Навоий вилоят судида солиқ қарздорлигини суд тартибида ундиришнинг муаммоли жиҳатлари юзасидан солиқчилар иштирокида семин ўтказилди

2023 йил 17 июнь куни Навоий вилоят суди биносида Навоий вилоят суди ва фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судлари судьялари ҳамда Навоий вилоят давлат солиқ бошқармаси ва туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари иштирокида солиқ қарздорлигини субсидиар тартибда ундириш бўйича суд амалиёти ҳамда жисмоний шахслардан солиқ қарздорлигини суд буйруғи тартибида ундиришда мавжуд муаммолар мавзуларида семинар тадбири ўтказилди.

Семинарда Навоий вилоят суди раиси ўринбосари И.Касимов солиқ қарзини юридик шахс муассиси ёки раҳбаридан субсидиар тартибда ундириш ҳақидаги даъво аризаларни судлар томонидан кўриб чиқишда аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар, жумладан юридик шахснинг ночорлиги (банкротлиги) шу юридик шахс учун мажбурий кўрсатмаларни бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис сифатидаги шахснинг ёки юридик шахс мол-мулки мулкдорининг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келтирилган бўлса, юридик шахснинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда бундай шахс зиммасига унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкинлиги тўғрисида гапириб ўтди.

Шунингдек, Навоий вилоят суди судьяси А.Баҳронов Навоий вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2022 йил давомида судлар томонидан солиқ қарздорлигини буйруқ тартибида ундириш ва қарздорлар томонидан тақдим этилган эътирозлар асосида суд буйруқларини бекор қилиниши танлов асосида таҳлил қилинганлиги, ҳисоботларга кўра, 2022 йил давомида судлар томонидан жами 3359 та солиқ қарздорлигини ундириш ҳақида суд буйруқлари чиқарилиб, шундан қарздорлар томонидан тақдим этилган эътирозларга асосан 421 та, яъни 12,6 фоиз суд буйруқлари бекор қилинганлигини, қарздорлар томонидан солиқ қарздорлигини ундириш ҳақидаги суд буйруғини бекор қилиш ҳақидаги эътирозларида асосан солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслигини, солиқ органи томонидан ариза хато киритилганлигини ёки солиқ қарздорлигини ундириш белгиланган уй-жой уларга тегишли эмаслигини кўрсатишган.

Семинарда, кун тартибидаги масалалар юзасидан келгусида ишларни тўғри ташкил этиш, солиқ қарзини ундириш ҳақидаги аризаларни судга тақдим этишдан олдин жисмоний шахсларни огоҳлантириш ва солиқ қарздорлиги мавжуд ёки мавжуд эмаслигига аниқлик киритиш келишиб олинди.

Семинар иштирокчиларига мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган бир қатор масалаларда саволларга жавоб берилди.

 

Азизжон Баҳронов

Навоий вилоят суди судьяси