Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш сиёсати
Коррупцияга қарши кураш бугунги кундаги дунё ҳамжамияти олдида турган энг долзарб масалалардан бирига айланди. Унинг давлатлар, минтақа иқтисодиёти, сиёсати, ижтимоий ҳаёти учун ҳалокатли таъсирга эга эканлигини жонли мисоллар орқали бир нечта мамлакатлар инқирозида кўришимиз мумкин.
Шу боисдан сўнгги йилларда хорижий давлатларда бўлиб ўтган Парламент ва Президентлик сайловларида ҳам сиёсий партиялар коррупцияга қарши курашишни ўзларининг энг муҳим йўналишлари сифатида кўрсатишмоқда
Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда ҳам давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Буни сўнгги йиллларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўришмиз мумкин.
Хусусан, мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ва комплекс давом эттириш учун 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш белгиланган.
Ушбу стратегияни ишлаб чиқишда реал вазиятни тўлиқ қамраб олган яхлит ва бир бутун режа бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Беш йилга мўлжалланган комплекс дастурий ҳужжатни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш жараёнида муваффақиятли натижага эришган давлатлар тажрибаси ўрганилмоқда. Эътиборли жиҳати, аксар давлатлар коррупцияга қарши курашишда шу каби стратегик комплекс ҳужжатларни қабул қилиш ва ундаги вазифаларни тизимли тадбиқ этиш орқали сезиларли ижобий натижага эришмоқда.
Грузия, Эстония, Греция каби давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, узоқ муддатга мўлжалланган комплекс дастур коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш самарадорлигини оширишга ҳамда халқаро рейтинглардаги ўрнининг кўтарилишига хизмат қилган.
Юртимизда ҳам коррупцияга қарши курашишда айнан узоқ муддатни кўзлаган ҳолда тизимли, комплекс ишлаб чиқилган дастур ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши келгусида бу борадаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилганди
Асосийси, бугун жамиятимизда уйғонаётган коррупцияга нисбатан муросасизлик кайфиятини, журналист ва блогерлардаги коррупцияга қарши жанговар руҳни, давлат идоралари ва мансабдор шахсларидаги коррупция мамлакат келажагига ғов сифатида қарашни янада кучайтириш лозим.
Санжар Хайдаров,
Жиноят ишлари бўйича
Учқудуқ туман суди девонхона мудири.