Бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошларнинг бола билан кўришиб туриш ҳуқуқи
Бугунги кунда давлат томонидан болалар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг, ота-онанинг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, ҳимояланиши каби конституциявий принциплар таъминланиши бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳар бир болага лозим даражада тарбия беришда ва уни камолотга етишига нафақат ота-онанинг, балки бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошларнинг ҳам ҳиссаси катта.
Шу сабабли оила қонунчилигига асосан нафақат боладан алоҳида яшаётган ота (она)нинг бола билан кўришиш ҳуқуқи, бундан ташқари бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошларнинг ҳам бола билан кўришиб туриш ҳуқуқи мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 77-моддасида, бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар бола билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга. Ота-она (улардан бири) яқин қариндошларнинг бола билан кўришишига имконият бермасалар, васийлик ва ҳомийлик органи ота-онани (улардан бирини) бундай имконият беришга мажбур қилиши мумкин. Агар ота-она (улардан бири) васийлик ва ҳомийлик органининг қарорини бажармаса, боланинг яқин қариндошлари ёки васийлик ва ҳомийлик органи бола билан кўришиб туришга тўсқинлик қилувчи ҳолларни бартараф қилиш ҳақида даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Суд боланинг манфаатларини ва боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда низони ҳал қилади. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаган тақдирда айбдор ота (она)га нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар қўлланилади.
Ушбу моддада бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошларнинг бола билан кўришишига ота-она (улардан бири) имконият бермаса, улар васийлик ва ҳомийлик органига мурожаат қилишлари лозим, васийлик ва ҳомийлик органи ота-онани (улардан бирини) бундай имконият беришга мажбур қилиши мумкин, агар ота-она (улардан бири) васийлик ва ҳомийлик органининг қарорини бажармаса, бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар ёки васийлик ва ҳомийлик органи бола билан кўришиб туришга тўсқинлик қилувчи ҳолларни бартараф қилиш ҳақида даъво талаби билан тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман, шаҳар) судига мурожаат қилишлари мумкин.
Анвар Жумаев,
Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.