Хатирчи тумани “Тамабахрин” маҳалласида ташкил этилган сайёр қабул тафсилотлари
Жиноят ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди ҳамда Навоий вилояти Хатирчи туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари раҳбарлари томонидан тасдиқланган туман ҳудудидаги маҳаллаларда ўтказиладиган сайёр қабуллар жадвалига асосан туманнинг “Тамабахрин” махалласида сайёр қабул ташкил этилди.
Бўлиб ўтган сайёр қабулда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига доир бир қанча мурожаатлари тингланиб, аксарияти жойида ҳал қилинган бўлса, қолган мурожаатларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, сайёр қабул давомида туман судлари томонидан сайёр суд мажлислари ҳам ўтказилиб, ишлар омма олдида сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.
Шерали Хомидов,
Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.
Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг навбатдаги сайёр суд мажлиси туманнинг Мустақиллик маҳалласида бўлиб ўтди
Фуқаро Д.Н Хатирчи тумани Хўжақулобод маҳалласида истиқомат қилиб келиб, 2024 йил 28 январ куни соат тахминан 20:00 да ушбу маҳаллада яшовчи Д.А билан ўзаро оилавий келишмовчилик сабабли жанжаллашиб қолишиб, жанжал вақтида Д.А га қасддан тан жароҳати етказиш мақсадида, дастлаб ўз яшаш хонадонида унинг юз соҳасига қўллари билан бир неча маротаба уриб, сўнг Д.А ундан қутилиш мақсадида ташқари кўча томонга чиққан вақтида, ортидан етиб олиб, боши ва қўллари билан Д.А нинг юз ва бош соҳаларига уриши оқибатида унга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказган.
Суд Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 585-моддаси талабларидан келиб чиқиб, ярашиш тўғрисидаги ариза ихтиёрий равишда берилганлигини, судланувчи Д.Н ўзининг айбига ихтиёрий иқрор бўлганлигини, қилмишидан пушаймонлигини, жабрланувчига етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлигини, жабрланувчининг унга нисбатан ҳеч қандай даʼвоси йўқлигини, тарафларни ярашув битимига рози эканликларини инобатга олиб, ЖПКнинг 84-моддаси 4-қисмига асосан унинг айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб, уни жиноий жавобгарликдан озод қилиб, жиноят ишини тугатишни лозим топди.
Сайёр суд мажлиси якунида йиғилиш иштирокчиларига бу каби сайёр суд мажлисларини ўтказишдан асосий кўзланган мақсад жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш эканлигини билдириб ўтди. Бундан ташқари йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдаги Конституцияси мазмун моҳияти ҳамда коррупсия ва одам савдосига қарши кураш тўғрисида, ушбу жиноятлар учун жазо муқаррарлиги тўғрисида қонунчилик юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди.
Шерали Хомидов,
Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.
Босқинчиларга ҳукм ўқилди
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 10-моддасида, қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шартлиги белгиланган.
Пахтачи туманида яшовчи З.Қ, Ғиждувон туманида яшовчи А.Н ва бошқалар жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар бўлиб, Навбаҳор тумани ва бошқа туманларда яшовчи фуқароларга тегишли бўлган хонадон ва ёрдамчи хўжалик биноларига кириб, хонадонларда мавжуд бўлган нақд пул маблағлари, тилла-тақинчоқлар, гиёҳвандлик моддалари ҳамда бошқа моддий қийматликдаги нарса ва буюмларни қонунга хилоф равишда босқинчилик йўли билан талон-торож қилишга режа тузишади ва 2023 йилнинг 23 март куни ярим тунда Навбаҳор тумани ҳудудига келишиб, юзларига ниқоб тақишиб, ошхона пичоғи ҳамда темир кастет билан қуролланиб, фуқаро Т.Х нинг (исми-шарифи ўзгартирилган) яшаш хонадонига кириб, ҳовли ётоқхонасида ухлаб ётган хонадон эгаси Т.Х га ҳужум қилиб, уни танасининг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказишиб, яшаш хонадонидан 47.000.000 сўм миқдордаги нақд пуллар ҳамда турли нархдаги телефон аппрати ва бошқа буюмлар, 50.400.000 сўмлик тилла-тақинчоқлар жами 106.440.000 сўмлик мол-мулкни босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинганлар.
Бундан ташқари З.Қ 2023 йил 27 март куни Кўкдала туманида 63,0 грамм кўп “Опий” гиёҳвандлик воситасини тадбирда “харидор” сифатида иштирок этган “А.Э” исмли шахсга 22.500.000 сўмга қонунга хилоф равишда сотган вақтида ушланган, шунингдек, З.Қ ёнида 0,95 грамм “Гашиш” гиёҳвандлик воситаси ва пул купюрасига ўралган 0,20 грамм “Марихуана” гиёҳвандлик воситаларини келгусида ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда сақлаб келаётгани аниқланган.
Кармана туманида яшовчи Ф.Э 2023 йил апрель ойининг бошларида З.Қ ва унинг жиноий шериклари А.Н ва бошқалар томонидан фуқаро Т.Х нинг хонадонидан олиб чиқилган буюмларни қабул қилиб олиб, ушбу буюмларни жиноят содир этиш йўли билан қўлга киритилганлигини била туриб олиб қолиб, содир этилган ўта оғир жиноятни яширган.
Шофиркон туманида яшовчи Ш.М 2023 йил апрель ойининг бошларида З.Қ томонидан ва унинг жиноий шериклари А.Н ва бошқалар томонидан Т.Х нинг жойлашган яшаш хонадонида содир қилинган босқинчилик жинояти ҳақида аниқ билгани ҳолда хабар бермаган.
А.Н 2023 йил 23 июль куни Қ.Р билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, тадбирга жалб этилган фуқаро Ж.Р га қалбаки 10.000 АҚШ долларини 5000 АҚШ долларига сотишга келишиб, Ғиждувон туманида унга қалбаки 8300 АҚШ долларини бериб, қолган қалбаки 1700 АҚШ долларини тез кунда етказишини айтиб, қалбаки АҚШ доллари сотганликлари эвазига 5000 АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур жиноят иши 2024 йил 8 апрель куни Навоий вилоят жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида кўриб чиқилиб, З.Қ га 14 йил, А.Н га 13 йил 6 ой, Қ.Р га 3 йил, Ф.Э га 3 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган бўлса, Ш.М га 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Жиноят иши юзасидан етказилган ва қопланмаган 101.000.000 сўм зарар З.Қ ва А.Н дан солидар тартибда жабрланувчи Т.Х фойдасига ундириш белгиланди.
Алишер Сайдуллаев,
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси.
Барчаси “Инсон қадри учун”
Бир неча фуқароларнинг ишлаган иш стажлари бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Навоий шаҳар бўлими мансабдор шахслари томонидан ушбу фуқароларга пенсия тайинлашда инобатга олинмасдан рад қилинганлиги сабабли бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Навоий шаҳар бўлими мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш ва мажбурият юклаш ҳақида фуқаролар манфаатини кўзлаб Навоий шаҳар адлия бўлими томонидан киритилган аризалар Навоий шаҳар адлия бўлими биносида сайёр суд мажлимида кўриб чиқилиб, ушбу аризалар қаноатлантирилиб фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Шунингдек, сайёр судда Навоий туманлараро маъмурий судининг судья Ф.Санокулов Навоий шаҳар адлия бўлими биносида Навоий шаҳар адлия бўлимида амалият ўтаётган талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони (ПФ–28-сон, 02.02.2024-й.) мазмун моҳияти ҳақида, шунингдек Инсон қадри ва манфаатлари учун деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолатли тамойилларни мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар Ўзбекистон учун доим устуворлиги юзасидан тушунтиришлар бериб, адлия бўлимида амалият ўтаётган талабалар ва адлия бўлимида бўлган фуқароларнинг саволларига атрофлича жавоблар берилди.
Фазлиддин Саноқулов,
Навоий туманлараро маъмурий судининг судьяси.
Кармана туманида сайёр суд ўтказилди
Кармана тумани прокуратураси ва Кармана тумани ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи ходимлари ҳамда жиноят ишлари бўйича Кармана тумани судининг раиси Ж.Каримов раислигида Кармана туманининг “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилган сайёр суд мажлисида туман Пробация назоратида турган 12 нафар маҳкумларнинг ўтаётган жазоларини муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш билан боғлиқ тақдимномалар кўриб чиқилди ва ушбу тақдимномалар мазмунан кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди.
Шунингдек, йиғилишда Кармана туманида судланганлар рўйхатида турган ёшларнинг суд-ҳуқуқий масалалар бўйича муаммолари жойида ўрганилиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми “а” банди билан судланган Ж.Нишоновга оид жиноят иши бўйича суд ҳукми ва хусусий ажрими муҳокама қилинди.
Жаҳонгир Каримов,
Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси.
Хусусий ажрим муҳокама қилинди
Иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш ҳамда қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш иқтисодий судларнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Хусусий ажрим эса қонун ҳужжатлари асосида судларга юклатилган муҳим вазифаларни бажаришнинг процессуал воситаларидан бири ва қонунчилик ҳужжатларини бузилиш ҳолатларига ва уни бузаётган шахсларга нисбатан суд томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чорасидир.
Мана шундай хусусий ажримлардан бири, даъвогар “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг жавобгар “Кармана Ҳикмат бобо” фермер хўжалигидан 306.499.266 сўм асосий қарз ва 4.329.739 сўм пеня ундириш тўғрисидаги даъвоси бўйича ишни апелляция инстанциясида кўриш жараёнида Кармана тумани электр тармоқлари корхонаси масъул ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарорига асосан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш Қоидалари” талаблари бузилганлиги, иш ҳолатлари етарлича ўрганилмасдан судга асоссиз даъво киритиши оқибатида Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига моддий зарар етказилиишига сабаб бўлганлиги, электр таъминоти корхонасининг масъул ходимларини ўз ишига совуққонлиги, электр энергияси истеъмоли тўловларини ундиришга лоқайд муносабатда бўлиб келганлиги оқибатида “Пахтакор дурман” ва “Кармана Ҳикмат бобо” фермер хўжаликларига ажратилган ерлар мақбуллаштирилииши натижасида мавжуд электр энергиядан қарздорликларини танловда ғолиб чиққан фермер хўжаликларига тақсимлаш учун тегишли комиссияларга ва ваколатли идораларга мурожаат этмаганлиги натижада эса қарздор фермер хўжаликларига ажратилган ер учатскаларини мақбуллаштирилиши ва уларни тугатилиши (фаолиятини тўхтатилиши) ҳамда қарздорликларни тақсимотга киритилмаслиги натижасида фермер хўжаликларнинг электр энергияси истеъмолидан ҳосил бўлган кўп миқдордаги қарздорликларни ундириш имконсиз бўлиб қолганлиги ҳолатлари бўйича 4-2101-2401/246-сонли иқтисодий иш бўйича Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2024 йил 15 апрелда хусусий ажрим қабул қилиниб ижро этишлик учун “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Навоий ҳудудий филиалига юборилган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Навоий ҳудудий филиали тизимидаги барча раҳбар ходимлар ва бошқа масъуллар ҳамда судялар иштирокида 2024 йилнинг 10 май кунида ўтказилган кенгайтирилган йиғилиш судлов ҳайъатининг мазкур хусусий ажрими муҳокамасига бағишланди.
Муҳокамада судлов ҳайъати судьялари хусусий ажримнинг мазмун моҳияти, тизимда йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатлари ва уларнинг аҳамияти, мазкур қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик ва аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди. Корхона раҳбарияти ва бошқа масълуллар томонидан хусусий ажрим юзасидан муносабат билдирилиб, хусусий ажримда кўрсатилган ҳолатлар юзасидан Кармана электр тармоқлари корхонасининг масъул мансабдор шахсларини интизомий жавобгарликка тортиш ва айбдор шахсларни аниқлаб етказилган зарарни ундириб олиш чоралари белгилаб олинди.
Тимур Абдраманов,
Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари.
Турғун Қаҳҳоров,
Навоий вилоят суди судьяси.
Ватан оиладан бошланади
Ҳафтанинг жума куни «Оилавий ажримларнинг олдини олиш ва низоли оилалар билан ишлаш куни» муносабати билан Кармана тумани “Хўжа Хисрава” маҳалласида ажрим ёкасида турган, низоли оилалар келишмовчиликларини олдини олиш юзасидан тарғибот ишлари олиб борилди.
Учрашувда Навоий вилоят судининг судьялари, туман ҳокимлиги мутахассиси, оқила аёллар, отинойи ва маҳалла ходимлари ҳамкорлигида 5 нафар оила вакилларининг оилавий келишмовчилиги муҳокама қилниб, оила муқаддас даргоҳ эканлигини, уни асраб авайлаш ўз қўлимизда эканлигини, оилада эркакнинг ва аёлнинг вазифалари тўғрисида фикр билдирилди.
Шундан сўнг 2 та оиланинг муаммолари бартараф этилиб, яраштирилди, 3 нафар оила вакилларига муддат берилди.
Азизжон Баҳронов,
Навоий вилоят суди судьяси.
Бола ҳуқуқлари қонун ҳимоясида !
Даъвогар З.И ва жавобгар С.Т нинг қонуний никоҳдан ўтмасдан оила қуриб, 2020 йил 20 июндан бошлаб бирга яшаб, турмушларидан икки нафар, фарзандлари бор.
Маълум бўлишича даъвогар жавобгар билан шаръий никоҳ асосида турмуш қуриб, “Чинобод” маҳалласи 26-уйга келин бўлиб тушган ва 2024 йил 25 март кунига қадар турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзандлари билан шу уйда яшаган.
Тарафлар 2024 йил 25 март кунига қадар ушбу уйда бирга яшаган, кейинчалик тарафлар ўртасида бўлган оилавий келишмовчиликлар натижасида жавобгар М.Х даъвогар ва икки нафар фарзанди уй жойдан чиқариб юборган, жавобгар ва фарзандларини уйга киришига қаршилик кўрсатгани маълум бўлди.
Судда аниқланган ҳолатларга кўра жавобгар М.Х даъвогар уй жойга киритиб қўйишни сўраб судга даъво ариза билан мурожаат қилганидан кейин уй жойни фуқаро Д.Б га 2029 йил 29 апрель куни нотариус томонидан тасдиқланган олди сотди шартномасига асосан сотиб юборган.
Мазкур ҳолатда суд жавобгар М.Х нинг низоли уй жой бўйича судда иш кўрилаётган бир пайтда уй жойни сотиши даъвогарни уй жойга киритмаслик учун қилинган деб ҳисоблайди ва унинг бу ҳаракатини танқидий баҳолайди.
Судда аниқланган ҳолатларга кўра даъвогар турмуш ўртоғи билан яшаб келган уй жойга киришга ҳаракат қилиб келган, аммо оилавий жанжаллар сабабли никоҳ даврида яшаган уй жойга кириб яшашга имконият бўлмаган ва шунинг учун судга даъво ариза билан мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни 19-моддасига кўра ҳар бир бола турар жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқ қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Турар жой мулкдорининг ёки турар жойни ижарага олувчининг оила аъзолари бўлган болалар улар қаерда бўлишларидан қатъи назар, турар жой мулкдори ёки турар жойни ижарага олувчиси эгаллаб турган турар жойга нисбатан ҳуқуққа эга бўлади.
Суд иш ҳолатларидан ва юқорида қайд этилган қонун талабларидан келиб чиқиб, ҳозирги кунда даъвогар З.И ва унинг турмуш ўртоғи жавобгар М.Х ушбу уй-жой мулкдори бўлмасада, улар доимий шу уй жойда яшагани, икки нафар фарзандлари туғилгани, даъвогар уй жой рўйхатига киритилгани, жавобгар уни уй жойдан маҳрум этиш, мулкни бегоналаштириш мақсадида уй жойни сотгани, даъвогар З.И жавобгарнинг қаршилиги сабабли уй жойга кира олмаганлиги, икки нафар фарзандлари билан ижарада яшаётганлиги, уй жойда яшаш ва фойдаланиш хуқуқига эга эканлигини инобатга олиб, даъвогар З.И.ни икки нафар вояга етмаган фарзандлари билан Хатирчи туман ушбу уй-жойга киритиб қўйишни лозим деб ҳисоблади.
Баҳодир Бабақулов,
Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.
Нотинч ва ажрашиш арафасида турган оилалар муҳокамаси ўтказилди
Навоий вилоят суди ва Навоий вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Мемарандумга асосан жорий йилнинг 10 май куни Кармана туманидаги “Хазора” маҳалласида Кармана тумани оила ва хотин-қизлар бўлими, Навоий вилоят суди судьялари, оқила аёллар аъзолари ҳамда хотин-қизлар фаоллари иштирокида тумандаги оилавий низолари бор, нотинч оилалар билан очиқ мулоқот ва учрашув тадбири ўтказилди.
Тадбирда 7 нафар нотинч оила аъзолари билан индивидуал суҳбатлашиб, никоҳдан ажратишнинг салбий оқибатлари, оила муқаддаслиги ва фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлмасликлари, жиддий асослар бўлмаганда никоҳдан ажрашиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Натижада, 3 нафар ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилишига эришилди ҳамда қолган оила аъзолари билан кейинчалик яна тушунтириш ишлари олиб бориш бўйича тегишли тавсилар берилди.
Азизжон Баҳронов,
Навоий вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Навоий вилоят суди