Оғуфурушга суд ҳукми ўқилди
Жамиятимизда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятларни содир этганларга нисбатан оғирроқ жазо чоралари кўрилаётганлиги ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали тез-тез хабар берилмоқда, шундай бўлсада бу турдаги жиноятларни содир этаётганлар ҳамон учрамоқда, айниқса ёшлар томонидан содир этилаётганлиги ачинарли ҳолатдир.
Навбаҳор туманида яшовчи фуқаро Т.Давлатов (исми-шарифи ўзгартирилган) 1996 йилда туғилган, ҳали 30 ёшга ҳам тўлмаган, оилали, 2 нафар вояга етмаган фарзандлари бор.
Гап шундаки Т.Давлатов 2023 йил 26 август куни ИИБ ЖҚБ ҳамда ДХХ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ғайриқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида, “шартли харидор” сифатида жалб қилинган фуқарога экспертиза хулосасига кўра 138 дона гугурт қутисига солиб қадоқланган, қуруқ ҳолатдаги, соф вазни 657.09 граммга тенг бўлган, кўп миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 3100 АҚШ долларига сотган вақтда, ашёвий далиллар билан ушланган.
Бундан хабардор бўлган Навбаҳорлик фуқаролар Ш.Шавкатов, У.Шодмонов ва У.Эрназаровлар (исми-шарифи ўзгартирилган) 2023 йил 26 август куни таниши Т.Давлатов 138 дона гугурт қутиси ичига солиб қадоқланган, соф вазни 657.09 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини ўтказиш йўли билан сотиш учун олиб кетаётганлигини била туриб, содир этишга тайёргарлик кўрилаётган ўта оғир жиноятни аниқ билишгани ҳолда бу ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қасддан хабар бермаганлар.
Жиноят иши 2024 йил 12 февраль куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида кўриб чиқилди ва Т.Давлатов Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддасининг 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 7 (етти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Ўта оғир жиноят ҳақида қасддан хабар бермаган судланувчилар Ш.Шавкатов, У.Шодмонов ва У.Эрназаровларнинг ҳар бирига ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан бир йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Алишер Сайдуллаев,
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси.