“Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди
Китоб — ҳаёт ҳикматларини ўргатувчи жавоҳирлар сандиғи.
Навоий вилоят судида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан нашр этилган «Судья маънавияти, одоби ва масъулияти» номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида нашр этилган бўлиб, унда янги жамиятнинг судьяси қандай маънавий фазилатларга эга бўлиши лозимлиги, унинг маърифий қарашлари, одоби, давлат ва жамият олдидаги масъулияти мезонлари тарихий воқеликлар ҳамда бугунги давр нуқтаи назаридан таҳлил этилган.
Маросимда, китобни чоп этишдан кўзланган асосий мақсад янги Ўзбекистонда рўй бераётган тарихий бурилиш палласида адолатни қарор топтиришда қодир бўлган судьянинг маънавий баркамоллигига кўмаклашиш эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, китобда келтирилган “Адолат, ҳақиқат ва поклик истаги”, “Судьялар адолатнинг мустақил устунлари”, “Одил судов маданияти ва одоби”, “Қозининг ҳалоллиги”, “Исломда қозилик каби” ибратли ривоят, нақл, масал ва маталлар ҳар қандай инсонни мулоҳаза қилишга чорлаши борасида сўз борди.
Китоб мутолааси натижасида олинган маънавий озуқа судьяларнинг касбий фаолияти ва шахсий ҳаёти учун хайрли ва манфаатли бўлиши тайин, зеро маънавият, масъулият ва одоб инсоннинг касбу шахсига бирдек керак бўлган хислатлар ҳисобланади.
Мазкур китоб судьялар, суд тизими ходимлари, шунингдек барча давлат органи хизматчилари ҳамда кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
Китобнинг электрон нусхаси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг www.sudyalaroliykengashi.uz БМТ Тараққиёт Дастурининг www.uz.undp.org интернет сайтларида жойлаштирилган.
Азиза Рўзиева
Навоий вилоят суди жамоатчилик ва ОАВлар билан
алоқалар бўйича бош консультанти