БАНКНИНГ ФИРИБГАР ЮРИСТИГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг очиқ сайёр суд мажлиси тумандаги “Бўдиқ” МФЙ биносида бўлиб, раислик қилувчи судья Ф.Рахмановнинг раислигида судланувчи Облоқулов Жавоҳир Ўткирович ва Зоҳидов Илҳом Ялгаш ўғли (исм шарифлар ўзгартирилган) ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 228-моддаси 2-қисми “б” банди билан  жиноят иши кўриб чиқилди.

Судланувчи Ж.Облоқулов ўзганинг мулкини алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан талон-торож қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.10.2019 йилдаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори талабларидан ўзининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиб, АТБ «Агробанк» Нурота филиали собиқ ҳуқуқшуноси лавозимида 2019 йилнинг ноябрь ойидан 2022 йилнинг март ойига қадар фаолият юритиб келиб, Бўдиқ МФЙ ҳоким ёрдамчиси И.Зоҳидов билан жиноий тил бириктириб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда тергов жараёнида жиноят ишининг қисми айблилик масаласи ҳал қилинмасдан тугатилган “Farina-Nur Kelajagi” МЧЖнинг иш бошқарувчиси ва бошқа шахслар билан ўзаро олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар бўлишиб, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан банк кредит маблағларини қўлга киритиш мақсадида, 2020 йил июнь ойида Нурота тумани “Бўдиқ” МФЙда яшовчи фуқаролар Н.Рахматова, К.Саъдуллоев, А.Юсуфалиев, Н.Бекмуродов, К.Синдаровлар ишончига кириб, унинг номига АТБ “Агробанк” Нурота филиалидан имтиёзли кредит маблағларини олиш мақсадида, турмуш ўртоғи Н.Рахматова, К.Саъдуллоев, А.Юсуфалиев, Н.Бекмуродов, К.Синдаровларнинг паспорт нусхалари ёрдамида “Farina-Nur Kelajagi” МЧЖнинг иш бошқарувчиси билан биргаликда уларнинг номига “Ҳунармандчилик йўналишида” учун 2020 йил 9 июнь куни тузилган кредит шартномаси ҳамда 08.06.2020 №27-сонли ҳисоб-фактурасига ушбу фуқароларнинг номидан имзо қўйиб, йиллик 14 фоиз устама тўлаш шарти билан 3 йил муддатга, 6 ой имтиёзли даври билан 33 млн сўмлик бўлган жами 165.000.000 сўм имтиёзли кредит маблағларини ажратилишига ва пул маблағларини “Farina-Nur Kelajagi” ХК ҳисоб рақамига кўчирилишига эришиб, ушбу кредит маблағларини корхона раҳбари билан келишиб нақдлаштириб олиб, пулларини ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юбориб, кредит қарздорлигини тўламасдан, 165 млн сўм кредит маблағларини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилган.

Суд мажлисида ҳар иккала судланувчиларнинг қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, содир қилган жиноятининг ҳуқуқий оқибатларини тўлиқ англаб етганлигини, жабрланувчиларга етказилган зарарлар тўлиқ қопланганлиги, судланувчиларнинг жавобгарлигини енгиллаштирувчи ҳамда оғирлаштирувчи ҳолатлар инобага олиниб, уларга ЖКнинг 45-моддаси қўлланилган ҳолда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Улуғларимиз “Ўзганинг ҳақи бировга буюрмайди” – деб бежизга айтишмаганлигини судланувчилар Ж.Облоқулов ҳамда И.Зоҳидовларнинг тақдирларида яққол намоён бўлганлигини кўриб, хулоса чиқаришни фуқароларнинг ўзига ҳавола қиламиз.

 Фурқат Рахманов,

Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг раиси.