Қидирув:

Давлат бюджети маблағларини тўғри тақсимлаш ва мақсадли йўналтириш – ҳозирги куннинг долзарб масаласи

Маълумки, Давлат бюджети маблағларини тўғри тақсимлаш ва мақсадли йўналтириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу солиқ тўловчилар маблағини тежаш билан бирга уни ишлатишда ижтимоий тенглик тамойилларига устуворлик беришга хизмат қилади.

Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби бу соҳада ҳам тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, мавжуд қонунчилик замон талабидан келиб чиқиб уларга тегишли қўшимча ва ўзгартириш киритиш ёки янги қонун ва қонуности ҳужжатларини қабул қилиш йўли билан босқисма-босқич такомиллаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йилнинг 3 июнь санасидаги “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-85-сонли Фармони ҳам шулар жумласидандир.

Мазкур Фармонга асосан 2025 йил 1 январь санасидан бошлаб бюджет буюртмачилари томонидан, шу жумладан, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тузиладиган шартномалар бўйича тўловлар тегишли тартибда ғазначилик хизмати бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилгандан (ҳисобга олингандан) сўнг амалга оширилиши белгиланмоқда.

Қонунчиликдаги бу янгилик давлат харидларини амалга оширишда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида амалиётга жорий этилди.

Шу ўринда қайд этиб ўтиш керакки, ушбу Фармонда назарда тутилаётган қоидалар давлат харидлари билан боғлиқ бўлган, шу жумладан, тарафларидан бири бюджет буюртмачилари ҳисобланадиган ва маҳсулот етказиб бериш, пудрат (қурилиш пудрати), хизмат кўрсатиш шартномаларидан келиб чиқувчи низоларнинг судларда кўриб чиқилишида ҳам қўлланилади.

Маълумки, иқтисодий судлар томонидан муқаддам бундай низоларни кўришда уларнинг ечимига Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги ва “Иқтисодий судлар томонидан қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорларида берилган тушунтиришлардан келиб чиқиб ёндашилар эди.

Чунки, ушбу Пленум қарорларида маҳсулот етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш ва қурилиш пудрати шартномалари белгиланган тартибда ғазначиликдан рўйхатдан ўтказилмаган бўлсада ва шунга кўра шартнома тузилмаган деб ҳисоблансада, агар бундай ишлар бажарилганлиги (хизматлар кўрсатилганлиги, маҳсулот етказиб берилганлиги) ҳолати тақдим этилган далиллар билан исботланса, бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар, етказиб берилган маҳсулот) қийматини ундириш тўғрисидаги талабни рад этишга асос бўлмаслиги назарда тутилган.

Бироқ, Президентимиз томонидан тегишли Фармоннинг қабул қилиниши билан давлат харидлари билан боғлиқ бўлган ва (ёки) бюджетдан молиялаштиришни назарда тутувчи битимларни аввало уларнинг молиялаштириш манбалари мавжуд бўлган тақдирдагина тузиш лозимлиги қатъий белгилаб берилмоқда.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси 122-моддасининг учинчи қисмига кўра бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджетдан ажратиладиган маблағлар бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан тузган шартномалари, шунингдек уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар улар ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилганидан кейин кучга кириши белгиланган.

Таъкидлаш керакки, эндиликда давлат буюртмачилари бўлган давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари зиммасига давлат харидларини амалга оширишда соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этиш, шунингдек, давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юкланади.

Бу эса уларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий принципларидан бири ҳисобланган ва унинг 15-моддасида белгиланган давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритишлари шартлиги ҳақидаги нормага сўзсиз амал қилишларини тақозо этади.

 

 

САБИТ ЖАКЕЕВ,

Навоий вилоят суди судьяси

 

ҲАМИДУЛЛО САЪДУЛЛАЕВ,

Кармана туманлараро иқтисодий суди судьяси

Ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ишларнинг судда кўрилиши, қарор қабул қилишда ҳокимлар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар

Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали назорат чоралари ўрнатиш, фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг маъмурий судларда маҳаллий давлат ҳокимияти қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонунга зид бўлган қарорлари натижасида мулкдорнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашнинг молиявий механизмларини қўллаш мазкур соҳада вужудга келган муносабатларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солинишини талаб қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 28-январдаги “2022 — 2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сонли Фармонининг 2-иловасида 2022 — 2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш йўлида Судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этиш Устувор йўналишида Давлат идоралари томонидан етказилган зарарни қоплаш ва бошқа ҳуқуқий оқибатларга оид масалаларни ҳал қилиш бўйича маъмурий судлар ваколатини аниқ белгилаш назарда тутилган.

Умуман олганда, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, давлатнинг ижро ҳокимияти органлари тузилмаси ва фаолияти доираси, уларнинг фуқаро ва тадбиркорлик субектлари билан бўладиган ижтимоий муносабатлари кўлами бевосита маъмурий ҳуқуқ соҳаси билан боғлиқдир. Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, маъмурий-ҳуқуқий муносабатларнинг асосий иштирокчиларидан бири бўлган маъмурий органлар (вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар, инспексиялар, ҳокимликлар ва ҳ.к)нинг хўжалик юритувчи субектлар билан турли хил шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга киришади. Маъмурий органлар ҳам юридик шахс сифатида мулкий ва бошқа тусдаги жавобгарлиги билан судда даъвогар ва жавобгар сифатида иштирок этиб, ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақомига эгадир. Маъмурий ва фуқаролик ҳуқуқи соҳаларининг туташган жойларида ушбу ижтимоий муносабатлар инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари устунлиги принципи нуқтаи назаридан фуқаролик ҳуқуқи билан тартибга солинадиган муносабатлар доирасига тааллуқлидир. Ушбу ҳолатлар маъмурий ҳуқуқий муносабатларнинг фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар билан ўхшаш ва алоқадор жиҳатлари мавжуд эканлигидан далолат берар экан, ҳокимият органларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топишда фуқаролик-ҳуқуқий жиҳатларини эътибор қаратиш муҳимдир.

 

Тухтаев Зафар Анварович,

Навоий туманлараро маъмурий судининг судьяси

Одам савдоси – давр муаммоси

Халқимизда шундай нақл бор, «Айбдорнинг баҳонаси, гуноҳкорнинг тавбаси кўп». Биз айтмоқчи бўлаётган воқеа Н.Камолованинг судда кўз ёшлари билан қилмишини қисман тан олиб, фарзандини сотмоқчи эмас балки вақтинча топшириб кетмоқчи бўлганини важ қилиб, бироқ нақд пулга сотгани ҳақида боради.

Н.Камолова Бухоролик таниши билан  бирга яшаб, 2024 йил июн ойида Туркия давлатига ишлаш мақсадида кетади ва 2024 йил август ойида Туркия давлатидан қайтиб келиб, шу ойда қиз фарзандни дунёга келтиради. Н.Камолова яна ишлаш мақсадида Туркия давлатига кетишни режалаштиради ва бунинг учун фарзандини сотиш нияти пайдо бўлади.

2024 йилнинг 4 сентябрь куни ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан тадбир иштирокчисининг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда, Н.Камолова ўзининг 21.08.2024 йилда туғилган фарзанди С.Камоловани ўн саккиз ёшга тўлмаганлигини била туриб, 10 млн сўмга сотиб, вояга етмаган фарзандини сотганлиги бўйича тилхат ёзиб берган вақтида, ҳуқуқни муҳофаза қилиувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Н.Камоловага нисбатан юритилган жиноят иши, 2025 йил 5 февраль куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан кўриб чиқилди.

Айбдорнинг қилмиши нафақат ўзининг кўрсатмаси, балки пулларни кўздан кечириш, кимёвий ишлов бериш ва овоз ёзиш диктофонини фуқарога бериш тўғрисидаги баённомалар, воқеа жойини кўздан кечириш ҳамда ашёвий далилларни олиб қўйиш ҳақидаги баённома, экспертиза хулосаси ва судда сўралган гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдқиланди.

Суд томонидан Н.Камоловани Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга шу модда билан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 3 (уч) йил 6 (олти) муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хулоса шуки, инсонийликни ва ўзликни унутган бу тоифа шахсларга қонунда жазо муқаррар эканлигини англашимиз зарур.

 

Сайдуллаев Алишер,

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси

Коррупция жамият тараққиётига тўсиқ

Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йиллларда давлатимиз раҳбари томонидан ушбу соҳага қаратилаётган эътибор, соҳага оид қабул қилинган консептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йилнинг 5-март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида иштирок этиб, юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинган ишларга баҳо бериб, келгуси вазифаларни белгилаб бериши муҳим аҳамият касб этди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини таъкидлади.

Энг аввало, шуни таъкидлаш ўтиш жоизки, коррупцияга қарши курашнинг сифат ва сон жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтарилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси маҳсулидир. Жумладан, давлат раҳбарининг жамиятни “ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш” зарурияти ҳақидаги фикрлари бу борадаги ишларга қўйилган тамал тоши десак, асло муболаға бўлмайди. Зеро, Президент Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида таъкидлаганидек, “Ҳаммамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, катта ижобий самарага эришамиз. Шу боис маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши керак”.

Иккинчидан, соҳада норматив-ҳуқуқий базани тизимли равишда такомиллаштириб бориш чоралари кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбари 55 та аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусларни илгари сурди. Улар доирасида 5 та қонун, 12 та фармон ва қарорлар ишлаб чиқилади. Коррупцияга қарши курашишда парламент, Миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамияти институтларининг роли оширилади. Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари кучаяди. Декларациялаш, ноқонуний бойлик орттиришга оид янги тартиблар киритилиши натижасида коррупция омиллари чекланади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ташкилотлардаги ички назорат тузилмалари фаолияти кучайтирилади. Маиший коррупцияга қарши курашиш бўйича вазирлик, идоралар раҳбарлари масъулияти оширилади. Давлат хизматлари даражасини аҳоли баҳолайдиган тизим қилинади, энг ёмон кўрсаткичга эга соҳа раҳбарлари бўйича чора кўрилади. Назорат инспексиялари мустақиллиги оширилади. Йирик инвестиция лойиҳаларида, ауксионларда коррупциянинг олдини олувчи механизмлар жорий этилади. Давлат харидлари тартибга солиниши, тўғридан-тўғри харидлар чекланиши ҳисобига бюджет маблағлари тежалиши таъминланади. Давлат пулини мақсадсиз сарфлаш ҳолатларига барҳам берилади.

Учинчидан, коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – давлат бошқаруви тизимида «инсон омили»ни камайтириш учун давлат ва жамият бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўлга қўйилди. Маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, лицензиялаш ва рухсат беришга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда уларнинг тезкорлигини ошириш мақсадида барча ҳудудларда жами 201 та давлат хизматлари марказлари ташкил этилди. Электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса, 11 миллиондан ошди.

Мактабгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ хизмат турлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Бу соҳада мурожаатлар сони 2,5 каррага камайди.

Олий таълим тизими ҳам рақамлаштирилди. Аввал тест топшириб, тўплаган баллига қараб, кейин олийгоҳни танлаш жорий қилинди. 35 турдаги ҳужжатларни инсон омилисиз олишга ўтилгани учун соҳадаги мурожаатлар 2,2 баравар камайди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилганига қарамай, судяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этилди. Шунингдек, айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, «Барча раҳбарларни қатъий огоҳлантираман. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унга кўра, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судяси лавозими жорий этилди.

 

Шукуров Анвар Исламович,

Навоий вилоят судлари судялари малака ҳайъатининг раиси 

Рақамлаштириш – одил судлов самарадорлигининг муҳим воситаси

Ўтган даврда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд йўли билан ишончли ҳимоя қилиш ва судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда суд ҳокимияти органлари фаолиятида замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик фаолияти субъектларига бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш соддалаштирилди, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ижобий ютуқларга эришилди. Бунинг натижасида фуқаролар, тадбиркорлар ва инвесторларнинг судга бўлган ишончи янада мустаҳкамланиб, қонунийлик мустаҳкамланди ва иқтисодиёт янада ривожланмоқда.

Бу эса амалга оширилаётган ислоҳотлар шунчаки эмас, балки халқ манфаати йўлида олиб борилаётганлигини кўрсатиб турибди.

Албатта, бу борада сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатлари қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6127-сон, 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–11-сон ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–12-сон Фармонлари ҳамда 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сон Қарори ҳам муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда аҳоли сони кундан кунга ўсиб бормоқда, иқтисодиёт ривожланмоқда, давлатимизнинг очиқлик сиёсати натижасида инвесторларнинг юртимизга бўлган ишончи ортмоқда ва мустаҳкамланмоқда, тадбиркорларимиз эса имкон қадар ўз маҳсулотларини чет эллларга экспорт қилишмоқда, бу борада фуқаро ва тадбиркорлар ўртасида турли кўринишдаги муносабатлар ўрнатилмоқда. Мазкур жараёнда эса айрим ҳолларда фуқаролик, оммавий ва бошқа ҳуқуқий муносабат иштирокчилари ўртасида низолар келиб чиқиб, мазкур низоларни суд йўли билан ҳал этиш ва судга мурожаат қилиш зарурати пайдо бўлмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мазкур низоларни ҳал қилиш мақсадида даъво аризалари билан судларга мурожаат қилиш кўрсаткичлари ортиб бормоқда.

Албатта, бугунги кунда ҳар бир инсон ёки тадбиркор учун энг қимматли жиҳатлардан бири – бу вақтдир. Айни шу боисдан ҳам шахсларнинг турли сабаблар билан судда кўпроқ вақт давомида кутиб қолиши уларнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, низоларни ҳал қилиш юзасидан судларга мурожаат қилиш кўрсаткичларининг кўпайиши судларда иш ҳажмининг ортишига ҳамда ўз навбатида ишларни кўриб чиқиш муддатлари ва вақтини чузилишига олиб келади.

Шундай экан бугунги кунда судда иш юритишнинг асосий мақсади ҳам судга мурожаат қилган ҳар бир шахснинг қимматли вақтини олмасдан туриб, унинг масаласини ўз вақтида кўриб чиқишга, бунда самарали восита ва усуллардан, хусусан замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш орқали мурожаатларни тегишли тартибда қабул қилишга ва фуқароларнинг турли кўринишдаги сарсонгарчиликларини олдини олишга қаратилмоқда.

Мазкур мақсадларга эришиш учун амалга оширилган ислоҳотлар натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилганлиги алоҳида аҳамиятлидир.

Албатта, мазкур ислоҳот ва имкониятлар судга мурожаат қилишни янада осонлаштиради ва соддалаштиради ҳамда фуқароларнинг бу борадаги турли кўринишдаги қийинчиликларини олдини олишга, суднинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Юқорида қайд этилган вазифалар ва чора-тадбирлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, очиқлигини ва шаффофлигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд йўли билан ишончли ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан ҳам муҳимдир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур эзгу мақсадни рўёбга чиқаришда эса судьялар зиммасига ўта муҳим вазифа – одил судловни Конституция ва қонунларимиз ҳамда адолат тамойилларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш юклатилади.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси

Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлиси тафсилотлари

Кармана туманлараро иқтисодий суди раиси А.Б.Хамидов томонидан “Кармана туман Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси биносида хизмат кўрсатувчи ташкилот вакиллари ҳамда фермер хўжалиги раҳбарлари иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Суд раиси сайёр суд мажлисини бошлашдан олдин, “Кармана туман Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ходимлари, хизмат кўрсатувчи ташкилот вакиллари ва фермер хўжалиги раҳбарлари иштирокида республикамизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳамда янги қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти хусусида давра сўҳбати ўтказилди.

Тадбирда суд раиси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-968-сонли Қонуни юзасидан тегишли тушунтиришлар берилиб, ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилганлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда йиғилиш иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган саволлари ва муаммоли ҳолатлари бўйича маърузачига мурожаат қилиб, берилган саволларига тегишлича жавоблар қайтарилди ва муаммоларнинг ечимлари бўйича маърузачи томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Акбар Хамидов,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси

Кармана туманлараро иқтисодий суди ташаббуси билан ўтказилган давра суҳбати тафсилотлари

Кармана туманлараро иқтисодий суди раиси А.Б.Хамидов томонидан Навоий вилоят солиқ бошқармаси биносида солиқ органи ва тижорат банки ходимлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари раҳбари ва вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда суд раиси томонидан солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий жарималарни қўллаш тўғрисидаги низолар хусусида тегишли тушунтиришлар бериб, солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик чораларидан бири  бу – молиявий жарима ҳисобланиши, молиявий жарималар амалдаги Солиқ кодексининг 28 ва 29-бобларида назарда тутилган миқдорларда тайинланишини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, суд раиси йиғилиш иштирокчиларига хўжалик юритувчи субъектлари томонидан товарларни республикага олиб кириш ва “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштириш, шунингдек, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ёхуд улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати импорт контрактлари бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 кундан ортиқ бўлмаслиги, экспорт контракти бўйича тушум тушиши ёки товарларни қайта олиб кириш муддати товарларга нисбатан — “экспорт” божхона режими бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан ва хизматларга (ишларга) нисбатан — бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаси имзоланган санадан бошлаб 180 кундан ошиб кетмаслиги кераклигини, бу талаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги 283-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомининг 23 ва 24бандларида кўрсатиб ўтилганлигини, Низомнинг 28-бандига кўра, чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчиларга, шунингдек, “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишни таъминламаган импорт қилувчиларга давлат солиқ хизмати органи томонидан жарима қўллаш тўғрисида талабнома юборилиши, Хўжалик юритувчи субъект томонидан ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликлар ихтиёрий равишда тўлаб берилмаган ёхуд тўлашни рад этган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи жарима қўллаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилиши белгиланлиги тўғрисида тушутиришлар бериб ўтди.

Тадбирда йиғилиш иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган саволлари ва муаммоли ҳолатлари бўйича маърузачига мурожаат қилиб, берилган саволларига тегишлича жавоблар қайтарилди ва муаммоларнинг ечимлари бўйича маърузачи томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Акбар Хамидов,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси

Солиққа оид қонунчиликни тўғри қўллаш юзасидан давра суҳбати

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 февралдаги 4-сонли “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги Қарори, тўловга қобилиятсизликка оид ҳамда банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туришга оид ишларни кўришда юзага келаётган муаммолар ва тугатиш ишларини амалга ошириш жараёнида эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар, шунингдек коррупцияни олдини олиш ва унга йўл қўймаслик юзасидан Зарафшон туманлараро иқтисодий суди ва Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди томонидан Томди туман солиқ инспекцияси масъул ходимлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбати давомида иштирокчилар томонидан Пленум қарорининг мазмуни, тўловга қобилиятсизликка оид аризалар билан иқтисодий судларга мурожаат қилиш, ишларни кўриш ва тугатиш ишларини амалга ошириш жараёнида, шунингдек банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туришга оид ишларни кўришда юзага келаётган муаммолар ҳамда ҳар бир ходим коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни ўзида шакллантириши шартлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди.

Мазкур давра суҳбатининг ўтказилиши солиққа оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий амал қилинишини таъминланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 

Ғофуров Шерзод,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси

 

Мирзаева Азиза,

Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси

Нега тадбиркорга берилган рухсатнома бекор қилинмади?

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 2-моддасига кўра, иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланаётган манфаатларини ҳимоя қилиш иқтисодий суд ишларини юритиш вазифаларидан бири ҳисобланади.

“Ер қаъридан фойдаланиш маркази” давлат муассасаси судга ариза билан мурожаат қилиб, “Бўстонлиқ тош» масъулияти чекланган жамиятига 2023 йил 2 майда берилган NV 0238 Ғ5-сонли рухсатномани муддатидан олдин бекор қилишни сўраган.

Ишдаги мавжуд ҳужжатлар аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслари қўмитаси томонидан жавобгарга 2023 йил 2 майда Навоий вилояти, Ғазғон шаҳри “Ғазғон” кони “Контахта” участкасининг бир қисмида мармар, табиий пардозбоп тошлар қазиб олиш учун  NV 0238 Ғ5-сонли рухсатнома берилган берилган.

Ўзбекистон Республикаси “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунининг 33-моддасига кўра, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат қуйидаги ҳолларда бекор қилинади: лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари бир маротаба қўпол равишда бузилганда, агар мазкур қоидабузарлик фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф-муҳитга зиён етказилишига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказилишига, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинишига олиб келган бўлса.

Шунингдек, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34-моддасига асосан, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи ер қаъри участкаларидан фойдаланиш билан боғлиқ ишлар таъсири доирасидаги аҳоли ҳаётига ёки соғлиғига, атроф муҳитга таҳдид юзага келганда, агар ер қаъридан фойдаланувчи бир йил мобайнида ер қаъри участкасидан фойдаланишга киришмаган бўлса, ер қаъридан фойдаланганлик учун тўловлар мунтазам равишда тўланмаган тақдирда, ер қаъридан фойдаланувчи рухсатноманинг асосий шартларини бузган тақдирда чекланиши, тўхтатиб турилиши ёки муддатидан илгари тугатилиши мумкин.

Бироқ суд аризачининг аризасида келтирилган важлари билан келишмади.

Чунки, жавобгарга рухсатнома 2023 йил май ойида берилган бўлиб, жавобгар томонидан лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари бир маротаба қўпол равишда бузилмаган, қоидабузарлик тизимли тавсифга эга эмас.

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 мартдаги “Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар бериш тартибини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 133-сонли қарори билан тасдиқланган “Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун рухсатномалар бериш тартиби тўғрисида”ги Низом (бундан буён матнда Низом)га мувофиқ амалга оширилган бўлиб, ушбу Низомнинг 60-бандига кўра ер қаъридан фойдаланувчи бир йил ичида ер қаъри участкасидан фойдаланишни бошламаган, ер қаъридан фойдаланувчи томонидан ер қаъри участкасидан фойдаланишнинг асосий шартларининг бузилиши, экология талабларига риоя қилиш, режалаштирилган ишлаб чиқариш ҳажмини таъминлаш, инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш билан боғлиқ ишларнинг таъсир зонасида аҳоли ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга хавф-хатарнинг мавжудлиги, ер қаъридан фойдаланиш учун тўловларни мунтазам тўламаслик, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган қоидаларига риоя қилмаслик,  агар, йўл қўйилган қоидабузарликлар тизимли тавсифга эга бўлса ёки ушбу ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига илгари чеклов ва (ёки) тўхтатилиш қўлланган бўлса, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи муддатидан олдин бекор қилинишига асос бўлувчи қўпол қоидабузарликлар сифатида қайд этилган.

«Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган қоидаларига риоя қилмаслик, агар, йўл қўйилган қоидабузарликлар тизимли тавсифга эга бўлса ёки ушбу ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига илгари чеклов ва (ёки) тўхтатилиш қўлланган бўлса, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи муддатидан олдин бекор қилинишига асос бўлувчи қўпол қоидабузарликлар сифатида қайд этилган.

Шунингдек, жавобгар томонидан ер қаъридан фойдаланиш ишларини бошлаш учун электр энергияси, йўл ўтказиш ишлари амалга оширилиши натижасида ажратилган конлардан йил давомида фойдалана олмаган.

Бундан ташқари, аризачи жавобгар томонидан содир этилган қоидабузарликлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф-муҳитга зиён етказилишига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказилишига, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинишига олиб келганлик ҳолатларини мақбул, асослантирилган далиллар билан исботлаб бера олмади.

Юқоридагиларга асосан, суд аризачининг аризаси мақбул далиллар билан исботланмаганлиги, қоидабузарликлар тизимли тавсифга эга эмаслиги, зарар етказилганлик ҳолати исботлаб берилмаганлигини инобатга олиб, аризачининг аризасини қаноатлантиришни рад этишни лозим деб топди.

 

Аллаев Абдулло Садуллоевич,

Навоий вилоят судининг раиси

 

Джумаев Бекзод Абдувохидович,

Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси

Сайёр қабул ва жиноятчиликни олдини олиш бўйича учрашув ўтказилди

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан 2025 йил
20 март куни Навбаҳор тумани, “Янгиобод” маҳалласида сайёр қабул ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича учрашув ўтказилди.

Учрашувда уч нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларга тегишли йўналиш бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Шунингдек, учрашувда ўғирлик, фирибгарлик, гиёвандлик ва коррупция билан боғлиқ жиноятлар, бу жиноятлар учун жавобгарликнинг тушунчаси, жазо чоралари ва оқибатлари тўғрисида ҳамда жиноятга мойил шахслар билан профилактик ишларни кучайтириш лозимлиги ҳақида тушунтириш берилди.

Бундан ташқари, туман судининг тергов судьяси К.Козиев томонидан аҳолига Ўзбекистон Республикасининг 2025-йил 20-февралдаги “Давлат божи тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги
ЎРҚ-1032-сонли қонунинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумотлар берилди.

 

 

Козиев Козим,

 

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг тергов судьяси

Skip to content