Жиноят учун жазо тайинлашда енгиллаштирувчи ҳолатларнинг ўзига хос хусусиятлари ва “Инсон қадри” тамойили

Жамиятда одил судловни таъминланганлиги ҳар бир ҳуқуқий деморатик давлатнинг ўта муҳим элементларидан бири ҳисобланади. Шу боисдан кейинги вақтларда суд тизимини такомиллаштириш, уни том маънодаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига ва адолат қўрғонига айлантиришга қаратилган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини изчил амалга ошириш орқали одил судловга эришиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, давлатнинг стратегик дастурларида бош йўналиш сифатида белгиланилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги Фармонига асосан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси суд ҳуқуқ соҳасидги ислоҳотларни янги босқични бошлаб берди. Бош мезони “Инсон қадрини юксалтириш ва эъзозлаш”га асосланган Тараққиёт стртегияси Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми сифатида суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, бу соҳада бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини тубдан ошириш, «Хабеас корпус» институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш, суд процессида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойилларини рўёбга чиқариш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларни яратиш каби демократик тамойилларни жорий этиш, суд тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ишларини олиб бориш каби муҳим мақсадлар белгилаб олинди.

Жорий қонунчилик бўйича айбдорга содир этган жинояти учун қонунда назарда тутилган жазо қўлланилади. Шунингдек, енгилроқ жазо қўллашга асос бўлиб қилмиш ва айбдор шахс унинг айби даражаси ва шакли шахснинг жиноят содир этгунгача ва ундан кейинги хулқ-атвори жиноятни содир этиш сабаблари ва шарт-шароитларининг жами асос бўлади ва суднинг ҳукмига кўра, мазкур ҳолатларда айбдорни тузатиш, жиноятнинг олдини олишга эришиш учун мазкур жиноят учун қонунда кўрсатилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинланади.

Бу қоида ЖКнинг 57-моддасида кўрсатилган бўлиб, унда «Суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларини эътиборга олиб, алоҳида ҳолатларда ЖК махсус қисми моддасида назарда тутилган мазкур жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам қамроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинлаши мумкин» деб баён қилинган. Қонун чиқарувчи орган ЖК махсус қисмининг диспозиция ва санкцияларини тузиб чиқар экан, ҳар бир жиноят учун ундаги ҳолатлар, вазиятлар, енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни тўла эътиборга олмайди. Айрим ҳолларда суд санкцияда кўрсатилган жазонинг энг кам қисмини тайинлаганда ҳам жазо қаттиқ бўлиб қолиши ва ЖКнинг 42-моддасида назарда тутилган жазонинг мақсадига жавоб бермаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун суд буни жазо тайинлашда эътиборга олади. Содир этилган жиноятда ана шундай вазиятларнинг бўлиб қолиши мумкинлигини эътиборга олиб, қонун чиқарувчи орган ЖКнинг 54-моддасида назарда тутилган қоидалардан истисно тариқасида, яъни санкция доирасида жазо тайинлаш қоидасидан четга чиқиб, ЖКнинг 57-моддасида кўрсатилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинлаш қоидаси киритилган, аммо қонунда фақат фавқулодда ҳолатларда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи, енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлса, жазо тайинлашнинг умумий қоидаларидан бундай четга чиқишга йўл қўйилади, аммо қонунда айнан қандай ҳолатларда енгилроқ жазо тайинланиши мумкинлиги кўрсатилмай, фақат ЖКнинг 57-моддаси 3-қисмида «Содир этилган қилмиш хусусиятларини ифодаловчи ҳолатлар, яъни айбдорнинг шахси, айбининг шакли ва даражаси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, шахснинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атвори жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топилиши мумкин»лиги кўрсатилган. Бундай ҳолатларга жиноят содир этиш мотиви ва мақсадини, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини киритиш мумкин.

ЖКнинг 57-моддасида кўрсатилган асослар бўйича енгилроқ жазо тайинлаш учун ЖКнинг 55-моддасида белгиланган ҳолатлардан фарқ қилувчи, қандайдир алоҳида енгиллаштирувчи ҳолатларда жиноятнинг содир этилиши талаб қилинмайди, суд амалиётида, судлар ЖКнинг 55-моддасида белгиланган ва белгиланмаган енгиллаштирувчи бир нечта ҳолатлар мавжудлигини эътиборга олиб, агар қилмишда оғирлаштирувчи ҳолатлар бўлмаса енгилроқ жазо тайинлашни қўлламоқдалар. Бунда судлар енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида айбдорнинг жамият ва давлат олдидаги хизматларини, кексалиги, ёшлиги, соғлиғининг ёмонлашганлиги, қарамоғида ёш болалари, меҳнатга яроқсиз ота-онаси борлиги ва бошқаларни ҳисобга оладилар.

Олий суд Пленумининг 1996 йил 19 июлдаги “Жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорида «ЖКнинг 57-моддасига мувофиқ қонунда назарда тутилган жазонинг энг кам қисмидан ҳам қамроқ жазо тайинлаш ёки бошқа енгилроқ жазо турига ўтиш фақат содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар мавжуд бўлгандагина мумкин бўлади, масалан, маънавий зарарнинг йўқлиги ёки етказилган мулкий зарарнинг қопланганлиги, ота-онасининг жиддий касаллиги, уларнинг меҳнатга яроқсизлиги, айбдорнинг оилада ягона боқувчи эканлиги, судланувчининг кексалиги, жабрланувчининг ғайриқонуний ҳаракатлари жиноят содир этилишига сабаб бўлганлиги ва шунга ўхшаш ҳолатлар бўлиши мумкин.

Шу аснода судлар томонидан жиноят ишларини кўришда энг аввало жиноят содир қилиш билан боғлиқ бўлган барча ҳолатларини, уни содир қилган шахсни, қилмишда жиноят қонунида кўзда тутилган барча белгиларнинг мавжудлигини тўла ва батафсил аниқлаш, жиноятни тўғри квалификация қилиш, қонунийлик ва адолатлилик принципига риоя қилишнинг асосий шартидир. Жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар маълум даражада қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини белгиловчи мезон бўлиб ҳам ҳисобланади. Яъни, содир этилган жиноятнинг ва жиноят содир этган шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасини камайтирувчи ҳамда енгилроқ жазо тайинлаш учун асос бўладиган ҳолатлар жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳисобланади.

Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар жиноят таркибига кирувчи белги бўлмай, балки ундан ташқарида бўлган қолат ҳисобланади. Шу боисдан Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар жиноятни квалификация қилишга таъсир этмайди, айбдорнинг қилмиши квалификация этилган моддада назарда тутилган жазонинг енгилроқ турини ёки камроқ қисмини тайинлашга асос бўлади.

Қонунчилигимизга асасан, жазо енгиллаштирувчи ҳолатларга қўйидагилан бўлиб, айбни бўйнига олиш тўғрисида арз қилиш, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш ёки жиноятни очишга фаол ёрдам бериш; етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиш; оғир шахсий, оилавий шароитлар оқибатида ёки бошқа мушкул аҳволда жиноят содир этиш;  мажбурлаш ёки моддий томондан, хизмат жиҳатидан ёхуд бошқа жиҳатдан қарамлилиги сабабли жиноят содир этиш; жабрланувчининг зўрлик, оғир хақорати ёки бошқача ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келган кучли руҳий хаяжонланиш ҳолатида жиноят содир этиш; зарурий мудофаанинг, охирги заруратнинг асосли чегарасидан четга чиқиб жиноят содир этиш, ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлашда, касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ бўлган асосли таваккалчиликда зарар етказиш; вояга етмаганнинг жиноят содир этиши; ҳомиладор аёлнинг жиноят содир этиши; жабрланувчининг ғайриқонуний ёки аҳлоққа зид хулқ-атвори таъсири остида жиноят содир этиш кабилардир.

Лекин Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 55-моддасида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг рўйхати қатъий бўлмай, суд жазо тайинлаш вақтида, бу моддада кўрсатилмаган бошқа ҳолатларни ҳам ишдаги ҳолатларга қараб енгиллаштирувчи ҳолат деб ҳисоблаши мумкин.

Жиноят кодексининг 55-моддасида жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг, бир томонидан реал хаётда кўпроқ учрайдиган турлари ва турли жиноятлар содир қилиш учун типик бўлган ҳолатлар олинган бўлса, иккинчи томондан, қонун чиқарувчи орган жиноят содир этиш ва жиноятчи шахсига жиддий таъсир қиладиган ҳолатларнигига жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар рўйхатига киритган.

Жиноят ҳуқуқи назариясида жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг роли хақида ягона фикр мавжуд эмас. Айрим муаллифлар енгиллаштирувчи ҳолатлар айбнинг даражасига таъсир қилади деса, бошқа бирлари суд томонидан тайинланадиган жазони енгиллаштиради деб ҳисоблайдилар. Яна бошқалари эса енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини белгилайди, деб ҳисобайдилар.

Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар фақатгина жазони енгиллаштиришнинг ўзи учун асос бўлмасдан, балки жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш учун ҳам асос бўлиши мумкин. Жумладан, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш ёки жиноятни очиш учун фаол ёрдам бериш, жавобгарликдан озод қилиш ёки содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфи катта бўлмаслиги ёки жиноят унча оғир бўлмаслиги керак. Агар содир этилган жиноят оғир ёки ўта оғир бўлса ва ЖКнинг 55-моддаси «а» бандидаги ҳолат мавжуд бўлса, суд енгиллаштирувчи ҳолат деб жазо тайинлаши мумкин.

Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар қуйидаги хусусиятларни ўз ичига олади.

Хумладан, ЖКнинг 55-моддасида назарда тутилган енгиллаштирувчи ҳолатлар ЖКнинг махсус қисмининг моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг жиноят таркибидан ташқарида бўлиб, қилмишни квалификация қилиш учун таъсир қилмайди, квалификацияни ўзгартирмайди;

бу моддада кўрсатилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар қилмишни ЖКнинг махсус қисми моддаси бўйича квалификация қилиш учун зарурий белгиси сифатида кўрсатилган бўлса, жазо тайинлаш вақтида яна 55-моддага мурожаат қилинмай, ўша модданинг санкцияси доирасида жазо тайинланади, чунки қонун чиқарувчи орган 55-моддада назарда тутилган енгиллаштирувчи ҳолатни ЖКнинг махсус қисмида енгиллаштирувчи ҳолат сифатида кўрсатиб, шунга мувофиқ равишда санкцияни ҳам енгиллаштирган.

Демак, ЖКнинг 55-моддасида кўрсатилган енгиллаштирувчи ҳолат махсус қисмнинг барча моддаларида кўрсатилган жиноятлар учун махсус қисмнинг муайян бир моддасида кўрсатилган енгиллаштирувчи ҳолат фақат шу модданинг ўзи учунгина аҳамиятлидир.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, одил судлов самарадорлигини оширишга оид ислоҳотларнинг асосий мақсади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, шахснинг конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширилишини кафолатлаш орқали том маънода жамиятда инсон қадрини юксалтиришга қаратилгандир.

 

Анвар Исоков,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси.