СУД ҚАРОРИ ИЖРОСИ БИЛАН МУҲИМ
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 138-моддасида, суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурийлиги белгиланган.
Хусусан, Давлат ва унинг органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш юритади.
Бугунги кунда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, бу барча поғона судларда одил судловни амалга ошириш, суд ишларини ташкилий жиҳатдан муносиб тарзда таъминлашга хизмат қилиши билан биргаликда суд томонидан қабул қилган қарорларни бажариш уларни ижросини таъминлашнинг мукаммал ва самарали механизмларини жорий қилиниши фуқароларимизни одил судловга бўлган ишончини ортишига ва суд ҳокимиятининг нуфузини янада юксалишига хизмат қилади.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон янги суд” тамойили доирасида аҳолини одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш борасида
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, адолатли суд қарорлари қабул қилиниши орқали, халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш қолаверса, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирли механизимларини жорий этиш белгиланди.
Айтиш керакки, одил судловни амалга ошириш мақсадида фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқларини қўриқлаш учун чиқарилган қарорлари ижроси процесснинг якунловчи босқичи ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)га мувофиқ, суд ҳужжатлари қонуний кучга киргач ижрога қаратилади.
Суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро эттириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ижро варақаси ҳисобланади, ушбу Кодекснинг 336-моддасига кўра, ижро варақаси суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида ижро варақаси ундирувчига берилади ёки унинг илтимосномасига кўра давлат ижрочисига ижро этиш учун юборилади. Ижро варақаси электрон ҳужжат тарзида юборилиши ҳам мумкин.
Иқтисодий судлар томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги МИБнинг тегишли бўлимларига
3 207 та 41 394 000 000 сўмлик ижро варақалар юборилган бўлиб, шундан давлат фойдасига 1 834 та 5 647 000 000 сўмлик давлат божи ундирилган, тадбиркорлар фойдасига эса 1702 та 287 418 000 сўмлик ижро варақаларининг ижроси амалда таъминланган.
ИПКнинг 345-моддасига кўра, суд берган ижро варақаси асосида давлат ижрочиси томонидан қўзғатилган ижро ишини юритишни суд қонунда назарда тутилган ҳолларда, ундирувчининг, қарздорнинг, давлат ижрочисининг аризасига кўра тўхтатиб туриши ёки тугатиши мумкин.
Иқтисодий суд томонидан берилган ижро варақаси асосида қўзғатилган ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш ўша суд ёки давлат ижрочиси жойлашган ердаги суд томонидан амалга оширилади.
Амалдаги, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш белгиланган бўлиб, ушбу Қонун суд ҳужжатлари, шунингдек қонунда белгиланган ваколатларини амалга ошираётганларида жисмоний ёки юридик шахслар зиммасига пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни ўзга шахсларга бериш ёхуд улар фойдасига муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини юклаш ҳуқуқи берилган бошқа органларнинг (мансабдор шахсларнинг) ҳужжатлари мажбурий ижро этилаётганда юзага келадиган муносабатларни тартибга солиши белгиланган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, суд қарорлари ижроси ўз вақтида бажарилиши фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ортишига ҳамда суд ҳокимиятининг нуфузини янада юксалишига хизмат қилади.
Хуршид Турсунов Навоий вилоят суди судьяси