Сайёр суд
Барча давлатларда ҳуқуқбузарликка қарши курашиш муҳим масала ҳисобланади, ваҳоланки инсон тинчлиги ва хотиржамлиги фаровон ҳаёт кечириши учун замин яратади, барака ва ривожланиш ҳам айнан шу неъматлар ортидан келади.
Шу боис, ҳуқуқбузарликларни олдини олишда маҳалланинг ролини ошириш шарт, аксарият маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар айнан маҳалла фуқаролар йиғинларида сайёр судда кўрилмоқда. Бу орқали фуқароларни огоҳликка чақириш ҳамда содир этилган қилмиш учун жавобгарлик муқарралигини билдириш муҳим.
Навбатдаги сайёр суд мажлиси жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди томонидан “Азамат” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилди. Унда, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41,52,183,131 моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган 18 нафар шахсга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилди.
Иш кўриш жараёнида ўз қилмишига иқрор бўлиб пушаймонлик билдирган шахсларга енгиллик, яъни тузалишлари учун имкониятлар ҳам берилди хусусан, уларга огоҳлантириш, оилавий шароитидан келиб чиқиб, энг кам миқдорда жарима жазоси тайинланган бўлса, пушаймонлик билдирмаган ҳуқуқбузарларга эса қонунчиликда назарда тутилган жазолар тайинланди.
Албатта судларнинг вазифаси жазолашдан иборат эмас, балки ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этиш руҳида тарбиялашдан иборат.
Санджар Кушатов,
жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди судьяси