ҳамда қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида ушбу Қонунда жиноят процессида кассация инстанцияси судининг хусусий ажримига, фуқаролик процессида кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдиришга, кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатишга доир процессуал қоидалар ҳам назарда тутилган.

Ушбу Қонун давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишга, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 861-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилган.

Давлат ижрочисининг қарорлари устидан шикоят бериш ва протест келтириш. Давлат ижрочисининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш.

Давлат ижрочисининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қарор чиқарилганлиги тўғрисида хабар қилинган кундан ёки манфаатдор шахсга ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳақида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўн кунлик муддатда давлат ижрочиси жойлашган ердаги маъмурий судга ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга берилади.

Давлат ижрочисининг қарорига қонунда белгиланган тартибда прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 25 январда қабул қилинган ЎРҚ-462-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, мазкур кодекс 273-моддаси билан тўлдирилиб, унга кўра талаб судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда маъмурий судга тақдим этилган бўлса, ариза (шикоят) тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга кўриб чиқиш учун ўтказилади.

Агар ариза (шикоят) судга тааллуқлилик қоидаларини бузган ҳолда иш юритишга қабул қилинганлиги ишни кўриб чиқиш чоғида аниқланса, маъмурий суд иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга кўриб чиқиш учун ўтказиш ва маъмурий суд ишини юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Аризани (шикоятни), иш материалларини маъмурий суддан судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Маъмурий суддан тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказилган ариза (шикоят), иш материаллари ўзига ўтказилган суд томонидан қабул қилиб олиниши керак.

Ўзбекистон Республикасида судлар ўртасида судга тааллуқлилик тўғрисидаги низоларга йўл қўйилмайди.

 

Очилов Дилмурод,

Навоий вилоят маъмурий суди судьяси.