Навоий вилоятида ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришда юзага келадиган муаммолар ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йилнинг 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини сифатли ва ўз вақтида таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2021 йил 27 декабрдаги 40-сонли Фармойишига асосан судья ва суд аппарати ходимлари ҳамда масъул вазирлик ва идоралар томонидан бириктирилган ходимлардан иборат таркибда ишчи гуруҳи тузилди.
Ишчи гуруҳи зиммасига масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда жойларда ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришдаги мавжуд муаммоларни аниқлаб, уларни батафсил ўрганиш, натижаларини умумлаштириш, шунингдек муаамоларнинг қонуний ечимларини топиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Белгиланган вазифалар ижросидан келиб чиқиб, жорий йилнинг
7 январь куни Навоий вилояти учун масъул бўлган ишчи гуруҳ аъзоси Олий суд судьяси, О.Баракаевнинг иштирокидаги ишчи гуруҳ аъзолари вилоятнинг барча шаҳар, туманларида бўлиб, ўзбошимчалик билан эгалланган ерларни кадастр рўйхатидан ўтказиш бўйича аҳоли билан мулоқот қилишди, уйга эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлмаган фуқароларнинг муаммолари батафсил ўрганилди.
Жойларда ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришдаги мавжуд аниқланган муаммоларни ўрганиш ва уларнинг қонуний ечимларини топиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ишчи гуруҳ аъзолари туман, шаҳар ҳокимликлари биносида прокурата, адлия архитектура ва кадастр вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказиб, уй-жойларини тегишли тартибда кадастр рўйхатидан ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Азиза Рўзиева
Навоий вилоят суди жамоатчилик ва ОАВлар бўйича алоқалар бўлими бош консультанти