Ривожланган мамлакатларда корпоратив низолар ва уларнини ҳал этиш
Аннотация: Турли мамлакатларда корпоратив муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик тизими турлича шаклланган. Бу ушбу давлатлардаги иқтисодий муносабатларнинг, ишлаб чиқариш соҳалари ва ишбилармонлик муҳитининг қай даражада ривожланганлигига боғлиқ. Илғор хорижий давлатларда ушбу соҳаларнинг юксак даражада тараққий этганлиги корпоратив муносабатларнинг кенг тарқалишига замин яратган бўлиб, пировард натижада ушбу давлатларнинг мазкур соҳани тартибга солувчи қонунчилик тизимлари ҳам нисбатан такомиллашган ҳисобланади.
Ушбу мақолада баъзи ривожланган хорижий мамлакатларда корпоратив муносабатларни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган низолар ва ушбу мамлакатларнинг бу турдаги низоларни ҳал қилиш борасидаги тажрибалари ҳамда қонунчилик тизими хусусида фикр юритамиз.
Калит сўзлар: корпорация, компания, корпоратив-ҳуқуқий муносабатлар, корпоратив низолар, федерал ва штат (провинция) қонунлари, низоларни ҳал қилишнинг ички механизмлари ва муқобил усуллари, ички назорат органлари, суд жараёнлари.
Хорижий давлатлар қонунчилигида корпоратив низоларни ҳал қилишни кўриб чиқишда ҳуқуқий тизимлар ва ушбу масалага ёндашувлардаги фарқни ҳисобга олиш керак.
Қуйида баъзи хорижий мамлакатларнинг корпоратив муносабатларни тартибга солувчи ва бундай муносабатлар натижасида вужудга келувчи корпоратив низоларни ҳал қилишда қўлланиладиган қонунчилик тизимига тўхталиб ўтамиз.
Америка Қўшма Штатларида корпоратив низолар федерал ва штат даражасида тартибга солинади. Қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонун (Securities Act) ва корпорациялар тўғрисидаги қонун (Corporate Act) каби федерал қонунлар корпоратив муносабатлар учун умумий қоидалар ва талабларни белгилайди. Давлат даражасида компаниялар ва тижорат ҳуқуқи тўғрисидаги қонунлар мавжуд бўлиб, улар корпоратив низоларни ҳам тартибга солади. Штат даражасида эса ушбу турдаги низолар мазкур ҳудуд қонуни билан тартибга солинади. Калифорниянинг бизнес корпоратив Қонуни (California Corporations Code) ва Нью-Йоркнинг Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисидаги Қонунларини (New York Limited Liability Company Law) шунга мисол келтиришимиз мумкин.
Корпорациялар ижтимоий жавобгарлик корпорациянинг эмас, балки давлатнинг зиммасида бўлиши лозим деб ҳисоблашади. Корпорацияларни фуқаролик ҳуқуқий тартибга солиш бўйича ҳозирги уринишлар корпоратив ҳокимиятни чеклаш ўрнига уни таъминлаш учун хизмат қилмоқда. Ишлаб чиқилган қоидалар компаниялар, жамоатчилик ва давлатлар ўртасидаги ўзаро таъсир сценарийсини ўзида мужассам этган деб тахмин қилинади.
Корпорация атамаси одатда ушбу давлат даражасида корпорацияларни тартибга солувчи ҳар бир алоҳида штатнинг қонунчилигига мурожаат қилиш учун ишлатилади. Ҳар бир штатнинг ўзига хос корпоратив қонунчилиги мавжуд бўлиб, у маълум бир штат ичида корпорацияларни яратиш, бошқариш ва фаолият юритиш қоидаларини белгилайди.
Қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонун эса, қимматли қоғозлар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларни, шу жумладан биржалар ва брокерларни тартибга солувчи қоидалар ва талабларни белгилайди. Шунингдек, у компанияларнинг ҳисобот бериш ва ошкор қилиш мажбуриятларини белгилайди.
Буюк Британияда корпоратив низолар корпоратив қонун билан тартибга солинади. Қонуннинг асосий манбалари 2006 йилги Компаниялар тўғрисидаги қонун (Companies Act 2006) ва фуқаролик процессуал кодекси (Civil Procedure Rules) ҳисобланади. Корпоратив актда акциядорларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, овоз бериш қоидалари, акциядорлар йиғилишларини чақириш ва ўтказиш тартиби ва бошқалар тўғрисидаги қоидалар мавжуд. Суд жараёнининг қоидалари корпоратив низоларни судда кўриб чиқиш тартиби ва талабларини белгилайди. Қонун ҳужжатларини талқин қилиш ва қўллашда суд амалиёти ва прецедентлари ҳам муҳим рол ўйнайди.
Юқоридаги қонун қабул вақтида ҳажми катта бўлиб, компанияларга тегишли қонун ҳужжатларининг аксарияти компаниялар ва бизнесни ташкил этиш, директорлар, фирмалар, аудиторлар ва актуарларнинг бўшатишни таъминлаш кабиларни қамраб олган. Ушбу қонунни қабул қилишда рўйхатдан ўтган компанияларга тегишли қонунчилик қоидалари синчковлик билан қайта кўриб чиқилган бўлиб, 1985 йилдаги компаниялар тўғрисидаги қонун ва бошқа тегишли қонун ҳужжатларининг барча қоидаларини янгилаб берди. 2006 йил ноябр ойидан бошлаб унга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилди. Бу эса қонунчилик доимо янги вазиятлар ва муаммоларни ҳал қила олиши, унга мувофиқ бўлиши учун доимий равишда такомиллаштириб, ривожлантириб борилиши зарурлигидан далолат беради.
Корпоратив бошқарув назарияси ва корпоратив мақсадлар ўртасидаги боғлиқлик Буюк Британиядаги қонунчилик ва тартибга солишнинг турли жиҳатларида яққол намоён бўлади. Бу давлат Корпоратив бошқарув кодекси акциядорларнинг узоқ муддатли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда компанияни самарали бошқариш тамойилини белгилайди.
Корпоратив мақсадлар ҳақидаги мунозаралар одатда акциядорлар қиймати назарияси ва манфаатдор томонлар назарияларига бўлинади.
Буюк Британиянинг Компаниялар тўғрисидаги қонуни (Companies Act 2006) 172(1)-бўлимида директорлар узоқ муддатли оқибатлар, ходимларнинг манфаатлари, ишбилармонлик муносабатлари, жамият, атроф-муҳит ва адолатли хулқ-атворни ҳисобга олган ҳолда компания ва умуман унинг акциядорлари манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилишлари шартлиги назарда тутилган.
Бу акциядорлар ва манфаатдор томонлар ўртасидаги замонавий кўринишдаги низоларнинг вужудга келиши, шунингдек, акциядорлар қиймати тушунчасидан маърифатли акциядорлар қиймати тушунчасига ўтишга олиб келган сиёсий ва ҳуқуқий ёндашувлар натижаси бўлиб, келажакда корпоратив бошқарув доктринасида ҳам ҳуқуқий, ҳам тартибга солиш даражасида мумкин бўлган ўзгаришлар учун асос яратди.
Германияда корпоратив низолар Фуқаролик кодекси (Bürgerliches Gesetzbuch) ва Тижорат кодекси (Handelsgesetzbuch) билан тартибга солинади. Фуқаролик кодексида корпоратив муносабатлар тўғрисидаги асосий қоидалар, шу жумладан акциядорлар, директорлар ва директорлар кенгашининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мавжуд. Тижорат кодекси эса тижорат корхоналари билан боғлиқ масалаларни, шу жумладан акциядорлик жамиятларини ташкил этиш ва бошқариш қоидаларини тартибга солади.
Бундан ташқари, корпоратив муносабатларни тартибга солувчи бошқа махсус қонунлар ҳам мавжуд, булар Акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонун (Aktiengesetz) ва Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисидаги қонун (Gesetz betreffend die Gesellschaften mit beschränkter Haftung) бўлиб, умумий ҳуқуқий нормаларни маълум даражада тўлдиради ва судларда кўриб чиқиладиган корпоратив низоларни ҳал этишда ҳам ушбу қонунларга мурожаат қилинади.
Германияда Масъулияти чекланган жамият тўғрисидаги қонунда (Gesellschaft mit beschränkter Haftung) корпорациянинг энг кенг тарқалган ва иқтисодий аҳамиятга эга шаклларини ташкил этиш тартиби белгиланган бўлиб, унинг ўн биринчи бобида жамият барча капиталга эга ташкилотлар учун намуна сифатида кўрсатилади. Ушбу бобда пул ёки моддий депозитларни яратиш орқали жамиятни тузиш жараёнлари, компания яратишнинг соддалаштирилган тартиблари назарда тутилган. Бошқа муҳим жиҳатлардан бошқарувчи директорнинг роли, шу жумладан унинг мажбуриятлари, шунингдек жамият аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгиланган. Устав капиталини шакллантириш, капитални сақлаш, шунингдек капитални кўпайтириш ва камайтириш жараёнларини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Германияда корпоратив низоларни ҳал қилишнинг бир неча вариантлари мавжуд. Улардан баъзилари қуйидагилар:
Компания ичидаги низоларни ҳал қилиш. Жамият иштирокчилари низони музокаралар, компания уставида назарда тутилган бошқа ички тартиб-қоидалар орқали ҳал қилишга ҳаракат қилишлари мумкин.
Арбитраж. Низо тарафлари ишни ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилиши тўғрисида келишиб олишлари мумкин. Арбитраж халқаро арбитраж тўғрисидаги қонунга мувофиқ ёки томонларнинг келишувига биноан ўтказилиши мумкин.
Суд жараёни. Агар низони ички ёки ҳакамлик суди орқали ҳал қилиш мумкин бўлмаса, томонлар фуқаролик судига мурожаат қилишлари мумкин. Энг эътиборлиси шуки, Германияда корпоратив низолар билан шуғулланадиган ихтисослашган судлар мавжуд.
Ички назорат органи. Германиянинг Масъулияти чекланган жамият тўғрисидаги Қонуни компания ичидаги низоларни кўриб чиқиши ва ҳал қилиши мумкин бўлган ички назорат органини яратиш имкониятини назарда тутади. Шунингдек, махсус низоларни ҳал этиш имкониятлари алоҳида ҳолатлар ва ҳар бир жамият устав қоидаларига қараб фарқ қилиши мумкин.
Бошқа хорижий мамлакатлардаги корпоратив низоларни ҳал қилиш ҳам ҳар бир мамлакатнинг тегишли қонунлари ва ҳуқуқий тизимларига асосланади. Масалан, Францияда корпоратив низолар Фуқаролик кодекси (Cоdе civil) ва Тижорат кодекси (Code de commerce), Японияда – Компаниялар тўғрисидаги қонун (Companies Act), Хитойда – Компаниялар тўғрисидаги қонун (Company Law) ва бошқалар билан тартибга солинишини кўришимиз мумкин.
Компаниялар тўғрисидаги қонун Японияда корпоратив низоларни ҳал қилишнинг турли механизмларини тақдим этади. Хусусан:
Компания ичида низони ҳал қилиш. Япония компаниялари тўғрисидаги қонунда компания иштирокчилари ўртасидаги розилик ва ҳамкорлик тамойилига алоҳида эътибор қаратилган. Унда низоларни муҳокама қилиш ва ҳал қилиш мумкин бўлган акциядорлар ва директорлар Кенгашларининг йиғилишларини ўтказиш имконияти кўзда тутилган.
Низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари. Компаниялар тўғрисидаги қонунга биноан, томонлар ҳакамлик ёки арбитраж каби низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларига ҳам мурожаат қилишлари мумкин. Японияда корпоратив низоларни ҳал этишда қўлланиладиган низоларни муқобил ҳал қилишнинг яхши ривожланган тизими мавжуд.
Суд жараёни. Агар низо ички розилик ёки муқобил усуллар билан ҳал этилмаса, томонлар судга мурожаат қилишлари мумкин. Японияда ҳам корпоратив низоларни кўриб чиқадиган ва амалдаги қонунчилик ва суд амалиёти асосида қарор қабул қилиши мумкин бўлган ихтисослашган судлар мавжуд.
Ички назорат органи. Япониянинг Компаниялар тўғрисидаги қонунида компания ичидаги низоларни кўриб чиқадиган ва ҳал қиладиган ички назорат органини яратиш имконияти ҳам кўзда тутилган.
Шуни таъкидлаш керакки, корпоратив низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос механизмлари ҳар бир компаниянинг уставида белгиланиши мумкин ва компаниянинг ҳажми ва турига қараб фарқ қилиши мумкин.
Канадада ҳам АҚШда бўлгани каби корпоратив низолар федерал ва провинция даражасида тартибга солинади.
Федерал қонунчилик Канада бизнес корпорациялари тўғрисидаги қонун (Canada Business Corporations Act) бўлиб, у федерал даражадаги корпоратив муносабатларнинг умумий қоидаларини белгилайди.
Шунингдек, Канаданинг ҳар бир провинцияси федерал қоидаларни тўлдирадиган ўз корпоратив қонунчилигига эга. Масалан, Онтарио бизнес корпорациялари тўғрисидаги қонуни (Ontario Business Corporations Act) ва Квебек бизнес корпорациялари тўғрисидаги қонуни (Quebec Business Corporations Act) шулар жумласига киради.
АҚШ ва Канада корпоратив ҳуқуқи кўплаб умумий хусусиятларга эга бўлсада, уларда муҳим институционал фарқлар мавжуд. Иккала мамлакатда ҳам федерал ва штат (провинция) қонунчилигининг шаклланганлиги ўзаро ўхшаш бўлса, энг сезиларли фарқлардан бири АҚШда корпоратив низоларни ҳал этишда штатлар қонунчилигига кўпроқ мурожаат қилинса, Канадада аксинча, бу каби низоларни ҳал этишда федерал қонунчиликка устунлик берилади.
Олимларнинг корпоратив ҳуқуқда федерализм масаласига катта эътибор беришига қарамай, Канада ва АҚШ ўртасидаги ушбу тарихий фарқлар яхши англаб етилмаган. АҚШда корпоратив низоларни тартибга солувчи штатлар қонунчилигининг мукаммал эканлиги, уларнинг доимий равишда ривожлантирилиб борилиши ва бу борада юрисдикциялар ўртасидаги рақобатнинг кучайиши, одатда тахмин қилинганидек, корпоратив бошқарув масалалари билан эмас, балки штат ва федерал монополияга қарши чекловлардан қочиш истаги билан боғлиқ.
Канадада корпоратив низолар турли механизмлар орқали ҳал қилинади, жумладан:
Суд жараёнлари. Низо тарафлари қарор учун судга мурожаат қилишлари мумкин. Суд жараёнлари томонларга ўз далилларини тақдим этиш ва суддан расмий қарор олиш имкониятини беради.
Низоларни муқобил ҳал қилиш. Медиация ва арбитраж каби низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари Канадада кенг тарқалган. Медиацияда томонлар ўзаро мақбул келишувга эришишда ёрдам берадиган мустақил воситачи билан ишлайди. Ҳакамлик судида низо мустақил учинчи томон (ҳакам) томонидан кўриб чиқилади, у якуний қарорни томонлар учун мажбурий қилади.
Низоларни ҳал қилишнинг ички механизмлари. Корпорациялар кўпинча низоларни ҳал қилишнинг ички процедуралари ва механизмларига эга, масалан, директорлар кенгаши, қўмиталар ва компания ичидаги томонларга низоларни ҳал қилишга имкон берадиган қоидалар мавжуд. Бунга мажбурий ҳакамлик ёки ҳакамлик муҳокамаси ва низоларни ҳал қилишнинг ички тартиблари киради.
Тартибга солиш ва маъмурий органлар. Низонинг хусусиятига ва компания фаолият юритадиган соҳага қараб, баъзи низоларни тартибга солувчи ёки маъмурий органлар, масалан, қимматли қоғозлар комиссиялари ёки рақобат органлари кўриб чиқиши мумкин.
Шуни таъкидлаш керакки, низоларни ҳал қилиш процедуралари Канададаги провинция ёки ҳудудга қараб фарқ қилиши мумкин, чунки корпоратив ҳуқуқнинг баъзи жиҳатлари провинция даражасида тартибга солинади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, баъзи корпоратив низолар томонлар ўртасидаги келишувлар, масалан, таъсис шартномалари ёки компания уставлари билан тартибга солиниши мумкин.
Австралияда корпоратив низолар корпоратив қонунлар билан тартибга солинади. Бу соҳада асосий қонун Жамиятлар тўғрисидаги қонун (Corporations Act) бўлиб, у Австралияда корпорацияларни рўйхатга олиш, уларни бошқариш ва тартибга солиш қоидалари ва талабларини белгилайди.
Бундан ташқари, Австралия қимматли қоғозлар ва инвестициялар комиссияси (Australian Securities and Investments Commission, ASIC) корпоратив фаолиятни назорат қилади ва тартибга солади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, хорижий мамлакатларда корпоратив низоларни ҳал қилиш турли хил ҳуқуқий ва институционал механизмлар орқали амалга оширилади деган хулосага келиш мумкин. Баъзи хорижий мамлакатларда корпоратив низоларни ҳал қилиш қуйидагича:
АҚШда корпоратив низолар федерал ва штат қонунлари юрисдикциясига киради. Низоларни ҳал қилишда суд жараёни, низоларни муқобил ҳал қилиш (ADR), компаниялар ва назорат қилувчи органларнинг ички механизмлари муҳим рол ўйнайди. Қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонун ва корпорациялар тўғрисидаги қонун корпоратив муносабатлар учун умумий қоидалар ва талабларни белгилайди.
Канада ҳам суд жараёни, (ADR), корпоратив низоларни ҳал қилиш учун компаниялар ва назорат органларининг ички механизмлари қўлланилади. Канада компаниялари тўғрисидаги қонун мамлакатдаги корпоратив қонунларга таъсир қилади.
Буюк Британияда корпоратив низолар суд, (ADR) ва назорат қилувчи органлар орқали ҳал қилинади. Корпоратив бошқарув тўғрисидаги қонун ва 2006 йилдаги Компаниялар тўғрисидаги қонун корпоратив муносабатларни тартибга солувчи асосий қонун ҳужжатларидир.
Германияда суд жараёни, арбитраж ва ҳакамлик корпоратив низоларни ҳал қилиш учун қўлланилади. Фуқаролик кодекси ва Тижорат кодекси корпоратив масалалар ва низоларни тартибга солишда муҳим роль ўйнайди.
Японияда корпоратив низолар суд жараёни, арбитраж ва ҳакамлик орқали ҳал қилинади. Компаниялар тўғрисидаги қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари корпоратив муносабатлар ва низоларни тартибга солади.
Демак, ҳар бир мамлакат корпоратив низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос хусусиятларига ега бўлиши мумкин ва бу ҳар бир мамлакатнинг ҳуқуқий ва институционал хусусиятларига боғлиқ. Ушбу низоларни ҳал қилиш механизмлари ишбилармонлик муҳити ва умуман жамиятнинг ўзгарувчан эҳтиёжлари ва талабларига мувофиқ ишлаб чиқилади ва такомиллаштириб борилади.
Хамидулла Саъдуллаев,
Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси.