Одил судлов билан бир қаторда ёшлар таълими судларнинг доимий эътиборида

Жамиятда аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятининг юксак даражада бўлиши ҳамда шахснинг ўзга фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда ўз ҳуқуқларини амалга ошириши ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг одини олишдаги энг муҳим омиллардан биридир.

Албатта, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий билими ва маданиятини юксалтиришга унинг ёшлигидан ўз оиласи ва мактаб таълими жараёнларидан бошлаш мақсадга мувофиқдир.

Ўқувчи ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада ошириш, уларда қонунга ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш, шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш мақсадида Зарафшон шаҳар судлари ташаббуси билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шаҳар ҳокимлиги ҳамда халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда ҳуқуқий дарс соатларини амалиётчи ҳуқуқшунослар билан биргаликда ўтиб бориш юзасидан Меморандум тузилган. Қувонч билан айтиш лозимки, бу борада ҳамкор ташкилотларнинг ўзаро тўрт йиллик тажрибаси мавжуд.

Бу эса барчага, айниқса устоз-мураббийлар, ўқувчи-ёшлар ҳамда ота-оналарга жудаям маъқул бўлиб, уларнинг яқиндан ёрдамлари, қўллаб-қувватлашлари билан бу борадаги ишлар тизимли ривожланиб, қайсидир маънода одат тусига айланиб улгурган.

Зарафшон шаҳар судлари судьяларининг ёшлар билан навбатдаги учрашуви Томди тумани ихтисослаштирилган мактаб интернатида “Касбим – фахрим”, “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзуларида ташкил этилди.

Учрашув давомида ўқувчи ёшларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишлари, соғлом турмуш тарзини ташкил қилиш ва ёт ғояларга берилмаслик борасида зарур маслаҳатлар бериб ўтилди ва бу борада суд амалиётидан мисоллар келтирилиб, ёшларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.

Бу каби чора-тадбирлар ёшларнинг таълимга ва илм олишга бўлган қизиқишини янада ортишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиши билан аҳамиятлидир, албатта бу каби хайрли ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.

 

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси.