Судьялар томонидан суд (тугатиш) бошқарувчилари учун семинар ташкил этилди

Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш борасидаги қонунчиликни соддалаштириш, хусусий мулкни янада ривожлантириш, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, уни кенг ривожлантириш учун максимал қулай шароит яратиш ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадига айланди.

Пироварида мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити яхшиланди. Тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Жорий йилнинг 18 август куни Навоий вилоят судининг иқтисодий судлов ҳайъати судялари ҳамда Давлат активларини бошқариш вилоят ҳудудий бошқармаси ва суд (тугатиш) бошқарувчилари иштирокида семинар ўтказилди.

Сўзга чиққан судьялар жорий йилнинг 14 апрель кунидан қонуний кучга кирган “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб, мазкур қонуннинг қабул қилиниши соҳадаги изчил ислоҳатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Сир эмаски иқтисодий ночор корхоналар ва тадбиркорлик субъектларини молиявий инқироз ҳолатидан олиб чиқиш улар фаолиятини қайта тиклаш ҳамда соғломлаштириш масалаларида амалдаги қонунчилик нормалари ва жорий тартиблар етарлича самара бермаётган эди. Бу ўз-ўзидан мазкур қонунни ишлаб чиқишни ва амалга жорий этишни тақозо қилди.

Жумладан, “Банкротлик тўғрсидаги” қонуннинг банкротлик атамаси билан номланиши иқтисодий ночор корхоналарни банкрот деб топиш ва уларни тугатиш билан боғлиқ тушунчани англатарди.

Шунингдек, кредиторлар қарзларининг қопланиш даражаси пастлиги ва банкротлик жараёнлари узоқ муддат давом этиши оқибатида кўп харажат сарф бўлиши ҳамда қарздор тузган битимларни бажаришдан бош тортиш ва уларни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича аниқ нормалар ишлаб чиқилмаган эди.  Бундан ташқари суд бошқарувчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган бўлсада, уларнинг ваколатлари етарли даражада эмас эди.

Эндиликда янги “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан вақтинча тўловга ва доимий тўловга қобилиятсизлик муддатлари аниқ кўрсатилди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши хорижий инвесторларни жалб қилиш ҳамда тадбиркорлик муҳитини жозибардорлигини оширишга хизмат қилади.

Семинар сўнгида иштирокчилар томонидан берилган саволларга судьялар томонидан батафсил жавоблар берилди.

 

Лутфулла Тошмуродов

Навоий вилоят судининг

иқтисодий ишлари бўйича судьяси