Қидирув:

Фарзандлар ҳам ота-онасига алимент тўлайдими?

Ҳар бир ота-она ўз фарзандини барча имкониятларини сарфлаб уларни тарбиялайди ва таълим беради. Айниқса оналар ёш гўдаклари вояга етгунга қадар кечаю-кундуз тинимсиз машаққат чекадилар. Демак, ҳар бир фарзанд буни яхши англаши керак.

Аммо жамиятимизда буни англамаган нопок фарзандлар ҳам йўқ эмас, қонун эса ҳаттоки ўз ота-оналарини улардан ҳимоя қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасида: “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” деб ёзилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига асосан, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг ота-онасига таъминот бериш мажбурияти мавжуд.

Бунда вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шартлиги белгиланган.

Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди.

Ота-онага бериладиган таъминот миқдори ва тартиби қўйидагича:

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади.

Ота-она, алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан алимент ундириш низоси узил-кесил ҳал бўлгунга қадар судья шу низо бўйича вақтинча тўлаб турилиши лозим бўлган суммани кўрсатиб, ажрим чиқариши мумкин.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Шунингдек, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ота-онасининг касаллигига ва бошқа узрли сабабларга кўра қилинадиган қўшимча харажатларда иштирок этишлари шарт. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар томонидан қўшимча харажатлар ихтиёрий равишда қопланмаса, талаб қилинаётган сумма суд тартибида ундирилиши мумкин.

Агар суд ота-онанинг ота-оналик мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаганлигини аниқласа, болаларни меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ота-онасига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилиши мумкин.

Бугунги кундаги суд амалиётини оладиган бўлсак, бунга ўхшаш низоларни кўплаб учратиш мумкин.  Низони ҳал қилишда суд, албатта қонунга таянган ҳолда иш кўради.

                                                                                                   

Навоий вилоят судининг судьяси

Нодиржон Гаппарович Расулов

ЭЪТИРОФ

Хонадон обрўйи, тахти-йигитлар,

 Болалар қувончи, бахти- йигитлар,

Аёллар қудрати мулки- йигитлар,

Ватаним ғурури кўрки- йигитлар.

 

Ҳурматли ҳамкасб эр ўғлонлари, сизлар кимнингдир нажот фариштаси, кимнингдир орзуси, кимнингдир армони, кимнингдир халоскори, кимнингдир рақиби, кимнингдир бутун дунёсидирсизлар.

Сиз азизларни, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган сиз, азму шижоатли ҳамкасбларимизни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган халқимиз, мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлидаги хизматларингиз учун барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман.

Мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, “Бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир”.

Биз сизлар билан – ана шундай ғоят масъулиятли ва олижаноб вазифани шараф билан адо этиб келаётган мард ва жасур, эл-юртга садоқатли ҳамкасбларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Мамлакатимиз ҳаётида, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминланишига эришишда одил судловнинг аҳамияти беқиёсдир. Одил судлов жамият ҳаётида, жамият аъзоларини ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтиришда, инсонларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Одил судлов ҳар қайси даврларда ҳам улуғланган, қадрланган, инсонлар унга интилиб яшаганлар. Хусусан, рим файласуфлари “майли дунё барбод бўлсин, лекин одил судлов қарор топсин” деб таъкидлагани бежиз эмас. Рим файласуфларининг мазкур мумтоз шиорлари бир қарашда муболағадан иборат бўлса-да, лекин улар одил судловга шу қадар юқори баҳо берадилар.

Бугунги улуғ айёмда сизларнинг ҳам одил судловни таъминлаш, Ватанимизнинг мудофаа қудратини оширишда муносиб ҳиссангиз борлигини яна бир бор катта мамнуният билан эътироф этамиз.

Ушбу қутлуғ айёмда барчамиз аввало ўз жанговар постида доимо ҳушёр ва сергак туриб, юртимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб келаётган мард ва жасур, содиқ ўғлонларимизни, фидойи ота-боболаримизни, ҳақиқий ватанпарвар инсонларни шарафлаб, уларнинг шаънига энг эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. 

Ана шундай ботир ва жонкуяр фарзандларни тарбиялаб вояга етказган ҳурматли ота-оналарга, ҳарбий хизматчиларимизга ўз муқаддас бурчини адо этишда ҳамиша тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига чуқур миннатдорчилик билдирамиз.

Мана шундай буюк маънавий қудрат манбаи бор экан, ҳеч қандай ёвуз куч ватанимиз мустақиллигига, тинч ва осуда ҳаётимизга рахна сололмайди. 

Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва саодат, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.

Халқимизнинг юксак ишончи ва ҳурмат-эҳтироми сизларга ҳамиша ёр бўлсин!

 

Байрамингиз муборак бўлсин!!!

 

Навоий вилоят суди судьяси

Гулнафис Худайбердиева

Фуқаролик ҳуқуқида вакиллик ва ишончнома тушунчаси

Вакиллик – ишончномага, қонунга, суд қарорига ёки вакил қилинган давлат органининг ҳужжатига асосланган ваколат билан бир шахс (вакил) томонидан бошқа шахс (ваколат берувчи) номидан тузилган битим ваколат берувчига нисбатан фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бевосита вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади.

Ваколатсиз вакиллик – вакил қилинмаган шахс томонидан бошқа шахс номидан тузилган ёки ваколатлардан ташқари чиқиб тузилган битим ваколат берган шахс ушбу битимни кейинчалик маъқуллаган тақдирдагина унинг учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади. Битим тузишга ваколат берган шахс битимнинг ижрога қабул қилинганлигидан гувоҳлик берувчи ҳаракатлар қилган ҳолда ҳам бундай битим маъқулланган ҳисобланади.

Бундан ташқари фуқаролик ҳуқуқида тижорат вакиллиги деган тушунча ҳам мавжуд бўлиб, тадбиркорлар шартномалар тузаётганида улар номидан доимо ва мустақил суратда вакиллик қилувчи шахс (тижорат вакили) вакилнинг ваколатлари кўрсатилган ёзма шартнома асосида, бундай ваколатлар кўрсатилмаган тақдирда эса — ишончнома асосида ҳам иш олиб боради. Тижорат вакили ўзининг иштирокида тузилган шартномадаги турли тарафларнинг манфаатларини фақат бу тарафларнинг розилиги билан ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳоллардагина айни бир вақтда ифодалаши мумкин.

Энди кўпчилик ўзининг шахсий ва бошқа ҳуқуқий муносабатларида дуч келадиган ишончномага алоҳида тўхталиб ўтсак !

Бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.

Юридик шахс номидан, шунингдек юридик шахсга ҳам ишончнома фақат юридик шахснинг уставида (низомида) кўрсатилган фаолият мақсадларига зид бўлмаган битимларни тузиш учунгина берилиши мумкин.

Ишончнома оддий ёзма шаклда ёки нотариал шаклда расмийлаштирилади.

Нотариал шаклни талаб қилувчи битимларни тузиш ёхуд юридик шахсларга нисбатан ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Юридик шахс номидан бериладиган ишончнома раҳбар томонидан имзоланиб, унга ушбу юридик шахснинг муҳри босилади.

Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди.

Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий ҳисобланмайди.

Яна бир муҳим нарса, ишончнома бўйича ваколатларни бошқа шахсга бериш деган тушунча ҳам мавжуд.

Бунда ишончнома берилган шахс ўз ваколатидаги ҳаракатларни шахсан амалга ошириши шарт. Башарти, унга ишончнома билан ваколат берилган бўлса ёки уни ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилишга шароит мажбур қилса, у ҳаракатларни амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши мумкин.

Ишончноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:

Ишончнома муддатининг тамом бўлиши, ишончнома берган шахснинг уни бекор қилиши, ишончнома берилган шахснинг бош тортиши, номидан ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши,  номига ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши,  ишончнома берган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши, ишончнома олган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомалага лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши билан.

Ишончнома берган шахс истаган вақтда ишончномани бекор қилиши, ишончнома берилган шахс эса — ундан воз кечиши мумкин. Бу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги битим ҳақиқий эмас.

 

Навоий вилоят судининг судьяси

Гулнафис Худайбердиева

Энди муайян яшаш жойига ега бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш жиноят судлари томонидан кўриб чиқилади

Бу ҳақда 2022 йил 16 декабрдаги ЎРҚ–810 сонли «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси»га ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонунда бергиланди.

Унга кўра Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг муайян яшаш жойига ега бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормаларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўтказиш ҳамда тегишли ишларни кўриб чиқишни маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларига ўтказиш белгиланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муайян яшаш жойига ега бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш тартиби киритилди.

Тартибга кўра, муайян яшаш жойига ега бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштирилишини талаб қилувчи асослар аниқланганда, ички ишлар органи бундай шахс ички ишлар органига келтирилгандан еътиборан 48 соатда уни реабилитация марказига 30 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шарт.

Муайян яшаш жойига ега бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги материаллар бундай шахс аниқланган йердаги ёки реабилитация маркази жойлашган йердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан берилади.

Илтимоснома тақдим етилган пайтдан еътиборан 24 соат ичида судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади.

 

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг

судьяси Суннатжон Музаффарович Болтаев

Меҳнатлар самараси муносиб эътироф этилди

Судьялар Олий кенгашининг қарори билан 2022 йилдаги рейтинг кўрсаткичлар бўйича энг яхши 20 нафар судьялар «Ибратли судья» мукофоти билан тақдирланди.

Шулардан 5 нафари Олий суд судьялари, 15 нафари ҳудудий судларда фаолият юритадиган судьялардир.

Совриндорларга Судьялар Олий кенгаши томонидан тайёрланган эсдалик совғалари топширилди.

Мукофотланганлар орасида Навоий вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Қаҳҳоров Турғунбой Суннатович ҳам бор.

Навоий вилояти суди жамоаси Турғунбой Суннатовичга келгусидаги фаолиятида ҳам улкан мувоффақиятлар тилаб, одил судловни амалга оширишда ҳамиша омад ёр бўлишини тилаб қолади.

 

Навоий вилоят судининг Жамоатчилик ва оммавий

 

ахборот воситалари билан алоқалар бўлими

КАФИЛЛИК НИМА ?

Бугунги кунда ҳаётнинг барча жабҳалари каби иқтисодиёт соҳаси ҳам жадал ривожланиш босқичларидан бормоқдамиз. Бу эса уни амалга оширишдаги муносабатларда ҳам бир мунча муаммолар келтириб чиқариши табии ҳол.

Бунга битта мисол тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга бериладиган кредит маблағларини таъминоти сифатида қўлланиладиган кафиллик шартномасидир.

Кафиллик шартномаси деган тушунча қонунчилигимизда азалдан мавжуд бўлса-да, леким унинг асл моҳияти мамлакатимизда кейинги йиллардаги кредит сиёсатининг ривожланиши билан юзаган кела бошлади.

Бунга оддий мисол, бир жисмоний шасх бошқасининг банк олдидаги кридит мажбуриятларига кафил бўлади, натижада эса агар қарздор кредит тўловларини ўз вақтида тўлай олмаса кафил унинг кредит тўловларини амалга оширили лозим бўлади.

Бугунги кунда фуқаролик суд амалиётида бунга ўхшаш даъво аризалар жуда кўпчиликни ташкил этади.

Шу ўринда фуқаролик қонунчилигида кафиллик шартномаси тушунчаси қандай ?

Кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади.

Кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин.

Энди кафилнинг жавобгарлиги масаласига тўхталадиган бўлсак – қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.

Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўpган бошқа зарарларни тўлайди.

Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар.

Кафил кредиторнинг талабига қарши қарздор билдириши мумкин бўлган ҳамма эътирозларни қўйишга ҳақли. Ҳатто қарздор ўз эътирозларидан воз кечган ёки ўз мажбуриятини тан олган тақдирда ҳам кафил ушбу эътирозларга бўлган ҳуқуқини йўқотмайди.

Энди мажбуриятни бажарган кафилнинг ҳуқуқларига тўхталиб ўтсак.

Мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади. Кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақли.

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил қарздорга кўрсатган хизматлари учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Ана энди кўпчиликни қизиқтирган кафилликнинг бекор бўлиши ҳақида гап юритамиз.

Кафиллик билан таъминланган мажбурият бекор бўлгач, шунингдек ушбу мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилган тақдирда кафиллик бекор бўлади.

Кафиллик билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилганида, агар кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиш ҳақида кредиторга розилик берган бўлмаса, шунингдек кафил таъминлаган мажбуриятни бажариш муддати келганида кредитор қарздор ёки кафил таклиф қилган тегишли ижрони қабул қилишдан бош тортса, кафиллик бекор бўлади.

Шартномада кўрсатилган кафиллик муддати ўтганидан кейин кафиллик бекор бўлади. Агар бундай муддат белгиланган бўлмаса, кредитор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажариш муддати келган кундан бошлаб бир йил давомида кафилга даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади. Агар асосий мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ва белгиланиши мумкин бўлмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор кафиллик шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йил мобайнида кафилга нисбатан даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Кармана

туманлараро суди раиси Умиджон Раупов

“ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ…..”

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, соҳага оид қонунчиликни либераллаштириш ва фаолиятга рухсат бериш тартиб таомилларини соддалаштириш орқали бу борадаги мавжуд бюрократик тусиқлар бартараф этилиб, мазкур соҳа субъектлари ҳар томонлама қўллаб қувватланмоқда, уларга молиявий кўмак бериш мақсадида қонуний имтиёзлар берилмоқда, айниқса тижорат банкларининг тадбиркорлик субъектига ўзига хос бизнес ҳамкор бўлишини таъминлаш мақсадида янгича кредитлаш тизими жорий этилди. Мазкур тизим орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари банк кредитларидан фойдаланиб ўз бизнесини йўлга қўйган ҳолда даромад олиб, давлатнинг иқтисодий тараққиётига ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Бироқ, “Гуруч курмаксиз бўлмайди” дейилган нақлдагидек, баъзи “уддабурон” тадбиркорлар давлат томонидан берилган имтиёзлардан ўзининг нафси йўлида фойдаланиб, шахсий чўнтагини тўлдиришни ўйлаб, банк кредитларидан мақсадсиз фойдаланиб, олинган маблағларни турли йўллар билан талон тарож қилиб, ўзига берилган ишончни суистеъмол қилиш ҳолатларига ҳам йўл қўяётганлиги аниқланмоқда.

Банк ва “А” МЧЖ ўртасида 2020 йил 19 октябр кунида тузилган кредит шартномасига асосан, банк томонидан “А” МЧЖ га 2.000.000.000 сўм миқдорида, шундан 5 фоизи тадбиркорларни қўллаб қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, уч йил муддатда қайтариш шарти билан дам олиш маскани қурилиши учун кредит ажратилган.

Кредит маблағларини қайтарилиши таъминоти сифатида 2020 йил 20 октябрда тузилган ипотека шартномасига асосан “В” МЧЖ га тегишли бўлган “Нодавлат мактабгача таълим муассасаси” биноси гаровга қўйилган.

Қарздор “А” МЧЖ олинган кредит маблағларини мақсадсиз ишлатиб, жами 2.103.300.000 сўм миқдоридаги кредит ва унга ҳисобланган фоиз қарздорликларини бегиланган муддатда тўламасдан келганлиги сабабли, банк судга даъво билан мурожаат этиб, қарздорликни ундириш ва ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкларга қаратишни сўраган.

Суд муҳокамасида аниқланишича, кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган “Нодавлат мактабгача таълим муассасаси” биноси Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, “В” МЧЖ ва Навоий вилоят ҳокимлиги ўртасида мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик тўғрисидаги 2018 йил 23 июлда тузилган битимга асосан “В” МЧЖ га 30 (ўттиз) йил давомида давлат шерикчилиги асосида фаолият юритиш шарти билан (тасарруф этиш ҳуқуқисиз) текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилган.

“Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 33-моддасига кўра давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида лойиҳалаштирилган, барпо этилган, молиялаштирилган, реконструкция қилинган, фойдаланилаётган ва хизмат кўрсатилаётган давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқларини давлат шеригига ёки Ўзбекистон Республикасининг давлат активларини бошқариш органига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ хусусий шерикка ўтказиш тартибини белгилайди.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқларини ўтказиш пайти, хусусан:

давлат-хусусий шериклик объекти фойдаланишга топширилган пайт;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати тугалланган пайт;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган бошқа вақт кўрсатилиши керак;

Тарафлар ўртасида тузилган битимга кўра, битимнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин битимни ижро этиш жараёнида ташкил этилган инвестиция объекти хусусий шерик тасарруфига эгалик қилиш ҳуқуқи билан берилади.

Юқоридаги қонун талаби ҳамда битим шартларига кўра “В” МЧЖ да гаров объектига нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келмаган бўлсада, амалдаги қонун ҳужжатларига зид равишда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиб, кўчмас мулкни мажбурият таъминоти сифатида гаровга қўйган.

Ваҳоланки, битимнинг 5.2.12-бандида тарафлар битимнинг амал қилиш муддати тугамасдан, инвестиция объектини бегоналаштириш (олди-сотди, гаровга қўйиш, ҳадя қилиш ва ҳ.к) бўйича шартнома тузмаслик ҳақида келишган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3651-сонли қарори билан тасдиқланган “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Низомнинг 34-бандида, битим амал қилиш муддати давомида хусусий шерик томонидан унга тегишли бўлган мулкни тасарруф этиш, шу жумладан гаровга қўйиш ман этилиши белгиланган.

“Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 6-моддасига кўра муомаладан чиқарилган ва тасарруфдан чиқарилиши мумкин бўлмаган кўчмас мулк ипотека нарсаси бўлиши мумкин эмас.

Мазкур ҳолатда битим иштирокчилари тарафлар томонидан гаровга қўйилаётган мол-мулк давлат шериклик асосида қурилганлиги ҳамда битим амал қиладиган муддат тугамай уни гаровга қўйиш мумкин эмаслигини била туриб, банкдан кредит  маблағларини олиш мақсадида,  қонунга зид бўлган ипотека шартномасини тузиб, давлат шерикчилигидаги кўчмас мулкни гаровга қўйиб, банкдан 2.000.000.000 сўм миқдоридаги кредит маблағларини чиқарилишига эришган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 116-моддасига кўра, қонунчиликнинг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

Шу боис суднинг 2022 йил 16 августдаги ҳал қилув қарори билан тарафлар ўртасида қонунга зид ҳолда тузилган ипотека шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган. Суднинг мазкур ҳал қилув қарори устидан киритилган апелляция шикояти бўйича иш Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ҳам кўриб чиқилиб, судлов ҳайъатининг 2022 йил 2 декабрдаги қарорига асосан ҳал қилув қарори қонуний ва асосли деб топилган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 200-моддасига кўра, ишни кўриш вақтида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъий назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.

Агар суд низони кўраётганида шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун бу ҳақда прокурорга тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабар қилади.

Суд томонидан суд муҳокамасида аниқланган, бир гурух мансабдор шасхлар томонидан банкдан олинган кредит маблағлари масадсиз ишлатилганлиги, давлат шерикчилигидаги мол-мулкни қонунчиликка зид равишда кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилганлиги, қонунга зид бўлган ипотека шартномаси суднинг қарорига асосан ҳаққиқий эмас деб топилганлиги оқибатида ажратилган 2.000.000.000 сўм кредит қарздорлиги таъминотсиз қолиб, давлат ва банк манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилганлиги ҳолатларига тегишли баҳо бериш ва қонуний чора кўриш учун хусусий ажрим қабул қилиниб, тегишли ҳужжатлар прокуратура идорасига юборилган.

Прокурорнинг 2022 йил 14 октябрь кунидаги қарорига асосан “А” ва “В” МЧЖ нинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ҳамда банкнинг мансабдор шахсларига нисбатан ЖК нинг 207 моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

 

Навоий вилоят  судининг судьяси

Турғун Қаҳҳоров

Ғолиблар муносиб тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан суд органлари  ва оммавий  ахборот воситалари ходимлари ўртасида эълон қилинган танлов якунланди.

Танлов комиссияси қарори кўра, “Энг яхши ҳуқуқ тарғиботчиси” йўналиши бўйича 1-ўринни – Навоий вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Гулнафис Худойбердиева эгаллади.

Ғолибни муносиб тақдирлаш мақсадида Судьялар олий кегаши томонидан махсус тайёрланган диплом ва бошқа эсдалик совғалар бугун вилоят суди раиси бошчилигида барча судья ва суд ходимлари иштирокида тантанали равишда топширилди.

Вилоят суди жамоаси Гулнафис Гудайбердиевага келгусидаги фаолиятида ҳам улкан мувоффақиятлар тилайди.

 

Вилоят судининг матбуот хизмати

Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи учун қонунда қандай жавобгарлик белгиганлан ?

Юртимизга янги йил байрами яқинлашиб келар экан, барчанинг диққат эътиборида бўлган ва шу билан бирга жуда ҳавфли ҳисобланган пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи деган тушунча авж ола бошлайди.

Бунга асосий сабаб, одамларнинг ушбу воситалар орқали кўнгилни чоғ қилишга бўлган иштиёқи ва шу билан бирга қўштирноқ ичидаги тадбиркорларнинг бу иштиёқда файдаланиб мўмай даромад топиш илинжида бўлишидир.

Тўғри ушбу воситалардан қонуний тарзда муомала қилувчилар ҳам йўқ эмас аммо, кўп ҳолларда бу каби воситаларни қонунга хилоф муомаласи билан шуғулланувчилар топилади.

Хўш бундай қилмиш учун қонунда қандай жазо мавжуд ?

Ўзбекистон қонунчилигида Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи қатъий таъқиқланган бўлиб, бундан ҳаракат учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1851-моддага асосан, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш, ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
250-моддасига асосан, п
ортлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, портловчи, тез алангаланувчи, ўювчи моддаларни ёхуд пиротехника буюмларини сақлаш, ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш, жўнатиш қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш: одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд шу муддатгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, ушбу кодекснинг 2501-моддасида пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш: кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса ва баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш: жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, одам ўлишига сабаб бўлса — беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ­ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, ­улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш: одамлар ўлимига ва бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, — саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилган.

Бундан кўриниб турибдики, арзимаган мўмай даромад топаман деб ушбу юқоридаги жазолар орқали ўз хаётини барбод қилиш бундан ташқари, кимнингдир умрига зомин бўлиш ҳеч гап эма. Зеро жабрлаганлар орасида Сизу-бизнинг яқинларимиз ҳам бўлиши мумкин. Хулоса ўзингиздан.

ХУШЁР БЎЛИНГ АЗИЗ ЮРТДОШЛАР!  

Навоий вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Анвар Исоков

“Гаров (ипотека) шартномалари билан боғлиқ қонунчиликни бир хилда қўллаш, бу соҳадаги амалиёт, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида семинар йиғилиши бўлиб ўтди

Навоий вилоят суди ташаббуси билан жорий йилнинг 23 декабрь кунида кредит (қарз) шартномалари ҳамда мажбурият таъминоти сифатида гаров ва ипотека шартномаларини тузиш ва уни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ қонунчиликни бир хилда қўллаш, бу соҳадаги амалиёт, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан судьялар, нотариуслар, тижорат банклари, давлат хизматлари маркази ҳамда кадастр идораси ходимлари иштирокида семинар машғулоти ўтказилди.

Йиғилишда вилоятда фаолият кўрсатаётган нотариуслар, тижорат банклари ходимлари ва ҳуқуқшунослари, давлат хизматлари маркази, кадастр идораси ходимлари ҳамда иқтисодий суди судьялари иштирок этишди.

Даставвал маърузачилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрь куни Олий мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди. Президентимиз томонидан барча соҳалар бўйича келгуси 2023 йилдаги устувор йўналишлар шу жумладан, суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилганлиги таъкидланди.

Семинар йиғилишида кредит (қарз) шартномалари, мажбурият таъминоти сифатида гаров ва ипотека шартномаларини тузиш ва уни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ қонунчиликни бир хилда қўллаш, бу соҳадаги суд амалиёти, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан йиғилиш иштирокчиларига батафсил тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари семинар йиғилишида судларда кўрилган кредит шартномалари билан боғлиқ низолар юзасидан суд статистикасига оид маълумотлар чуқур таҳлил қилиниб, кредит шартномалари, гаров билан боғлиқ битимларни тузишда, уларни нотариал тасдиқлашда, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишда, низо келиб чиққанда эса судда кўриб чиқиш жараёнларида мазкур муносабатларни тартибга солувчи қонунларни тўғри қўллаш ва мулк ҳуқуқини бузилишига йўл қўймаслик муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, семинар йиғилишида маърузачи судьялар томонидан йиғилиш иштирокчиларининг мавзуга оид саволларига батафсил тушунтиришлар берилиб, бу борада амалиётда вужудга келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида фикрлар билдирилди.

 

Турғунбой Қаххоров

 

Навоий вилоят судининг судьяси

Skip to content