Навоий вилоят суди ва МИБ ўртасида ҳамкорлик масалаларига бағишланган семинар ўтказилди

Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли чора – тадбирлар амалга оширилди.

Суд қарорлари ижросини таъминлашнинг бугунги кун ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишда истиқболдаги устувор вазифа ҳисобланади.

Таҳлилларга кўра, мажбурий ижро Бюроси органлари иш юритувига қабул қилинган 89 мингта ёки 76 фоиз ҳужжатлар судларнинг ҳисобига тўғри келмоқда.

Шу боис, Навоий вилоят судида фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва мажбурий ижро бюроси ҳамкорлигида, суд ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш мақсадида семинар ташкил этилди.

Семинардан асосий мақсад, бюро органлари билан судлар ўртасида ижро ҳужжатларини ижрога қаратишда йўл қўйиладиган муаммо ва уларнинг ечими борасида ҳамкорликда амалга ошириладиган зарур чора-тадбирларни белгилаш;

– суд қарорлари бўйича ижро ҳужжатларини тузишда Ўзбекистон Республикасининг ФПК ва Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунинг 8-моддаси талабларига қатъий амал қилиш ва суд қарорларини ўз вақтида ижрога қаратиш;

– суд қарорлари юзасидан ижро ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунинг 8,24-моддасига асосан асоссиз қайтариш ҳолатларини олдини олиш;

–  суд қарорлари ижросини ўз вақтида таъминлаш орқали фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ва бузилган ҳуқуқларини амалда тиклашдан иборат.

Бугунги семинар машғулоти танқидий руҳда ўтган бўлса-да, судлар томонидан ижро ҳужжатларини қонун талаблари асосида расмийлаштириш ва уни ўз вақтида ижрога қаратиш ишларини янада яхшилашга, мажбурий ижро бюроларига ижро ишларини қонунда назарда тутилмаган асосларсиз қайтариш амалиётига чек қўйишга, шунингдек, семинар машғулоти иштирокичилари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни яхшилашга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, суд ҳужжатларининг ўз вақтида ижро этилиши аҳолининг, қолаверса тадбиркорларнинг одил судловга ва давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Семинар сўнггида, суд ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш ҳамда келгусидаги фаолиятни яхшилаш мақсадида «E-XSUD” ва «MIB Portal” дастурлари орқали электрон юборилаётган ҳужжатлардаги муаммоларни сарсонгарликка йўл қўймасдан биргаликда бартараф этиш шунингдек, дастур орқали киритилаётган хар бир маълумотнинг тўғрилиги ва ижро ҳужжатидаги маълумотларнинг мослигига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Умид Раупов

Навоий вилоят суди судьяси