Қидирув:

Тўланмаган алимент “Оқибатсиз” отани “ Қамоққа” етаклади

Орамизда тирноққа зор бўлган оилалар қанча. Яратгандан фарзанд сўраб тилаб умрларини ҳам ўтказган кишилар ҳам оз эмас. Бироқ, “ота” бўлиш осон-у “ота” лик масъулиятини ҳис қилиш осон иш эмас.

 2025 йил 20 январь куни, жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг очиқ суд мажлиси биносида бўлиб, туман судининг тергов судьяси З.Утамуродовнинг раислигида, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан маъмурий ишни кўриб чиқди.

Ҳуқуқбузар фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан, жабрланувчининг фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойда ишлаб топган даромадининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлсада, 2021 йил сентябрь ойидан 2025 йил январь ойига қадар ундирилиши лозим бўлган жами 71.829.266 сўм миқдоридаги алимент пулларини тўламасдан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган.

Ҳуқуқбузар суд мажлисида, ҳуқуқбузарлик ҳаракатига иқрорлик билдириб, 2021 йил сентябрь ойидан 2025 йил январь ойига қадар тўланиши лозим бўлган жами 71.829.266 сўм миқдоридаги алимент пулларини тўламасдан юрганлигини, ҳозирда алимент пулларини тўлашга шароити йўқлигини, қилган ишидан пушаймонлигини, бошқа бу ҳолат такрорланмаслигини, оилавий шароитини инобатга олиб, ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган бўлса-да, суд ҳуқуқбузарга жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини МЖтКнинг 31-моддасига асосан қилмишини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, МЖтКнинг 32-моддасига асосан қилмишини оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ деб ҳисоблаб, МЖтКнинг 474-моддаси 2-қисмида биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши белгиланганлигини, ҳуқуқбузар У.Рўзиев томонидан қарздорлик тўланмаганлигини инобатга олиб, унга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисми Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисми билан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Зеро, “Қилмиш-қидирмиш!” деган нақл бежизга айтилмаган.

 

Зарифжон Утамуродов,

Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг тергов судьяси

Қонунчилик талабига риоя қилиш барча учун мажбурийдир

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 68-моддасига кўра, ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Мазкур Конституциявий норма талаби бевосита тегишли давлат ташкилотлари томонидан бажарилиб, бу борада қонунчилик талабларини бузган шахсларнинг жавобгарлик масалалари кўриб борилади.

Бош Қомусимизнинг 15-моддасида, давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритишлари назарда тутилган.

Қуйида суд амалиётида кўрилган бир иш мисолида давлат ташкилоти томонидан қонунчилик талабларига риоя этилмаслигининг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида сўз юритилади.

Навоий шаҳар прокуратураси Навоий шаҳар ҳокимлиги (кейинги ўринларда даъвогар деб юритилади) манфаатида жавобгар “28 M2 FACADE DESIGN” масъулияти чекланган жамияти (кейинги ўринларда жавобгар деб юритилади)га нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгарга ажратилган жами 100 м.кв ер майдонига доимий фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилишни ҳамда ер майдонини олиб қўйишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2024 йил 20 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилиб, жавобгарнинг ер участкасига бўлган доимий фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинган ва низоли ер майдонини жавобгардан олиб қўйиш белгиланган.

Бундан норози бўлган жавобгар кассация шикоятини бериб, суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабини рад этиш ҳақида янги мазмундаги қарор қабул қилишни сўраган.

Мазкур шикоятнинг кассация инстанциясида кўриб чиқилишида, даъвогар томонидан ерга оид қонунчилик талаблари бузилганлиги аниқланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси (бундан буён матнда Ер кодекси деб юритилади) 36-моддасининг биринчи қисмида, бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида бекор қилиниши, учинчи қисмида, ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини ушбу модда биринчи қисмининг 6-11-бандларида кўрсатилган ҳолларда тугатиш ушбу Кодекснинг 38-моддасида белгиланган тартибда суд томонидан амалга оширилиши назарда тутилган.

Ер кодексининг 38-моддасининг биринчи қисмида, Ушбу Кодекс 36-моддаси биринчи қисмининг 6-11-бандларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек ер тўғрисидаги қонунчилик бузилган бошқа ҳолларда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огоҳлантирганидан кейин туман, шаҳар ҳокимига ер участкасини олиб қўйиш ҳақида тақдимнома киритади. Туман, шаҳар ҳокими тақдимнома асосида бир ойлик муддатда уни олиб қўйиш ҳақида судга даъво аризаси киритиши белгиланган.

Бироқ, Кадастр агентлиги Навоий шаҳар бўлимининг 2023 йил 31 октябрдаги огоҳлантириш хати жавобгарнинг юридик манзилига эмас, балки Зарафшон шаҳридаги бошқа манзилга юборилган. 

Шунингдек, Кадастр агентлиги Навоий шаҳар бўлими Навоий шаҳар ҳокимига  2023 йил 26 сентябрь куни 01-15/206-сонли тақдимнома киритган бўлсада, ушбу тақдимнома асосида шаҳар ҳокимлиги томонидан Ер кодексининг 38-моддасида белгилаб қўйилган асос бўйича бир ойлик муддатда ерни олиб қўйиш ҳақида судга даъво аризаси киритилмаган.

Бундан ташқари, Кадастр агентлиги Навоий шаҳар бўлимининг 2024 йил 6 февралдаги огоҳлантириш хати иккинчи маротаба жавобгарнинг юридик манзилига эмас, балки Зарафшон шаҳридаги бошқа манзилга юборилган.

Қолаверса, Кадастр агентлиги Навоий шаҳар бўлими қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган орган Навоий шаҳар прокурори номига 2024 йил 6 февраль куни 44-сонли тақдимнома киритиб хатоликка йўл қўйган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 107-моддаси 1-қисмининг 5-бандига кўра, суд даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган бўлса, даъво аризасини кўрмасдан қолдиради.

Шу боис судлов ҳайъати Навоий шаҳар ҳокимлиги томонидан Ер кодексининг 38 моддасида белгилаб қўйилган тартибга риоя қилмасдан даъво аризаси киритган деб ҳисоблаб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни, иш бўйича янги қарор қабул қилиб, даъвонинг ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш ҳақидаги қисми кўрмасдан қолдиришни ҳамда даъвонинг ер майдонини олиб қўйиш ҳақидаги қисми қаноатлантиришдан рад этишни, Навоий шаҳар ҳокимлигидан давлат фойдасига 10.200.000 сўм давлат божи ундиришни лозим топган.

Зеро, юқорида таъкидланганидек, қонунчиликда белгиланган талабларга нафақат фуқаролар, балки давлат органлари ҳам риоя этишга мажбурдир.

 

Лутфулло Тошмуродов,

Навоий вилоят судининг судьяси

Зарафшон шаҳрида ўтказилган сайёр қабул ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.01.2025 йилдаги “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сон Фармони билан 2025 йилда «Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш» устувор вазифа этиб белгиланган.

Мазкур Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ва уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш ҳамда фуқароларнинг судларга бўлган мурожаатларини улар учун қулай бўлган жойда қабул қилинишини таъминлаш мақсадида Зарафшон шаҳридаги “Олтин водий” МФЙда Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси А.Исоқов, тергов судьяси Д.Эргашева, Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси А.Мирзаева, Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Ғофуров, Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди раиси Ш.Очилов томонидан Зарафшон шаҳридаги маҳаллалар еттилиги ва бошқа масъул ташкилотлар иштирокида ҳуқуқий тарғибот тадбири ва сайёр учрашув ташкил этилди.

Ўтказилган мазкур тадбир жараёнида маҳалла ҳудудида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, бунга имкон берган омиллар, мазкур қилмишлар учун жавобгарлик ва жазо чоралари хусусида батафсил маълумот берилиб, ушбу ҳуқуқбузарликларни олдини олиш учун амалга оширилиши лозим бўлган чоралар, хусусан аҳоли, айниқса ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, ёшларни касбга йўналтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиб, оилавий ажримларнинг олдини олиш чораларини кўриб бориш зарурлиги билдириб ўтилди.

 

Исоков Анвар,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси

 

Эргашева Дилобар,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг тергов судьяси

 

Ғофуров Шерзод,

Зарафшон туманлараро судининг раиси

 

Мирзаева Азиза,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси

 

Очилов Шерали,

Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг раиси

Қизилтепа туманида ўтказилган сайёр суд ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Қизилтепа туманидаги 3-сонли мусиқа ва санъат мактаби биносида жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик олдини олиш мақсадида фуқаролар ва уюшмаган ёшлар иштирокида сайёр суд мажлислари ўтказилди.

Сайёр суд мажлисида жиноят ва маъмурий ҳуқубузарлик содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Сайёр суд мажлиси якунига уланиб кетган тарғибот тадбирида сўзга чиққанлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида қилинаётган барча ишлар, қабул қилинаётга қонунлар барчаси “Инсон қадри ва манфаатлари учун” эканлиги, буни ҳар-бир Ўзбекистон фуқароси ич-ичидан ҳис қилиши ва жиноятчиликка қарши биргаликда муросасиз курашиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Авезов Адиз,

Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судининг раиси

 

Музаффаров Улуғбек,

Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судининг тергов судьяси

Томди туманидаги “Томдибулоқ” ОФЙда сайёр қабул ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбири бўлиб ўтди

Томди тумани “Томдибулоқ” овул фуқаролар йиғини биносида “Менинг маҳаллам—менинг судьям” ғояаси остида жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси А.Мирзаева ва туман тергов судьяси С.Кушатов иштирокида сайёр қабул ўтказилди.

Тадбирда, суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича қонунчиликга киритилган янги ўзгаришлар, фуқароларни узоқ вақт давомида ўз ечимини топмай келаётган суд-ҳуқуқ соҳасига доир муаммоларига қонуний ечим топиш орқали ҳалқимизни рози қилиш ва қонуни устуворлиги таъминлаш орқали одил судловга эришишдан иборатлиги маълум қилинди.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Мирзаева Азиза,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси

 

Кушатов Санджар,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг тергов судьяси

ЖАЗО МУДДАТИНИ ЎТАЁТГАН МАҲКУМЛАР БИЛАН ПРОФИЛАКТИК СУҲБАТ ЎТКАЗИЛДИ

Судлар томонидан жазони енгилроғи билан алмаштириш ҳамда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишга оид қонун талабларини аниқ ва оғишмай бажариш маҳкумларни қайта тарбиялаш, такроран жиноятлар содир этилишининг олдини олиш ҳамда инсонпарварлик каби жиноят-ҳуқуқий принципни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг раиси Б.Алиқулов томонидан Навоий шаҳар 4-сонли жазони ижро этиш муассасасида маҳкумлар билан профилактик суҳбат ўтказилиб, унда маҳкумларни қайта тарбиялаш ҳамда қонунга итоаткорлик руҳини шакллантириш, такроран жиноятлар содир этилишига йўл қўймаслик, жиноятларни барвақт олдини олиш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, маҳкумларга жазони енгилроғи билан алмаштириш ҳамда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш фақат суд томонидан тайинланган жазонинг қонунда назарда тутилган қисмини ўташ пайтида ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумларга нисбатан қўлланилиши мумкинлиги, дазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш тартиби, мазкур тоифадаги тақдимномалар ёки илтимосномаларни кўриб чиқиб муддатлари тушунтирилди.

 

Баходир Алиқулов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг раиси

ЖИНОЯТЧИЛИК СОНИ ОШГАН МАҲЛЛАДА УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ

Жиноятчиликка қарши курашиш барча даврларда ҳам давлат ва жамият олдида турган муҳим масалалардан бири бўлиб келган. Зеро, инсон тинч ва хотиржам яшашни истайди, тинчлик бўлган жойда эса барака ва ривожланиш бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сонли қарорида ҳуқуқбузарликларни содир этишга сабаб бўлаётган ижтимоий-маиший муаммоларни ижтимоий профилактика чоралари тизими орқали ҳал этиш масалалари муҳим ўринни эгаллади.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси Б.Алиқулов Навоий шаҳар “Ишонч” МФЙда ўтказилган йиғилишда, маҳалла ҳудудини жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, жиноятларни барвақт профилактика қилиш, ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган асл омилларни аниқлаш ва барҳам бериш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Хусусан, “Ишонч” МФЙда 2024 йилда жиноятчилик сони ошганлиги, ҳудудда 7 та жиноят содир этилиб, шундан 1 таси оғир жиноятлар таснифига кириши таъкидланиб, содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва жиноятчиликка имкон яратиб берган шарт-шароитлар муҳокама қилинди.

Йиғилишда, суд раиси томонидан тарғибот тадбирлари “хонадонбай” ва “кўчабай” тарзда давом эттирилиб, маҳалладаги кўп қаватли уйлар, маҳалланинг кўчаларида тушунтириш ишлари олиб бориш, тарғибот ишлари давомида аҳоли осойишталигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Зарурий профилактик чораларни янада кучайтириш бўйича маҳалла раиси, профилактика инспектори ҳамда фуқароларнинг таклифлари тингланди. Суҳбатлар жараёнида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга оид тарғибот материаллари тарқатилди.

 

Алиқулов Баходир,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг раиси

Қарздор корхона фаолияти тикланди

Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва рақобатни ошириш бўйича кенг кўламли, ўта муҳим чора-тадбирлар ва ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, бунинг натижасида юртимиз иқтисодиёти янада мустаҳкамланиб, аҳоли даромади ошиб бормоқда.

Албатта, замонавий дунёда мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва барқарорлигини таъминлашда тадбиркорликнинг ривожланганлиги ўта муҳимдир.

Тадбиркорлик таваккалчиликка асосланган фаолият тури бўлганлиги сабабли ҳам бизнес режалар ва мақсадларни кўзланган муддат ва миқдорларда амалга ошириш имкони бўлавермайди. Бу ҳолат, албатта, шартнома тарафларининг ўз мажбуриятларини ўз вақтида тўлиқ бажариб бориши, чет мамлакатлардаги иқтисодий вазиятларнинг жиддий ўзгариши, турли кўринишдаги форс-мажор ҳолатлар ва бошқа шу каби омилларга боғлиқдир.

Бунинг натижасида эса тадбиркорлик субъектлари турли хилдаги қийинчиликларга, тўловга қобилиятсизликка дуч келиб, иқтисодий ночорлик ҳолатига тушиб қолиши мумкин.

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) айнан шундай аҳволга тушиб қолган корхоналарга ўз фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўлов қобилиятини тиклашга имкон бериш орқали иқтисодиётга ижобий таъсир ўтказмоқда.

Хусусан, кредитор Навоий вилоят солиқ бошқармаси иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилиб, қарздор “Асл кварц” масъулияти чекланган жамиятини соддалаштирилган таомил бўйича тўловга қобилиятсиз деб топишни сўраган.

Суднинг 2024 йил 4 декабрдаги ҳал қилув қарори билан қарздор корхона тўловга қобилиятсиз деб топилган ва тугатишга доир иш юритиш бошланган.

Тугатиш ишлари жараёнида қарздор корхонанинг молия-хўжалик фаолияти доимий равишда таҳлил қилиб борилиб, ўз фаолиятини қайта тиклаш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилган.

Бунинг натижасида қарздор бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалардан 41.345.483 сўмлик, давлат божидан 1.125.000 сўмлик, почта харажатидан 37.500 сўмлик кредиторлик қарзини тўлаб бериб, ўз тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш истагини билдирганлиги, қарздорнинг тўлов қобилияти тикланганлиги сабабли суд томонидан тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги иш юритишни тамомлаш ва қарздор фаолиятини тиклаш лозим деб топилган.

Зеро, Қонуннинг қабул қилиниши иқтисодий жиҳатдан танг аҳволга келган тадбиркорлик субъектларини тугатиб юбориш эмас, балки уларни молиявий соғломлаштириш, шу билан бирга соҳада вужудга келаётган янги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Қонуннинг амалга киритилиши тўловга қобилиятсизлик ҳолатидаги корхоналарга нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллаш орқали уларнинг фаолиятини тиклаш ва мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда тўловга қобилиятсизлик индикаторидаги ўрнини ошириш имконини беради.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси

Ҳамкорликда ташкил этилган семинар тафсилотлари

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг 2025 йил биринчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режасининг 3 банди ижроси таъминлаш мақсадида туман судининг тергов судяси А.Норбеков томонидан Хатирчи туман ИИБ ҲПБ бўлими ва ЙҲХБ ҳодимлари иштирокида семинар машғулоти ўтказилди.

Йиғилишда туман суди тергов судяси А.Норбеков сўзга чиқиб, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан гапириб ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-89-сонли Фармони мазмун-моҳиятини тушунтириб, фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилиб, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилганлиги, шунингдек, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилганлиги тўғрисида тушунтиришлар берди.

Маърузачи суриштирув органи томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатларини юритиш ва расмийлаштириш жараёнида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузиш, баённома мазмуни ва жўнатиш тартибига тўхталиб ўтди.

Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, баённомага бу ҳақда ёзиб қўйилиши, ҳуқуқбузарлик содир этган шахс баённоманинг мазмуни юзасидан баённомага илова қилинадиган тушунтириш ва мулоҳазаларини беришга, шунингдек мазкур баённомага имзо чекишдан бош тортиш сабабларини баён этишга ҳақлилиги, суриштирув органи ходими томонидан баённомани тузиш вақтида ҳуқуқбузарга МЖтКнинг 294-моддасида назарда тутилган унинг ҳуқуқ ва бурчлари тушунтириши ва бу хусусида баённомага ёзиб қўйиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Шундан сўнг, туман судининг тергов судьяси Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 282-моддаси тартибида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани жўнатиш тартибига тўхталиб ўтди.

Жумладан, баённома бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича ашёвий далиллар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб бир суткадан кечиктирмай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган орган (мансабдор шахс)га юборилиши ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар тўғрисида гапириб ўтди.

Шунингдек, туман судининг тергов судьяси А.Норбеков туман ИИБ ҲПБ бўлими ва ЙҲХБ ходимларига келгусида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, аниқлаш, ҳуқуқбузарларга жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида жиноят иши қўзғатиш рад қилинган маъмурий ишларни судда ишни кўриш муддатини инобатга олиб, қисқа муддатларда судга тақдим этиш, тўпланган ҳужжатлар электрон маълумотлар базасига тўғри киритилиши ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материалларини МЖтКнинг 281-282-моддалари талабларига риоя қилган ҳолда расмийлаштирилиши лозим эканлигини таъкидлаб ўтди.

 

 

Норбеков Аслиддин,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг тергов судьяси

Кармана туманида ўтказилган сайёр суд ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Инсонпарварлик – инсоннинг қадри, эркинлиги, бахт саодати, тенг ҳуқуқлиги тўғрисида, инсонийликнинг барча тамойилларини юзага чиқариш учун шарт-шароитлар яратиб бериш ҳақида ғамхўрлик қилишни ифодаловчи тушунча ҳисобланади.

Бу борада, мамлакатимизда, инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш мақсадида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб келинмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг тергов судьяси Л.Обидов томонидан туманнинг “Зиёкор” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилган сайёр суд мажлисида маъмурий ҳуқубузарлик содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Инсонпарварлик – инсоннинг қадри, эркинлиги, бахт саодати, тенг ҳуқуқлиги тўғрисида, инсонийликнинг барча тамойилларини юзага чиқариш учун шарт-шароитлар яратиб бериш ҳақида ғамхўрлик қилишни ифодаловчи тушунча ҳисобланади.

Бу борада, мамлакатимизда, инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш мақсадида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб келинмоқда.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти, Коррупция ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Обидов Лазизбек,

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг тергов судьяси

Skip to content