Қидирув:

Одам савдоси-давр муаммоси

 

Одам савдоси иллати жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган
жиддий муаммолардан биридир. Меҳнат миграцияси ҳамда ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишга имкон яратиб бермоқда.

Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу иллат билан курашишда нафақат давлат ташкилотлар балки ҳалқаро ташкилотлар ҳам манзилли ишларни амалга оширмоқда.

Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб китобларига кўра, бутун дунёда 21 миллион киши мажбурий меҳнатнинг жабрланувчилари ҳисобланади.

Дунёдаги барча мамлакатлар одам савдосидан жабрланишади. Бирлашган миллатлар ташкилотининг маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 7 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.

2010 йил 30 июлда БМТнинг Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. Мазкур ҳаракатлар дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш жабрдийдаларнинг ҳимояси жиноятларни таъқиб этиш ва ушбу йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.

2013 йил 30 июль куни БМТ томонидан Бутун  жаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинди.

Бугунги кунда кўплаб ҳалқаро ҳужжатларда назарда тутилган нормалар миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш бўйича ўттиздан ортиқ икки томонлама шартнома ва битимлар имзоланган. 2008 йилда эса “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Аммо бу хотиржам бўлишимиз учун етарли эмас. Шу боис, Ўзбекистонда одам савдоси, хусусан, унинг трансмиллий кўринишларига қарши қатъий чоралар қабул қилинмоқда.

Қонунга мувофиқ, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш-одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш ҳамда чек қўйиш, унинг оқибатларини миниммаллаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятингиз ичига олади.

Шунингдек, қонунга мувофиқ Республикамизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Идоралараро комиссиянинг вазифаларидан бири бу давлат органларини одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишидаги фаолиятини бирлаштириш ҳисобланади.

Олиб борилаётган ушбу ишлар замирида ўсиб келаётган келажак авлоднинг ватанга бўлган муҳаббати, илм-маърифатга қизиқиши билан бир қаторда, аср муаммосига айланган жиноятларга қарши иммунитетни шакллантириш ётади.

 

Акмал Курбонов

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси

Маъмурий судлар – фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳимоячиси

 

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий бўғинларидан бири бўлган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар жамият ҳаётида айниқса муҳим аҳамият касб этмоқда. Нимагаки, жамиятнинг демократик тамойилларга қай даражада асосланганлиги бевосита судларнинг мустақиллигига, тўғрироғи адолатнинг ҳеч бўлмаганда суд биносида қарор топишига боғлиқ десак муболаға бўлмайди.

         Бу борада фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, қолаверса, давлат органлари ва улар мансабдор шахслари билан фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилиш учун 2017 йилда маъмурий судлар ташкил этилган эди. Олиб борилган давомий ислоҳотлар натижасида 2021 йилга келиб маъмурий судлар фаолияти қайта ташкиллаштирилди. Натижада вилоят марказларида туманлараро маъмурий судлари ва вилоят маъмурий судлари ўз фаолиятини бошлади.

         Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2022 йил 29 январда қабул қилинган ПҚ-107-сонли қарори маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишни ўзида мусажжамлаштирган, аниқ мақсадлар кўзда тутилган ҳужжат бўлди.

Зеро унинг биринчи бандида, маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш эканлиги белгиланди.

Бундан ташқари, маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишни ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ва тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғида фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш; маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш; оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш тарзидаги ўзгаришларни қонунчиликка киритиш назарда тутилган.

Шу ўринда қайд этиш керакки, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш айниқса бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.

Қарорнинг 4-бандида Олий суд ва Судьялар олий кенгашининг судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш; маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгилаш; бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришни тақиқлаш сингари таклифларини  маъқуллаш белгиланди.

Бундан келиб чиқадики, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш тўғрисидаги таклиф юзасидан қонунчиликка киритиладиган ўзгартиришлар фуқаролар ва тадбиркорларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олишга, шунингдек, судга бўлган ишончнинг ортишига замин яратади.

 

 

Нигора  Кенжаева

 

Навоий туманлараро

маъмурий судининг судьяси

Учқудуқ туман суди раислари  “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди

 

Фуқароларнинг муаммоларига ижобий ечим топиш мақсадида суд раислари томонидан жойларда учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Шу жумладан, Учқудуқ туман суди раислари “Мингбулоқ” овул фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли билан мулоқотда бўлди.

Даставвал, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари тасдиқланганлиги таъкидланиб, мазкур қарорнинг мазмун- моҳияти тушунтириб ўтилди.

Сўнгра фуқароларнинг жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, фуқаролик ва иқтисодий масалалар юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилди, шунингдек тегишли тартибда судга мурожаат қилиш тартиби юзасидан тушунтиришлар берилди.

Мурожаатларнинг жойида ҳал этилиши одамларда судларга ҳурмат ҳиссини кучайтиришга  хизмат қилади.

Тадбирда қатнашган фуқаролар мулоқот давомида ҳуқуқий тушунчаларга эга бўлишди.

 

Акмал Қурбонов

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

Навоийда 55 кишига нисбатан қўйилган айблов қайта малакаланган

Навоий вилояти судида одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида судлар томонидан 2022 йилнинг 1-чораги давомида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ўтказилди.

 

Унда жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар)судлари томонидан жами 493 нафар шахсга нисбатан 405 та жиноят иши тамомланган бўлиб, ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 181 та ёки 80,8 фоизга ошганлиги қайд этилди.

 

Ҳисобот даврида 149 нафар шахсга нисбатан 131 та иш, жумладан, 142 нафар шахсга нисбатан 130 та жиноят иши ЖК 661-моддасига асосан тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 48 нафар аёлга нисбатан 43 та, 204 ёшга нисбатан 176 та, 11 нафар 60 ёшдан ошган шахсга нисбатан 11 та жиноят иши судлар томонидан мазмунан кўриб ҳал этилган.

– Навоий вилоят судлари томонидан жорий йил давомида кўриб тамомланган ишлар юзасидан жами 55 нафар шахсга нисбатан 40та жиноят иши бўйича дастлабки айбловда қўйилган айблар ўзгартирилиб, қайта малакаланган ҳолда суднинг якуний қарорлари чиқарилган, – деди вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов. – Айблов ўзгартирилган ишлардан биттаси Давлат хавфсизлик хизмати тергов бўлинмаси томонидан, 6 таси прокуратура органлари томонидан, 33 таси ички ишлар органларининг тергов бўлимлари томонидан тергов қилинган ишлар ҳисобига тўғри келмоқда. Ўтган давр давомида жами 3 та жиноят иши бўйича 7 нафар шахс судлар томонидан оқланган бўлиб, шундан 1 та иш бўйича 1 нафар шахс биринчи инстанция судлари томонидан, 2 та жиноят иши бўйича 6 нафар шахс вилоят судининг апелляция инстанцияси томонидан оқланган.

Брифингда Навоий вилоят фуқаролик судлари томонидан амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, 1-чорак давомида 4325 та фуқаролик ишлар кўриб тамомланган. Шундан 2074 таси ёки 48 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Кўрилган ишларнинг 200 таси алоҳида тартибда юритиладиган ишлар, 811 таси оила низолари, 2749 таси битимлар билан боғлиқ ишларни ташкил этган Судлар томонидан кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1200 тага кўпайган.

Навоий вилоят иқтисодий судлари томонидан эса 1097 та иш кўриб чиқилиб, уларнинг 735 таси ёки 67 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган. 65 та суд мажлиси видеоконференция алоқа режимида ўтказилган ва 131 нафар вакиллар ўз ҳудудларида иштирок этиб, уларнинг қарийб 36 миллион сўм маблағлари тежалган.

Судлар томонидан кўрилган ишлар сони эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 49 тага ёки 4,3 фоизга камайган.

Ҳал этилган ишлар бўйича 47 миллиард 600 миллион сўм миқдоридаги қарз ва етказилган моддий зарарни даъвогарлар фойдасига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган. Шундан хусусий тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектларнинг фойдасига 7 миллиард 30 миллион сўм ундирилган.

Навоий вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан эса 2022 йилнинг 3 ойи мобайнида 198 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ маъмурий ишлар кўриб тамомланган бўлиб, уларнинг 170 таси қаноатлантирилган, 16 таси рад қилинган, 6 таси иш юритишдан тугатилган, 6 та ариза кўрмасдан қолдирилган.

1-чорак давомида мансабдор шахсларнинг қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ 50 та иш кўриб тамомланган бўлса, мансабдор шахсларнинг ҳаракат-ҳаракатсизлигини қонунга хилоф, деб топиш билан боғлиқ 148 та иш кўриб чиқилган.

Бирифинг сўнгида Навоий вилояти суди, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш вилоят маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Унга кўра, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг қонуний хуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, нотинч оилаларда соғлом муҳитни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил хотин-қизларни соғлом турмуш тарзига қайтариш ва бошқа бир қатор масалалар биргаликда ҳал этилади.

Ер- халқимиз ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси

Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва аҳолини турмуш даражасини ошириш ҳар доим ҳам давлатимизнинг диққат эътиборидаги масала бўлиб келган, бугунги кунда «Инсон қадри учун» тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган бўлиб, бунга бир мисол сифатида давлатимизнинг аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун, 10 сотихдан 1 гектаргача 10 йил муддатга, очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага бериш амалиётини жорий этилганлиги, бунинг натижасида аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминланаётганлигини кўрсатиш мумкин.

Навоий вилоят суди судьялари томонидан тегишли мутахассислар билан ҳамкорликда танловлар орқали ер олиб, деҳқончилик қилаётган миришкор деҳқонлар билан бевосита жойларда учрашиб, уларга соҳани юритишда тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилиши билан биргаликда, бу соҳада асосий мезон ердан самарали фойдаланган ҳолда даромад олиш ва қўшимча иш ўринларини яратиш орқали ишсизликни камайтариш эканлиги, шундан келиб чиқиб ердан умуммиллий бойлик, халқ ҳаёти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарурлиги, у қонунлар асосида давлат томонидан муҳофаза қилиниши, жумладан олинган ер участкасини иккиламчи ижарага бериш, сотиш ёки уни бошқача тарзда тасарруф этиш, ундан асосий мақсадини ўзгатирган ҳолда фойдаланиш, мазкур ер участкасига ўзбошимчалик билан иморат қуриш каби ҳаракатлар содир этиш қонунлар асосида тақиқланиши, олинган ер участкасидан табиатни муҳофаза қилиш талабларига ва ер унумдорлигини сақлаш ва уни ошириш чора тадбирларини амалга оширган ҳолда фаолият юргазиш лозимлиги, ер участкасига оид қонунчилик талаблари бузилган ҳолларда ер участкасига бўлган ҳуқуқ бекор қилиниши ва амалдаги қонунчиликда ер қонунчилигини бузганлик учун қатъий жавобгарлик белгиланганлиги тўғрисида тегишли тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, аҳоли билан ўтказилган учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони  мазмун моҳияти ҳам тушунтирилди.

Хусусан, 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалар, корхоналар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолиши, ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши, давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши, барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилиши, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланиши ва қонунга мувофиқ ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш, хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш ҳуқуқи бекор қилинганлиги ҳолатларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

 

Турғун  Қаҳҳоров

Навоий вилоят суди  судьяси

УЧҚУДУҚДА АЖРАШИШ ЁҚАСИГА КЕЛИБ ҚОЛГАН ОИЛАЛАР ЯРАШТИРИЛМОҚДА

Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда ҳеч шубҳасиз оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир.

Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобландаи. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади.

Бунда оила аъзоларининг, айниқса эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади.

 Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан оилавий ажримларни олдини олиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан даъвогар Н.Шамсиева турмуш ўртоғи Ф.Очилов билан ўрталарида тузилган қонуний никоҳдан ажратишни сўраб судга даъво ариза билан мурожаат қилган.

Суд томонидан Учқудуқ туман ҳоким ўринбосари оила ва хотин-қизлар бўлими маъсуллари билан ҳамкорликда мазкур мурожаат ўрганиб чиқилиб, тарафларни оилага бўлган муносабатини ўзгартириш масаласи муҳокама қилинди.

Натижада оила яраштирилиб, қайта тикланди.

 

Беҳзод Шерматов

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири туради

Аҳолининг эртанги кунга ишончи ортиши ва бугундан розилик ҳисси билан яшашини таъминлашда мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда юзма-юз мулоқотларнинг самараси бўлакча.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг сайёр қабуллар ўтказиш бўйича иш режасига асосан Олий суд, Бош прокуратура ҳамда қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳнинг Навоий вилоятидаги уч кунлик сайёр қабуллари бунинг ёрқин ифодасидир.

Хусусан, мазкур тадбир давомида Олий суд мутахассислари томонидан жами 347 нафар фуқаронинг дарду ташвишлари тингланиб, уларнинг 141 таси жойида ижобий ечимини топди. 27 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал этиш учун қабул қилинди ва ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилиб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди. Қолган мурожаатлар бўйича фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Сайёр қабулнинг дастлабки кунида Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, ҳақли талаблар жойида қаноатлантирилди.

— Зарафшон шаҳрида ўтказилган ушбу қабулда 67 нафар фуқаро мурожаат этган бўлса, шуларнинг 44 тасини жиноят ишлари, 18 тасини фуқаролик, 4 тасини маъмурий ва биттасини иқтисодий ишлар бўйича судларга оид мурожаатлар ташкил этади, — дейди Олий суд раиси ўринбосари Б. Исаков. — Ушбу мурожаатларнинг 29 таси ижобий ҳал этилиб, қаноатлантирилди. Шунингдек, 4 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида кўриш учун қабул қилиниб,тегишли судлов ҳайъатига ўтказилди. Сайёр қабулда жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди томонидан 2, жиноят ишлари бўйича Томди туман суди томонидан 1, жами 3 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди. 25 нафар шахсга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш ва озодликни чеклаш жазолари енгилроғи билан алмаштирилди.

— Тўртта ҳудудда ўтказилган сайёр қабулларда жами 35 нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, — дейди Навоий вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов. — Шунингдек, 30 нафар шахсга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш ва озодликни чеклаш жазолари енгилроғи билан алмаштирилиб, 66 нафар шахсга нисбатан ўташ учун тайинланган жазо умумий тартибли колониядан манзил колонияда ўташи белгиланди. 3 та жиноят иши эса тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро ҳамда Учқудуқ туман суди томонидан 10 нафар шахсга нисбатан алимент ундириш юзасидан, шунингдек, Учқудуқ туман суди томонидан 14 нафар шахсга нисбатан иш ҳақини ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, фуқаролар фойдасига жами 91.881.897 сўмлик иш ҳақини ундириш юзасидан ижро ҳужжатлари тайёрланди.

Сайёр қабулнинг иккинчи кунида Навоий шаҳри ҳамда Кармана туманларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Шу ернинг ўзида Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси Акбар Хамидов томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, аризачи Навоий вилоят давлат солиқ бошқармасининг жавобгар «Хатирчи пилла хазинаси» МЧЖга нисбатан 94.721.527 сўм миқдорда молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги даъвоси кўриб чиқилди.

Сайёр суд мажлисида тадбиркор тушунтириш бериб, импорт операциялари бўйича дебитор қарздорлик тўлиқ бартараф этилган бўлсада, солиқ идораси томонидан унга нисбатан молиявий жарима қўллаш тўғрисида ариза киритилганини маълум қилиб, аризани қаноатлантиришни рад этишни сўради.

Суд тарафларнинг тушунтиришларини ҳамда ишдаги мавжуд ҳужжатларни атрофлича ўрганиб, солиқ органи томонидан асоссиз ариза берилгани сабабли уни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилди. Яъни тадбиркорлик субъектига нисбатан 94.721.527 сўм миқдордаги молиявий жарима қўлланилиши рад этилди.

Сайёр қабулларда иқтисодий судлар томонидан 15 та ишлар суд мажлисларида кўрилиб, шундан тадбиркор(даъвогар)лар фойдасига жами 6.162.306.122 сўмлик даъво талаблари қаноатлантирилди.

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди томонидан 2022 йил апрель ойининг ўтган даврида «Табиатни биологик ҳимоя қилиш» масъулияти чекланган жамияти фойдасига жами беш нафар хўжалик юритувчи субъектлардан етказиб берилган маҳсулотлар учун тўланмаган 92.169.793 сўмлик қарздорликлар ундириб берилди.

Сайёр қабулда судлар томонидан ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, 2 нафар вояга етмаган фарзанди бор 3 та оила яраштирилди.

Таъкидлаш жоиз, сайёр қабулдаги мурожаатларнинг барчаси ҳам жўяли эмас. Бироқ 170 га яқин мурожаатнинг ижобий ечим топгани ушбу тадбир туфайли шунча хонадондан ташвиш ариб, қувонч кирди, деганидир. Зотан, фуқаронинг мурожаат ортидаги ташвишини чуқур ўрганиш, ечимини топиш суд идораларига халқнинг ишончини ҳам белгилайди. Шунингдек, у жамиятда адолат барқарорлигининг гарови ҳамдир.

 

Сайёр қабул: 3 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш учун янада қулай шароит яратиш мақсадида оммавий қабул ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий суд, Прокуратура, Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлари Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг мурожаат ва таклифларини ўрганди. 

Қабулда Олий суд раисининг ўринбосари Бахтиёр Исаков томонидан 67 нафар фуқаро қабул қилинди. Мурожаатларнинг 34 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 29 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, 4 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди, ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилиб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди. 

– Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар ва Томди туман судлари томонидан 3 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинган бўлса, 25 кишига нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш ва озодликни чеклаш жазолари енгилроғи билан алмаштирилди ҳамда Томди туман суди томонидан 1 та жиноят иши тарафларнинг ярашувига асосан тугатилди, – дейди Навоий вилояти суди жамоатчилик ва ОАВлар билан алоқалар бўйича бош консультанти Азиза Рўзиева. – Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро суди томонидан 8 нафар, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан 2 нафар шахсга нисбатан алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилди ва 14 нафар фуқаронинг қарийб 92 миллион сўмлик иш ҳақини ундириш юзасидан ижро ҳужжатлари ижрога қаратилди.

Оммавий қабулда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 4 нафар шахснинг юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш, 1 нафар фуқаронинг уйга киритиш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилди. Шу куни ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, 2 нафар вояга етмаган фарзанди бор 3 та оила яраштирилди. Иқтисодий судлар томонидан эса 2 та иш суд мажлисларида кўрилиб, тадбиркорлар фойдасига жами 4 миллиард 913 миллион сўмлик даъво талаблари қаноатлантирилди ва Республика бюджетига суд қарорларига асосан қарийб 84 миллион сўм давлат божи ундирилиши белгиланган.

Суд-ҳуқуқ масалалари бўйича Навбаҳор туманининг “Кескантерак” маҳалласида Навбаҳор ва Нурота, Хатирчи туманлари, Кармана туманидаги “Офтобжон” болалар оромгоҳида Навоий ва Ғозғон шаҳарлари ҳамда Кармана тумани, Қизилтепа тумани “Ванғози” маҳалласида Қизилтепа ва Конимех туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар учун оммавий қабул бўлиб ўтади.

Навоийда республика ишчи гуруҳининг суд-ҳуқуқ соҳасига оид сайёр қабуллари бўлиб ўтмоқда 

Сайёр қабулда 67 нафар фуқаро суд-ҳуқуқ соҳасида мурожаат қилган. Қабул қилинган мурожаатларнинг 44 таси жиноят, 18 таси фуқаролик, 4 таси маъмурий ҳамда 1 таси эса иқтисодий ишлар бўйича судларга оид бўлган. 

Мурожаатларнинг 29 таси жойида ҳал этилиб, 34 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. 4 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинган. Таъкидланишича, ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилиб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.

Сайёр қабулда 3 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинган, 25 нафар маҳкумнинг жазоси енгилроғига алмаштирилган.  

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 10 нафар шахсга нисбатан алимент ундириш ҳамда 14 нафар шахсга нисбатан иш ҳақини ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилган. Иқтисодий судлар томонидан эса 2 та иш суд мажлисларида кўрилиб, тадбиркорлар фойдасига 4,9 млрд сўмлик даъво талаблари қаноатлантирилган.  

Мутасаддилар суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларни ўрганди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлари томонидан фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида оммавий қабул ўтказилди.

 

Унда Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманлари, Навбаҳор туманининг “Кескантерак” маҳалласида Навбаҳор ва Нурота, Хатирчи туманлари, Кармана туманидаги “Офтобжон” болалар оромгоҳида Навоий ва Ғозғон шаҳарлари ҳамда Кармана тумани, Қизилтепа тумани “Ванғози” маҳалласида Қизилтепа ва Конимех туманлари фуқароларининг мурожаатлари тингланди.  

Олий суд раисининг ўринбосари Бахтиёр Исаков ва судьялар томонидан  уч кун давомида 347 нафар фуқаро қабул қилинди.  

– Қабулда вилоят судлари судьялари ҳам иштирок этди, – дейди вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов. – Қилинган мурожаатларнинг 204 таси жиноят, 111 таси фуқаролик, 20 таси маъмурий, 12 таси иқтисодий ишлар бўйича судларга оид мурожаатларни ташкил этди. Уларнинг 320 таси оғзаки, 27 таси эса ёзма мурожаатлардир. Қабуллар жараёнида 347 та мурожаатдан 179 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 141 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди, 27 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди. 35 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, 30 кишига нисбатан тайинланган озодликдан махрум қилиш ва озодликни чеклаш жазолари енгилроғи билан алмаштирилди, 66 нафар шахсга нисбатан ўташ учун тайинланган жазони умумий тартибли колониядан манзил колониясига ўтказилди. Шунингдек, 3 та жиноят ишлари тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган бўлса, 33 нафар шахсга нисбатан алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилиб ижрога қаратилди. 

– Фуқаролар иш ҳақи, пенсия ва бошқа масалалар юзасидан мурожаат қилди, – дейди Навоий вилояти суди жамоатчилик ва ОАВлар билан алоқалар бўйича бош консультанти Азиза Рўзиева. – Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан 14 нафар фуқаро фойдасига қарийб 92 миллион сўм, фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди томонидан 35 нафар фуқарога қарийб 72,5 миллион сўм миқдорида иш ҳақини ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилди. Иқтисодий судлар томонидан 15 та иш суд мажлисларида кўрилиб, шундан тадбиркор (даъвогар)лар фойдасига жами қарийб 6 миллиард 163 миллион сўмлик даъво талаблари қаноатлантирилди.  

Ўзбекистон Республикаси судьялар Олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров томонидан суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан 5 нафар фуқаро қабул қилиниб, тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтириш берилди.

 

Skip to content