Навоийда 2021 йилда 147 та ҳолатда мансабдор шахсларнинг қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилган
Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2021 йилда 1676 нафар шахсга нисбатан 1282 та жиноят иши кўриб тамомланган.
Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 413 тага, шахслар сони эса 609 тага кўпайган.
Бу ҳақда Навоий вилоят судида судлар томонидан 2021 йилда одил судловни амалга ошириш борасида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди. Таъкидланганидек, тамомланган ишлардан 1198 нафар шахсга нисбатан 847 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган. Ҳукм чиқарилган ишлар сони 255 та ёки қарийиб 44 фоизга кўпайган.
– Якунланган йилда 473 нафар шахсга нисбатан 431 та иш тугатилган бўлиб, шундан 451 нафар шахсга нисбатан 416 та жиноят иши ЖК тегишли моддасига асосан тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан ёпилган, – дейди вилоят суди судяси Азиз Сафаров. – Ушбу даврда аёлларга нисбатан 126 та, ёшларга нисбатан 562 та, 48 нафар 60 ёшдан ошган фуқароларга нисбатан жиноят ишлари кўрилган. 39 та жиноят иши бўйича моддалар айбловдан тўлиқ чиқарилган. 18 таси бўйича модда бандлари чиқарилган бўлса, 28 таси бўйича бошқа моддаларга, 72 таси бўйича модданинг бошқа қисмига малакаланган. Фуқаролик судлари томонидан эса 2021 йилда жами 16 минг 797 та фуқаролик ишлар кўриб тамомланган. Шундан 7412 таси ёки 44 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.
– Кўрилган ишларнинг 769 таси алоҳида тартибда юритиладиган ишлар билан, 3694 таси оила низолари, 10091 таси турли битимлар билан боғлиқ ишларни ташкил этиб, судлар томонидан кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8828 тага кўпайган, – дейди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Ихтиёр Қосимов. – Йил давомида ихтиёрий тўланган давлат божи миқдори 3,3 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, суд қарорларига асосан 11 миллиард сўм миқдорида давлат божи ундирилган.
Иқтисодий судлар томонидан ҳисобот даврида одил судловни амалга ошириш юзасидан жами 3559 та иш кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг 1819 таси ёки 51,1 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.
– Кўрилган ишларнинг 211 та суд мажлиси видеоконференц алоқа режимида ўтказилган, – дейди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Темур Абдураманов. – Бунда 397 нафар вакиллар ўз ҳудудларида иштирок этиб, уларнинг қарийиб 89 миллион сўм маблағлари тежалган. Кўрилган ишларнинг 2347 таси фуқаролик ҳуқуқий, 932 таси маъмурий ҳуқуқий, 12 таси банкротлик, 9 таси корпоратив муносабатларга оид ишлардир.
2021 йил мобайнида Навоий вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан 931 та оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ маъмурий ишлар кўриб тамомланган бўлиб, шундан 788 таси қаноатлантирилган, 98 таси рад қилинган, 27 таси иш юритувдан тугатилган ҳамда 18 та ариза кўрмасдан қолдирилган.
– Ўтган йил давомида мансабдор шахсларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ 147 та иш кўриб тамомланган бўлиб, уларнинг 108 таси ҳокимликларга тегишли қарорлардир, – дейди вилоят Маъмурий суди раиси Акмал Муродов. – Шунингдек, ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 211 маротаба хусусий ажримлар чиқарилган. Уларнинг 195 таси бўйича жавоблари олинган, қолганлари бўйича қонунда белгиланган муддатлари мавжуд.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ва журналистлар ўзларини қизиқтирган суд-ҳуқуқ соҳаси билан боғлиқ саволларига батафсил жавоб олди.