Учқудуқ туман суди раислари янги қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тушунтиришди

Барчамизга маълумки, сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов алоҳида ўрин тутишини эътиборга олган ҳолда, суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.

Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинган, Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳиятини халқимизга етказиш мақсадида, жорий йилнинг 10 август куни Учқудуқ тумандаги “Шалхар” ОФЙда фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси Б.Шерматов, Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Х.Турсуновлар томонидан тарғибот тадбири амалга оширилди.

Тадбирда сўзга чиққан суд раиси Б.Шерматов янги қонуннинг эски таҳрирдаги қонундан асосий фарқлари ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида тўхталиб, янги таҳрирдаги қонунга кўра, судьяларнинг мустақиллиги, қонун ва суд олдида тенглик, суд ҳужжатларининг мажбурийлиги, суд ишларини юритишнинг ошкоралиги, суд ишлари юритиладиган тил, суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқи, айбсизлик презумпцияси каби судлар фаолиятининг принципларига қўшимча равишда қонунийлик деб номланганлиги, Қонуннинг 8-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида одил судлов қонунга қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилиши белгиланганлиги, 17-моддасида тарафлар ва қонунда назарда тутилган бошқа шахсларнинг суд ҳужжати устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканликлари мустаҳкамлаб қўйилганлиги борасида сўз юритди.

Бундан ташқари, Қонуннинг 67-моддасида, ўттиз беш ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтилди.

Шунингдек, суд раиси Х.Турсунов томонидан жорий йилнинг октябрь ойида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президентлик сайлови шу юртнинг ҳар бир фуқароси учун муҳим сиёсий воқеа эканлиги, фуқароларимиздан ушбу сиёсий жараёнда фаоллик билан иштирок этишлари лозимлиги ҳақида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир сўнгида фуқаролар томонидан берилган оила низоларига оид саволларга суд раиси Б.Шерматов томонидан атрофлича тушунтиришлар берилди.

 

Руслан Джўраев

Учқудуқ туман иқтисодий суди

судья ёрдамчиси