Қурилиш пудратига оид ишларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Пудрат шартномаси деганда, бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан, муайян ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади. Буюртмачи эса, иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.

Сўнгги йилларда юртимиз саноати ва иқтисодининг ўсиши туфайли барча ҳудудларда қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Шу сабабли қурилиш пудратига оид  муносабатларни ўрнатишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар юзасидан айрим маълумотларни ёритишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Хусусан, қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади. Қурилиш пудрати шартномаси буюртмачи ва пудратчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Пудратчи қурилиш ва у билан боғлиқ бўлган ишларни ишнинг ҳажми, мазмуни ва уларга қўйиладиган бошқа талабларни белгилайдиган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши шарт.

Судларда ушбу тоифа низоларни кўриб чиқиш жараёнида кўп ҳолларда пудратчи қурилиш давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган ишларни ва шу муносабат билан қўшимча ишларни бажариш ва қурилишнинг смета қийматини ошириш зарурлигини аниқлаганда, бу тўғрисида буюртмачига ёзма равишда хабар бермаётганлиги, ишга ёрдамчи пудратчилар жалб қилинган ҳолларда бир-бири олдидаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни тушуниб етмаслик, шартномага мувофиқ ишни бажариш муддатларига риоя қилинмаётганлиги, буюртмачининг материалидан фойдаланган ҳолда иш бажарилганда, ишлатилган материаллар тўғрисида пудратчи томонидан ҳисоботлар тақдим этилмаётганлиги, буюртмачи пудратчининг фаолиятига аралашмаган ҳолда ишнинг бориши ва сифатини текшириш ҳуқуқидан фойдаланмаётганлиги, бошланғич ҳисоб ҳужжатларининг ўз вақтида, тўғри ва ишончли тузилмаётганлиги, шунингдек бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун белгиланган муддатларда топширилмаётганлиги ҳолатлари кузатилмоқда.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси
68-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаблари ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.

Бу тоифа ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 37-боби (631-702-моддалари), Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда Олий суд Пленуми қарорларида берилган тушунтиришларга қатъий таянилмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш ўринлики, тарафлар қурилиш пудратига оид муносабатларни ўрнатишда мазкур муносабатларнинг ёзма шаклдаги шартнома билан расмийлаштирилганлигига, мазкур шартномада барча зарур шартлар келишиб олинганлигига, лойиҳа-смета ҳужжатлари мавжудлигига ва қурилиш ишларини ушбу ҳужжатлар талабларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилишига жиддий эътибор қаратишлари лозим.

 

Шерзод Ғофуров

 Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси