Мулк ижараси билан боғлиқ ишларнинг ўзига хос хусусиятлари
Ҳозирги бозор муносабатлари шароитида мулк ижараси билан боғлиқ муносабатлар тобора ривожланиб, унинг кўлами янада кенгайиб бормоқда. Эндиликда ижара, ижрачи ва ижарага берувчи деган сўзлар ва тушунчалар жамиятда кенг қўлланилмоқда, чунки ижара ҳаётнинг ҳамма соҳаларига чуқур кириб бормоқда.
Мамлакатимизда ижара муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Ижара тўғрисида”ги қонуни шунингдек, бошқа қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Ижара бу мулк эгасининг ишлаб чиқариш воситалари ва бошқа буюмларини муайян тўловлар эвазига вақтинча фойдаланиш учун бошқа бировга ўзаро келишувга мувофиқ топширишидир. Мулк эгаси (ижарага берувчи) ўз мулкини бошқа бировга (ижарачига) вақтинча эгалик қилиш ёки фойдаланиш учун беради.
Мулк ижараси – ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинчалик эгалик қилиш ва фойдаланиш учун учун топшириш. Ушбу муносаббатда икки мустақил тараф – ижарага берувчи ва ижарага олувчи қатнашади. Улар ўртасида Мулк ижараси шартномаси тузилади. Мулк ижарасидан ижарага берувчи ҳам, ижарага олувчи ҳам манфаатдор бўлади. Ижарага берувчи муайян ҳақ олади. Ижарага олувчи ҳам ундан мақсадга мувофиқ равишда фойдаланиб, даромад олади. Ижарага берувчи ажарага олувчига мул-мулкни мол-мулкни шартнома шартлари ва мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ ҳолда топшириши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 535-моддасига асосан, мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади.
Ижара муносабатларида ижарага берувчи ижарага олинган мулкларнинг мулкдори бўлиб қолаверади. Ижарачи эса шартномада кўрсатилган муддат давомида мулкдорнинг баъзи ҳуқуқларини олади ва бунинг учун ижара ҳақини тўлайди. Шу билан бирга, ижарачи ижара фаолияти давомида ишлаб чиқариш воситларининг вақтинча эгаси, олинган маҳсулот ва даромадларнинг мустақил эгаси ҳисобланади яъни, ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида оладиган маҳсулот, мева ва бошқа даромадлар унинг мулки ҳисобланади.
Мулк ижараси шартномасининг қуйидаги ҳуқуқий белгилари мавжуд биринчидан, мулк ижараси шартномаси тузилиш пайти ва мазмунига қараб консесуал характерни ифода этади. Чунки шартнома тарафлар ўртасида келишувга эришилган ва қонун талаб қилган шаклда расмийлаштирилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади, иккинчидан, мулк ижараси шартномаси ҳамма вақт ҳақ эвазига тузилади, учинчидан мулк ижараси шартномаси тарафлар ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ўзаро тақсимланишига қараб, икки томонлама шартномадир. Бунда ижарага берувчида ҳам ижарага олувчида ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятлар мавжуд бўлади. Мулк ижараси шартномасида мулк ҳуқуқининг мулкни эгаллаш ва фойдаланиш ёки фақат мулкдан фойдаланиш элементларигина ижарага берувчидан ижарага олувчига ўтади. Мулкни тасарруф этиш ҳуқуқи ҳар доим мулкдор қўлида сақланиб қолади.
Мулк ижарасининг объекти, яъни предмети шартноманинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ер участкалари, ер ости бойликлари жойлашган участкалар ва бошқа алоҳида табиий объектлар, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ва фойдаланиш жараёнида ўзининг табиий хусусиятларини йўқотмайдиган бошқа ашёлар (истеъмол қилинмайдиган ашёлар) мулк ижарасига берилиши мумкин.
Қонунда мулк ижараси шартномасининг шаклига алоҳида аҳамият берилган. Агар мулк ижараси шартномаси бир йилдан ортиқ муддатга тузилиши мўлжалланган бўлса, тарафлардан биронтаси юридик шахс бўлган ҳолларда эса, муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Кўчмас мулк ижараси шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Ҳукумат қарори билан кўчмас мулк ижара ёки текин фойдаланиш шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш маъмурий регламенти тасдиқланган. Регламентга кўра, ижарага берувчи кўчмас мулк шартномасини тузилганидан 3 кундан кечиктирмай солиқ органида ҳисобга қўйиши шарт. Шартномани ҳисобга қўйганлик учун тўлов ундирилмайди. Кўчмас мулк бирламчи ижарага олган шахс томонидан иккиламчи ижарага берилиши мумкин. Иккиламчи ижаралар ҳам солиқ органларида ҳисобга қўйилиши керак. Шартномани ҳисобга қўйиш Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизими орқали фақат электрон шаклда амалга оширилади. Ижарага берувчи томонидан тизим орқали юборилган шартнома ижараг олувчи томонидан 5 кунда тасдиқланмаса шартнома солиқ органларида ҳисобга олинмайди. Шартнома ҳисобга қўйилганда, ҚР-кодли гувоҳнома берилади. Шартнома тарафлар келишувига биноан ёки бошқа тартибда муддатидан олдин бекор қилинса ёки ҳақиқий эмас деб топилса, ижарага берувчи томонидан онлийн ҳисобдан чиқарилади.
Уй-жойни ижарага бериш шартномаси ҳақида Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексида қоидалар келтирилган бўлиб, унга кўра, уй-жойни ижарага бериш шартномаси ҳам ёзма шаклда тузилади. Фуқаролар ўртасида тузилган уй-жойни ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.
Ижарага берувчи ижарага олувчига доимий яшаш учун яроқли бўш уй-жойни бериши лозим.
Ижарага берувчи ижарага берилган турар жой жойлашган уйдан тегишли даражада фойдаланишни амалга ошириши, ижарага олувчига ҳақ эвазига зарур коммунал хизмат кўрсатиши ёки хизмат кўрсатилишини таъминлаши кўп квартирали уйнинг умумий фойдаланиладиган мол-мулки ва турар жой биносида жойлашган коммунал хизмат кўрсатиш қурилмалари таъмирланишини таъминлаши лозим.
Уй-жойни ижарага олиш шартномасига биноан фақатгиа фуқаро ижарага олувчи бўлиши мумкин.
Уй-жой юридик шахсларга ижара шартномаси ёки бошқа шартнома асосида эгалик қилиш ёки фойдаланиш учун топширилиши мумкин. Юридик шахс уй-жойдан фақатгина фуқароларнинг яшаши учун фойдаланиши мумкин.
Шартномада уй-жойда ижарага олувчи билан бирга доимий яшайдиган фуқаролар кўрсатилиши лозим. Ижарага олувчи билан бирга доимий яшайдиган фуқаролар уй-жойдан фойдаланиш бўйича у билан тенг ҳуқуқларга эга. Ижарага олувчи билан бундай шахслар ўртасидаги муносабатлар қонунда белгиланган.
Мулк ижараси шартномаси тарафлар келишуви билан белгиланадиган муайян муддатга тузилади. Агар мулк ижарасининг муддати шартномада белгиланмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган ҳисобланади. Бунда тарафлардан ҳар бири бошқа тарафни бир ой олдин, кўчмас мулк ижарасида эса уч ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, истаган пайтда шартномадан воз кечиши мумкин.
Ижара муносабатларида тарафларнинг жавобгарлиги қонун ёки шартнома билан белгиланади. Ўзбекистон Республикаси “Ижара тўғрисида”ги қонунининг 32-моддасига асосан, ижара муносабатлари субъектлари шартнома тузиш тартиби ва шартларини бузишда, шартнома мажбуриятларини бажармасликда, шартномани бир томонлама ўзгартиришда ёки бекор қилишда, шартномани ўзгартириш ва тўхтатиш тартиби ҳамда шартларини бузишда айбдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар, давлат идораларининг мансабдор шахслари қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортиладилар.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 541-моддасининг
3-4-қисмларида ижарага олувчига ижара мол-мулкини тўлиқ ва ўз вақтида топширмаганлик учун ижарага берувчининг жавобгарлиги белгиланган. Унга кўра,
-агарда шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мол-мулк барча мансуб ашёлари ва унга алоқадор ҳужжатлар (техник паспорт, сифат сертификати ва ҳоказолар) билан бирга ижарага топширилади. Агарда бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатлар топширилган бўлмаса ва уларсиз ижарага олувчи мол-мулкдан унинг ўз вазифаси бўйича фойдалана олмаса ёхуд шартнома тузиш пайтида мўлжаллашга ҳақли бўлган анча нарсасидан маҳрум бўлса, у ижарага берувчидан бундай мансуб ашёлар ва ҳужжатларни топширишни ёхуд шартномани бекор қилишни, шунингдек зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли;
– агар ижарага берувчи ижарага олувчига ижарага берилган мол-мулкни шартномада кўрсатилган муддатда, башарти шартномада бундай муддат кўрсатилган бўлмаса, оқилона муддатда топширмаган бўлса, ижарага олувчи ушбу Кодекснинг 331-моддасига мувофиқ бу мол-мулкни ундан талаб қилиб олиш ва ижронинг кечикканлиги туфайли етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ёки шартномани бекор қилиш ва унинг бажарилмаганлиги сабабли етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Бекзод Джумаев
Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси