Фуқаролар мурожаатлари судлар эътиборида

Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Д.Турдиев ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси А.Жумаев, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ тумани суди раиси А.Қурбоновлар томонидан Учқудуқ туманидаги “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ташкил этилиб, ушбу маҳаллада истиқомат қиладиган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.

Даставвал, суд раислари фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган фуқароларимизга энг аввало бугунги кунда кейинги йилларда “Янги Ўзбекистон — янги суд” принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилганлиги, жумладан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилаётганлиги, олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиққанлиги, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш такомиллаштирилиши муносабати билан иқтисодий процессуал, жиноят процессуал, фуқаролик процессуал, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг қабул қилиниши фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Шундан сўнг, туманда содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, кредит ҳамда қарз ундириш масалалари, оилавий низолар ва алимент ундириш билан боғлиқ низолар бўйича маълумотлар берилди.

Шунингдек, 2 нафар фуқаронинг қарз ундириш бўйича ва 1 нафар фуқаронинг алимент ундириш юзасидан қилган мурожаати юзасидан суд раислари томонидан тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Анвар Жумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.