ИМТИЁЗЛИ ШАРТЛАРДА ЁШГА ДОИР ПЕНСИЯ ОЛИШ ҲУҚУҚИГА КИМЛАР ЭГА?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида, ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эгалиги белгиланган.
“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 592-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабидан келиб чиқиб эндиликда, 2005 йилга қадарли фуқароларнинг меҳнат даврлари меҳнат дафтарчаси асосида ҳисобга олиниши, 2005 йилдан бошлаб эса, жамғариб бориладиган пенсия таъминоти бадаллари асосида иш стажини ҳисобга олиш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, айрим ҳужжатлар, шу жумладан иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар, меҳнат дафтарчаси, фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар электрон тизим орқали интеграциялашган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда аниқланиб, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилик ҳолатларига барҳам берилди.
Лекин, амалиётда айрим тоифадаги фуқароларга имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинлашда ҳанузгача турли хил ёндашув ва тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Хусусан, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасида, эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда ҳамда аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда умумий асосларда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлишлари белгиланган.
Мазкур қонуннинг 9-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхатларга мувофиқ фуқароларнинг айрим тоифалари имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар, чунончи:
Ёшидан қатъи назар пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг 1-сонли рўйхати;
Умумий белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 2-сонли рўйхати;
Умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, вазифалар ва кўрсаткичларнинг 3-сонли рўйхати.
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 11-моддаси “а” бандида, меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар (2-сонли рўйхат, I қисм), шундан эркаклар – иш стажи камида 20 йил бўлиб, бундан камида 10 йили кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда, аёллар- иш стажи камида 15 йил бўлиб, бундан камида 7 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда умумий белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиши;
Қонуннинг 12-моддаси “б” бандида меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар (3-сонли рўйхат, I қисм), шундан эркаклар-иш стажи камида 25 йил бўлиб, бундан камида 12 йилу 6 ойи кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда, аёллар-иш стажи камида 20 йил бўлиб, бундан камида 10 йили кўрсатиб ўтилган ишларга тўғри келган тақдирда, умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 12 майдаги “Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 250-сонли қарорининг 2-қисмида, 2-рўйхатнинг 1-қисми ва 3-рўйхатнинг 1-қисми иш ўрнини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказишни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибда татбиқ этилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2012 йил 25 январдаги 2-қ, 5-сонли қарори билан тасдиқланган Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 12 мартда 2337-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларини қўллаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 5-бандида, 2-сон рўйхатнинг I-қисми ва 3-сон рўйхатнинг I-қисмида назарда тутилган ишчилар, касблар ва лавозимлар имтиёзли шартларда ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқидан, агар уларнинг меҳнат шароитлари Рўйхатларда кўрсатилган шартларга (кўрсаткичларга) мос бўлса фойдаланиши, ушбу мослик ташкилотларда иш ўринларининг аттестацияси натижалари билан қонунчиликда ўрнатилган тартибда тасдиқланиши лозимлиги;
27-бандида, болани парваришлаш таътилида бўлиш даври ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшилмаслиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 сентябрдаги “Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 263-сонли Қарорининг 1-иловаси билан “Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 6-банди 3-хатбошида, имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларида кўрсатилган барча иш ўринлари ва касблар аттестациядан ўтказилиши кераклиги;
45-банднинг 3-хатбошида, имтиёзли пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқни баҳолаш ушбу Низомнинг 3а-иловасига мувофиқ белгиланиши кўрсатилган.
Низомнинг 3-а иловасида, талаб қилинадиган умумий ва махсус иш стажи бўлганда, ёшидан қатъи назар, пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг 1-рўйхати меҳнат шароитлари класслари 4 бўлиши, талаб қилинадиган умумий ва махсус иш стажи бўлганда умумий белгиланган ёшдан 10 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 2-рўйхатида меҳнат шароитлари класслари 3.4 бўлиши, талаб қилинадиган умумий ва махсус иш стажи бўлганда умумий белгиланган ёшдан 5 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 3-рўйхатида меҳнат шароитлари класслари 3.3 бўлиши белгиланган.
Демак, 1-рўйхатдан ташқари, 2 ва 3-рўйхатларда ишлаб имтиёзли пенсияга чиқиши ҳуқуқини берувчи касблар албатта шаҳодат картаси билан тасдиқланиши шарт. Иш ўрнини ҳар 5 йилда шаҳодат кўригидан ўтказиш, иш берувчининг зиммасига юклатилган.
Бироқ, айрим ҳолларда иш берувчилар томонидан номаълум сабабларга кўра иш ўринлари аттестациядан ўтказилмаганлиги фуқароларни имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқига ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда. Бу ҳолатда фуқаролик судлари иш берувчи томонидан ходимларнинг айрим тоифалари учун белгиланган имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берувчи иш ўрни аттестациядан ўтказилганлиги ҳақидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, ўта зарарли ва ўта хавфли меҳнат шароитларида ишлаганлик фактини белгилашга ҳақли. Чунки, иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилмаганлиги ходимнинг айби эмаслигини инобатга олган ҳолда, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун барча лозим бўлган чоралар кўрилиши лозим.
Фуқаронинг пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг исталган пайтда пенсия тайинлашни сўраб яшаш жойидаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимларига мурожаат этиши мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия ва иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси бўлимларининг фуқароларни пенсия таъминоти билан боғлиқ қарорлари, мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ҳам маъмурий судга шикоят қилиниши мумкин.
Азиза Рўзиева,
Навоий туманлараро маъмурий суди судьяси.