Қидирув:

Учқудуқда қонунчиликдаги янгиликлар, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти тушунтирилди

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиев ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Жумаев, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ тумани суди раиси А.Қурбоновлар томонидан Учқудуқ туманидаги 10-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш такомиллаштирилиши муносабати билан иқтисодий процессуал, жиноят процессуал, фуқаролик процессуал, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида банк ҳамда солиқ инспекцияси ходимлари иштирокида тарғибот тадбири амалга оширилди.

Дастлаб тадбирда сўзга чиққан суд раислари томонидан, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида фикрлар айтиб ўтилди.

Шунингдек, киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга тўхталиб эндиликда, туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибда, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилиши, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилиши, апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинганлиги тингловчилар эътиборига етказилди.

Тадбир иштирокчиларига туманда содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар, кредит ва солиқ қарзини ундириш бўйича кўрилган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган масалалари ва мурожаатлари юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси

Кассация ва тафтиш шикоят (протест)лари ҳам эндиликда вилоят судлари томонидан кўрилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сонли Фармонининг 3-бандида  Олий суд томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги билан биргаликда жиноят ишлари бўйича суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ҳамда  вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишни жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди.

Мазкур Фармондан келиб чиқиб, 2023 йил 25 декабрда “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартириш ва  қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (кейинги ўринларда Иқтисодий процессуал кодекс) 282-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти беришга ҳақли.

Олдинги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодексининг 282-моддасига кўра, апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти берилар эди. Эндиликда, тарафларга апелляция бериш муддати ўтган бўлсада кассация шикоятини вилоят судлари номига киритиш имкониятини беради.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 283-моддасига кўра, кассация шикоятлари (протестлари) тегишли туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари устидан берилганда — Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.

Олдинги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодексининг 283-моддасига кўра, биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан берилган кассация шикояти (протести) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади. Яъни эндиликда ўрта бўғин ҳисобланган вилоят судларида кассация шикояти (протести) кўриб чиқиладиган бўлди. Бу эса тарафларга бевосита вилоятнинг ўзидан судга қатнашиш, ўзининг важлари ҳамда далилларини судга тақдим этишда енгилликлар яратади.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 285-моддасига асосан, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.

Олдинги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодексининг 285-моддасига кўра, кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси суди қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин эди.

 Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодексининг 309-моддасига асосан, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади. Мазкур кодекснинг 310-моддасига асосан, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд кассация ёки тафтиш тартибидаги шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишни кассация ёки тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига иш билан бирга юбориши шарт. 

Киритилган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар одил судловдан фойдаланиш имкониятини «Янги Ўзбекистон-янги суд» принципи доирасини янада кенгайтиришга, фуқаролар ва юридик шахс вакилларининг оворагарчилигини олдини олишга, уларга енгилликлар яратиш, узоғини яқин қилишга, одил судлов сифатини ҳамда судлар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

 

Бекзод Джумаев,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси

Коррупция -инсоний сифатларга путур етказадиган иллат

Коррупция инсонни турли хил йўл билан ўз домига туширадиган иллатлардан биридир. Бу иллат инсоннинг инсонийлик сифатларига путур етказади, унинг фикрлаш тарзи ва савиясини салбий томонга ўзгартиради. Порахўрлик ўзгалар ҳақини ноҳақ ейиш ҳаромдан ҳазар қилмаслик каби иллат инсонни тубанлаштиради ва ҳалокатга етаклайди. Бу каби иллатга қарши курашмоқ лозимдир.

 Коррупция сўзининг луғавий маъноси аслида “бузмоқ” деган маънони билдиради. Инсонга берилган ваколатларни ўзининг шахсий манфаатларини кўзлаб, қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишни англатади. Инсоннинг ўз манфаатларини устун қўйиб, ўз вазифасини суиистеъмол қилиши, ўзгалардан таъмагирликни кўзлаши, давлат мулкидан ноқонуний фойдаланиши, қонун олдида жавобгар бўлиши билан бир қаторда динимизда ҳам қаттиқ қораланади.

Ота-боболаримиз ўзгалар молини ноҳақ ейишдан қаттиқ ҳазар қилишган. Ҳадисларда ҳам порахўрлик қаттиқ қораланади. Имом Бухорий ҳадисларида шундай дейилган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишларича, Муҳаммад алайҳиссалом шундай деганлар: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш учун олса, Аллоҳ Таоло унинг ўзига ҳам талофат етказади”.

Порахўрлик аслида таъмагирликдан келиб чиқади. Таъмагирлик- манфаат йўлида ҳеч нарсадан тап тортмаслик, инсонийлик шаънини таҳқирлайди ва ғурурини топтайди. Таъма йўлига кирган инсон ҳеч нарсадан тап тортмайди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий таъмагирнинг феълини “еб тўймаснинг овқатга ўчлиги”га ўхшатади. Бу ҳақда Аҳмад Яссавийнинг шундай байти мавжуд:

Нафсим мени йўлдин уриб хор айлади,

Термултириб халққа мени зор айлади,-

деганида, таъма орқали келиб чиққан хорликни ҳам эътиборга олган. Шунинг учун ҳам Алишер Навоий “Таъмада разиллик ва уқубат бор”, дея бежизга таъкидламаган. Шу разилликлардан айримлари қуйидагилар: Таъма, энг аввало, эътиқодга шикаст етказади. Унинг таъсирида инсон поклигидан, виждон холислигидан ажралади. Охир-оқибат ҳамма нарсани фойда қаричи билан ўлчайдиган бўлиб қолади. Кимда таъмагирлик туйғулари мавжуд бўлса, бундай инсонда самимийлик бўлмайди. Навоий таъмагир инсонни гадодан ҳам тубан билади:

Бировки, таъма риштаи қилгуси,

Унинг бирла бўғзидан осилгуси.

Ўз-ўзидан савол туғилади. Инсон таъмасиз кун кечириши мумкинми? Албатта, мумкин. Ҳалол меҳнат ва заҳмат одам қалбини таъма ҳисларидан тинимсиз поклайди. Бунинг учун инсон ўз маънавиятини янада кучайтириши лозим. Навоий бунга мисол тарзида қуйидаги байтни келтиради:

Сен агар тарки таъма қилсанг, улуғ ишдир буким,

Олам аҳли барча бўлғай бир тараф, сен бир тараф,-

Шоир бу улуғ натижага эришиш учун қалбини пок тутиш лозимлигини таъкидлайди. Таъма, порахўрлик бир-бирига яқин тушунчалар бўлиб, буларнинг кушандаси ақл ва доноликдир.

Буюк шоиримиз Абдураҳмон Жомий ўз асарида таъмагир инсонни итдан-да тубан деб таъкидлайди. Эрта-ю кеч инсоннинг камолоти учун қайғурган, унинг одамийлик фазилатларини авайлаб муҳофаза қилган, ҳар бир шахс сиймосида Ватаннинг иқтидорли фарзандларини кўрмоқ истагида бўлган Алишер Навоий порахўрлик, таъмагирлик тўғрисидаги ҳар бир танқидий сўзи билан ўз қадрини поймол қилган кишиларга қарши тургани шубҳасиздир. Инсон бор нарсага қаноат қилиш орқали хотиржамликка эришади. Ҳар жиҳатдан ўзини фориғ тутса, хотиржам бўла олади. Шунинг учун ҳам шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу ҳақда ўз асарларида айтиб ўтган. Ҳар нарсага қаноат қиладиган киши биров берган хазинадан заҳмат тортиб меҳнат билан топган чақасини минг марта зиёд деб билади. Ва шу олийжаноблиги ва камсуқумлиги билан устун туради.

Коррупция мамлакат тараққиётини ортга суриб, келажакни хавф остида қолдиради. Ривожланиш ва тараққиёт йўлини танлаган инсон, энг аввало, коррупция, таъмагирлик, порахўрлик каби салбий иллатларга қарши муросасиз кураш олиб боради. Акс ҳолда бундай ёмон иллат томир отишига йўл қўйиб берилса, ўша жойда тараққиёт ва ривожланиш бой берилади.

Коррупция тушунчасининг пайдо бўлиши жуда қадимга бориб тақалади. Баъзи маълумотларга кўра қабилада маълум даражага эга бўлиш учун совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ҳадисларда бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан пора қилиб узатмангизлар деб бежизга айтилмаган.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, коррупция-тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Коррупция, порахўрлик ва таъмагирликка нафрат, одамни эса маънан ва руҳан юксалтиради. Қаноатли инсонда эса эзгу хислатлар мужассамлашади. Доноларимиз бежизга “Қаноат бир чашмадирки, олган билан унинг суви қуримайди: у бир хазинадирки, ундаги бойлик сочилган билан камаймайди”-дейишмаган. Шундай экан, инсон ўз умри давомида умр йўлини ҳалол меҳнат ва ҳалол ризқ билан ўтказмоғи лозим. Ҳалоллик инсон ҳаётини хотиржамлик билан ўтказишда асосий омилдир. Унинг ҳаётини безаб турадиган асосий сифатлардан бири бу -ҳалолликдир.

 

 

Истам Турдиев,

Навоий вилоят суди судьяси

Оила Муқаддас даргоҳ ! Уни асраш барчамизни бурчимиз

Навоий вилоят суди ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судьялари, Кармана туман Оила ва хотин-қизлар бўлими, маҳалла раиси ва хотин-қизлар фаоллари билан ҳамроҳлигида Кармана туманидаги “Янгиобод” маҳалласига ташриф буюрдилар.

Туманнинг “Янгиобод”, “Уйрот”, “Айрончи” маҳаллаларидан келган 9-10 чоғли эр-хотинлар ҳамда уларнинг яқинлари минг истиҳола билан оила тикланиши истагида, айримлари эса жаҳл билан каттагина залда ўтиришибди. Аввалига уларнинг юрагида меҳр-оқибат уйғотиш, жаҳлга эрк бериб, фақат ўзининг тинчини ўйлаган ҳолда оиласи, фарзандлари ҳам кўзига кўринмай  қолган эр-хотинларнинг салбий фикрларини тўзғитиб юбориш, ўрнига ёрқин, соф фикрларни, ўз оиласига интилиш ҳиссиётларини уйғотиш мақсадида “Фарзанд омонат” видео ролиги намойиш этилди.

Шундан сўнг, гуруҳ аъзолари иккига бўлиниб, ҳар бир эр-хотин жуфтлиги билан алоҳида-алоҳида суҳбат ўтказилиб, уларни бирма-бир эшитилди.

Ташриф буюрганларнинг, айниқса, судьяларнинг панд-насиҳатлари, ўгитлари билан 2 та оилани яраштиришга эришилди. 5 та оила ўйлаб кўришлари кераклигини маълум қилдилар. 2 та оила эса мутлақо насиҳатларга кўнмади. Бу қайсарликлар улар ўсиб улғайган оиладаги салбий муҳитнинг мевасидан бошқа нарса эмас.

Мақсадимиз битта ва муштарак. Бузилиш арафасига келиб қолган оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш йўли билан жамиятимиз ривожланишига ҳисса қўшиш, болаларни тирик етимлик тамғасидан сақлаб, уларнинг бебаҳо инъом – ўз ота-онаси билан бирга, битта уйда яшаш, ота-она меҳрини, парваришини, тарбиясини тўлақонли ҳис этиб, мукаммал инсон даражада вояга етишларини таъминлаш.

 

 

Ибодат Шоймардонова,

Навоий вилоят суди судьяси

Банк ходимлари иштирокида янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан тарғибот тадбири бўлиб ўтди

АТБ “Бизнесни ривожлантириш банки” Навоий вилояти бошқармаси биносида Кармана туманлараро иқтисодий суди судьяси Ф.Ф.Бахронов томонидан Иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга оширишга оид Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Президент фармонлари ва қарорларининг ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг мазмун моҳиятини тушунтириш юзасидан банк ходимлари ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқот шаклида учрашув ўтказилди. 

Учрашувда, 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ Референдуми натижасида қабул қилинган Конституциянинг мазмун-моҳияти, энг асосий ҳамда муҳим жиҳатлари, ундаги янги нормалар ва ўзгаришларнинг, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ва процессуал кодексларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти учрашув иштирокчиларига атрофлича тушунтирилди.

Учрашув савол-жавоб ва очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, АТБ “Бизнесни ривожлантириш банки” Навоий вилояти бошқармаси ходимлари ва йиғилганларга судларга мурожаат қилиш усуллари ва тартиби, суд ҳужжатларидан норози бўлган тарафнинг апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи, тартиби ва муддатлари, апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судининг ваколатлари каби мавзуларда керакли маълумотлар бериб ўтилди.

Бундан ташқари, бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган Коррупция ҳамда унинг давлат, жамият, бизнес ва ҳар бир фуқаро учун зарарларли омиллари, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ва унга олиб борадиган омилларни йўқ қилишга барча-ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари, фуқаролар ҳам масъул бўлишлари кераклиги, бунда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда Коррупциявий ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш лозимлиги, Коррупцияга қарши курашишни амалга оширувчи органлар, уларнинг ваколатлари ҳақида ҳам тушунтириш берилди.

Шунингдек, тадбир сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга судья томонидан атрофлича жавоб берилди.

 

Фаҳриддин Бахронов,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг судья. 

Биз оилавий ажримларга қаршимиз!

Оилавий ажримларни олдини олиш ва низоли оилалар билан ишлаш куни муносабати билан Навоий шаҳардаги Чинор маҳалласида  вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси вақиллари ҳамда вилоят суди судьялари Б.Шерматов ва И.Турдиевлар билан ҳамкорликда  6 нафар ажрим ёқасидаги оилалар муҳокамаси ўтказилди.

Ўтказилган муҳокамалар натижасида  2 нафар оила яраштирилиб, 4 нафарига ярашишлари учун муддат берилди.

Йиғилишга таклиф этилганларга судьялар ва мутасаддилар томонидан оила муқаддаслиги, оилада ота-онанинг мажбуриятлари ва ундан келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатилар, фарзандлар келажаги муҳимлиги ҳақида тегишли тушунчалар берилди.

  

Беҳзод Шерматов,

Навоий вилоят суди судьяси. 

Навбатдаги сайёр суд мажлиси тафсилотлари

Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди томонидан тумандаги Мусиқа ва санъат мактаби биносида жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган уюшмаган ёшлар,  Пробация гуруҳи ҳисобида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар, муқаддам судланган шахслар, маҳалла фуқаролари, туман тиббиёт ва таълим соҳаси ходимлари ҳамда туманда иш фаолиятини олиб бораётган тадбиркорлар иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Сайёр суд мажлисида жиноят содир этган бир нечта шахсларга нисбатан бўлган жиноят ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида судланувчиларга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

Жумладан, ўтказилган сайёр суд мажлисида Қизилтепа туман ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобида жазо муддатини ўтаётган 15 нафар маҳкумлар ўтаб келаётган турли жазоларини ўташдан муддатидан олдин шартли озод қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан судланувчи С.И.га оид жиноят иши кўриб чиқилиб, судланувчи мазкур модда билан айбли деб топилди ва унга нисбатан 1 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, судланувчи шу заҳоти суд залидан қамоққа олинди ҳамда жабрланувчи М.Х фойдасига етказилган 21.123.572 сўм моддий зарарни ундириш белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 3-қисми “б” банди билан судланувчилар Т.Э ва А.И.га оид жиноят иши кўриб чиқилиб, судланувчилар мазкур модда билан айбли деб топилди ва судланувчи Э.Т.га нисбатан 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси, судланувчи  И.А.га нисбатан 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, судланувчилар шу заҳоти суд залидан қамоққа олинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б,в” банди билан судланувчи С.Т.га оид жиноят иши кўриб чиқилиб, томонларнинг музокара сўзлари тингланиб, суд мажлисига бошқа кунга қадар танаффус эълон қилинди.

Шунингдек, сайёр суд мажлиси иштирокчиларига туман суди раиси  томонидан Коррупция, гиёҳвандлик ва одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

Тадбир сўнгида суд раиси томонидан фуқароларнинг ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоблар берилди.

 

 

Адиз Авезов,

Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди раиси. 

Навоий давлат педагогика институтида, вилоят судининг судьялари иштирокида талаба ва ўқитувчилари билан очиқ мулоқот шаклида учрашув ўтказилар  

Вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари иштирок этган ушбу учрашувда, Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ва процессуал кодексларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтирилди.

Тадбирда йиғилганларга, суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги юзасидан текширув қўзғатиш тартиби; суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш асослари; апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят қилиш тартиби ва бундай шикоятлар бериш ҳуқуқи кимларда мавжуд бўлиши ҳамда уни қайси суд кўриб чиқиши; шикоятларни бериш муддатлари; апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судининг ваколатлари каби мавзуларда керакли маълумотлар бериб ўтилди.

Бундан ташқари, судьялар томонидан бугунли кунда далзарб масалалардан бўлган Коррупция ҳамда Одам савдоси жиноятларининг салбий оқибатлари ҳам тушунтириб ўтилиб, бундай жиноятлар учун қонунчиликда назарда тутилган жазо чоралари ҳақида ҳам тушунтириш берилди.

Шунингдек, тадбир сўнгида талаба ва ўқитувчиларнинг ҳуқуқий мавзуга оид саволларига судьялар томонидан атрофлича жавоб берилди.

 

 

Анвар Исоков,

Навоий вилоят судининг судьяси.

 

Бобир Имомов,

Навоий вилоят судининг судьяси.

Учқудуқ туман Ички ишлар бўлимида янги қонунларнинг мазмун моҳияти тушунтириш юзасидан ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Курбонов Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 сентябрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-869-сонли Қонуни мазмун моҳияти ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 01 январдаги Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида”ги ЎРҚ-884-сонли Қонуни мазмун-моҳияти юзасидан маърузалар қилинди.

Шунингдек тадбир давомида суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш турлари, суд ҳукмларининг, ажримларининг, қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги апелляция, кассация ва тафтиш тартибида текширилиши мумкинлигини, ишни юқори инстанция суди томонидан кўриш  апелляция тартибида — ушбу Кодекснинг 497-моддасида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларига ва протестларига биноан, кассация тартибида — ушбу Кодекснинг 499-моддасида кўрсатилган шахсларнинг шикоятларига ва протестларига биноан, тафтиш тартибида кўрилиши юзасидан тушунтиришлар берилди.

 

Акмал Курбонов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси. 

Адвокатлар билан ҳамкорликда ўткан семинарда суд қарорлари устидан шикоят бериш тартиби муҳокама қилинди

Навоий вилоят судининг судьялари А.Баҳронов ва Н.Умаров иштирокида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси билан “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни оммага кенг тарғиб қилиш, аҳоли ва ташкилотларнинг хабардорлигини ошириш, ташкилотлар ва фуқаролар билан ахборот тушунтириш ишларини олиб бориш юзасидан” чора-тадбирлар режасига мувофиқ вилоятда фаолият юритаётган адвокатлар иштирокида семинар ўтказилди.

Семинарда, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги Қонунлари билан Фуқаролик процессуал кодексига ва Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида жумладан, 2024 йил 01 январдан суд ишларини вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилиши, ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида қайта кўрилиши, юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташланиши, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилиши юзасидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги гапириб ўтилди.

Шунингдек, адвокатларга апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят бериш тартиби ва муддатлари, шикоятга илова қилинадиган ҳужжатлар, шикоятни қайтариш ва иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари, шикоятни иш юритишга қабул қилиш тартиби тўғрисида тушунтиришлар берилди ҳамда тадбир иштирокчиларига мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган бир қатор масалаларда саволларга жавоб берилди.

 

 

Азизжон Баҳронов,

Навоий вилоят суди судьяси 

Skip to content