Яшаганлик факти қонун ҳимоясида!!!

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг очиқ суд мажлиси, аризачи Навоий шахар адлия бўлимининг Гаврилова Замира Абдурауфовна манфаатида Навоий шахар ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига нисбатан юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилди.

Аризачи З.Гаврилова 2003 йилда доимий яшаш учун Россия Федерациясидан доимий паспорт рўйхатидан чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Навоий шахар Ибн Сино кўчаси 24-уй, 506-хонадонда яшаб келгани, фуқаро З.Гаврилова адлия бўлимига мурожаат қилиб, ҳуқуқий саводхонлиги пастлиги ҳамда давлат божини тўлаш учун имконияти бўлмаганлигини кўрсатиб, судга ариза билан мурожаат қилишда амалий ёрдам беришни сўрагани, З.Гаврилова Россия Федерациясидан кўчиб келиб, Ўзбекистон Республикасида оила аъзолари билан ҳозиргача яшаб келаётганлиги бўйича Навоий шахар ИИБ бошлиғи томонидан тасдиқланган хулоса, фарзандлари Улугова Светлана Абдусаттаровна ва Улугов Андрей Абдисаттаровичларга Навоий шахар ФҲДЁ бўлими томонидан берилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, Улугова Светлана Абдусаттаровнанинг Навоий шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан берилган ўлим гувоҳномаси нусхалари ва бошқа ҳужжатлар тасдиқлашини, шунга кўра З.Гаврилованинг 2003 йилдан Ўзбекистон Республикаси Навоий вилояти Навоий шаҳрида доимий яшаганлик фактини белгилаш лозим бўлишини билдириб, З.Гаврилованинг 2003 йилдан Ўзбекистон Республикас Навоий вилояти Навоий шаҳрида доимий яшаганлик фактини белгилаб беришни сўраган.

Маълум бўлишича аризачи З.Гаврилова 1964 йил 17 сентябрда Тошкент шахрида туғилган.

2003 йилда оила аъзолари билан Россия Федерациясидан чиқиб Ўзбекистон Республикасига доимий яшаш мақсадида қайтиб келган, шундан буён Навоий шахар ИИБда фуқаролиги йўқ шахс сифатида рўйхатда туриши, ҳозирги кунда ҳам Навоий шахар Ибн Сино кўчаси 24-уй 506-хонадонда оила аъзолар билан биргаликда яшаб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 март кунидаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси 2-қисмига асосан, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиниши белгиланган.

Аризачи З.Гавриловага фуқаролиги йўқ шахс учун Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси берилган.

Иш ҳужжатларида мавжуд Навоий шахар ИИБ М ва ФРБнинг 2024 йил 06 февралдаги хулосасидан аниқланишича, З.Гаврилова 2003 йилда Ўзбекистон Республикасига доимий яшаш мақсадида кўчиб келгани, унга З.Гаврилова Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, фуқаро Гаврилова Замира Абдурауфовнанинг 2003 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Навоий вилояти Навоий шахрида доимий яшаб келаётганлиги факти белгиланди.

Бу орқали, жамиятимизда бир шахснинг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари каби тенг ҳуқуқли асосида фуқаролик олишига йўл очиб берилди.

Баҳодир Бабақулов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси.

 

Зарифжон Утамуродов,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди судьяси.