КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШГА БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ
Коррупция бир давлат эмас, балки бутун бир минтақа ёки жаҳон тараққиётига таҳдид солувчи иллатдир. Чунки у демократия ва ҳуқуқ устуворлигига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, иқтисодиётни издан чиқаради, уюшган жиноятчиликнинг кенг ёйилишига шароит яратиб беради.
Коррупция атамасининг этимологияси хусусида турли фикрлар мавжуд. Айрим олимларнинг фикрига кўра, у лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “пора эвазига оғдириш” деган маънони англатади. Бошқа бир қарашга кўра коррупция атамаси лотинча “corrumpere” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “бузилиш”, “айниш”, “таназзул” деган маъноларни англатади.
Коррупцияга қарши курашиш кўп ҳолларда унинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этишдан иборат бўлади.
Коррупцияга йўл очадиган омиллар сирасига ҳокимият органлари тизимининг мураккаблиги, буйруқбозлик таомилларининг кўплигини киритиш мумкин. Тақиқлар, рухсат бериш тартибларининг ҳаддан ташқари кўплиги, давлат хизматчилари манфаатлари етарлича ҳимоя қилинмаганлиги ҳам коррупцияга йўл очади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Хусусан, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурида ҳам коррупцияга қарши курашиш масалалари белгиланган.
Ўзбекистон 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь), 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган корруцияга қарши курашишнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилган.
Ушбу тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 январида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонунда коррупцияга қарши курашувчи давлат органлари белгилаб берилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишда давлат органлари билан биргаликда жамоатчиликнинг мустаҳкам ҳамкорлиги, хусусан, жамоатчилик назорати талаб этилади.
Корруцияга қарши курашиш учун ҳар биримиз маъсул булишимиз лозим. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда ҳам аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилаётир. Бу борада Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси изчил фаолият юритмоқда.
Хусусан, мамлакатда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупцияга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, коррупция – вайронкор куч, у миллий иқтисодиётга мисли кўрилмаган даражада путур етказади. Ижтимоий тенгсизлик чуқурлашади, ҳокимиятга ишонч йўқолади, жамиятда маънавият бузилади ва ҳоказо.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, агар давлат органлари тизимида коррупцияга қарши ўз вақтида кескин чоралар кўрилмаса, давлат қанчалик ер ости ва ер усти бойликларига эга бўлмасин, у ижтимоий-иқтисодий инқирозга юз тутади.
Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари инсон шаънини камситадиган, ислоҳотлар ғоясини обрўсизлантирадиган иллат – коррупцияга қарши курашишга эътибор қаратмоқда.
Бу жараёнда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш чора-тадбирларини кўриши, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз мансабдор шахсларининг ҳамда бошқа ходимларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш юзасидан чора-тадбирлар кўриши, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим ва тарбияни олиб бориши лозим.
Коррупция билан боғлиқ ҳолатларни кўрганда бефарқ бўлмайлик. Шунда коррупция деган иллатдан бутунлай қутилиш мумкин булади.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ эмаслиги ҳамда ҳар-бир давлат хизматчисининг ўз фаолияти жамоатчилик назоратида эканини чуқур ҳис этиши коррупцияга қарши курашишнинг муҳим шартидир.
Улуғбек Исмаилов,
Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси.
Меҳнат кодексининг янги таҳририда ходимларга берилган қўшимча имтиёзлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 28 октябрда Меҳнат кодексининг янги таҳрири имзоланиб, 2023 йил 28 апрелдан бошлаб кучга кириши, шу муносабат билан 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси ҳам 2023 йил 28 апрелдан бошлаб ўз кучини йўқотиши белгиланган.
Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жамиятимизнинг ривожланиши, замонавий тенденциялари ва меҳнат соҳасида вужудга келаётган муносабатларга ҳам янги талаблар қўймоқда.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси эскисидан ҳажм (эски Меҳнат кодексида 2 та қисм (умумий ва махсус), 15 та боб ва 294 та модда, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси эса 2 қисм, 7 бўлим, 34 та боб ва 581 моддадан иборат) ва норматив ҳужжатлар билан тартибга солинган муносабатлар янги Кодексда ўрин олганлиги билан кескин фарқ қилади.
Меҳнат низолари – бу иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини қўллаш юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлардир.
Кодексга кўра, якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланди:
яъни меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишни тақиқлаш, меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик, меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги;
Жумладан, меҳнат эркинлиги ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касб ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқини англатади.
Давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.
Бунда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига, 14 ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она, шунингдек кўп болали оилалардаги ота-оналар, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактаблари ва коллежлари ҳамда техникумларни тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар, «Меҳрибонлик» уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим ташкилотларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилар ва ҳокоза бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалар киради.
Бундан ташқари, Янги Меҳнат кодексига кўра, йиллик асосий таътил муддати 21 календарь кун қилиб белгиланмоқда.
Йиллик асосий меҳнат таътилининг энг кам миқдори 21 календарь кунни ташкил этади.
Амалдаги тартибга кўра 15 иш кунидан кам бўлмаслиги лозим.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига давомийлиги 27 календарь кун бўлган ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади.
Ходимларга битта ташкилотда ишлаган ҳар 5 йил 2 календарь кун бироқ, жами 8 календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади.
Шунингдек мазкур кодексга кўра, ходимларга иш ҳақи қисман сақланадиган қўшимча таътиллар берилиши мумкин.
Жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки меҳнатга оид бошқа ҳужжатларда, улар бўлмаганда эса меҳнат шартномасида ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш имконияти шунингдек, бундай таътил берилиши мажбурий бўлган ҳолатлар назарда тутилиши мумкин.
Иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш ва унинг давомийлиги тўғрисидаги масала тарафларнинг келишувига кўра ҳал этилади.
Иш ҳақи қисман сақланадиган таътилларда иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.
Ўз навбатида кейинги вақтларда фуқаролик низоларида меҳнат муносабатларига оид ишлар бир мунча кўпаётганлиги, айрим меҳнат низолари эса жамоатчилик эътиборига тушаётганлиги, аксарият ҳолларда эса иш берувчилар томонидан йўл қўйилаётган қонунбузарлик ҳолатлари судлар томонидан аниқланиб, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланаётганлиги ҳам судларнинг имижини ошиши билан бирга келгусида бу каби мурожаатларни янада кўпайишидан далолат беради.
Бу эса судьяларнинг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси талабларини ўзлаштириши ва мукаммал ўрганиши, уни амалиётга татбиқ этиш учун муайян суд амалиётини шакллантириш учун кўникма бўлиши талаб этилади.
Улуғбек Исмаилов,
Навоий вилоят маъмурий суди судьяси.
Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари
Қадимги давр ёзма манбаларига асосланиб, ер юзида давлатчилик асослари пайдо бўлиши билан коррупция иллатлари ҳам пайдо бўлган дейилса муболаға бўлмайди. Негаки, жамиятда ижтимоий муносабатлар ривожлангани сари уларни қонуний асослардан кўра, ноқонуний йўллар билан тартибга солишни осонроқ деб ҳисоблашган.
Шу ўринда дастлаб, коррупция ўзи нима эканлиги, уни жамиятнинг айнан қайси жабҳаларида яққолроқ кўзга ташланиши борасида фикр юритсак. Қонун ҳужжатларида коррупцияга давлат органлари ходимлари моддий ва мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишда ифодаланадиган ижтимоий ҳодиса сифатида таъриф берилади. Оддий сўз билан айтганда, мансабдор шахснинг моддий манфаат кўриш учун ўзига юклатилган ваколатни суиистеъмол қилишидир.
Юқорида айтилганидек, бу иллат нафақат бир давлатнинг балки бутун инсониятни ташвишга солиб келаётган ва асрлар давомида курашилаётган тараққиётнинг асосий кушандаларидан бири ҳисобланади. Дунё халқлари мазкур курашлар жараёнида қайсидир кўп, қайсидир озроқ натижага эришиб келмоқда.
Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикасида ҳам охирги йилларда салмоқли натижаларга сабаб бўлаётган ислоҳатлар олиб борилмоқдаки, бу ҳолат жаҳон ҳамжамиятида мамлакат рейтингини юқори пағоналарга кўтарилишига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Transparency International” халқаро ташкилотининг рейтингида 2020 йилда 180 та давлат орасида 146-ўринни эгаллаган.
Коррупцияга қарши курашиш борасидаги ҳуқуқий асослар юзасидан шуни айтиш жоизки, мамлакат Конституцияси мазкур ҳолат юзасидан дастурул амал бўлиб хизмат қилса, 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун асосий қонун ҳисобланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сонли Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги ташкил этилди ва Агентликнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича вазифа ва ваколатлари белгилаб берилди.
Шундан кейин, 2021 йилнинг 18 ноябрида Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-729-сонли Қонунига мувофиқ “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, мазкур Агентлик Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашувчи органлар таркибидан жой олди.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, мазкур ўзгартишлар натижасида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаши ташкил этилиши белгиландики, мазкур органнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий кенгашлари ўз фаолиятини олиб боради.
Миллий Кенгашнинг асосий вазифалари бўлиб коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлаш, коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни йиғиш ҳамда таҳлил этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш, ҳудудий кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳисобланади.
Улуғбек Исмаилов,
Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси.
Инсон қадри учун
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда.
Бу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилишга қаратилган, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб берувчи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси 2020 йил 22 июнь қабул қилинган эди.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш билан бирга инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишларнинг мазмун моҳиятини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7-февраль кунидаги ПҚ-46-сонли қарорига кўра Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг тасдиқланиши бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларда яна бир муҳим қадам бўлди.
Миллий таълим дастурида қайд этилишча, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида олиб борилган мониторинг натижаларида таълим муассасаларида «Инсон ҳуқуқларини ўрганиш» махсус ўқув курсини ўқитиш тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги, ҳатто мазкур фанлар мутахассис бўлмаган ўқитувчилар томонидан ўқитилаётганлиги, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари бўйича малакасини ошириш ишларини тизимли йўлга қўйилмаганлиги, соҳадаги бу каби бошқа камчиликлар мамлакатимизда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, уларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат ҳиссининг шаклланишига, давлат хизматчиларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларининг ошишига тўсқинлик қилаётганлиги, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ташкил этишга зҳтиёж мавжудлигини кўрсатган.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида мазкур Дастур ишлаб чиқилган.
Дастурнинг асосий мақсади БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш, шунингдек, аҳоли барча қатламларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги миллий ва халқаро стандартлар тўғрисида хабардорлигини, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишдан иборат бўлиб, унинг асосий вазифалари, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш, давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимининг самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборатдир.
Мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Дастурда ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш, давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бериш тизимининг самарадорлигини ошириш йўналишларида муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Улуғбек Исмаилов,
Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси.
2023 йилда Навоий вилоятида содир этилган коррупцион жиноятлар таҳлили
Ўтган 2023 йил давомида судлар томонидан Коррупциявий ҳолатлар юзасидан 231 иш бўйича 329 та шахсга нисбатан жиноят ишлари кўрилган бўлиб, 220 иш бўйича 315 та шахсга айблов ҳукми чиқарилган.
Шунингдек коррупция жиноятини содир этган 303 та шахс судланган бўлиб, уларнинг 36 тасига жарима, 160 тасига аҳлоқ тузатиш ишлари, 40 тасига озодликни чеклаш 67 тасига озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган. 104 та шахсга нисбатан ЖКнинг 45-моддаси қўлланган.
Ушбу келтирилган Коррупция ҳолатларининг 13 таси ҳокимликлар мансабдор шахслари томонидан содир этилган бўлиб, шундан 1 таси айнан ҳоким томонидан содир этилган бўлса, 4 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи одоралар, 4 таси мактабгача таълим, 11 таси халқ таълими, 5 таси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизими, 8 таси соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари, 2 таси бандлик, 6 та тижорат банклари, 18 таси давлат улуши бор корхоналар ходимлари, 6 таси кадастр агентлиги, 4 та газтаъминот, 1 та электртаъминот, 1 та транспот вазирлиги тизими, 50 таси тадбиркорлик субъектлари, 109 та бошқа идора ходимлари бўлса, 87 таси ишсиз фуқаролар томонидан содир этилган.
Коррупцияон жиноятлар таҳлил қилинганда 35 таси аёллан, 79 таси 30 ёшгача бўлган шахслар, 246 таси 31-60 ёшгача бўлган шахслар, 4 таси 60 ёшдан ошган шахслар томонидан содир этилган бўлса, шундан 47 таси муқаддам судларган шахслар, 22 таси айнан коррупцион жиноятлари учун илгари судланган шахслар томонидан такроран содир этилганлиги кўриш мумкин.
Коррупция жиноятларининг 16 таси ишга киритишни, 5 таси имтиёзли банк кретилари ажратишни вада қилган ҳолда, 12 таси эса бюджет маблағларини ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатларда содир этилган.
Ушбу юқорида келтирилган рақамлардан ҳам кўришимиз мумкинки коррупцияга қарши олиб борилаётган шунча сай-ҳаракатларга қарамасдан бу иллат ҳалигача батамон йўқ бўлиб кетгани йўқ. Зеро бу иллат билан курашиш нафақат масъул идораларни балки, барча фуқароларнинг ҳам бирдек бурчидир.
Абдимўмин Рахимов,
Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.
Маъмуржон Кадиров,
Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.
Одам савдоси – инсонийликнинг энг жирканч иллати
Инсон, шубҳасиз, энг олий мавжудот. Биз инсон деганда, энг аввало ота-она, устоз, фарзанд, ёру дўст каби улуғ зот ва неъматларни тушунамиз. Уларнинг борлиги ҳаётимиз мазмунидир, йўқлигини эса тасаввур ҳам қилаолмаймиз.
Минг афсуски, тараққиёт ўзининг энг юқори чўққисига кўтарилгани сари жамиятимиздаги айрим қўштирноқ ичидаги одамларнинг онг ва маънавиятсизлиги ўзининг энг тубан ва жирканч нуқтасига яқинлашиб, ҳатто ўтиб ҳам кетмоқда. Бундай салбий даражадаги баҳога лойиқлар инсон дейишга ҳам арзишмайди. Чунки бундай тоифадагиларнинг маънавият ва инсонийлик даражаси бўлганида улар инсонга “товар” сифатида қарашмаган, бозорда сотиладиган маҳсулот каби жамиятнинг энг олий ва бебаҳо мавжудоти – инсонни бошқаларга пуллашмаган бўлар эди.
Албатта, Ўзбекистон Республикасида энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш Бош қомусимиз – Конституциямиз билан кафолатланади.
Одам савдоси иллати нафақат мамлакатимизни, балки жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган ХХI асрнинг жиддий муаммоларидан биридир. Меҳнат миграцияси ҳамда ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб бермоқда.
Дунёдаги барча мамлакатлар одам савдосидан жабрланишади. БМТ маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 71 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.
2013 йил 30 июль куни БМТ томонидан Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.
Бугунги кунда кўплаб халқаро ҳужжатларда назарда тутилган нормалар миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш бўйича ўттиздан ортиқ икки томонлама шартнома ва битимлар имзоланган. 2008 йилда эса “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Миллий қонунчилигимизда одам савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланганлиги шахс эркинлигининг конституциявий кафолатларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси биринчи қисми диспозицияси мазмунига кўра, одам савдоси деганда, одамни олиш-сотиш ёки одамни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунилади.
Юқорида келтирилган чора-тадбирлар, бизни ҳотиржам бўлишимиз учун етарли эмас, шу сабабли мамлакатимизда одам савдоси, хусусан, унинг трансмиллий кўринишларига қарши қатъий чоралар кўрилиши изчил давом эттирилмоқда.
Албатта, ушбу мақоламиз орқали, кимнингдир кўнглига озор бериш ёки уни камситиш ниятимиз йўқ.
Фақатгина одам савдоси, хусусан ҳимоясиз бола ва ожиза аёлни ушбу иллат қурбони бўлиши инсонийликка хос бўлмаган иллат эканлигини яна бир бора тушунтириш, барчани огоҳликка чақириш, бундай жиноятларни олдини олиш учун ўз маънавиятимиз ва инсонийликка ҳос бўлган эзгу туйғуларимизни шакллантириб бориш, билиб-билмай бу қабиҳ йўлга кирмоқчи бўлганларни тўғри йўлга бошлаш, одам савдоси каби жирканч жиноят билан шуғулланиб юрганларни аниқлаш, уларга қатъий қонуний жавобгарлик ва жазо чораларини кўрилишини таъминлашда эса биргаликда курашишимиз кераклигини таъкидлаш мақоламизнинг бош мақсадидир.
Зеро, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров таъкидлаганидек: “Инсон ҳаёт йўлидан фақат бир марта ўтади. Умримизнинг ҳар бир они ғанимат. Ўтаётган ҳар бир дақиқа ўз эгасидан маъно-мазмун сўрайди. Энг қиммат бойлик – вақтдан унумли фойдаланиш керак. Инсон умрининг ҳар лаҳзасини мазмун билан тўлдириш, оиласи, меҳрибонлари, халқи учун яхшиликлар қилишга интилиши лозим.
Ёшим саксон бирга кирганда ҳаёт тўғрисида чиқарадиган энг қисқа хулосам шуки, дунёга бир марта келадиган одам эзгулик билан умр кечириши шарт. Негаки, ёмонлик қайтгани каби яхшилик хам кутилмаган жойдан ва кутилмаган одамлардан қайтади.”
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.
Хусусий ажрим муҳокамаси бўлиб ўтди
Иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш ҳамда қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш иқтисодий судларнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Хусусий ажрим эса қонун ҳужжатлари асосида судларга юклатилган муҳим вазифаларни бажаришнинг процессуал воситаларидан бири ва қонунчилик ҳужжатларини бузилиш ҳолатларига ва уни бузаётган шахсларга нисбатан суд томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чорасидир.
Статистик маълумотларга кўра, 2023 йил давомида Навоий вилояти иқтисодий судлари томонидан суд муҳокамасида аниқланган қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги ҳолатлари юзасидан 173 та хусусий ажримлар қабул қилинган ва тегишли тартибда ижросини таъминлаш учун тегишли манфаатдор корхона, муассаса ва ташкилотларга юборилган.
Мана шундай хусусий ажримлардан бири, Навоий шаҳар адлия бўлимининг даъвогар “Аҳмад Кармана” масъулияти чекланган жамият манфаатида жавобгар Навоий шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан 2.807.164.459 сўм қарздорликни ундириш тўғрисидаги ишни суд муҳокамасида кўриш жараёнида Навоий шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими мансабдор шахслари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги 626-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низом талаблари бузилганлиги, бўлим мансабдор шахслари томонидан шартнома шартларини бажармасдан, шартнома ва тўлов интизомига рия этмаганлиги оқибатида низонинг судда кўрилиши натижасида давлат бюджетига 54.002.301 сўм давлат божи ундирилганлиги, суд томонидан Навоий шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимини суд муҳокамасига ўз вакилини иштирокини таъминлаш ва судга тегишли ҳужжатларни тақдим этиш сўралган бўлса-да, бўлим мансабдор шахслари томонидан суднинг қонуний талабини бажармасдан, судга ҳурматсизлик қилиб суд томонидан сўралган ҳужжатлар тақдим этилмасдан, судга ўз вакили иштирокини таъминланмасдан келганлиги оқибатида ишни суд муҳокамасида кўриш муддатларини чўзилиб кетишига сабаб бўлганлиги ҳолатлари юзасидан Навоий шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг масъул мансабдор шахсларини интизомий жавобгарликка тортиш ва айбдор шахсларни аниқлаб етказилган зарарни ундириб олиш чоралари кўриш юзасидан ушбу иқтисодий иш бўйича Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2024 йил 5 январда хусусий ажрим қабул қилиниб ижро этишлик учун Навоий вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига юборилган.
Навоий вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида бошқарма тизимидаги барча раҳбар ходимлар ва бошқа масъуллар ҳамда судялар иштирокида 2024 йилнинг 1 март кунида ўтказилган кенгайтирилган йиғилиш судлов ҳайъатининг мазкур хусусий ажрими муҳокамасига бағишланди.
Муҳокамада судлов ҳайъати судьялари хусусий ажримнинг мазмун моҳияти, тизимда йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатлари ва уларнинг аҳамияти, мазкур қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик ва аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди. Бошқарма раҳбарияти ва бошқа масълуллар томонидан хусусий ажрим юзасидан муносабат билдирилиб, хусусий ажримда кўрсатилган ҳолатлар юзасидан Навоий шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг масъул мансабдор шахсларини интизомий жавобгарликка тортиш ва айбдор шахсларни аниқлаб етказилган зарарни ундириб олиш чоралари белгилаб олинди.
Турғун Қаҳҳоров,
Навоий вилоят суди судьяси.
Атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш – фуқаролик бурчимиздир
Инсоният тарихида техниканинг тараққий этиши, турли хилдаги ихтиролар, саноатнинг ривожланиши инсонлар ҳаёти ва мамлакатлар тараққиётида муҳим ўрин эгаллаган бўлиши билан бир қаторда, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади.
Буни сўнги йилларда кузатилаётган ҳавонинг меъёридан ортиқ исиши ва ифлосланиши, чўллашиш даражасининг ортиши, сув танқислиги, чанг бўронларнинг, ҳатто йилнинг қиш фаслида ҳам кўплаб содир бўлаётганлигида ҳам англаш мумкин.
Албатта, мазкур тараққиёт қайсидир маънода она табиатнинг софлиги, атроф-муҳитнинг тозалигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётгани боис ҳозирдан бошлаб инсон ва табиат ўртасидаги нозик муносабат ҳамда мувозанатни мувофиқлаштириш, она табиатни асраб-авайлаш орқали уни келажак авлодга бор софлигича етказишга жиддий эътибор қаратиш энг долзарб масалалардан бири бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу борада миллий қонунчилигимизда ҳам табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, унга қилинган ҳар қандай тажовуз ва ножўя хатти-ҳаракатларга нисбатан қонунда белгиланган чоралар кўриш назарда тутилган.
Хусусан, Конституциямизнинг 62-моддасида, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканлиги назарда тутилган.
Ушбу Конституциявий нормадан келиб чиқиб, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги ҳамда “Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг қабул қилинганлиги ҳам атроф-муҳитни асраб-авайлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 193-204-моддалари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 65-96-моддаларида тегишли жавобгарлик белгиланиб, жазо чоралари қайд этилган, бундан ташқари, 2021 йил 25 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари ҳамда бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, жавобгарлик чоралари янада мустаҳкамланган.
Она табиатга етказилаётган тажовузларни олдини олиш ва уни ҳимоя қилиш борасида ҳам суд амалиётида кўплаб ишлар кўриб чиқилмоқда.
Зеро, Бош қомусимизнинг 68-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир
Шу боис, биз атроф-муҳитга қандай муносабатда бўлсак, она табиат ҳам бизга худди шундай жавоб қайтаради. Шу сабабли, табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодга софлигича етказиш барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир.
Албатта, бундай муносабатни ҳар биримиз, энг аввало, ўзимиздан, оиламиздан бошлашимиз лозим, азиз инсонлар!
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.
Ривожланган мамлакатларда корпоратив низолар ва уларнини ҳал этиш
Аннотация: Турли мамлакатларда корпоратив муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик тизими турлича шаклланган. Бу ушбу давлатлардаги иқтисодий муносабатларнинг, ишлаб чиқариш соҳалари ва ишбилармонлик муҳитининг қай даражада ривожланганлигига боғлиқ. Илғор хорижий давлатларда ушбу соҳаларнинг юксак даражада тараққий этганлиги корпоратив муносабатларнинг кенг тарқалишига замин яратган бўлиб, пировард натижада ушбу давлатларнинг мазкур соҳани тартибга солувчи қонунчилик тизимлари ҳам нисбатан такомиллашган ҳисобланади.
Ушбу мақолада баъзи ривожланган хорижий мамлакатларда корпоратив муносабатларни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган низолар ва ушбу мамлакатларнинг бу турдаги низоларни ҳал қилиш борасидаги тажрибалари ҳамда қонунчилик тизими хусусида фикр юритамиз.
Калит сўзлар: корпорация, компания, корпоратив-ҳуқуқий муносабатлар, корпоратив низолар, федерал ва штат (провинция) қонунлари, низоларни ҳал қилишнинг ички механизмлари ва муқобил усуллари, ички назорат органлари, суд жараёнлари.
Хорижий давлатлар қонунчилигида корпоратив низоларни ҳал қилишни кўриб чиқишда ҳуқуқий тизимлар ва ушбу масалага ёндашувлардаги фарқни ҳисобга олиш керак.
Қуйида баъзи хорижий мамлакатларнинг корпоратив муносабатларни тартибга солувчи ва бундай муносабатлар натижасида вужудга келувчи корпоратив низоларни ҳал қилишда қўлланиладиган қонунчилик тизимига тўхталиб ўтамиз.
Америка Қўшма Штатларида корпоратив низолар федерал ва штат даражасида тартибга солинади. Қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонун (Securities Act) ва корпорациялар тўғрисидаги қонун (Corporate Act) каби федерал қонунлар корпоратив муносабатлар учун умумий қоидалар ва талабларни белгилайди. Давлат даражасида компаниялар ва тижорат ҳуқуқи тўғрисидаги қонунлар мавжуд бўлиб, улар корпоратив низоларни ҳам тартибга солади. Штат даражасида эса ушбу турдаги низолар мазкур ҳудуд қонуни билан тартибга солинади. Калифорниянинг бизнес корпоратив Қонуни (California Corporations Code) ва Нью-Йоркнинг Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисидаги Қонунларини (New York Limited Liability Company Law) шунга мисол келтиришимиз мумкин.
Корпорациялар ижтимоий жавобгарлик корпорациянинг эмас, балки давлатнинг зиммасида бўлиши лозим деб ҳисоблашади. Корпорацияларни фуқаролик ҳуқуқий тартибга солиш бўйича ҳозирги уринишлар корпоратив ҳокимиятни чеклаш ўрнига уни таъминлаш учун хизмат қилмоқда. Ишлаб чиқилган қоидалар компаниялар, жамоатчилик ва давлатлар ўртасидаги ўзаро таъсир сценарийсини ўзида мужассам этган деб тахмин қилинади.
Корпорация атамаси одатда ушбу давлат даражасида корпорацияларни тартибга солувчи ҳар бир алоҳида штатнинг қонунчилигига мурожаат қилиш учун ишлатилади. Ҳар бир штатнинг ўзига хос корпоратив қонунчилиги мавжуд бўлиб, у маълум бир штат ичида корпорацияларни яратиш, бошқариш ва фаолият юритиш қоидаларини белгилайди.
Қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонун эса, қимматли қоғозлар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларни, шу жумладан биржалар ва брокерларни тартибга солувчи қоидалар ва талабларни белгилайди. Шунингдек, у компанияларнинг ҳисобот бериш ва ошкор қилиш мажбуриятларини белгилайди.
Буюк Британияда корпоратив низолар корпоратив қонун билан тартибга солинади. Қонуннинг асосий манбалари 2006 йилги Компаниялар тўғрисидаги қонун (Companies Act 2006) ва фуқаролик процессуал кодекси (Civil Procedure Rules) ҳисобланади. Корпоратив актда акциядорларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, овоз бериш қоидалари, акциядорлар йиғилишларини чақириш ва ўтказиш тартиби ва бошқалар тўғрисидаги қоидалар мавжуд. Суд жараёнининг қоидалари корпоратив низоларни судда кўриб чиқиш тартиби ва талабларини белгилайди. Қонун ҳужжатларини талқин қилиш ва қўллашда суд амалиёти ва прецедентлари ҳам муҳим рол ўйнайди.
Юқоридаги қонун қабул вақтида ҳажми катта бўлиб, компанияларга тегишли қонун ҳужжатларининг аксарияти компаниялар ва бизнесни ташкил этиш, директорлар, фирмалар, аудиторлар ва актуарларнинг бўшатишни таъминлаш кабиларни қамраб олган. Ушбу қонунни қабул қилишда рўйхатдан ўтган компанияларга тегишли қонунчилик қоидалари синчковлик билан қайта кўриб чиқилган бўлиб, 1985 йилдаги компаниялар тўғрисидаги қонун ва бошқа тегишли қонун ҳужжатларининг барча қоидаларини янгилаб берди. 2006 йил ноябр ойидан бошлаб унга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилди. Бу эса қонунчилик доимо янги вазиятлар ва муаммоларни ҳал қила олиши, унга мувофиқ бўлиши учун доимий равишда такомиллаштириб, ривожлантириб борилиши зарурлигидан далолат беради.
Корпоратив бошқарув назарияси ва корпоратив мақсадлар ўртасидаги боғлиқлик Буюк Британиядаги қонунчилик ва тартибга солишнинг турли жиҳатларида яққол намоён бўлади. Бу давлат Корпоратив бошқарув кодекси акциядорларнинг узоқ муддатли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда компанияни самарали бошқариш тамойилини белгилайди.
Корпоратив мақсадлар ҳақидаги мунозаралар одатда акциядорлар қиймати назарияси ва манфаатдор томонлар назарияларига бўлинади.
Буюк Британиянинг Компаниялар тўғрисидаги қонуни (Companies Act 2006) 172(1)-бўлимида директорлар узоқ муддатли оқибатлар, ходимларнинг манфаатлари, ишбилармонлик муносабатлари, жамият, атроф-муҳит ва адолатли хулқ-атворни ҳисобга олган ҳолда компания ва умуман унинг акциядорлари манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилишлари шартлиги назарда тутилган.
Бу акциядорлар ва манфаатдор томонлар ўртасидаги замонавий кўринишдаги низоларнинг вужудга келиши, шунингдек, акциядорлар қиймати тушунчасидан маърифатли акциядорлар қиймати тушунчасига ўтишга олиб келган сиёсий ва ҳуқуқий ёндашувлар натижаси бўлиб, келажакда корпоратив бошқарув доктринасида ҳам ҳуқуқий, ҳам тартибга солиш даражасида мумкин бўлган ўзгаришлар учун асос яратди.
Германияда корпоратив низолар Фуқаролик кодекси (Bürgerliches Gesetzbuch) ва Тижорат кодекси (Handelsgesetzbuch) билан тартибга солинади. Фуқаролик кодексида корпоратив муносабатлар тўғрисидаги асосий қоидалар, шу жумладан акциядорлар, директорлар ва директорлар кенгашининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мавжуд. Тижорат кодекси эса тижорат корхоналари билан боғлиқ масалаларни, шу жумладан акциядорлик жамиятларини ташкил этиш ва бошқариш қоидаларини тартибга солади.
Бундан ташқари, корпоратив муносабатларни тартибга солувчи бошқа махсус қонунлар ҳам мавжуд, булар Акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонун (Aktiengesetz) ва Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисидаги қонун (Gesetz betreffend die Gesellschaften mit beschränkter Haftung) бўлиб, умумий ҳуқуқий нормаларни маълум даражада тўлдиради ва судларда кўриб чиқиладиган корпоратив низоларни ҳал этишда ҳам ушбу қонунларга мурожаат қилинади.
Германияда Масъулияти чекланган жамият тўғрисидаги қонунда (Gesellschaft mit beschränkter Haftung) корпорациянинг энг кенг тарқалган ва иқтисодий аҳамиятга эга шаклларини ташкил этиш тартиби белгиланган бўлиб, унинг ўн биринчи бобида жамият барча капиталга эга ташкилотлар учун намуна сифатида кўрсатилади. Ушбу бобда пул ёки моддий депозитларни яратиш орқали жамиятни тузиш жараёнлари, компания яратишнинг соддалаштирилган тартиблари назарда тутилган. Бошқа муҳим жиҳатлардан бошқарувчи директорнинг роли, шу жумладан унинг мажбуриятлари, шунингдек жамият аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгиланган. Устав капиталини шакллантириш, капитални сақлаш, шунингдек капитални кўпайтириш ва камайтириш жараёнларини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Германияда корпоратив низоларни ҳал қилишнинг бир неча вариантлари мавжуд. Улардан баъзилари қуйидагилар:
Компания ичидаги низоларни ҳал қилиш. Жамият иштирокчилари низони музокаралар, компания уставида назарда тутилган бошқа ички тартиб-қоидалар орқали ҳал қилишга ҳаракат қилишлари мумкин.
Арбитраж. Низо тарафлари ишни ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилиши тўғрисида келишиб олишлари мумкин. Арбитраж халқаро арбитраж тўғрисидаги қонунга мувофиқ ёки томонларнинг келишувига биноан ўтказилиши мумкин.
Суд жараёни. Агар низони ички ёки ҳакамлик суди орқали ҳал қилиш мумкин бўлмаса, томонлар фуқаролик судига мурожаат қилишлари мумкин. Энг эътиборлиси шуки, Германияда корпоратив низолар билан шуғулланадиган ихтисослашган судлар мавжуд.
Ички назорат органи. Германиянинг Масъулияти чекланган жамият тўғрисидаги Қонуни компания ичидаги низоларни кўриб чиқиши ва ҳал қилиши мумкин бўлган ички назорат органини яратиш имкониятини назарда тутади. Шунингдек, махсус низоларни ҳал этиш имкониятлари алоҳида ҳолатлар ва ҳар бир жамият устав қоидаларига қараб фарқ қилиши мумкин.
Бошқа хорижий мамлакатлардаги корпоратив низоларни ҳал қилиш ҳам ҳар бир мамлакатнинг тегишли қонунлари ва ҳуқуқий тизимларига асосланади. Масалан, Францияда корпоратив низолар Фуқаролик кодекси (Cоdе civil) ва Тижорат кодекси (Code de commerce), Японияда – Компаниялар тўғрисидаги қонун (Companies Act), Хитойда – Компаниялар тўғрисидаги қонун (Company Law) ва бошқалар билан тартибга солинишини кўришимиз мумкин.
Компаниялар тўғрисидаги қонун Японияда корпоратив низоларни ҳал қилишнинг турли механизмларини тақдим этади. Хусусан:
Компания ичида низони ҳал қилиш. Япония компаниялари тўғрисидаги қонунда компания иштирокчилари ўртасидаги розилик ва ҳамкорлик тамойилига алоҳида эътибор қаратилган. Унда низоларни муҳокама қилиш ва ҳал қилиш мумкин бўлган акциядорлар ва директорлар Кенгашларининг йиғилишларини ўтказиш имконияти кўзда тутилган.
Низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари. Компаниялар тўғрисидаги қонунга биноан, томонлар ҳакамлик ёки арбитраж каби низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларига ҳам мурожаат қилишлари мумкин. Японияда корпоратив низоларни ҳал этишда қўлланиладиган низоларни муқобил ҳал қилишнинг яхши ривожланган тизими мавжуд.
Суд жараёни. Агар низо ички розилик ёки муқобил усуллар билан ҳал этилмаса, томонлар судга мурожаат қилишлари мумкин. Японияда ҳам корпоратив низоларни кўриб чиқадиган ва амалдаги қонунчилик ва суд амалиёти асосида қарор қабул қилиши мумкин бўлган ихтисослашган судлар мавжуд.
Ички назорат органи. Япониянинг Компаниялар тўғрисидаги қонунида компания ичидаги низоларни кўриб чиқадиган ва ҳал қиладиган ички назорат органини яратиш имконияти ҳам кўзда тутилган.
Шуни таъкидлаш керакки, корпоратив низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос механизмлари ҳар бир компаниянинг уставида белгиланиши мумкин ва компаниянинг ҳажми ва турига қараб фарқ қилиши мумкин.
Канадада ҳам АҚШда бўлгани каби корпоратив низолар федерал ва провинция даражасида тартибга солинади.
Федерал қонунчилик Канада бизнес корпорациялари тўғрисидаги қонун (Canada Business Corporations Act) бўлиб, у федерал даражадаги корпоратив муносабатларнинг умумий қоидаларини белгилайди.
Шунингдек, Канаданинг ҳар бир провинцияси федерал қоидаларни тўлдирадиган ўз корпоратив қонунчилигига эга. Масалан, Онтарио бизнес корпорациялари тўғрисидаги қонуни (Ontario Business Corporations Act) ва Квебек бизнес корпорациялари тўғрисидаги қонуни (Quebec Business Corporations Act) шулар жумласига киради.
АҚШ ва Канада корпоратив ҳуқуқи кўплаб умумий хусусиятларга эга бўлсада, уларда муҳим институционал фарқлар мавжуд. Иккала мамлакатда ҳам федерал ва штат (провинция) қонунчилигининг шаклланганлиги ўзаро ўхшаш бўлса, энг сезиларли фарқлардан бири АҚШда корпоратив низоларни ҳал этишда штатлар қонунчилигига кўпроқ мурожаат қилинса, Канадада аксинча, бу каби низоларни ҳал этишда федерал қонунчиликка устунлик берилади.
Олимларнинг корпоратив ҳуқуқда федерализм масаласига катта эътибор беришига қарамай, Канада ва АҚШ ўртасидаги ушбу тарихий фарқлар яхши англаб етилмаган. АҚШда корпоратив низоларни тартибга солувчи штатлар қонунчилигининг мукаммал эканлиги, уларнинг доимий равишда ривожлантирилиб борилиши ва бу борада юрисдикциялар ўртасидаги рақобатнинг кучайиши, одатда тахмин қилинганидек, корпоратив бошқарув масалалари билан эмас, балки штат ва федерал монополияга қарши чекловлардан қочиш истаги билан боғлиқ.
Канадада корпоратив низолар турли механизмлар орқали ҳал қилинади, жумладан:
Суд жараёнлари. Низо тарафлари қарор учун судга мурожаат қилишлари мумкин. Суд жараёнлари томонларга ўз далилларини тақдим этиш ва суддан расмий қарор олиш имкониятини беради.
Низоларни муқобил ҳал қилиш. Медиация ва арбитраж каби низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари Канадада кенг тарқалган. Медиацияда томонлар ўзаро мақбул келишувга эришишда ёрдам берадиган мустақил воситачи билан ишлайди. Ҳакамлик судида низо мустақил учинчи томон (ҳакам) томонидан кўриб чиқилади, у якуний қарорни томонлар учун мажбурий қилади.
Низоларни ҳал қилишнинг ички механизмлари. Корпорациялар кўпинча низоларни ҳал қилишнинг ички процедуралари ва механизмларига эга, масалан, директорлар кенгаши, қўмиталар ва компания ичидаги томонларга низоларни ҳал қилишга имкон берадиган қоидалар мавжуд. Бунга мажбурий ҳакамлик ёки ҳакамлик муҳокамаси ва низоларни ҳал қилишнинг ички тартиблари киради.
Тартибга солиш ва маъмурий органлар. Низонинг хусусиятига ва компания фаолият юритадиган соҳага қараб, баъзи низоларни тартибга солувчи ёки маъмурий органлар, масалан, қимматли қоғозлар комиссиялари ёки рақобат органлари кўриб чиқиши мумкин.
Шуни таъкидлаш керакки, низоларни ҳал қилиш процедуралари Канададаги провинция ёки ҳудудга қараб фарқ қилиши мумкин, чунки корпоратив ҳуқуқнинг баъзи жиҳатлари провинция даражасида тартибга солинади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, баъзи корпоратив низолар томонлар ўртасидаги келишувлар, масалан, таъсис шартномалари ёки компания уставлари билан тартибга солиниши мумкин.
Австралияда корпоратив низолар корпоратив қонунлар билан тартибга солинади. Бу соҳада асосий қонун Жамиятлар тўғрисидаги қонун (Corporations Act) бўлиб, у Австралияда корпорацияларни рўйхатга олиш, уларни бошқариш ва тартибга солиш қоидалари ва талабларини белгилайди.
Бундан ташқари, Австралия қимматли қоғозлар ва инвестициялар комиссияси (Australian Securities and Investments Commission, ASIC) корпоратив фаолиятни назорат қилади ва тартибга солади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, хорижий мамлакатларда корпоратив низоларни ҳал қилиш турли хил ҳуқуқий ва институционал механизмлар орқали амалга оширилади деган хулосага келиш мумкин. Баъзи хорижий мамлакатларда корпоратив низоларни ҳал қилиш қуйидагича:
АҚШда корпоратив низолар федерал ва штат қонунлари юрисдикциясига киради. Низоларни ҳал қилишда суд жараёни, низоларни муқобил ҳал қилиш (ADR), компаниялар ва назорат қилувчи органларнинг ички механизмлари муҳим рол ўйнайди. Қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонун ва корпорациялар тўғрисидаги қонун корпоратив муносабатлар учун умумий қоидалар ва талабларни белгилайди.
Канада ҳам суд жараёни, (ADR), корпоратив низоларни ҳал қилиш учун компаниялар ва назорат органларининг ички механизмлари қўлланилади. Канада компаниялари тўғрисидаги қонун мамлакатдаги корпоратив қонунларга таъсир қилади.
Буюк Британияда корпоратив низолар суд, (ADR) ва назорат қилувчи органлар орқали ҳал қилинади. Корпоратив бошқарув тўғрисидаги қонун ва 2006 йилдаги Компаниялар тўғрисидаги қонун корпоратив муносабатларни тартибга солувчи асосий қонун ҳужжатларидир.
Германияда суд жараёни, арбитраж ва ҳакамлик корпоратив низоларни ҳал қилиш учун қўлланилади. Фуқаролик кодекси ва Тижорат кодекси корпоратив масалалар ва низоларни тартибга солишда муҳим роль ўйнайди.
Японияда корпоратив низолар суд жараёни, арбитраж ва ҳакамлик орқали ҳал қилинади. Компаниялар тўғрисидаги қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари корпоратив муносабатлар ва низоларни тартибга солади.
Демак, ҳар бир мамлакат корпоратив низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос хусусиятларига ега бўлиши мумкин ва бу ҳар бир мамлакатнинг ҳуқуқий ва институционал хусусиятларига боғлиқ. Ушбу низоларни ҳал қилиш механизмлари ишбилармонлик муҳити ва умуман жамиятнинг ўзгарувчан эҳтиёжлари ва талабларига мувофиқ ишлаб чиқилади ва такомиллаштириб борилади.
Хамидулла Саъдуллаев,
Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Навоий вилоят суди