Хусусий ажрим муҳокамаси бўлиб ўтди

Иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш ҳамда қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш иқтисодий судларнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Хусусий ажрим эса қонун ҳужжатлари асосида судларга юклатилган муҳим вазифаларни бажаришнинг процессуал воситаларидан бири ва қонунчилик ҳужжатларини бузилиш ҳолатларига ва уни бузаётган шахсларга нисбатан суд томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чорасидир.

Статистик маълумотларга кўра, 2023 йил давомида Навоий вилояти иқтисодий судлари томонидан суд муҳокамасида аниқланган қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги ҳолатлари юзасидан 173 та хусусий ажримлар қабул қилинган ва тегишли тартибда ижросини таъминлаш учун тегишли манфаатдор корхона, муассаса ва ташкилотларга юборилган.

Мана шундай хусусий ажримлардан бири, Навоий шаҳар адлия бўлимининг даъвогар “Аҳмад Кармана” масъулияти чекланган жамият манфаатида жавобгар Навоий шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан 2.807.164.459 сўм қарздорликни ундириш тўғрисидаги ишни суд муҳокамасида кўриш жараёнида Навоий шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими мансабдор шахслари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги 626-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низом талаблари бузилганлиги, бўлим мансабдор шахслари томонидан шартнома шартларини бажармасдан, шартнома ва тўлов интизомига рия этмаганлиги оқибатида низонинг судда кўрилиши  натижасида давлат бюджетига 54.002.301 сўм давлат божи ундирилганлиги, суд томонидан Навоий шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимини суд муҳокамасига ўз вакилини иштирокини таъминлаш ва судга тегишли ҳужжатларни тақдим этиш сўралган бўлса-да, бўлим мансабдор шахслари томонидан суднинг қонуний талабини бажармасдан, судга ҳурматсизлик қилиб суд томонидан сўралган ҳужжатлар тақдим этилмасдан, судга ўз вакили иштирокини таъминланмасдан келганлиги оқибатида ишни суд муҳокамасида кўриш муддатларини чўзилиб кетишига сабаб бўлганлиги ҳолатлари юзасидан Навоий шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг масъул мансабдор шахсларини интизомий жавобгарликка тортиш ва айбдор шахсларни аниқлаб етказилган зарарни ундириб олиш чоралари кўриш юзасидан ушбу иқтисодий иш бўйича Навоий вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2024 йил 5 январда хусусий ажрим қабул қилиниб ижро этишлик учун Навоий вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига юборилган.

Навоий вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида бошқарма тизимидаги барча раҳбар ходимлар ва бошқа масъуллар ҳамда судялар иштирокида 2024 йилнинг 1 март кунида ўтказилган кенгайтирилган йиғилиш судлов ҳайъатининг мазкур хусусий ажрими муҳокамасига бағишланди.

Муҳокамада судлов ҳайъати судьялари хусусий ажримнинг мазмун моҳияти, тизимда йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатлари ва уларнинг аҳамияти, мазкур қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик ва аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди. Бошқарма раҳбарияти ва бошқа масълуллар томонидан хусусий ажрим юзасидан муносабат билдирилиб, хусусий ажримда кўрсатилган ҳолатлар юзасидан Навоий шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг масъул мансабдор шахсларини интизомий жавобгарликка тортиш ва айбдор шахсларни аниқлаб етказилган зарарни ундириб олиш чоралари белгилаб олинди.

 

Турғун Қаҳҳоров,

Навоий вилоят суди судьяси.