Қидирув:

Навоий вилоят судларида бугун “Наврўз” шукуҳи

Ўзбек халқининг азалий ва эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган, она табиат ва одамлар руҳиятида юз берадиган яшариш ва янгиланишни тўла намоён қилиб келган Наврўзи олам халқ байрамига айланмоқда.

Наврўз байрами мамлакатимизнинг барча гўшалари, корхона ва ташкилотлари каби, Навоий вилояти судларида ҳам умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки кайфиятда нишонланди.

Бир томонда дош қозонларда миллий таомларимиз қайнаб турган бўлса, яна бир томонда миллий фалклёр ансанбиллар томонидан баҳорий кайфият улашувчи куй-қўшиқлар хиргойи қилиниб, ўйин-кулгу орқали барчанинг қалбига илиқлик олиб кирди.

Бундан ташқари, миллийлигимизни намоён қилиш мақсадида суд биносида миллий кўргазмалар ҳам ташкил қилиниб, миллий либослар, турли-хил кўргазмали буюмлар намойиш этиш орқали барчани баҳор келганлигини ҳис қилиши учун замин яратилди.

Наврўз байрамида судья ва суд ходимларининг дастурхонларини тўкин-сочин бўлишини таъминлаш ва уларни бозорга бориб ортиқча вақт кетказишларини олдини олиш мақсадида вилоят суди биносида арзонлаштирилган қишлоқ қўжалиги ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, барча турдаги махсулотлар олиб келинди.

Шу кунларда юртимизда Наврўз байрами шукуҳи ҳукм сурмоқда. Бу эртанги кунга умид ва ишонч янада мустаҳкам эканлигидан далолат беради.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати.

Биз оилавий ажралишларга қаршимиз

Навоий вилоят суди ва вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Мемарандумга асосан Кармана туманидаги “Талқоқ” маҳалласи биносида оила ва хотин-қизлар бошқармаси, фуқаролик ишлари бўйича судьялар ҳамда хотин-қизлар фаоллари иштирокида тумандаги оилавий низолари бор, нотинч оилалар билан очиқ мулоқот ва учрашув тадбири ўтказилди.

Тадбирда 10 нафар нотинч оила аъзолари билан индивидуал суҳбатлашиб, никоҳдан ажратишнинг салбий оқибатлари тушунтирилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ташаббуси билан суратга олинган “Фарзанд-омонат”, “Ота” номли тарбиявий аҳамиятга эга қисқа метражли фильмлар намойиш қилинди.

Натижада, 4 нафар ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилишига эришилди ҳамда қолган оила аъзолари билан кейинчалик яна тушунтириш ишлари олиб бориш бўйича тегишли тавсилар берилди.

 

Азизжон Баҳронов,

Навоий вилоят суди судьяси.

Навоий вилоят маъмурий судида ҳам бугун хашар

Халқимиз азал-азалдан байрамларни, қутлуғ кунларни ўзгача тайёргарлик билан қаршилайди. Кун сайин яқинлашаётган улуғ айём – Наврўзи олам арафасида вилоят судлари жамоалари томонидан хайрия ҳашари амалга оширилди.

Аҳилликда, жамоавий меҳнатда ўзгача шукуҳ бор, шижоат бор. Ўзи ишлаб турган идоранинг ободлиги учун меҳнат қилиш кишига сурур бағишлайди. Шунинг учун ҳашарда вилоятнинг  барча судья ва суд ходимлари ҳамда Департамент жамоаси чин дилдан, фаол иштирок этди.

Уюшқоқлик билан ўтказилган озодалик ва поклик тадбирлари натижасида шундоқ ҳам тоза-покиза бинолар ва унинг атрофлари янада кўркам кўриниш касб этди. Чунки меҳрли меҳнатнинг самараси бор.

 

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати.

Тозалик бор бўлган ва обод жойда барака бўлади

Республикамизнинг барча ҳудудларида, давлат ва жамоат ташкилотларида бўлгани каби Навоий вилояти судида ҳам “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда.

Бугун эрта тонгдан судья ва суд ходимлари озодалик ва поклик тадбирларида иштирок этиб, юртимиз ободлигига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Умумхалқ хайрия ҳашари вилоятдаги барча судлов ҳайъатлари, туман ва шаҳар судларида уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.

Ҳашар давомида иштирокчилар томонидан туман ва шаҳарлардаги суд бинолари ҳамда ён атрофларда тозалаш ишлари олиб борилди. Ерлар ободонлаштирилди, кўчатлар экилди, ариқ ва зовурлар тозаланди. Мавжуд дарахтларга шакл бериш, оқлаш ва уларнинг тагини юмшатиш ишлари бажарилди.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати.

АТБ “Агробанк”нинг Навоий вилояти Қизилтепа тумани филиали биносида Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан сайёр суд мажлиси ҳамда янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун моҳиятини тушунтириш юзасидан очиқ мулоқот шаклида учрашув ташкил қилинди

Жорий йилнинг 14 март куни бўлиб ўтган ушбу сайёр суд мажлисида ва суд мажлисидан кейин бўлиб ўтган учрашувда банк ходимлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этишди.

Сайёр суд мажлисида суд томонидан 2 та даъво аризалари юзасидан тарафларни келиштиришга эришилиб, даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган бўлса, қолган даъво аризалари юзасидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан талаб қилинган неустойка суммалари камайтирилиб, даъво талаблари қисман қаноатлантирилди.

Шу билан бирга учрашувда янги қабул қилинган ва тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳолини қўллаб қувватлашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февраль кунги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-914-сон Қонунининг мазмун моҳияти атрофлича тушунтирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 248-моддаси янги таҳрирда қабул қилинганлиги, унга кўра амалга оширилган тўлов суммаси пул мажбуриятини батамом бажариш учун етарли бўлмаганда, бошқа келишув бўлмаса, у энг аввало, кредиторнинг ижрони олишга қаратилган чиқимларини, сўнгра фоизларни, унинг қолган қисми эса-қарзнинг асосий суммасини узиши, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно эканлиги, ФКнинг 744-моддаси учинчи қисм билан тўлдирилиб, унда кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида ҳамда 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилиши қайд қилинганлиги ҳақида керакли маълумотлар бериб ўтилди.

Шунингдек, мавзу долзарб бўлганлиги сабабли тадбир сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга судья томонидан атрофлича жавоблар берилди.

 

Фаҳриддин Баҳронов,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси.

Учқудуқда ажралиш ёқасидаги оилаларни судгача яраштириш чоралари кўрилди

Ҳафтанинг жума куни «Оилавий ажримларни олдини олиш ва низоли оилалар билан ишлаш» куни муносабати билан Учқудуқ туманидаги 4-секторга қарашли «Айтим» маҳалласида нотинч, муаммоли ва ажрим ёқасига келиб қолган оилалар муаммолари ўрганилиб, уларни яраштириш мақсадида  туман Оила ва хотин-қизлар бўлими, туман ички ишлар бўлими, вилоят ва туман фуқаролик ишлари бўйича судлари судьялари, туман Адлия бўлими билан ҳамкорликда яраштириш ташкил этилди.

«Айтим» маҳалласида ҳозирда ажрим ёқасига келиб қолган 4 та оила муҳокамага таклиф этилиб, 1 та оила яраштирилди, 3 та оилага ҳам қайта ўйлаб кўриш ва ярашиш учун муҳлат берилди.

 

Истам Турдиев,

Навоий вилоят суди судьяси. 

Коррупциянинг жамият ва давлат учун ижтимоий хавфли хусусиятлари ва оқибатлари

Коррупция – сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса бўлиб, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шахсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланади, шунингдек бу бойлик имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришида ифодаланади.

Коррупцияга қарши ер юзидаги барча давлатларда қаттиқ кураш олиб борилмоқда, ҳатто БМТ ҳам бу иллатни энг глобал муаммолардан бири сифатида эътироф этиб, унга қарши курашиш масалаларига жиддий эътибор қаратмоқда. Мамлакатимизда мунтазам равишда мазкур иллатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигини ушбу иллатга қарши курашда муҳим қадам бўлган деб ҳисоблаш мумкин. Мазкур қонундан кўзланган мақсад коррупцияга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Давлат органи ходими, бирор бир шахс томонидан уни коррупцион ҳуқуқбузарликни содир этишга даъват қилиш ҳолати, шунингдек бошқа ишчилар томонидан шу каби ҳолатларнинг амалга оширилиши бўйича унга ошкор бўлган маълумотларни ўз раҳбари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этиши лозимлиги белгиланган. Мазкур мажбуриятларнинг бажарилмаслиги қонунчиликка мувофиқ тегишли равишда жазога тортилади.

Шунингдек коррупцион жиноят тўғрисида ошкор қилган шахс давлат ҳимояси остига олинади, бироқ ушбу қоида ёлғон маълумотларни тақдим этган шахсларга нисбатан қўлланмаслиги ҳам қонунчиликда белгилаб қўйилган. Ҳар қандай жиноятчилик, шу жумладан, коррупция ҳам жамият ривожига тўсқинлик қилади, чунки у фуқароларда давлатга, қонунларга ишончсизлик, уларни ҳурмат қилмаслик руҳини пайдо қилади. Коррупциянинг энг хавфли томони шундаки, давлат хизматчиси ҳисобланувчи мансабдор шахс маълум ҳақ, яъни пора эвазига иккинчи томон – пора берувчининг қонунга зид бўлган талабини бажариши ёки унинг ғайриқонуний қилмишларидан кўз юмиши, бу эса давлат ва жамият манфаатларига зарар етказиши мумкин.

2017 йил 03 январь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ЎРҚ-419-сонли Қонуни билан кўплаб нормалар қонунчилигимизга киритилди. Жумладан коррупцияга расмий таъриф берилиб, унга мувофиқ коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш ҳисобланади.

Шунингдек мазкур Қонун билан “манфаатлар тўқнашуви” тушунчасига ҳам таъриф берилган бўлиб, унга мувофиқ манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият эканлиги белгиланган.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш; давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш; коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш сингари вазифалар эканлиги назарда тутилган.

Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳисобланади. Шунингдек, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш масалалари билан бевосита идора, яъни коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолият юритмоқда. Коррупцияга муросасиз муҳитни шакллантиришда нафақат давлат органлари, балки жамиятнинг ҳар бир бўғини биргаликда бўлиб, Ватан равнақи учун, аҳолининг яхши яшаши учун, одамларнинг келажакка ишончи ортиши учун жамият ривожига хавф солувчи коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашда ҳамжиҳат бўлишлари лозим.

 

Дилмурод Очилов,

Навоий вилоят маъмурий суди судьяси.

Барчаси инсон қадри учун

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-833-сонли Қонунин қабул қиланди.

Мамлакатимизда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, шунингдек фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, мансабдор шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқ фаолият юритишини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни маъмурий судларда кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратининг қўлланилиш соҳасини кенгайтириш, қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф эмаслигини маъмурий судда исботлаш мажбуриятини уни қабул қилган мансабдор шахснинг зиммасига юклатиш тартибига қатъий риоя этилишини таъминлаш, шунингдек суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш назарда тутилган.

Ҳозирги вақтда маъмурий суд ишларини юритишда аризачи ҳокимият ваколатларига эга бўлган маъмурий органга, унинг мансабдор шахсига — жавобгарга нисбатан тенгсиз ҳолатдадир. Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича чиқарилган суд ҳужжатининг давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда ижро этилишини таъминлаш устидан самарали назорат механизми ҳам назарда тутилмаган. Бунинг натижасида фуқароларнинг ёки юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб чиқарилган суд ҳужжатлари кўп ҳолларда давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ижро этилмасдан қолмоқда.

Бундан ташқари даъво аризасини (аризани), шикоятни ёхуд ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган судга ўтказган ҳолда, судлар томонидан даъво аризасини, аризани, шунингдек шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этишни ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш белгиланиши зарурати юзага келмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиққан холда, ушбу Қонун суд тизимида «ягона дарча» принципини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъи назар, қабул қилишга ва ваколатли судга юборишга ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизими жорий этилишига, маъмурий суд ишларини юритиш «суднинг фаол иштироки» принципи асосида амалга оширилишига, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан бир қаторда унга сабабий боғланишда бўлган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги талабнинг маъмурий суд томонидан кўрилишига, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафларга келишув битимини тузиш ҳуқуқи берилишига, суд ҳужжатлари маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланилишига доир процессуал қоидаларни белгилайди.

Ягона суд амалиётини таъминлаш ҳамда қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида ушбу Қонунда жиноят процессида кассация инстанцияси судининг хусусий ажримига, фуқаролик процессида кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдиришга, кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатишга доир процессуал қоидалар ҳам назарда тутилган.

Ушбу Қонун давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишга, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 861-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилган.

Давлат ижрочисининг қарорлари устидан шикоят бериш ва протест келтириш. Давлат ижрочисининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш.

Давлат ижрочисининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қарор чиқарилганлиги тўғрисида хабар қилинган кундан ёки манфаатдор шахсга ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳақида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўн кунлик муддатда давлат ижрочиси жойлашган ердаги маъмурий судга ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга берилади.

Давлат ижрочисининг қарорига қонунда белгиланган тартибда прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 25 январда қабул қилинган ЎРҚ-462-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, мазкур кодекс 273-моддаси билан тўлдирилиб, унга кўра талаб судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда маъмурий судга тақдим этилган бўлса, ариза (шикоят) тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга кўриб чиқиш учун ўтказилади.

Агар ариза (шикоят) судга тааллуқлилик қоидаларини бузган ҳолда иш юритишга қабул қилинганлиги ишни кўриб чиқиш чоғида аниқланса, маъмурий суд иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга кўриб чиқиш учун ўтказиш ва маъмурий суд ишини юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Аризани (шикоятни), иш материалларини маъмурий суддан судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Маъмурий суддан тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказилган ариза (шикоят), иш материаллари ўзига ўтказилган суд томонидан қабул қилиб олиниши керак.

Ўзбекистон Республикасида судлар ўртасида судга тааллуқлилик тўғрисидаги низоларга йўл қўйилмайди.

 

Очилов Дилмурод,

Навоий вилоят маъмурий суди судьяси.

Кармана тумани “Деҳқон” махалла фуқаролар йиғини биносида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди, Кармана туман ИИБ Профлактика инспекторлари ва туман прокуратурасининг ташаббуси билан, маъмурий ҳуқуқбузарликга тортилган шахслар ва тадбирда иштирок этаётган жами 52 нафар фуқаролар  билан давра суҳбати ўтказилди.

Жамиятимизда инсон қадри юксалиб, бир неча минг йиллик анъанларимизга эътибор кучайиб бораётган Янги Ўзбекистан шароитида халқаро байрам сифатида эътироф этилган Наврўз байрамининг ҳаётимиздаги урни ва аҳамияти янада ортиб бормокда.

Меҳр-муҳаббат, саховат ва мурувват, бунёдкорлик  ҳамда олижаноблик каби халқимизга хос эзгу фазилатларни мужассам этган асрлар давомида умумхалқ байрами сифатида нишонланиб келаётган қадимий ва ёшариш байрами бўлган Наврўз айёмини юртимизда амалга оширилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишларга мос ҳолда хар томонлама юксак савияда ўтказиш бўйича давра суҳбати ўтказилди.

 

Жаҳонгир Каримов,

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди раиси.

Одил судлов билан бир қаторда ёшлар таълими судларнинг доимий эътиборида

Жамиятда аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятининг юксак даражада бўлиши ҳамда шахснинг ўзга фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда ўз ҳуқуқларини амалга ошириши ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг одини олишдаги энг муҳим омиллардан биридир.

Албатта, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий билими ва маданиятини юксалтиришга унинг ёшлигидан ўз оиласи ва мактаб таълими жараёнларидан бошлаш мақсадга мувофиқдир.

Ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш мақсадида Зарафшон шаҳар судлари ташаббуси билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шаҳар ҳокимлиги ҳамда халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда ҳуқуқий дарс соатларини амалиётчи ҳуқуқшунослар билан биргаликда ўтиб бориш юзасидан Меморандум тузилган. Қувонч билан айтиш лозимки, бу борада ҳамкор ташкилотларнинг ўзаро тўрт йиллик тажрибаси мавжуд.

Бу эса барчага, айниқса устоз-мураббийлар, ўқувчи-ёшлар ҳамда ота-оналарга жудаям маъқул бўлиб, уларнинг яқиндан ёрдамлари, қўллаб-қувватлашлари билан бу борадаги ишлар тизимли ривожланиб, қайсидир маънода одат тусига айланиб улгурган.

Зарафшон шаҳар судлари судьяларининг ёшлар билан навбатдаги учрашуви Томди тумани ихтисослаштирилган мактаб интернатида “Касбим – фахрим”, “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзуларида ташкил этилди.

Учрашув давомида ўқувчи ёшларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишлари, соғлом турмуш тарзини ташкил қилиш ва ёт ғояларга берилмаслик борасида зарур маслаҳатлар бериб ўтилди ва бу борада суд амалиётидан мисоллар келтирилиб, ёшларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.

Бу каби чора-тадбирлар ёшларнинг таълимга ва илм олишга бўлган қизиқишини янада ортишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиши билан аҳамиятлидир, албатта бу каби хайрли ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.

Skip to content