Тадбиркорнинг пули аслида кимда эди
Мамлакатимизда сўнгги йилларда кенг кўламли қатъий ислоҳотлар инсон қадри ва тадбиркор манфаати учун амалга оширилмоқда. Албатта, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва чора-тадбирларнинг ижобий самарасини халқимиз ва тадбиркорларимиз ҳис қилиб туришибди.
Инсон ва тадбиркорлар ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш ва уларнинг мурожаатларини ўз вақтида, тўлиқ, сифатли ва жонкуярлик билан кўриб чиқиш ҳар бир давлат хизматчиси ва ташкилот ходимининг қатъий вазифаси эканлигини англаши юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва иқтисодиётимиз риовжланишидаги муҳим омилдир.
Аммо, суд амалиётида кўрилаётган ишлардан маълум бўлмоқдаки, айрим ҳолларда мурожаатларни тўлиқ ва масъулият билан кўриб чиқилмаслиги фуқаро ва тадбиркорларнинг идорама-идора сарсон бўлишига ва бу орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг бугунги кунда амалга оширилаётган қатъий ислоҳотлар самарасига нисбатан бўлган ишончини пасайишига сабаб бўлмоқда.
Хусусан, Мажбурий ижро бюроси Зарафшон шаҳар бўлими томонидан 11.04.2020 йилда 9423732-рақамли электрон инкассо топшириқномаси ва ОК79-рақамли мемориаль ордер билан «ZAR-NAMUNA BOSHQARUV KOMPANIYA» масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамидан жами 12.146.813 сўм ечиб олинган, шундан 12.098.270 сўм «O’ZTRANSGAZ» акциядорлик жамиятининг 22634000400117836359-ҳисоб рақамига ва 48.543 сўм банк хизмати учун йўналтирилган.
«ZAR-NAMUNA BOSHQARUV KOMPANIYA» масъулияти чекланган жамияти табиий газ истеъмолчиси эмаслиги, газ қувурига уланмаганлиги, газ идораси билан бирор-бир шартномаси мавжуд бўлмасада, унинг ҳисоб рақамидан 12.146.813 сўм маблағ нотўғри ечиб олинганлиги ва мазкур пул маблағини қайтариш юзасидан «HUDUDGAZTA`MINOT» акциядорлик жамияти ёки унинг ҳудудий филиалига ҳамда «O’ZTRANSGAZ» акциядорлик жамиятига йўллаган бир неча мурожаати мавжуд бўлишига қарамасдан масъуллар томонидан мазкур мурожаатлар ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганилмасдан гўёки пул маблағи ушбу жамиятларда мавжуд эмаслиги, бу борада «HUDUDGAZTA`MINOT» акциядорлик жамияти томонидан «O’ZTRANSGAZ» акциядорлик жамиятига ёки аксинча «O’ZTRANSGAZ» акциядорлик жамияти томонидан «HUDUDGAZTA`MINOT» акциядорлик жамиятига мурожаат қилиниши мақсадга мувофиқлиги юзасидан жавоб хатлари берилиб, пул маблағи қайтарилмасдан, тадбиркорнинг идорама идора амалий натижаси бўлмаган мурожаатлар йўллашига олиб келинган.
Натижада «ZAR-NAMUNA BOSHQARUV KOMPANIYA» масъулияти чекланган жамияти ўзининг бузилган ҳуқуқларини суд йўли билан ҳимоя қилиш мақсадида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «O’ZTRANSGAZ» акциядорлик жамияти ва «HUDUDGAZTA`MINOT» акциядорлик жамиятидан 12.146.813 сўмни ундиришни сўраган.
Ишни кўриш жараёнида маълум бўлдики, «ZAR-NAMUNA BOSHQARUV KOMPANIYA» масъулияти чекланган жамиятидан олинган 12.098.270 сўм пул маблағи «O’ZTRANSGAZ» акциядорлик жамияти электрон дастурининг “Оплата от население города Зарафшон” сатрида сақланиб, 31.12.2021 йилдаги топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан мазкур пул маблағи «HUDUDGAZTA`MINOT» акциядорлик жамиятига ўтказилган ва ўз навбатида «HUDUDGAZ NAVOIY» газ таъминоти филиали балансининг 6995-сонли ҳисоб рақамида эгаси аниқланмаган маблағ сифатида сақлаб келинган.
Ҳатто, ишни кўриш жараёнида судга тақдим қилинган 27.12.2022 йилдаги 33-01-28-976-сонли маълумотномада ҳам 12.098.270 сўмлик пул маблағининг «HUDUDGAZTA`MINOT» акциядорлик жамияти ёки унинг ҳудудий филиалида мавжуд эмаслиги маълум қилинганлиги ҳам мавжуд ҳолатларга масъуллар томонидан қанчалик эътиборсизлик ва масъулиятсизлик билан муносабатда бўлинганлигини кўрсатади.
Зеро, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 23-моддасининг биринчи қисмига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг мулки дахлсиздир ва қонун билан муҳофаза қилинади.
Низо юзасидан мавжуд барча ҳолатлар суд томонидан бирма бир ўрганилиб, уларга ҳуқуқий баҳо берилиб, суднинг 4-2102-2201/512-сонли иши юзасидан қабул қилинган 2023 йил 25 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, «HUDUDGAZTA`MINOT» акциядорлик жамиятидан «ZAR-NAMUNA BOSHQARUV KOMPANIYA» масъулияти чекланган жамияти фойдасига 12.098.270 сўм, кичик тадбиркорлик субъекти сифатида олдиндан тўланган 150.000 сўм давлат божи ва 24.000 сўм почта харажати ундирилиб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи суд йўли билан ҳимоя қилинган.
Бу каби салбий ҳолатларга келгусида йўл қўймаслик, фуқаро ва тадбиркорларимизнинг ортиқча овора ва сарсонгарчилигини олдини олиш, зарур чораларни кўриш мақсадида жавобгар раҳбарияти эътиборига тақдимнома киритилган.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, агарда тадбиркоримизнинг мурожаати масъуллар томонидан ўз вақтида тўлиқ ўрганилиб, пул маблағининг айнан кимда ва қаерда сақланаётганлигига аниқлик киритилганида эди, юқорида қайд этилган салбий ҳолатларнинг ҳамда ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиш имкони бўлар эди.
Шерзод Ғофуров,
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси