Товон пуллари ундириб берилди !!!

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг 2024 йил 19 март кунидаги очиқ суд мажлисида даъвогар А.Анинг жавобгар Б.Бга нисбатан жиноят натижасида етказилган маънавий зарар учун 300.000.000 сўм товон ундириш тўғрисидаги даъвоси кўриб чиқилди.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича жавобгар Б.Б 2023 йил 19 февраль куни соат 18:00 ўзининг бошқарувида бўлган “Нексия” русумли 85 S 066 QA давлат рақам белгили автомашинани Хатирчи туман “Боғчакалон” МФЙ худудидан ўтган 4Р48-сонли автомобиль йўли бўйлаб “Янгирабод-Зарафшон” йўналишида бошқариб бориб, мазкур йўлнинг 149 км.га етганида марҳум А.А бошқарувида бўлган “Нексия” русумли автомашина билан тўқнашув содир этиб, бунинг натижасида А.А олган тан жароҳатлари натижасида вафот қилган.

Жавобгар Б.Бга нисбатан жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг 2023 йил 24 август кунидаги ҳукмига кўра, Ўз.Р ЖКнинг 266-моддасининг 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 6 йил муддатга озодликдан махрум этиш жазоси тайинланган, уч йил муддатга барча транспорт воситаларини башқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддаси 6-қисмига кўра ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1022-моддасига кўра, маънавий зарар пул билан қопланади. Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланади. Зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозим. Жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади. Маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъий назар қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси 3-қисмига кўра ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 28.04.2000 йилдаги 7-сонли “Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Қарорининг 13-бандига кўра маънавий зарарнинг миқдорини белгилашда судлар жабрланувчининг унга етказилган маънавий зарарнинг оғирлигига берган субъектив баҳосини, шунингдек даъвогарга етказилган маънавий ва жисмоний азобларнинг даражасини кўрсатувчи объектив маълумотларни, зарар етказувчи ва жабрланувчининг айб даражалари ва зарар етказувчи шахснинг моддий аҳволи ва бошқа эътиборга молик ҳолатларини ҳисобга олишлари лозим.

Суд жавобгар Б.Бнинг содир этган жинояти суднинг ҳукмига кўра тўлиқ ўз исботини топгани, унинг содир этган жинояти натижасида даъвогар А.А отасидан ажралиб бунинг натижасида қайғуриб руҳий азоб топгани, жавобгар ва жабрланувчининг айб даражалари ва зарар етказувчи шахснинг моддий аҳволи ва бошқа эътиборга молик ҳолатларини ҳисобга олиб, юқорида қайд этилган қонун талаблари ва Олий суд Пленуми қарорининг раҳбарий кўрсатмаларига асосан иш ҳолатларини назарда тутиб даъвогарнинг даъвосини қисман қаноатлантиришни, жавобгар Б.Бдан даъвогар А.Анинг фойдасига етказилган маънавий зарар учун 70.000.000 сўм товон ундириб бериш ҳақида хулосага  келди.

Бир сўз билан айтганда, қонун устуворлиги натижасида марҳумнинг фарзандлари ва яқинларига товон пуллари ўз вақтида ундириб берилиши таъминланди.

 

 

Баҳодир Бабақулов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.