Учқудуқ туманида яна бир оила яраштирилди
Оила – бу жамиятнинг муҳим бўғини бўлиб, уни асраш эса устувор вазифамиздир. Ваҳоланки, оилалар қанчалик тинч ва тотув бўлса, шундагина давлат тинч ва барқарор равнақ топиши мумкин. Хар бир оила тотувлиги мамлакатнинг равнақини белгиловчи омилдир. Никоҳ деб аталмиш муқаддас риштани мустаҳкамлаш, шунингдек оилаларни қўллаб-қувватлаш, авлодларга бу азиз қўрғоннинг нечоғлик аҳамиятлилигини етказиш зарур.
Оилавий муносабатларини ислоҳ қилиш, уларни келгусида кечиримлилик, бир-бирини тушуниш каби инсоний фазилатлар билан маънавий-руҳий тарбиялаш умумбашарий рад этиб бўлмас бурчимиздир. Бу борада фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, фуқаро В.Тагаева томонидан турмуш ўртоғи Б.Тагаев билан никоҳдан ажратиш даъвоси бўйича судга мурожаат қилган. Суд томонидан туман Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими масъуллари билан ҳамкорликда мазкур мурожаат ўрганиб чиқилиб, тарафларни оилага бўлган муносабатини ўзгартириш масаласи муҳокама қилиниб, ўзаро яраштириш чоралари кўрилди. Кўрилган чоралар самараси ўлароқ икки нафар вояга етмаган фарзанд тарбия топаётган ёш оилани яраштиришга эришилди.
Ёш гўдакларни ўз ота-онаси меҳри билан оилада бекаму-кўст вояга етишларига замин яратилди.
Беҳзод Шерматов
Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси