Моддий ва маънавий зарар

Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади.

 

Зарар икки турда бўлади моддий зарар ҳамда маънавий зарар.

Моддий зарар

 

Ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Зарар етказган шахс, агар зарар ўз айби билан етказилмаганини исботласа, зарарни тўлашдан озод қилинади. Қонунда зарар етказган шахснинг айби бўлмаган тақдирда ҳам зарарни тўлаш назарда тутилиши мумкин.

Маънавий зарар.

Маънавий зарар деганда жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати оқибатида у бошидан кечирган маънавий ва жисмоний азоблар тушунилади.

Маънавий зарар, жумладан яқин қариндошини йўқотиш (ўлими) сабабли маънавий қайғуриш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини давом эттира олмаслик, ишини йўқотиш, оилавий, тиббий сирларни ошкор қилиш, фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, ҳар қандай бошқа ҳуқуқларини вақтинча чеклаш ёки улардан маҳрум қилиш, етказилган зарар ёки соғлиққа бошқача зиён етказиш туфайли, жисмоний оғриқ, соғлиққа бошқача етказилган ёхуд етказилган маънавий азоблар натижасида бошидан ўтказилган бошқа касалликларда намоён бўлиши мумкин.

Маънавий зарар пул билан қопланади.

Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланади. Зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозим.

Жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади.

Маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъи назар қопланади.

Маънавий зарар уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланади.

Маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар, қуйидаги ҳолларда қопланади, агар:

зарар фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган бўлса;

зарар фуқарога уни қонунга хилоф тарзда ҳукм қилиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф тарзда қўлланиш, қонунга хилоф тарзда маъмурий жазо қўлланиш ва қонунга хилоф тарзда ушлаб туриш натижасида етказилган бўлса;

зарар ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса;

қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига кўра, қуйидагилар судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган

 даъвогарлар — меҳнатда майиб бўлганлиги ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланганлиги, шунингдек боқувчиси вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

4) даъвогарлар — қонунга хилоф равишда ҳукм этганлик, жиноий жавобгарликка тортганлик, маъмурий жазо берганлик туфайли жисмоний шахсга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ низолар юзасидан;

5) даъвогарлар — жиноят туфайли етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

51) даъвогарлар — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

 

Шерали Тогоев,

Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро суди судяси.