Қидирув:

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини оширишдаги яна бир илғор қадам

Охирги йилларда давлатимизда барча соҳаларда, шу жумладан суд-ҳуқуқ соҳасида жуда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Маъмурий суд соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар одил судловни таъминлаш билан бирга, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари самарали ҳимоясини таъминлашда ҳам кенг хизмат қилмоқда.

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг манфаатларига қаратилган ислоҳотларнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-33-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан:

давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;

давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;

маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;

давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;

маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш, Ўзбекистон Республикасида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди.

Қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш мақсадида Президент қарорида қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унда:

давлат органи қарори ёки унинг мансабдор шахси ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан берилган аризани маъмурий судларда кўришда мансабдор шахс ёки унинг вакили зарур тушунтиришлар бериш учун суд муҳокамасида иштирок этиши шарт ҳисобланиши;

давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирок этиши зарур деб топилган ҳолларда маъмурий ишни кўриб чиқиш кейинга қолдирилиши, унинг иштироки ишнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва тўғри ҳал қилинишига тўсқинлик қилмаган тақдирда, иш давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирокисиз кўриб чиқилиши;

давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд муҳокамасига келмаган ва унинг келмаганлиги суд томонидан узрли деб топилмаган тақдирда, мансабдор шахсга нисбатан суд жаримаси қўлланилишини белгилаш назарда тутилди.

Илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, маъмурий суд иш юритувида ишларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган дастлабки эшитув институтини жорий этиш белгиланмоқда.

Унга кўра:

маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув қонунда назарда тутилган ҳолларда ўтказилади;

дастлабки эшитувда аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозлари аниқлаштирилади, аризадаги камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади;

талабларни исботлаш учун аризачига зарур далилларни ҳамда жавобгарга фикрни ёзма равишда тақдим этиш бўйича тушунтиришлар берилади;

аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга судья томонидан дастлабки ҳуқуқий баҳо (талабларни аниқлаштириш, ишга дахлдор бўлмаган тарафларни алмаштириш, қўшимча жавобгарни жалб қилиш ва бошқалар) берилади. Бунда кўрилаётган ишнинг мазмунан ҳал этилиши бўйича якуний фикр билдиришга йўл қўйилмайди;

дастлабки эшитув ариза судга келиб тушган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай ўтказилади, ушбу муддат суд муҳокамаси учун белгиланган муддатга киритилмайди;

дастлабки эшитув натижасига кўра аризани қайтариш ёки иш бўйича суд муҳокамасини тайинлаш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Маъмурий судларнинг нуфузи ва ролини кучайтириш мақсадида Президент қарори билан маъмурий судга низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши ва суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликка оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати берилмоқда.

Маъмурий суд соҳасида амалга оширилиши белгиланган ушбу ислоҳотлар кенг қамровли ва уни амалга ошириш жараёни муайян вазифаларни бажаришни талаб қилишлиги сабабли Президент қарорининг 7-банди билан Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия тасдиқланди.

Ривожланган мамлакатларда айнан маъмурий судлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ижро органлари томонидан бузилишининг олдини олишда, уларни ғайриқонуний қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)дан ҳимоя қилишда муҳим ўрин эгаллайди.

Шу муносабат билан давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни такомиллаштириш зарур бўлиб, Концепциянинг “Маъмурий суд ишларини юритишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш” деб номланувчи бўлимида 20 та вазифа, “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш” деб номланувчи бўлимида 5 та вазифа ҳамда “Маъмурий суд ишларини юритишга халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ янги институт ва тартибларни жорий этиш” деб номланувчи бўлимида 13 та вазифа, жами 38 та вазифалар белгилаб берилди.

Президент қарори билан тасдиқланган Идоралараро комиссия зиммасига қатор вазифалар юкланган бўлиб, комиссия уч ой муддатда янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасини тайёрлаш жараёнига халқаро ташкилотларнинг экспертлари ва мутахассисларини жалб этиш масаласи кўриб чиқилишини таъминлаши ҳамда 2026 йил 1 июлга қадар янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиши лозим бўлади.

Суд-ҳуқуқ соҳасига бағишланган юқорида қайд этиб ўтилган Президент Қарори авваламбор, “Инсон қадри учун” ғояси асосида қабул қилинган бўлиб, у адолатли суд тизимини шакллантириш, халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини суд йўли орқали самарали ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи ошишининг таъминланишига хизмат қилади.

 

Муродов Акмал Анварович,

Навоий вилоят маъмурий судининг раиси

Кармана туманида ўтказилган сайёр суд ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Инсонпарварлик – инсоннинг қадри, эркинлиги, бахт саодати, тенг ҳуқуқлиги тўғрисида, инсонийликнинг барча тамойилларини юзага чиқариш учун шарт-шароитлар яратиб бериш ҳақида ғамхўрлик қилишни ифодаловчи тушунча ҳисобланади.

Бу борада, мамлакатимизда, инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш мақсадида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб келинмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси Ж.Каримов ва тергов судьяси Л.Обидовлар иштирокида, Кармана тумани Маданият маркази биносида ўтказилган сайёр суд мажлисида жиноят ва маъмурий ҳуқубузарлик содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Каримов Жахонгир,

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси

 

Обидов Лазизжон,

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг тергов судьяси

Иштирокчиларга манфаатли бўлган семинар

Навоий вилоят суди ва Навоий вилоят маъмурий суди ташаббуси билан Навоий вилоят суди биносида вилоят тизимидаги ташкилот, корхона ва идоралари вакиллари иштирокида амалий семинар ўтказилди.

Семинар кун тартибига “Меҳнат қонунчилиги меъёрларини суд амалиётида қўллаш ва меҳнат низоларининг олдини олиш”, “Ўзбошимча қурилмалар ҳамда давлат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиши муносабати билан фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш” ва “Ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига доир” суд амалиётидан маърузалар тингланди.

Тадбирда маҳаллий давлат ҳокимияти, прокуратура, ички ишлар, божхона, солиқ органлари, тижорат банклари, кадастр идоралари вакиллари иштирок этишди.

2024 йил давомида маъмурий судларида жами 866 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ ишлар кўриб тамомланган, шундан ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда маҳаллий ҳокимлик мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида кўрилган ишлар 11,0 фоиз (95 та) ташкил қилган, ушбу ишларнинг 64 таси ёки 67,4 фоизи ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ, 31 таси ёки 32,6 фоизи маҳаллий ҳокимлик мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги ишларни ташкил этган.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2024 йил давомида меҳнат муносабатларига доир 1045 та фуқаролик иши кўрилган, ишлар сони 2023 йилга нисбатан 262 тага ёки 25,0 фоизга камайган. Ишларнинг 627 таси ёки 60 фоизи бўйича даъволар қаноатлантирилган.

Кўрилган ишларнинг 633 таси иш ҳақи ундириш, 183 таси ишга тиклаш, 66 таси ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этганлик ҳолати, 28 таси меҳнат таътили бериш ва қолгани бошқа тоифадаги меҳнат низоларини ташкил этган.

Ишга тиклаш ҳақидаги даъволар бўйича кўрилган 183 та ишнинг 75 таси ёки 40,9 фоизи юзасидан иш берувчиларнинг буйруқлари ғайриқонуний топилган.

2024 йилда кўрилган ишга тиклаш ҳақидаги низоларнинг 18 таси тижорат банклари, 15 таси ички ишлар органлари, 15 таси соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли қуйи бўғин ташкилотлари, 10 таси мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари, қолганлари бошқа давлат идоралари ва хусусий тадбиркорлик субъектлари хиссасига тўғри келган.

Меҳнат низолари юзасидан иш берувчилардан ходимлар фойдасига 3 млрд. сўмдан ортиқ иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда қарийб 1.1 млрд сўм миқдорида маънавий зарар учун компенсация ундириш белгиланган.

Вилоят суди ташаббуси билан меҳнат жамоаларида ўтказилаётган учрашувларда ҳам иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги келиб чиққаётган меҳнат низоларини кўришга доир суд амалиётларидан тегишли тушутиришлар бериб келинмоқда.

Иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича судларда 2024 йилда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, кадастр идораларининг даъволари бўйича кўрилган ишларнинг статистик таҳлиллари ҳақида маълумотлар берилиб, ўзбошимча қурилмалар ҳамда давлат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиши муносабати билан фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш, ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига доир суд амалиётидаги масалалар бўйича иштирок этганларга батафсил тушунтиришлар берилди.

Бундай семинарларни ўтказишдан кўзланган мақсад фуқаролар ва тадбиркорларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида кафолатланган ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузилишини олдини олиш, тарафлар ўртасидаги низоларни медиация тартиб-таомиллари асосида ҳал этиш ҳисобланади.

 

Касимов Ихтияр,

Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари

 

Шукуров Анвар,

Навоий вилоят судининг судьяси

Коррупция жамият тараққиётига тўсиқ

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил, бу омил туфайли давлатнинг ривожланиши секинлашади, бу иллат жамиятни турли йўллар билан исканжага ола бошлайди, натижада ҳукумат тизими ишдан чиқади, демократик институтларга путур етади, қонун устуворлигига жиддий зиён етказади, инсон ҳуқуқлари бузилади, унинг салбий таъсири остида фуқароларнинг адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига ишончи йўқолади, жамиятда инсоният хавфсизлигига таҳдид солувчи уюшган жиноятчилик, терроризм каби салбий ҳодисалар илдиз отади.

“Коррупция” атамасининг лўғавий маъноси ҳам лотинча “оруптио” сўзидан олинган бўлиб, пора бериб сотиб олиш, маънавий жиҳатдан бузилиш, ишдан чиқиш деган маъноларни англатади, қонун ҳужжатларида коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилган, шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир, соддароқ қилиб айтганда, коррупция мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатларидан фойдаланиб, шахсий мақсадда фойда олиш учун давлат ҳокимиятини суистеъмол қилишдир.

Коррупциянинг тарихи антик даврларга бориб тақалади, қадимги Юнонистон ва Мисрда оддий халқни оқосоқоллар ва амалдорларга совға саломлар беришдан бошланган бу коррупция ҳозирги даврга қадар давом этмоқда. Коррупцияни келиб чиқиш сабабларини аниқлаш унга қарши курашишнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилиб келинмоқда, ўзига хос рейтинлар тузилиб, ҳатто коррупциянинг хилма хил кўринишидаги формулалар ҳам ишлаб чиқилган, лекин ҳанузгача барча давлатлар ва миллатлар учун асқотадиган ягона ечим топишганича йўқ.

Тадқиқотчилар коррупцияни асосий сабаблари сифатида тўртта омилни кўрсатадилар.

Биринчичси иқтисодий сабаблар, бу ҳақда Мухтарам Президентимиз ҳам ўзларининг чиқишларида кўп маротаба сўз юритиб келади,бунда иқтисодий фаолиятга нисбатан турли хил чеклашлар, амалдорларнинг кенг, назоратдан холи, чекланмаган ёки рухсат бериш ёхуд тақиқилаш ваколатлари коррупцияга замин яратади. Шу билан боғлиқ ҳолда йирик маблағларга эга бўлган айрим ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига буйсундиришга интиладилар.

Иккинчиси ҳуқуқий сабаблар. Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боҳлиқдир. Мукаммал бўлмаган, номигагина қабул қилинган,бўшлиқлардан иборат қонунлар ишламайди ва айрим уддабуронлар бундан усталик билан фойдаланадилар.

Учинчиси-давлат бошқарув тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, ОАВ га нисбатан цензурани мавжудлиги, жамоатчилик назоратини йўқлиги бунинг натижасида ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги.

Тўртинчиси.Ижтимоий сабаб ёки жамиятдаги муҳит аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллигини пастлиги.

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил, барча мамлакатларга тахдид солувчи салбий ижтимоий ҳодиса ҳисобланади, шу сабабдан бу иллатга бутун дунё қарши курашади бу борада, БМТ томонидан 12 та, Европа Итифоқи томонидан 8 та, МДХ томонидан 6 та йирик ҳужжатлар қабул қилинган, БМТ бош ассамбелиясини 21.11.2003 йилдаги резолюциясига асосан 2004 йилдан бошлаб “9-декабр Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида нишонланиб келинмоқда.

Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган ҳуқуқий тизим яратилган. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги, “Давлат бошқарув органларининг фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги каби қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги, “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги, «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ўнлаб Фармон ва Қарорлари шулар жумласидандир.

Мазкур қонун ҳужжжатлари асосида коррупциявий хавфларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш учун масъул бўлган алоҳида орган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди, шунингдек коррупцияга қарши кураш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди. Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди. Давлат ҳокимияти органлари ва йирик хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди.

Республикамизда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юритиладиган «Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” жорий этилмоқда,қонунчиликка асосан эндиликда реестрга киритилган шахслар, давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши, сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши, давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзоси бўлиши, улар томонидан таъсис этилган ва (ёки) улар иштирокчиси ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши, шунингдек, давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиши, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши тақиқланади.

2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади.

Республикамизда коррупцияга қарши курашувчи идоралар томонидан коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этмоқда, бундай ҳуқуқбузарлик учун кескин жавобгарлик чоарларини қўллаш масаласи қатъий ҳисобга олинган, дарҳақиқат коррупцияга қарши курашиш, бу соҳада самарали чора тадбирлар ишлаб чиқиш масалалари давлатимиз раҳбарининг ҳам доимий диққат марказидадир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу борада олиб борилаётган ишлар билан асло хотиржамликка берилиб бўлмайди, суд статистикасига мурожаат этадиган бўлсак, 2024 йил давомида вилоятимизда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан коррупция билан боғлиқ кўриб чиқилган 563 та жиноят иши кўрилган бўлиб, (521) та шахсга нисбатан жазо тайинланиб ҳукм чиқарилганлиги, шулардан 15 нафари 60 ёшдан ошган шахслар, 85 нафари аёллар эканлиги, энг ачинарлиси шу жиноят иштирокчиларини орасида 107 нафар ёшларнинг мавжудлиги, коррупция деб аталган иллатга қарши курашиш нақадар долзарб эканлигидан далолат беради.

Коррупцияга аралашган, бу жирканч иллатга қўл урган одам учун улуғ нарсалар, муътабар туйғуларни қадри йўқолади,бундай одамлар ҳаётда ҳамма нарсани сотиб олиш ёки сотиш мумкин деб уйлайди, улар иймон эътиқодга ишонмайди, айни пайтда бундай кимсаларга ҳеч нарсани ишониб топшириб бўлмайди. Биз учун қадрли бўлган ҳадиси шарифда ҳам пора олувчини ҳам, берувчини ҳам ва унга далолат қилувчини ҳам лаънатланганлиги бу ҳаракатларни содир этиш ислом ва шариатда ҳам нақадар оғир гуноҳ саналишидан далолат беради.

Коррупция балосидан қутулиш, жамиятни унинг чангаликдан озод этиш ҳақида ҳаммамиз уйлашимиз, бунинг заруриятини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак. Бу курашни кундалик ҳаётимиздаги оддий ҳолатлардан бошлашимиз зарур Ўзимизга зарур бўлган қандайдир танқис маҳсулотни олиш учун навбатни тезлаштириш, яхшироқ жойга ишга кириш, шифокорни рози қилиш ёки рейтинг дафтарчасига яхши баҳо қўйдириш ва шу каби вазиятларда нафақат ўзимизни муносиб тутишимиз, балки атрофимиздагиларни дўстимиз, ҳамкасбимиз қўни қўшнимиз ва жамоатни бу нарсадан қайтаришимиз лозим бўлади.Жамиятимиздаги ҳар қандай жараёнга лоқайд муносабтда бўлмаслик барчамизнинг устувор бурчимиз бўлиши зарур. Зеро мухтарам юртбошимиз таъкидлаганидек “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, ҳалқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан,таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз”.

 

Аллаев Абдулло Садуллоевич,

Навоий вилоят судининг раиси

 

Турғун Қаҳҳоров,

Навоий вилоят судининг судьяси

Коррупцияни олдини олиш йўлидаги муҳим қадам

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонунининг имзоланиши ҳам сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижаларидан бири десак муболаға бўлмайди. Ушбу Қонуннинг мақсади манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, Қонун давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади. Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими томонидан ушбу Қонун талабларига риоя этилиши устидан назорат ушбу давлат органида ёки бошқа ташкилотда тузилган одоб-ахлоқ комиссияси томонидан амалга оширилади. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабарнома ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация тақдим этиш орқали амалга оширилади. Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича кўрилган чораларни ўз ичига олиши, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг ва (ёки) унинг бевосита раҳбарининг (айрим ҳолларда, унинг ўринбосарининг) ўз қўли билан қўйилган имзоси ёки электрон рақамли имзоси билан тасдиқланиши керак. Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг раҳбар ходими ҳамда махсус бўлинманинг раҳбари манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш учун масъул ҳисобланади. Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар таркибий бўлинмасининг раҳбари мавжуд манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича ўз ваколатлари доирасида кўрилган чоралар тўғрисида махсус бўлинмага бир иш куни ичида ахборот тақдим этиши шарт. Махсус бўлинма кўрилган чораларнинг етарлилиги (тўғрилиги) тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун ахборотни уч иш куни ичида одоб-ахлоқ комиссиясига тақдим этади. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарорлар ёки тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарор ёки тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, ушбу қарор қабул қилинганлиги ёки битим тузилганлиги натижасида олинган фойда битим бўйича олинган ҳамма нарсани қайтариб бериш тўғрисида талаб қўйилмаган ҳолда, суд тартибида давлат даромадига ўтказилади. Бунда ҳақиқий эмас деб топилган бундай битимнинг ижроси билан боғлиқ харажатларнинг ўрни манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган шахснинг ҳисобидан қопланади. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарор ёки тузилган битим ҳақиқий эмас деб топилганлиги натижасида жисмоний ёки юридик шахсларга, шу жумладан давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга етказилган зарар давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг айбдор ходимларидан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин. Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар томонидан қабул қилинган қарорлар устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи ташкилотга, махсус ваколатли давлат органига ёки судга шикоят қилишга ҳақли .

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши давлат идораларининг коррупциянинг олдини олиш ва коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича масъулияти оширилишига, ижтимоий-иқтисодий, фуқаровий муносабатларда коррупциявий омилларнинг камайишига, давлат хизматида таниш-билишчилик, қариндош-уруғчиликнинг олдини олишга хизмат қилади.

 

Аллаев Абдулло Садуллоевич,

Навоий вилоят судининг раиси

 

Ялгашев Гиёсиддин Тулкинович,

Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари 

Одам савдосига қарши курашда барчамиз бирдек масъулмиз

Одам савдосига қарши курашда барчамиз бирдек масъулмиз

 

Бугунги кунга келиб гловал муаммога айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда.

Дарҳақиқат, дунё бўйлаб кенг қамровли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар «замонавий қуллик», яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги эса ғоят ячинарлидир.

Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.

Ҳозирги кунда ҳар қадамда “Одам савдоси қурбонига айланиб қолманг” деган пешлавҳаларни учратмоқдамиз. Албатта, ушбу сўзлар ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Одамларни чет элларга олиб бориб пуллайдиган кимсалар аввало ўз ўлжаларини хориждаги катта маош, ҳузур-ҳаловат ва тўкин сочин ҳаёт билан қизиқтирадилар. Иродаси бўш одамлар эса аслида жонажон мамлакатимизда ҳам топиш мумкин бўлган маблағни осонгина эгаллашни мақсад қилиб, ўзи билмаган танимаган одамлар билан на тили ва урф-одатини биладиган бегона юртларга кетишга тайёрланадилар.

Чет элга ноқонуний тарзда ишга чиқаётган шахсларнинг кўпчилиги юқорида таъкидланган– халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар вакилларининг тузоғига тушиб қолмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар натижасида фуқароларимизнинг турмуш шароити узлуксиз юксалиб бормоқда, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўла рўёбга чиқарилиши учун қулай ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар юзага келмоқда.

 

Буларнинг барчаси шахс эрки, унинг ҳаёти, саломатлиги ва шахсий ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролар ҳуқуқий муҳофазаси самарадорлигини ошириш, шахс-давлат муносабатларида шахс манфаатлари устуворлиги тамойилига оғишмасдан амал қилиш эҳтиёжини янада кучайтирмоқда.

Шахс эрки ва қонуний манфаатларини таъминлаш ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган тадбирлар орқали амалга ошириб келинмоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, одам савдосига қарши курашиш умуммиллий даражада ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асосланса  ўз натижасини беради.

 

Ялгашев Гиёсиддин,

Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари

 

Бобир Имомов,

Навоий вилоят судининг судьяси

Нурота туманида ўтказилган сайёр суд ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Инсонпарварлик – инсоннинг қадри, эркинлиги, бахт саодати, тенг ҳуқуқлиги тўғрисида, инсонийликнинг барча тамойилларини юзага чиқариш учун шарт-шароитлар яратиб бериш ҳақида ғамхўрлик қилишни ифодаловчи тушунча ҳисобланади.

Бу борада, мамлакатимизда, инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш мақсадида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб келинмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг раиси М.Хайитов ва тергов судьяси З.Утамуродовлар иштирокида, Нурота туман “Ғ.Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилган сайёр суд мажлисида жиноят ва маъмурий ҳуқубузарлик содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Хайитов Мирзохид,

Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг раиси

 

Утамуродов Зарифжон,

Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг тергов судьяси

Ҳамкорликда ташкил этилган семинар тафсилотлари

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг кўрсатма хатига асосан Навоий вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан вилоят тизимидаги ташкилот, корхона ва идоралар билан меҳнат муносабатларига доир мавзулар юзасидан семинар машғулотлари ўтказиш ҳақида топшириқ хати берилган бўлиб шунга асосан семинар режаси ишлаб чиқилди.

Семинар режага мувофиқ 2025 йил 7 февраль куни Навоий вилоят эндокринология диспансерида Меҳнатга ҳақ тўлаш асослари мавзусида семинар йиғилиш ўтказилди.

Семинар иштирокчиларига иш берувчи томонидан ходимнинг малакасига, бажарадиган ишининг мураккаблигига, миқдорига, сифати ва шароитларига қараб иш ҳақи тўлашниши, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар кечиктирилганда ҳар бир кечиктирилган кун учун фоизлар ҳисобланиши, иш ҳақи тўлаш масаласида келиб чиққан низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш ва келиб чиқиши мумкин бўлган низорларнинг олдини олиш мақсадида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, семинар йиғилиш иштирокчиларининг қизиқтирган саволларига жавоб берилди.

 

Баҳронов Азизжон,

Навоий вилоят судининг судьяси

 

Ҳамидов Феруз,

Навоий вилоят судининг судьяси

Иштирокчиларга манфаатли бўлган семинар

Навоий шаҳар ҳокимиятида Навоий вилоят суди судьялари иштирокида “Меҳнат қонунчилигига оид нормаларнинг мазмун, моҳияти ва низоларни кўришда юзага келаётган муаммолар” мавзусида семинар машғулоти ташкил қилинди. Ушбу семинарда ҳокимиятнинг ишчи ходимлари билан биргаликда кадрлар масалалари бўйича масъул муттасади ходимлари ҳам иштирок этди.

Жамоада ўтказилган семинар айни вақтида ташкил қилинган ҳамда иштирокчиларига манфаатли бўлган ташаббус бўлди.

Чунки, 2022 йил 28 октябрда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси янги таҳрирда қабул қилиниб, шунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги янги таҳиридаги қарори қабул қилиниши натижасида иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларида янги қонун нормаларини улар томонидан қўллашда айрим тушунмовчиликлар юзага келган эди.

Бунинг натижасида, судларда ушбу тоифадаги низоларнинг кўпайшига сабаб бўлган эди.

Шу сабабли, бугунги семинар келгусида меҳнат қонунчилиги нормаларини улар томонидан тўғри қўлланишига ва судларда бу каби низоларни юзага келишини олди олишга хизмат қилади.

 

Шукуров Анвар,

Навоий вилоят судининг судьяси

 

Турдиев Истам,

Навоий вилоят судининг судьяси

 

Шерматов Беҳзод,

Навоий вилоят судининг судьяси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев: “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупсиянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”, деб ҳақли равишда таъкидлайди, ушбу юқорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоят судларида фаолият олиб бораётган судья ва суд аппарати ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди

Таъкидландики, суд тизимида коррупцияни олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2017-йил 30-августдаги “Ўзбекистон Республикаси судлари судяларининг одил судловни амалга оширишдаги ва суд ходимларининг хизмат вазифаларини бажаришдаги фаолияти давомида муайян ҳаракатларни бажариш ёки бажармаслик учун ҳақ (пора) таклиф қилинганлиги тўғрисида хабар бериш ва уни кўриб чиқиш” Тартиби тасдиқланиб, унга кўра тегишли вазифалар белгилаб олинган.

Шунингдек, судялар ва суд ходимларига пора бериш таклифи билан мурожаат этганлик ёки уларни порахўрликка ундаш ҳолатлари тўғрисида хабар бериш тартиби ва механизми ҳақида батафсил тушунтиришлар берилиб, уларнинг бу борадаги масъулияти оширилди.

Хулоса шундаки, коррупсияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳодиса яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, коррупсия барча мамлакатларда мавжуд бўлган салбий иллат ҳисобланади. Коррупцияни олдини олиш ва унга барҳам беришда жамиятнинг барча қатлами доимий равишда масъул ҳисобланади.

Бундан ташқари йиғилишда судья ва суд аппарати ходимларини суд номига доғ тушурувчи ҳолатлардан тийилишлари, иш вақтида ҳамма ишдан ташқари вақтларда бошқа ташкилотлар билан муносабатларни касб етикаси ва одоб кодекслари (қоидалари) доирасида амалга оширишлари такинланди.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Skip to content