Қидирув:

Навоий вилояти судлари томонидан яна бир яшил макон барпо этилди

Инсон соғлом бўлиши учун аввало, табиат соғлом, ҳаво мусаффо бўлиши керак. Кўчат экиб, боғ яратиш халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 7 мартдаги 144-F-сонли Фармойишида жорий йил баҳор ва куз мавсумларида вилоят судлари томонидан манзарали, мевали ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалари экишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланган бўлиб, ушбу фармойиш ижросини таъминлаш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини доирасида Навоий вилояти судларининг барча судья ва суд ходимлари томонидан Навоий шаҳар “Ёшлик” МФЙ ҳудудида 300 туп манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди.

Дастлаб кўчат экиш тартиби ва сирлари мутахассислар томонидан батафсил тушунтириб берилди. Шундан сўнг судья ва суд ходимлари кўчат ўтқазишга киришдилар. Мазкур манзарали дарахт кўчатларининг парвариши бўйича ҳам масъулиятни ўз зиммаларига олишди.

Дарахтлар ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштиришни назарда тутган ҳолда танлаб олинди. Энди улар агротехник талаблар асосида парвариш қилинади, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади.

Она ватан тақдирига бефарқ бўлмасдан, уни тобора ободлик ва кўркамлик касб этишида камарбаста бўлиш – бугун ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётий маслагига айланиши лозим. Зотан, барпо этаётганимиз яшил майдонларнинг мамлакатимиз экологияси ва халқимиз саломатлигидаги аҳамияти беқиёс бўлиб, бугун эзгу ниятлар билан қадалган ниҳоллар эса жонажон Ўзбекистонимизнинг, ҳар биримизнинг ортимиздан униб-ўсиб келаётган авлоднинг улуғ манфаатлари учун хизмат қилади.

Мазкур лойиҳа доирасида дарахт экиш акцияси вилоятимиз экологиясини тозалаш билан бирга атроф-муҳитни соғломлаштиришга хизмат қилади.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Навоий вилоят суди раҳбарияти томонидан Навоий вилоятида фаолият юритаётган адвокатлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасига оид бошқа долзарб масалалари муҳокамасига бағишланган учрашувда таъкидланганидек, амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда малакали ва билимли адвокатлар сони сезиларли даражада ортиб, пировардида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳимоя ҳуқуқи муносиб таъминланаётгани алоҳида қайд этилди.

Очиқ мулоқот чоғида суд жараёнида жисмоний ва юридик шахсларни ишончли ва малакали ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлаш чоғида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари, одил судловга эришиш борасида адвокатларнинг ўрни ва ролини янада ошириш ҳамда суд мажлисларида тортишув тамойилига тўлиқ риоя этилишига доир масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга тўсқинлик қилаётган омиллар ва уларни бартараф этиш борасида зарур таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Келгусида уларнинг қонуний ечимини топиш юзасидан икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш ва тегишли чоралар ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Конструктив руҳда ўтган тадбир сўнгида иштирокчилар томонидан билдирилган умумманфаатли таклифларни амалга татбиқ этиш ва бу каби мулоқотларни яна давом эттиришга келишиб олинди.

 

Касимов Ихтияр,

Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари

 

Ялгашев Гиёсиддин,

Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари

Sport sohasida korrupsiyaning oldini olishga qaratilgan seminar o‘tkazildi

Jinoyat ishlari bo‘yicha Navoiy shahar sudi raisi B. Aliqulov va Navoiy shahar prokurori o‘rinbosari B. Qulmurodov ishtirokida sport sohasidagi trenerlar, metodistlar hamda ishchi xodimlar uchun seminar tashkil etildi.

Seminarda O‘zbekiston Respublikasining «Sport sohasida korrupsiyaning oldini olish maqsadida O‘zbekiston Respublikasining Jinoyat kodeksiga qo‘shimchalar kiritish to‘g‘risida» 2024yil 4noyabrdagi O‘RQ-988-son Qonuni mazmun-mohiyati keng tushuntirildi. Shuningdek, ishtirokchilar tomonidan berilgan savollarga mas’ul xodimlar tomonidan to‘liq javoblar taqdim etildi.

Tadbir davomida ishtirokchilar o‘z huquqiy bilimlarini oshirishdi hamda bunday targ‘ibot tadbirlarini kelgusida ham davom ettirish zarurligi haqida fikr bildirishdi.

 

Bahodir Aliqulov,

Jinoyat ishlari bo‘yicha Navoiy shahar sudining raisi

Учқудуқда суд раислари олис ҳудудларга ташриф буюрди

Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Учқудуқ туман судлари раислари томонидан туман марказидан 70 км узоқликда жойлашган “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғинида сайёр қабул ва ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Ушбу манзилга бориш бежиз эмас албатта. Чунки “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғини туманнинг олис ҳудудларидан бири ҳисобланиб, у ерда яшаб келаётган фуқароларнинг туман марказига келиб, муаммоларини билдириши учун етарлича вақт ва куч сарфланади. Мақсад эса мазкур ҳудуддаги фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича мурожаатларини жойида ваколат доирасида кўриб чиқиш ҳисобланади.

Ўтказилган тарғибот тадбирида “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган фуқароларга бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, судларнинг вазифаси, судлар томонидан қандай тоифадаги ишлар кўрилаётганлиги ҳамда аҳоли мурожаатларини жойида ҳал этиш, уларга ҳуқуқий кўмак бериш борасида атрофлича тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, овул аҳолисига янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямиз, унда белгиланган фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Бундан ташқари, сайёр учрашувда туман ҳудудида сўнгги вақтларда содир этилаётган жиноятлар, уларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган тегишли чоралар, тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва преференциялар, оилаларда ажримни олдини олиш ҳамда алимент ундириш билан боғлиқ масалалар бўйича сўз юритилди.

Шу билан бирга, ўтказилган сайёр қабул давомида овул фуқаролар йиғини аҳолисига ўзларини қизиқтирган барча масала ва мурожаатлар юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Келгусида бундай учрашувларни мунтазам равишда ўтказиб бориш тўғрисида келишиб олинди.

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган учрашув

Ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида Зарафшон шаҳридаги 3-умумий таълим мактаби ўқувчилари иштирокида “Судья ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.

Мазкур учрашув давомида ўқувчи ёшларларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишлари, соғлом турмуш тарзини ташкил қилиш ва ёт ғояларга берилмаслик борасида зарур маслаҳатлар бериб ўтилди ва бу борада суд амалиётидан мисоллар келтирилди.

Шунингдек, тарғибот тадбири жараёнида янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аҳамияти ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ўзига хос жиҳатлари, шунингдек жамиятда инсон ҳуқуқларининг ўрни мавзусининг мазмун-моҳияти ўқувчи ёшларга тушунтириб ўтилди ҳамда уларнинг саволларига амалиётчи мутахассис томонидан тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида намунали хулқи ва билимини оширишда ҳамда спорт мусобақаларида фаол бўлган ўқувчи ёшларга ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлар тақдим этилди.

 

Анвар Исоқов,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси

Yoshlarning huquqiy savodxonligini oshirishga qaratilgan uchrashuv

O‘quvchi yoshlarning huquqiy bilim va madaniyatini yanada oshirish, ularda Konstitutsiya va qonunga hurmatda bo‘lish munosabatini shakllantirish, shuningdek yoshlar o‘rtasida huquqbuzarlik va jinoyatchilikning oldini olish maqsadida Zarafshon shahridagi 10-umumiy ta’lim maktabi o‘quvchilari ishtirokida “Sudya va yoshlar” uchrashuvi tashkil etildi.

Mazkur uchrashuv davomida o‘quvchi yoshlarlarning hayotda o‘z o‘rinlarini topishlari, sog‘lom turmush tarzini tashkil qilish va yot g‘oyalarga berilmaslik borasida zarur maslahatlar berib o‘tildi hamda bu borada sud amaliyotidan misollar keltirildi.

Shuningdek, targ‘ibot tadbiri jarayonida yangi tahrirdagi Konstitutsiyamizning ahamiyati hamda inson huquq va erkinliklarini ta’minlashdagi o‘ziga xos jihatlari, shuningdek jamiyatda inson huquqlarining o‘rni mavzusining mazmun-mohiyati o‘quvchi yoshlarga tushuntirib o‘tildi hamda ularning savollariga amaliyotchi mutaxassis tomonidan tushuntirish berildi.

 

Sherali Ochilov,

 

Fuqarolik ishlari bo‘yicha Zarafshon tumanlararo sudi raisi

Болалар меҳнатига барҳам бериш

Мамлакатимизда мажбурий меҳнат, хусусан болалар меҳнатини тугатиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада халқаро стандартларга мувофиқ қонунчилик базаси такомиллаштирилиб, халқаро конвенсиялар ратификация қилинди. Ўзбекистон Республикаси болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича муҳим натижаларга эришди.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) берган таърифга кўра, болалар меҳнати деганда ақлий, жисмоний, ижтимоий ёки ахлоқий жиҳатдан болалар учун хавф туғдирадиган ёки болаларга зарар етказадиган, уларни мактабда ўқиш имкониятидан маҳрум қиладиган иш ва фаолият турлари тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасида, болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади деб кўрсатилган.

Болаларнинг соғлиғи, ривожланиши ва таълим олишига таъсир қилмайдиган ишларни бажариши бола меҳнати сифатида баҳоланмайди. Ушбу турдаги ишларга боланинг ота-онасига уй-рўзғор юмушларида ёрдам бериши, мактабдан бўш ва таътил вақтларида касб-ҳунар ўрганиши киради.

Сўнги йилларда Республикамизда болалар меҳнатига қарши курашишнинг ташкилий механизмлари яратилмоқда, болалар меҳнатига йўл қўймаслик учун самарали парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилди. Болалар меҳнатига барҳам беришнинг қонунчилик асослари кучайтириб борилмоқда. Тегишли қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслик тўғрисидаги талабларни бузиш каби ҳатти-қаракатлар учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Ушбу ҳаракатлар болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига барҳам беришда ўз самарасини бермоқда. Бунга 2018 йил АҚШ Ўзбекистоннинг пахта маҳсулотларини болалар меҳнати орқали етиштириладиган маҳсулотлар рўйхатидан чиқариши яққол мисол бўлаолади.

Ўзбекистон Республикаси бола ҳуқуқлари ва болалар меҳнатини тугатиш бўйича бир қатор Конвенцияларга қўшилган ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича ўз мажбуриятларига амал қилиб келмоқда.

Ҳар йили 12 июнь — Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни сифатида нишонланади.

Зеро, болалар меҳнатига йўл қўймаслик келажакда болаларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари ҳамда мамлакат равнақига ўз ҳиссаларини қўшишларига хизмат қилади.

 

Анвар Жумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси 

Jinoyat ishlari bo‘yicha sudlarda joriy etilgan yangi tergov sudyasi institutining mazmun-mohiyati va ahamiyatini keng jamoatchilikka yetkazish

So‘nggi yillarda mamlakatimizda «Inson sha’ni va qadr-qimmati yo‘lida» tamoyili asosida Yangi O‘zbekistonni barpo etish borasida, jumladan, demokratiya va ijtimoiy adolat tamoyillarini mustahkamlashga qaratilgan sud-huquq sohasida ham tub islohotlar izchil amalga oshirilmoqda.

Davlatimiz rahbarining “Tezkor-qidiruv hamda tergov faoliyatida shaxsning huquq va erkinliklarini ishonchli himoya qilish kafolatlarini yanada kuchaytirish chora-tadbirlari to‘g‘risida”gi Farmoni qabul qilingani ana shu islohotlarning mantiqiy davomi bo‘ldi.

Hujjatda jinoyat protsessini tubdan modernizatsiya qilish, jinoyat ishlari bo‘yicha tuman, shahar sudlarida tergov sudyasi lavozimi joriy etish, ularga sudgacha bo‘lgan ish yuritish bosqichida protsessual harakatlarni amalga oshirish uchun sanksiyalar berish va boshqalar nazarda tutilgan.

Ushbu huquqiy hujjatning yana bir o‘ziga xos tomoni, “Xabeas korpus” instituti sohasini kengaytirish va tergov sudyalarini – sudgacha bo‘lgan ish yuritish bosqichi ustidan “sud nazorati”ni amalga oshirishga vakolatli alohida sudyalarni shakllantirish orqali sud majlisida jinoyat ishini ko‘rib chiqayotgan sudyaning xolisligi va adolatligi kafolatlanishidadir.

Mazkur Farmonning qabul qilinishi “O‘zbekiston – 2030” strategiyasida sud-huquq sohasiga oid vazifalarni hayotga izchil tatbiq etishdan kelib chiqqan holda, Konstitutsiya va qonunlar ustuvorligini ta’minlash, chinakam adolatli sud-huquq tizimini shakllantirish va uning faoliyatini jinoyat protsessida fuqarolarning huquq va manfaatlarini samarali himoya qilishga yo‘naltirish, shuningdek, aholining huquqni muhofaza qilish organlariga ishonchini yanada mustahkamlashda alohida ahamiyatga ega.

Amaldagi milliy qonunchiligimizga ko‘ra ko‘rsatuvlarni oldindan mustahkamlab qo‘yish sud tomonidan amalga oshiriladi. Biroq bugungi kunda dunyoning aksariyat rivojlangan davlatlarida bu masalaga jinoyat protsessida tergov sudyasi institutini joriy etish orqali yechim topilgan va u o‘z samarasini berib kelmoqda. Xususan, Yevropa mamlakatlaridan Fransiya, Ispaniya, Belgiya, Gresiya davlatlarida, Osiyo mamlakatlaridan esa Qirg‘iziston, Qozog‘iston, Ukraina, Moldova, Estoniya, Litva kabi davlatlarda tergov sudyasi lavozimi joriy etilgan bo‘lib, bugungi kunda ular sudga qadar ish yurituvi bosqichida sud tomonidan rozilik, ruxsat (sanksiya) beriladigan tergov yoki protsessual harakatlar va dastlabki tergov bilan bog‘liq boshqa munosabatlarga doir tartib-taomillarni hal etish bilan shug‘ullanadilar.

Shuni alohida ta’kidlash joizki, yuqorida ko‘rsatib o‘tilgan davlatlarning barchasida ko‘rsatuvlarni oldindan mustahkamlab qo‘yish sud muhokamasini amalga oshirilishi mas’ul sudya tomonidan emas, sud tarmog‘idagi alohida mansabdor shaxs aynan tergov sudyasi tomonidan amalga oshiriladi. Bunday yondoshuv keyinchalik ishni sudda ko‘rishda xolislikni to‘la to‘kis ta’minlanishiga, birinchi instansiya sudi tomonidan qabul qilingan hukmning qonuniy, asoslantirilgan va adolatli bo‘lishiga hech qanday shubha qoldirmaydi.

Xulosa qilib aytadigan bo‘lsak, tergov sudyasi institutini qonunchilikka kiritish va amaliyotga keng joriy etish orqali ishni sudga qadar yuritish bosqichida protsess ishtirokchilarining huquq va erkinliklarini to‘liq ta’minlash bilan birga tomonlarning tortishuviga erishiladi hamda ko‘rsatuvlarni oldindan mustahkamlab qo‘yish protsessual harakatini o‘tkazish orqali dalillarni baholashda holislikni ta’minlaydi.

 

Zafar Tuxtayev,

Navoiy tumanlararo ma’muriy sudining sudyasi 

ТЕРГОВ СУДЬЯСИ: ТИЗИМДА ЯНГИ ИНСТИТУТ

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замирида аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини кафолатли таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Шу йилнинг 10 июнь куни имзоланган «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Мазкур фармонга мувофиқ Судьялар олий кенгашига Олий суд билан биргаликда 2025 йил 1 январига қадар тергов судьяси лавозими жорий этиладиган судларнинг юқори малакали ва масъулиятли кадрлар билан таъминлаш вазифаси юклатилди.

Демак, 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари — қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатмаларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаларини кўриб чиқади. Шунингдек, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ваколати ҳам юклатилмоқда. Бу орқали жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция суди судьялари ўртасида иш ҳажми мутаносиблиги таъминланади.

Қолаверса, бу жиноят ишларини кўриш жараёнида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан тўлиқ ва холисона текшириб чиқиш, судланувчиларнинг барча важларини текшириш ва тарафлар томонидан келтирилган илтимосномаларни батафсил кўриб чиқишга мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.

Энг асосийси, Фармонда тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Қисқаси, суд-ҳуқуқ тизимидаги бу муҳим ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтириш ҳамда судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиши учун кенг имкониятлар яратади.

 

Раҳимов Абубакр,

 

Навоий туманлараро маъмурий суди раиси

Иқтисодий судлар фаолиятида Конституциянинг тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (бундан буён матнда Конституция деб юритилади)да Ўзбекистонни ҳуқуқий давлат деб эътироф этилиши давлатда Конституция ва қонунларнинг устуворлигини, давлат ўз фаолиятини жамият ва фуқароларни яшаш тарзини фақатгина Конституция ва қонунлар асосидагина амалга оширишни таъминлашни англатади.

Конституциянинг давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўғридан-тўғри амал қилиши, фуқаролар ҳам кундалик ҳаётда Конституцияда белгиланган нормаларга мурожаат қилган ҳолда ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириши ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим ва асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Шу сабабдан ҳам Конституциямизнинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади деган муҳим тамойил белгилаб қўйилган.

Мазкур конституцион тамойил давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан судлар томонидан Конституция нормаларини ҳуқуқни қўллаш амалиётида бевосита тадбиқ этиб, Конституцияда белгиланган нормаларни аниқ кўрсатган ҳолда қарорлар қабул қилишини англатади.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил 8 майда қабул қилинган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора тадбирлар тўғрисида”ги ПФ 67-сонли Фармонида ҳам, янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилиши ва унинг нормаларини амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка Конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланишлиги қайд этилган.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 23 июнь кунидаги ”Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 16-сонли Қарорида (бундан буён матнда Пленум қарори деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 15-моддасининг иккинчи қисмига кўра, Конституция мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади. Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини англатади. Шунга кўра, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозим. Судлар Конституция нормасини тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмаганлиги важи билан қўллашни рад этишга йўл қуйилмаслигига эътибор қаратишлари кераклиги тўғрисида судларга тушунтириш берилган.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб номланади) 13-моддасида, суд ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилишлиги иқтисодий суд ишларини юритишнинг муҳим бир принципи сифатида эътироф этилган.

Юқорида қайд этилган Конституция ва қонун ҳужжатлари талабларидан ва Олий суд Пленуми қарори тушунтиришларидан келиб чиқиб, иқтисодий судлар томонидан ҳам иқтисодиёт соҳасида юзага келган низоларни ҳал этиш орқали одил судловни таъминлашда Конституция нормаларини бевосита қўллаб келмоқда.

Статистик маълумотларга кўра Навоий вилоят иқтисодий судлари томонидан 2024 йилнинг ўтган 9 ойи давомида жами 3854 та иқтисодий иш кўрилган бўлиб, мазкур ишлар бўйича Конституциясининг 15-моддасини 94 ҳолатда, 49-моддасини 13 ҳолатда, 55-моддасини 319 ҳолатда, 65-моддасини 19 ҳолатда, 66-моддасини 94 ҳолатда, 68-моддасини 17 ҳолатда, 138-моддасини 23 ҳолатда, бошқа моддалари билан биргаликда жами 646 ҳолатда тўғридан тўғри қўллаган.

Суд амалиётидан кўринишича, иқтисодий судлар ҳам ўз қарорларида барча судлар каби Конституциянинг 55-моддасида белгиланган, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланишини кўрсатиб келаётган бўлса, низони тури ва моҳиятидан келиб чиқиб тегишлилигига кўра Конституциянинг 15,16,49,65-68,138 каби бошқа моддаларини ҳам қўллаб келмоқда.

Мисол учун, аризачи Навоий вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси судга ариза тақдим этиб, “Z” МЧЖ тегишли “Оҳак ишлаб чиқариш цехи” фаолиятини вақтинча тўхтатишни сўраган. Суд муҳокамасида “Z” МЧЖга тегишли “Оҳак ишлаб чиқариш цехи”да оҳак маҳсулоти кўмир ёқилғиси ёрдамида пиширишга қайта ихтисослаштирилганлиги, кўмирдан фойдаланиш натижасида атмосферага белгиланганига қараганда кўп миқдорда зарарли газлар чиқарилаётганлиги, бунинг олдини олиш учун қонунчиликда белгиланган стандартларга мос келувчи филтрлар ўрнатилмаганлиги, шунингдек кўмирдан фойдаланган ҳолда оҳак пишириш учун экологик экспертиза хулосаси олинмаганлиги аниқланганлиги сабабли, суд Конституциясининг 66-моддасидаги, мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги кераклиги тўғрисидаги нормани бевосита қўллаб, жавобгар “Z” МЧЖга тегишли “Оҳак ишлаб чиқариш цехи” фаолиятини вақтинча тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Пленум Қарорида қайд этилишича, Конституция нормалари тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъий назар, ушбу Конституциявий Қонун кучга кирган пайтдан эътиборан тўғридан-тўғри амал қилади. Судлар инобатга олиши керакки, суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида, Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, башарти қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланган тақдирда эса, фақатгина Конституциянинг тегишли нормалари қўлланилади.

Мисол учун, туман прокуратураси туман ҳокимлиги манфаатини кўзлаб, судга даъво киритиб жавобгар “К” оилавий корхонасига туман ҳокимининг 22.04.2020 йилдаги қарори билан ажратилган 70,1 гектар ер майдонига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ва ер майдонини олиб қўйишни сўраган.

Суд муҳокамасида жавобгар “К” оилавий корхонасига туман ҳокимининг 22.04.2020 йилдаги қарори билан жами 70.1 гектар ер майдони замонавий интенсив боғ ва сабзавотчилик, полизчилик йўналишида 10 йил муддатга вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилган бўлсада, оилавий корхона томонидан ажратилган ер участкасидан лозим даражада фойдаланмаганлиги, интенсив боғ ташкил этилмаганлиги, ер участкасидан бошқа мақсадларда фойдаланиб, агротехник тадбирлар умуман амалга оширилмаганлиги етарли далиллар билан исботланган.

Суд мазукр даъво талабини қаноатлантиришда дастлаб Конституциясининг 68-моддасидаги ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасида эканлиги тўғрисидаги қоидани, кейин Ер кодексининг 36-моддаси биринчи қисмининг 10-банди, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида, 6-банди, ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганда, 7-банди, ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилиниши белгиланганлигини асос қилиб олган.

Конституциянинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилиши қайд этилган.

Конституциянинг мазкур талабидан келиб чиқиб, Пленум қарорида, судлар қонун ҳужжатларига асосан халқаро шартнома Ўзбекистон Республикасида ратификация қилинганлиги ёхуд кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари ўтказилганлигига, шунингдек, қўшимча шартлар қўйилганлигига эътибор қаратиши лозимлиги, шу билан бирга, ишларнинг кўриб чиқилишида халқаро шартнома нормалари қўлланилган ҳолларда қарорнинг асослантирувчи қисмида ушбу халқаро шартнома нормаларига ҳавола қилиниши лозимги тўғрисида тушунтириш берилган.

ИПКга асосан иқтисодий судлар тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган чет эл юридик шахслари, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокидаги ишларни ҳамда чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни ҳам кўради.

Мазкур тоифада кўрилган ишлар юзасидан иқтисодий судлар томонидан халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принцип ва нормалари бўлган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Пакт, Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги (Кишинёв), Чет эл арбитражалари ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги (Нью-Йорк) конвенцияларини ҳамда Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш тартиби тўғрисидаги (Киев битими) каби халқаро битимларни, шунингдек чет давлатлар билан икки тарафлама ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш юзасидан тузилган халқаро шартномаларни қўллаб, қарорнинг асослантирувчи қисмида ушбу халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳавола қилиниб келинмоқда.

Зеро, Конституцияни мамлакатнинг бутун ҳудудида тўғридан-тўғри амал қилиши, унинг нормаларини давлат органлари ва мансабдор шахслар айниқса судлар томонидан қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслгидан қатъий назар қўлланилиши Конституцияда белгиланган инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши ва пировардида халқнинг Конституцияга бўлган ишончини кучайтиришга хизмат қилади.

 

Турғун Қаҳҳоров,

Навоий вилоят суди судьяси.

Skip to content