Ҳаромдан ҳазар қилмайдиганлар ҳам бор
Рамз (воқеа иштирокчиларнинг исмлари ўзгартилирилган) фирибгарлик жинояти содир этгани учун ўн марта судланди. Биринчи бор жиноят Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман суди унинг фирбгарлик жиноятини кўриб чиққан эди. Ёшлиги туфайли билмай бу ножўя қилмишга қўл ургандир, дея амнистия актига асосан уни жазодан озод этишган.
Аммо Рамз яхши томонга ўзгариш ўрнига, “ўз касби”нинг бошқа қирраларини кўрсатди, иккинчи сафар у жиноят жойини ўзгартирди, холос. Қилмиши тезда фош бўлиб Жиноят ишлари бўйича Кармана тумани суди томонидан жазога тортилди. Мазкур жинояти учун узил-кесил 11 йилга озодликдан маҳрум этилди. Кейинроқ ўталмай қолган жазо муддати енгилроғига алмаштирилди. Агар шу тартибда санайдиган бўлсак ҳайрон бўлиб, бош қашлаб қоламиз. Боиси, юқорида таъкидлаганимиздек Рамз ҳассасини нақ 10 марта йўқотди. Жиноий қилмиши учун озодликдан маҳрум бўлиш, турли жарималар тўлаш унинг кўзини очмади. Айни пайтда ун биринчи бор суднинг қора курсисида яна бир қилмиши учун ўтирибди. Қайси қилмиши учун дейсизми? Буни қўйидаги воқеадан билиб оласиз. У Кармана тумани Кумушкон қўрғонидан тикувчилик цехи ва дўкон очиш учун ҳокимият қарори асосида ер участкаси олди. Бундан хабар топган қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билишлар энди унга инсоф кирибди деб уйлашди. Улар Рамз Каромов навбатдаги жиноят режасини тузаётганини хаёлларига ҳам келтиришмаганди.
Бундан буён кўп қатори яшайди ўзгага зиён келтирмайди, деб ишонишганди. Хуллас, “қаҳрамонимиз” бир неча ҳафта давомида дам олган киши бўлиб, ўйидан чиқмади. Мабодо зарурат юзасидан кўчага чиқса ҳам, барчага хушмуомилада бўлиб юрди. Ниҳоят бир куни тўй-ҳашамларда киядиган кастюм-шимини кийиб, бўйнига бўйинбоғ тақиб, кўзга кўринган ресторанларнинг бирига овқатланишга кирди. Атрофдагиларнинг этиборини ўзига қаратиш учун уяли телефонида ер участкасини сотиш хусусида мижозлар билан “сухбатлашди”. Гуёки ўзини чет элга товар олиб келгани кетаётгандек қилиб кўрсатди. Шунга маблағ зарур бўлганини айтиб, шунинг учун ерини пастроқ нархга сотаётганини бот-бот такрорлади. Хўрандалар орасида айрим бойваччалар ҳам унинг ерига ҳаридор бўла бошлашди. Нихоят кейинроқ “балиқ” унинг ҳийла қармоғига илинди. Иморат кўриш учун ер сотиб олмоқчи бўлиб юрган Жавоҳир олдиндан 65 миллион сўм “заклат” бериб, жойни банд қилди. У ерни ҳужжатларини сўраганида Рамз бу янги жой еканлиги, ҳужжатлари энди расмийлаштирилаётгани, иморат қуриш бошлангандан сўнг ҳужжатлар тўлиқ қўлида бўлишини айтиб Жавоҳирни ишонтирди.
Шундан сўнг орадан бир неча ҳафта ўтди. Рамз аввалига Жавоҳир билан учрашишдан ўзини олиб қочиб юрди. Сўнг Жавоҳирнинг қўнғироқларига жавоб бермай қўйди. Ана шундан кейин тадбиркор алданганини ҳис этиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига мурожаат этди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши кўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиб иш судга оширилди. Суд жараёнида Рамз айбига иқрор бўлди. У судга қадар Жаҳонгирга пулларининг бир қисмини қайтаргани инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шу ўринда бир мулоҳаза. Бу дунёда Рамзга ўхшаб ҳаром луқмадан, ўзгаларни чув тушириб пулини, молини ўзлаштиришдан ҳазар қилмайдиган кимсалар ҳам бор. Маслаҳатимиз, уларнинг алдовига учмаслик, тўзоғига тушмаслик учун ҳар бир ишни қонуний ҳал этишга одатланинг. Доимо ҳуқуқий билимингизни, савиянгизни ошириб боринг. Фирибгарларнинг ҳийла-найрангидан огоҳ бўлинг!
Меҳриддин Камолов,
жиноят ишлари бўйича
Навоий шаҳар судининг судьяси