Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари

Қадимги давр ёзма манбаларига асосланиб, ер юзида давлатчилик асослари пайдо бўлиши билан коррупция иллатлари ҳам пайдо бўлган дейилса муболаға бўлмайди. Негаки, жамиятда ижтимоий муносабатлар ривожлангани сари уларни қонуний асослардан кўра, ноқонуний йўллар билан тартибга солишни осонроқ деб ҳисоблашган.

Шу ўринда дастлаб, коррупция ўзи нима эканлиги, уни жамиятнинг айнан қайси жабҳаларида яққолроқ кўзга ташланиши борасида фикр юритсак. Қонун ҳужжатларида коррупцияга давлат органлари ходимлари моддий ва мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишда ифодаланадиган ижтимоий ҳодиса сифатида таъриф берилади. Оддий сўз билан айтганда, мансабдор шахснинг моддий манфаат кўриш учун ўзига юклатилган ваколатни суиистеъмол қилишидир.

Юқорида айтилганидек, бу иллат нафақат бир давлатнинг балки бутун инсониятни ташвишга солиб келаётган ва асрлар давомида курашилаётган тараққиётнинг асосий кушандаларидан бири  ҳисобланади. Дунё халқлари мазкур курашлар жараёнида қайсидир кўп, қайсидир озроқ натижага эришиб келмоқда.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикасида ҳам охирги йилларда салмоқли натижаларга сабаб бўлаётган ислоҳатлар олиб борилмоқдаки, бу ҳолат жаҳон ҳамжамиятида мамлакат рейтингини юқори пағоналарга кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Transparency International” халқаро ташкилотининг рейтингида 2020 йилда 180 та давлат орасида 146-ўринни эгаллаган.

Коррупцияга қарши курашиш борасидаги ҳуқуқий асослар юзасидан шуни айтиш жоизки, мамлакат Конституцияси мазкур ҳолат юзасидан дастурул амал бўлиб хизмат қилса, 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун асосий қонун ҳисобланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сонли Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги ташкил этилди ва Агентликнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича вазифа ва ваколатлари белгилаб берилди.

Шундан кейин, 2021 йилнинг 18 ноябрида Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-729-сонли Қонунига мувофиқ “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, мазкур Агентлик Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашувчи органлар таркибидан жой олди.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, мазкур ўзгартишлар натижасида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаши ташкил этилиши белгиландики, мазкур органнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий кенгашлари ўз фаолиятини олиб боради.

Миллий Кенгашнинг асосий вазифалари бўлиб коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлаш, коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни йиғиш ҳамда таҳлил этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш, ҳудудий кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳисобланади.

 

 

Улуғбек Исмаилов,

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси.