Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи ва у қонун билан муҳофаза қилинади, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг VII боби “Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар” дб номланган бўлиб, Конституциянинг 25-моддасида яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи эканлиги ва у қонун билан муҳофаза қилиниши, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади ҳамда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш энг устивор йўналишлардан бирига айланди.

Бироқ, бази ҳолатларда ушбу қадриятларга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдек энг устивор йўналишларга зид равишда кўнгилсиз ходисаларни содир этган шахслар ҳам учраб турибди.

Хусусан, фуқаро Ж.Ш Хатирчи тумани, “Навбаҳор” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Кафе Нур” чойхонасида сомсапаз бўлиб ишлаб келиб, 2024 йил 03 март куни соат 15:50 ларда чойхона ошхонасида таниши М.К билан муносабатларига аралашганлиги сабабли ёрдамчиси З.А билан оғзаки жанжаллашиб қолиб, ўзаро жанжал давомида З.А унинг юз қисмига бир маротаба қўли билан урганлигидан ғазабланиб, уни қасддан ўлдириш мақсадида ошхонадаги иш столи устида турган ёғоч дастали ошхона пичоғи билан З.Анинг ҳаёт учун муҳим бўлган органлари жойлашган ўнг томон кўкрак қафаси, чап томон қулоқ супраси, чап чакка ва энса ҳамда бош тепа энса соҳаларига жами уч маротаба уриб, ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказганлиги оқибатида З.А воқеа жойида вафот этган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасида давлат органлари инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган.

Ушбу жиноят иши туман судида мазмунан кўриб чиқилиб, туман судининг 2024 йил 15 июлдаги ҳукмига кўра Ж.Ш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан 11 (ўн бир) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Шерали Хомидов,

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг раиси.