Тиббиёт ходимлари билан учрашув ўтказилди
Давлат раҳбари томонидан барча тизимда коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини самарали йўлга қўйиш талаб этилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрсида”ги қонунига асосан, қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлиги, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳисобланади.
Судлар томонидан, коррупция, одам савдоси, қасддан баданга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган учрашув ва тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Мана шундай учрашув 2024 йил 29 апрель куни туман суди томонидан Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмасига қарашили кўп тармоқли марказий поликлиникасида тиббиёт ходимлари иштирокида ўтказилди.
Ўтказилган тадбирда, коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунчилик ҳақида сўз юритилиб, иштирокчиларга, коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши оқибатида келиб чиқиши, қонунда пора олиш, бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун Жиноят кодексининг 210, 211 ва 212-моддаларида жиноий жавобгарликлар белгилангани, мазкур жиноятни содир этганларга нисбатан содир этилган қилмишнинг тавсифланишига қараб ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкинлиги ва коррупцияга оид бошқа маълумотлар ҳақида тушунтиришлар бериб ўтилди.
Бундан ташқари, туман суди раиси томонидан одам савдоси ва қасддан баданга шикаст етказишга оид жиноятлар ҳақида тушунтиришлар берилиб, одам савдосига қарши курашиш, жумладан, айни вақтларда жамиятда иллат отиб бораётган чақалоқ савдоси, қасддан баданга шикаст етказиш жиноятлари ва тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш чоралари, бу қилмишлар учун белгиланган жавобгарлик ва жазо чоралари ҳақида маълумотлар берилиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш учун ҳушёрликни ошириш лозимлиги таъкидланди.
Алишер Сайдуллаев,
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси.