Қидирув:

Юртимизда болалар ҳуқуқлари кафолатланган

Шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Энг муҳими, бу ҳуқуқий асосларнинг мазмун-моҳиятига бола ҳуқуқлари ҳимояси борасидаги миллий ва умуминсоний ғоялар баб-баравар сингдирилди.

Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мазкур Конвенция талабларига қатъий риоя этиб келмоқда.

Мазкур ҳужжатда инсониятнинг узвий бўлаги сифатида тан олинган болаларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланган.

Сўнги йилларда юртимизда бола ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Конституциямизнинг 77-моддасига биноан, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради.

Конституциямизнинг 78-моддасига асосан, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир. Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги ва «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар амал қилиб келинмоқда.

Булардан ташқари, 2024 йил 14 ноябрда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида» қонуни қабул қилиниб, 2025 йил 15 майдан кучга кириши белгилаб қўйилди.

Болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган институт яқин вақтга қадар мавжуд эмасди. Шу маънода, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари-Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимининг жорий этилиши маъқулланганлиги ниҳоятда муҳимдир.

Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлган шахс бола деб тан олинади. Ўн саккиз ёшга тўлмаган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари_ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, ҳомийлар ёки васийлар ҳимоя қилади.

Лекин маълум ёшдаги болалар айрим ҳуқуқларини мустақил амалга ошириши мумкин.

Жумладан, болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини кўриб чиқиш кафолатланган. Бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.

Яна бир мисол: айтайлик, ўн саккизга ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўламаганда ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган. Бундай ҳолларда, 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.

Конвенциянинг 3-моддасида, болани ижтимоий қўллаб-қувватлаш, суд, маъмурий бошқарув ва қонунчилик органлари томонидан қарорлар қабул қилишда боланинг энг устун манфаатлари кўзланиши тавсия қилинган.

ЮНИСЕФ тавсиясига кўра, бола манфаатларида судларга киритилган даъволар бож ва бошқа тўловлардан озод қилиниши мақбул ҳисобланади.

Шу маънода, юртимизда болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат  қилишда даъвогар давлат божи тўловлардан озод этилиши билан боғлиқ берилган имтиёз ҳам халқаро андозаларга тўла муносибдир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак. Ҳаммаси ўзимизнинг, Ўзбекистонимизнинг болалари. Вақтида меҳр кўрсатсак, ишга, илмга, касбу-ҳунарга, эзгу фазилатларга ўргатсак, уларни йўлини очиб берсак, эртага фойдаси ўзимизга, жамиятимизга тегади».

 

Умаров Нурбек,

Навоий вилоят судининг судьяси

Судья ва ёшлар учрашуви ўтказилди

Навоий вилоят суди судьялари томонидан Навоий шаҳрида жойлашган 1-сонли мактабда мактаб ўқитувчилари ва юқори синф ўқувчилари иштирокида давра суҳбати ўтказилиб, унда асосий масала Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги “Давлат таълим муассасаларида узлуксиз ҳуқуқий таълим тизимини жорий этиш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхоналигини ошириш чора тадбирилари тўғрисида”ги 532-сонли қарори мазмун моҳиятини ўқитувчи ва ёшларга тушунтириш, мазкур қарор асосида мактабларда “ҳуқуқий синф” лар ташкил этиш ва ҳуқуқий фанларни чуқурлаштириб ўтиш орқали юридик кадрлар тайёрлашда “мактаб-лицей-техникум-университет” тизимини жорий этишнинг аҳамияти, “ҳуқуқий синф” ларни ташкил этишдан кўзланган мақсад ва вазифалар, ёшларни мактабдан бошлаб ҳуқуқий маданияти ва саводхоналигини ошириб бориш масалалаарига алоҳида эътибор қаратилди.

Давра суҳбати жараёнида  мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар томонидан ўзларини қизиқтирган саволлар ва муаммоли масалалар юзасидан берилган саволларга судьялар томонидан тегишли жавоблар берилди.

 

Қаҳҳоров Турғунбой,

Навоий вилоят судининг судьяси

 

Қодиров Шуҳрат,

Навоий вилоят судининг судьяси

 

Умаров Нурбек,

Навоий вилоят судининг судьяси

Гаров билан таъминланган талабларни қаноатлантириш тизими такомиллашмоқда

Бозор иқтисодиёти шароитда тарафлар ўртасидаги муносабатларда мажбуриятларнинг таъминлашни энг муҳим ва кўп қўлланиладиган шакли гаров ҳисобланади. Гаров институти кредитор, қарздор ва гаровга қуюувчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни энг муҳим омили бўлиб, бу мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.

Бироқ амалиётда кредит (ипотека) шартномаси бўйича мажбуриятларни қарздор томонидан ўз вақтида ва (ёки) лозим даражада бажарилишини, кредиторнинг гаров билан таъминланган талаблари қондирилишини, суд тартибида ва суддан ташқари тартибда ундирувни гаров нарсасига қаратишни, гаровга олувчининг гаров нарсасига бўлган ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди.

Жорий йилнинг 22 апрель кунида қабул қилинган “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонунига кўра Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига, «Гаров тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, амалиётдаги муаммоларни ҳал этилишида ҳамда гаров билан таъминланган талабларни қаноатлантириш тизимини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 26 моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, эндиликда гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлган тақдирда, жуда арзимас деб ҳисобланади:

1) агар гаров билан таъминланган, қарздор томонидан қопланмаган мажбуриятнинг суммаси гаров қийматининг ўн беш фоизидан камроқни ташкил қилса;

2) агар гаров билан таъминланган мажбурият бажарилишининг кечикиши кетма-кет уч ойдан ошмаган бўлса;

Қонунчиликдаги мазкур ўзгартириш бир тарафдан гаровга қуюувчи мукдорларнинг ҳуқуқларини кафолатлинишини таъминлашга хизмат қилса, иккинчи тарафдан кредиторнинг ҳар фандай асолар билан ундирувни гаровга қаратиш тўғрисида судларга мурожаат қилиш ваколатларини тартибга солади.

Шунингдек, қонунчилик суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулкни сотиш тартиби ва шаклига аниқлик киритиб, гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасида мол-мулк нархи бўйича келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда гаровнинг дастлабки қиймати бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланиш тартибини ўрнатмоқда.

Хусусан Фуқаролик кодекси 28-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулк кимошди савдосида сотиш, бевосита сотиш, кредитга, лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб сотиш йўли билан ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши мумкин.

Гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдосидаги бошланғич сотиш нархи гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасидаги келишувга асосан белгиланади. Гаровга қўювчи ва гаровга олувчи ўртасида мол-мулк нархи бўйича келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда, мустақил баҳоловчи ташкилот жалб этилади ва гаровнинг дастлабки қиймати бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда баҳолаш билан боғлиқ барча харажатлар мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилган тараф томонидан қопланади.

Шунингдек, Фуқаролик кодекси 7461-модда “Кредитни муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш” номли модда билан тулдирилиб, унда қарз олувчининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.

Эндиликда, банк ёки бошқа кредит муассасаси кредитни муддатидан олдин суд тартибида ундиришда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кредитор дастлаб қарзнинг белгиланган муддатда қайтарилмаган қисмини ундириш учун судга мурожаат қилади. Бунда агар қарз олувчи муддати ўтган қарзни тўлиқ тўламаган тақдирда, кредитор кредитнинг қолган барча суммасини муддатидан олдин қайтариш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли бўлади.

Хулоса қилиб айтганда қонунчиликдаги мазкур ўзгартиришлар кредиторларнинг гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлашга, гаров нарсасини суддан ташқари тартибда реализация қилиш тизимини такомиллаштиришга, мажбуриятларни гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан ундириш жараёнларини соддалаштиришга ва кредит ташкилотларининг кредит портфелидаги муаммоли активлар улушини камайтиришга хизмат қилади.

 

Қаҳҳоров Турғунбой

Навоий вилоят судининг судьяси

Учқудуқ туманида ўтказилган сайёр қабул ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Учқудуқ тумани ММТБга қарашли 18-умумий ўрта таълим мактабида педагог ходимлар ва ишчи ходимлар иштирокида Навоий туманлараро маъмурий судининг судьяси томонидан сайёр қабул ўтказилди. Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган учрашувда мактаб жамоаси ҳудуд шароитидан келиб чиққан ҳолда ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар ва ўзларига керакли бўлган жавобларни олдилар.

Шунингдек, йиғилганларга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун моҳияти ҳамда суд тизимидаги ислоҳотлар юзасидан батафсил тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида судья З.Тухтаев томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Тухтаев Зафар,

Навоий туманлараро маъмурий судининг судьяси

Навоий вилояти Давлат солиқ бошқармаси биносида Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари, Марказий банк Навоий вилояти Бош бошқармаси ва Навоий шаҳридаги тижорат банклари маъсул ходимлари ҳамда суд (тугатиш) бошқарувчилари иштирокида Кармана туманлараро иқтисодий суди раиси ташаббуси билан семинар ташкил қилинди

Жорий йилнинг 28 апрель куни бўлиб ўтган ушбу семинар йиғилишида Кармана туманлараро иқтисодий суди раиси ва судьялари томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича узоқ муддатдан буён тугатишга доир иш юритиш якунланмаётган ишларнинг таҳлили, иқтисодий судларга қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик ишини қўзғатишга доир аризалар берилишида эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 22 апрелдаги “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 1060-сонли Қонунининг мазмун моҳияти семинар иштирокчиларига атрофлича тушунтириб берилди.

Жумладан, суд раиси А.Б.Хамидов ўз маърузасида қарздор солиқлар ва йиғимлар бўйича мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи, давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарзи бўлган юридик шахсларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий бошқармалари эга эканлиги, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш ушбу Қонуннинг 5-моддаси назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлганда суд томонидан қўзғатилиши мумкинлиги, тўловга қобилиятсизлик тўғрисида ишни юритиш кредиторларнинг, қарздорнинг ва ушбу Қонун билан ваколат берилган шахсларнинг аризаси асосида жорий этилиши, тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ва тўловга қобилиятсизликни тиклаш тартиб-таомилларидан бирини қўллаш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилишга қарздорнинг вақтинча тўловга қобилиятсизлиги асос бўлиши, қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳамда уни банкрот деб топиш, шунингдек тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш учун қарздорнинг доимий тўловга қобилиятсизлиги асос бўлиши, қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани қабул қилиш ҳақидаги масалани ёки тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани қабул қилишни рад этиш ёхуд қайтариш тўғрисидаги масалани судья ариза тушган пайтдан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал этиши, судья қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси ва ушбу Қонун талабларига риоя этган ҳолда берилган аризани ўз иш юритувига қабул қилиши, суднинг тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ажрими суд томонидан давлат солиқ хизмати органларига ва бошқа ваколатли органларга, қарздор жойлашган ердаги (яшаш жойидаги) давлат ижрочисига юборилиши ҳақида батафсил тушунтириш берди.

Худди шундай, Кармана туманлараро иқтисодий суди судьяси Ф.Ф.Бахронов ўз маърузасида Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 22 апрелдаги “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1060-сон Қонуни мазмун моҳияти тўғрисида гапириб, қонуннинг асосий мақсади кредиторларнинг талабларини гаровга қўйилган мол-мулк орқали таъминлашни кафолатлаш, қарздор ва кредитор ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни аниқ белгилаш, шунингдек, мол-мулкни сотишда шаффофлик ва адолатли рақобат мезонларини таъминлаш эканлиги, бу эса кредит тизимига бўлган ишончни кучайтириш, иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва умумий иқтисодий барқарорликка эришишда муҳим аҳамият касб этиши, аввало, гаров ҳуқуқининг устуворлиги таъминланиши, яъни, агар қарздор қарз мажбуриятини бажаролмаса ва унинг мол-мулкига нисбатан даъволар бўлса, гаров билан таъминланган кредиторнинг талаблари биринчи навбатда қондирилиши, бу норма кредиторларга ўз маблағларини тиклашда устувор ҳуқуқ бериши ва уларни молиявий хавфдан ҳимоя қилиши, қонунга кўра, «жуда арзимас бузилиш» тушунчаси жорий қилинганлиги, агар қарздорнинг қарзи гаров қийматининг 15 фоизидан ошмаса ёки қарз тўлови 3 ойдан кам муддатга кечикса, бу ҳолат «жуда арзимас бузилиш» деб баҳоланиши ва кредитор гаров мол-мулкини сотиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги ҳақида семинар иштирокчиларига тушунтириш бериб ўтди.

Шунингдек, кун тартибига қўйилган мавзулар долзарб бўлганлиги сабабли тадбир сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга суд раиси ва судья томонидан атрофлича жавоблар берилди.

 

Хамидов Акбар,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси

 

Бахронов Фахриддин,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Ўқитувчининг меҳнат ҳуқуқлари тикланди

2025 йил апрель ойининг 18 куни фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг сайёр очиқ суд мажлиси Хатирчи туманидаги 64-сонли умумтаълим мактаби биносида бўлиб, унда даъвогар С.Пармоновнинг жавобгар Хатирчи туманидаги 64-сонли умумтаълим мактабига нисбатан дарс соатларини олиб бериш мажбуриятини юклатиш ҳақидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган фуқаролик ишини очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.

Иш ҳужжатлардан аниқланишича С.Пармонов билан 64-сонли умумтаълим мактабда 2023-2024 ўқув йилида жами 14 соат дарс билан ўқитувчи бўлиб ишлаб келган, 2024 йил август ойида директор М.Тошматова томонидан жами дарс соатларини олиб қўйилган, фақат икки соат уй синфи қолган, 2024 йил октябрь ойида туман Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимининг аралашуви билан 10 соат дарси қайтариб олиб берилган, 2025 йил январь ойида эса яна 10 соат дарсини бошқа ўқитувчига олиб берган, ҳозирги кунда даъвогар С.Пармонов 2 соат уйда таълим дарслари билан қолган.

2025 йил январь ойидан бошлаб унинг розилигисиз 10 соат дарси мактаб директори томонидан олиб қўйиб бошқа ўқитувчига берилган.

Тарафлар ўртасида имзоланган меҳнат шартномасига кўра, шартнома муддати номуайян, асосий иш ҳисобланиши кўрсатилган.

2024-2025 ўқув йилининг иккичи ярим йиллигидаги қайта тарификацияга асосан С.Пармоновнинг 10 соат рус тили фанидан дарс соатлари олиниб, ҳозирги кунда 2 соат уй синфида дарси қолган.  

Ишда аниқланганларга кўра, С.Пармонов Хатирчи туманидаги 64-сонли умумтаълим мактабида 2023-2024 ўқув йилида жами 14 соат дарс билан ўқитувчи бўлиб ишлаб келган, мактабга М.Тошматова директор бўлиб келгандан кейин 2025 йил 22 январдаги 13-5-77 DUM/2025-сон ўқитувчиларга дарс соатларини тақсимлаш тўғрисидаги буйруғига кўра унинг 10 соат дарсини олиб бошқа ўқитувчига берган, яъни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда 3271 сон билан рўйхатдан ўтказилган, “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига зид равишда дарс соатлари тақсимланган.

Шундан кейин даъвогар С.Пармоновнинг 2 соат уй синфида дарси қолган.

Хатирчи туманидаги 64-сонли ўрта умумий таълим мактаби директори М.Тошматованинг 2025 йил 22 январдаги 13-5-77-ДУМ/2025 сонли ўқитувчиларга дарс соатларини тақсимлаш тўғрисидаги буйруғига кўра мактаб педагогик кенгашининг 29.08.2024 йилдаги №1-сон йиғилиш баёнига асосан мактабда мавжуд дарс соатлари иловага мувофиқ тақсимланган.

Мазкур 2025 йил 22 январь кунидаги буйруқ Хатирчи туман юридик хизмат кўрсатиш марказидан юридик экспертизадан ўтказилган бўлсада буйруқда “29.08.2024 йилдаги №1-сон йиғилиш баёнига асосан мактабда мавжуд дарс соатлари иловага мувофиқ тақсимлансин” деб нотўғри кўрсатилган, аслида мазкур буйруқ билан 2025 йил 6 январь кунидаги педагогик кенгаш қарори тасдиқланган.

2025 йил 22 январдаги 13-5-77-ДУМ/2025 сонли ўқитувчиларга дарс соатларини тақсимлаш тўғрисидаги буйруғига иловага қилинган жадвалдан кўринишича С.Пармоновга жами 2 соат уй синфи дарси берилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 9 июнда 2799-сон билан рўйхатдан ўтказилган, “Умумий ўрта таълим муассасасининг педагогик кенгаши тўғрисида”ги намунавий Низомнинг 11- бандига кўра, педагогик кенгаш йиғилишида умумтаълим муассасасининг фаолиятига оид энг муҳим ва долзарб масалалар муҳокама қилинади.

12-бандига кўра педагогик кенгаш йиғилиши ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Заруратга кўра, навбатдан ташқари йиғилишлар ўтказилиши мумкин.

Педагогик кенгаш йиғилиши баённомаси кенгаш котиби томонидан юритилади. Баённома педагогик кенгаш раиси ва котиби томонидан имзоланади.

Баённомаларнинг рақами, санаси ва йиғилишда кўрилган масалалар тўғрисидаги маълумотлар педагогик кенгаш йиғилиши баённомаларини қайд этиш дафтарига ёзиб борилади. Педагогик кенгаш йиғилиши баённомаларини қайд этиш дафтари рақамланади, ип ўтказиб тикилади ҳамда тегишли халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлими (бўйсунувига кўра юқори турувчи ташкилот) масъул ходими томонидан имзоланиб муҳрланади.

Даъвогар С.Пармонов ўзига нисбатан қисмини ғайриқонуний деб топишни сўраётган 64-сон мактабнинг 2025 йил 22 январь кунидаги ўқитувчилар ўртасида дарс соатларини тақсимлаш тўғрисидаги буйруғига асос бўлган мактаб педагогик кенгашининг 2025 йил 6 январь кунидаги йиғилиш баёнини расмийлаштиришда юқорида қайд этилган Низом талаблари бузилган.

Жумладан педагогик кенгашининг 2025 йил 6 январь кунидаги педагогик кенгаш йиғилиши баёни ёзилган дафтар рақамланмаган, ип ўтказиб тикилмаган ҳамда халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими масъул ходими томонидан имзоланиб муҳрланмаган.

Ваҳоланки Низомнинг 23-бандига кўра, мазкур Намунавий низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади деб кўрсатилган.

Ишда аниқланган ҳолатларга кўра С.Пармонов 64-сон умумтаълим мактабида рус тили фанидан 12 соат дарс соатига эга бўлиб, иш берувчи унинг 10 соат дарсини асоссиз равишда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда 3271 сон билан рўйхатдан ўтказилган, “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низом ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 9 июнда 2799 сон билан рўйхатдан ўтказилган, “Умумий ўрта таълим муассасасининг педагогик кенгаши тўғрисида”ги намунавий Низом талабларини бузган ҳолда олиб қўйган.

Суд бу ҳолатда 64-сон умумтаълим мактаби директорининг 2025 йил 22 январдаги 13-5-77-ДУМ/2025 сонли буйруғини қонуний деб ҳисоблаб  бўлмаслигини таъкидлайди.

Суд юқорида қайд этилган қонунлар талаби, тарафлар ўртасидаги меҳнат муносабатларини тартибга солувчи Низом талабларига кўра даъвогарнинг даъвоси қаноатлантирилиш ҳақидаги хулосага келди.

Суд мазкур иш бўйича 64-сон умумтаълим мактаби директори М.Тошматова ўқитувчиларга дарс соатларини тақсимлашда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда 3271 сон билан рўйхатдан ўтказилган, “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низом, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 9 июнда 2799 сон билан рўйхатдан ўтказилган “Умумий ўрта таълим муассасасининг педагогик кенгаши тўғрисида”ги намунавий Низом талабларига амал қилмагани, меҳнат шартларини ўз ташаббусига кўра, зарурат бўлмаган ҳолда ва ходим билан келишилмаган тарзда ўзгартирилганлиги сабабли 64-сон умумтаълим мактаби директорининг 2025 йил 22 январдаги 13-5-77-ДУМ/2025 сон “Ўқитувчиларга дарс соатларини тақсимлаш тўғрисида”ги буйруғининг С.Пармоновга тегишли қисмини ғайриқонуний деб топишни, мазкур буйруққа асосан С.Пармоновдан асоссиз олиб қўйилган 10 соат дарсни унга қайтариб бериш мажбуриятини мактаб директор М.Тошматова юклатишни лозим топди.

Бир сўз билан айтганда ўқитувчидан асоссиз олиб қўйилган дарс соатларини қайтариш мажбурияти мактаб директорига юклатилди.

 

Бабақулов Баҳодир,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг ташаббуси билан “Коррупция-миллат тараққиётининг кушандаси” мавзусида ўтказилган семинар тафсилотлари

Коррупцияга қарши курашиш давр талаби, бу иллат оғир оқибатларга олиб келишини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг ташаббуси билан Навоий вилоят қўриқлаш бошқармаси биносида қўриқлаш бошқармасининг ишчи ходимлари ҳамда ИЖҚК Департаментининг Навоий шаҳар бўлими ходимлари иштирокида Коррупцияни олдини олиш борасида ва маъмурий ишларни юритиш тўғрисида давра суҳбати ўтказилди.

Учрашувни ўтказишда мақсад ходимларнинг касбий маҳоратини шакллантириш, тинчлик ҳамда фаровонликни таъминлаш, коррупция ҳолатига қўл қўймасликдан иборатлиги таъкидлаб ўтилди.

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг ривожланишига жиддий путур етказадиган, давлатнинг қонун устуворлигини заифлаштирадиган, инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг оёқ ости бўлишига сабаб бўладиган, бугунги кунда халқаро миқёсда энг кўп таъкидланаётган иллатдир. Ушбу иллатга қарши кураш олиб бориш бугунда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш мақсадида ушбу йўналишда алоҳида қонунлар қабул қилингани, шу асосда аниқ мақсадларга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олган давлат дастурлари амалга оширилиб келинаётганлиги таъкидлаб ўтилди ва суд ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан одам савдоси, ЎРҚ-1047-сонли қонунлари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

 

Улуғбек Исмаилов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

 

Суннатжон Болтаев,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

Навоий шаҳрида жойлашган 16-сонли умумтаълим мактабида судья ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди

Кун тартибидаги масалалар юзасидан дастлаб Навоий шаҳридаги 16-мактаб директори ўринбосари Б.Джўраев сўзга чиқиб, Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьялари томонидан амалий дарс машғулоти ўтказилиши белгиланганлигини таъкидлаб, машғулот иштирокчиларига маърузачиларни таништирди ва сўз навбатини судъя Ф.Баҳроновга берди.

Судья Ф.Баҳронов сўзга чиқиб, аввало коррупция тушунчаси, уларни келтириб чиқарувчи омиллар, коррупциянинг жамият ривожига салбий таъсири, ёшларни коррупцияга тоқатсизлик руҳида тарбиялашнинг аҳамияти юзасидан қуйидаги бир қатор фикрларни билдириб ўтди:

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига кўра коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши эканлигини, қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари эканлигини, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ҳисобланишини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, маърузачининг келтириб ўтишича, жаҳон банкининг ҳисоб-китобига кўра ҳар йили бир триллион АҚШ доллари миқдоридаги пуллар коррупциявий жиноятларга, порага сарфланади. Коррупция мамлакат бойлигининг камайиб кетишига ва аҳоли турмуш даражасининг пасайиб кетишига олиб келади. Коррупция ҳар бир шахсга ва ҳар бир фуқарога, ҳаттоки у тўғридан тўғри дуч келмасада таъсир қилади. Коррупция тадбиркорлик ва ишбилармонликнинг ривожига салбий таъсир ўтказади. Ҳукумат меҳнаткашларга ва ижтимоий ёрдамга муҳтож шахсларга харажат қилиши лозим бўлган суммаларнинг камайишига, китоб, компьютер, дори воситалари сотиб олишнинг камайишига олиб келади. Давлат томонидан ажратиладиган ижтимоий харажатларнинг, масалан мактабгача ва мактаб таълимига, шифохоналарга, йўллар қурилишига, оқова сув ва тартиботни сақлашга кетадиган харажатларнинг камайишига, бу харажатларнинг нооқилона ишлатилишига, кўрсатиладиган хизматлар сифатининг пасайишига олиб келади. Коррупция кимда пул ва танишлар кўп бўлса, уларга қонунларни ва ҳукумат қарорларини ўзларига мослаб ўзгартиришга, ҳукуматга бўлган ишончнинг йуқолишига олиб келади.

Олиб борилган тадқиқодларга кўра мамлакатлар коррупцияга қарши курашишни олиб борганда давлат даромадлари, бюджетга тушум тўрт карра ошишига, бизнеснинг уч фоиз тез ривожланишига ва болалар ўлимининг 75 фоизга пасайишига олиб келиши аниқланган.

Коррупцияни йуқолишига мажбур қилмагунимизча у йуқолмайди. Барчада шунга қатъий хоҳиш-ирода бўлиши, пора бермаслиги ва пора олмаслиги шарт. Қонуний усулда ўз мақсадимизга эришишга ҳаракат қилишимиз керак. Коррупция ҳолатларини жамоатчиликка ошкор қилиш муҳим.

Коррупция жамиятда ва иқтисодиётда, ҳаётнинг барча соҳаларида янгиликнинг кириб келишини секинлаштиради.

Дунёдаги тадбиркорларнинг учдан бир қисми коррупцияни бизнеснинг ривожидаги асосий тўсиқ деб билади.

Зимбабведа коррупция шунчалик ривожланган ва ёмон тусга кирганки, бу давлатнинг шифокорлари, ҳаттоки улар ҳомилани дунёга келтирганлиги учун оналардан 50 АҚШ доллари, чақалоқларнинг йиғлагани учун 5 АҚШ доллари миқдорида жарима-пора ундиришади.

Қадимги Форс давлатида подшо Камбис Сизамна исмли порахўр қозининг терисини шилиб олиб, судья курсисига боғлаб қўйишни буюрган.

Курсига ўтирга қози порахўрлик нима оқибатларга олиб келишини кўриб туриши учун.

Россия императори Петр I биринчилардан бўлиб Россияда порахўрликка қарши курашувчи фискаль хизматни ташкил қилган.

Нью-Йоркдаги Чемберс-стрит кўчасида Твид суди биноси дунёга коррупциянинг энг машҳур кўриниши сифатида кирган. Чунки, маҳаллий ҳокимият идорасида 1850–1870 йиллар ишлаган амалдор Уильям Твид қурилишда ҳар қандай воситалар орқали бойишга ҳаракат қилганлиги оқибатида, қурилиш давлат бдюжетига Алясканинг Россиядан сотиб олишга кетган пулдан бир ярим баробар кўп харажатга тушган.

 

Раислик этувчи навбатдаги маъруза учун сўзни Кармана туманлараро иқтисодий суди судъяси Ҳ.Саъдуллаевга берди.

Ҳ.Саъдуллаевга ўз маърузасида машғулот иштирокчилари асосан юқори синф ўқувчилари эканлигини таъкидлаб, уларга 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаган шахсларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлиги ва бунинг учун белгиланган жавобгарлик хусусида қисқача тушантириш бериб ўтди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 14-моддаси вояга етмаганларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлиги кўрсатиб ўтилганлигини, унга кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан Болалар масалалари бўйича комиссиялар тўғрисидаги низомда назарда тутилган чоралар қўлланилишини, агарда ушбу шахслар маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган тақдирда, улар умумий асосларда маъмурий жавобгарликка тортилишларини, уларда белгиланган маъмурий жарима тўловлари миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисмидан бошланиб, БҲМнинг икки юз бараваригача бўлган жарималар ҳам назарда тутилганлиги ҳақида тушунтириш берди.

Шунингдек, содир этилган ҳуқуқбузарликнинг хусусиятини ва ҳуқуқбузарнинг шахсини ҳисобга олган ҳолда мазкур шахсларга нисбатан (бундан ушбу Кодекснинг 194, 1941 ва 1961-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар мустасно) ишлар болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиялари ихтиёрига берилиши мумкинлигини, ушбу Кодекснинг 61, 2061-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларнинг ишлари эса шу комиссияларга берилиши лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шу билан, маърузачилар келгусида амалий машғулот иштирокчиларига ёшларнинг ўз ҳуқуқий билими ва маданиятини ошириши, уларнинг қонунларга итоаткорлик ва ҳуқуқбузарликларга, коррупцияга тоқатсизлик руҳида тарбияланиши муҳим эканлиги хусусида тегишли кўрсатмалар бериб, уларга келгусида таҳсил олиш ва ишларида муваффақиятлар тилаб, ўз маърузаларини якунлашди.

 

Бахронов Фахриддин,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси,

 

Саъдуллаев Хамидулла,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Навоий бўлинмасида ўтказилган семинар тафсилотлари

Навоий вилояти судининг судьяси Ж.Каримов ва жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси У.Исмаиловлар томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агенлигининг Навоий бўлинмаси ходимлари иштирокида, агентликнинг судларда зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқларига оид ва судда иштирок этиш билан боғлиқ процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш борасида семинар йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 майдаги “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-175-сонли Қарорининг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтириш берилди.

Шунингдек, Агентликнинг жойлардаги “Инсон” марказлари томонидан туман (шаҳар) судларида кўрилаётган оилавий (маиший) зўравонлик билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларни кўришда марказ ходимларининг қатнашишлари мумкинлиги ҳақидаги саволларга атрофлича жавоб берилди.

 

Каримов Жахонгир,

Навоий вилоят судининг судьяси

 

Исмаилов Улуғбек,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

Жиноят ишлари бўйича Карманатуман суди томонидан ўтказилган сайёр суд ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Кармана тумани Кумушкон маҳалласида жойлашган 11-сонли умумтаълим мактаби биносида жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик олдини олиш мақсадида кўпчилик омма олдида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Ўтказилган сайёр суд мажлисида туман ИИБ пробация назроатида рўйхатда турган 150 нафар шахсларга нисбатан бўлган ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Сайёр суд мажлиси якунига уланиб кетган тарғибот тадбирида сўзга чиққанлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида қилинаётган барча ишлар, қабул қилинаётга қонунлар барчаси “Инсон қадри ва манфаатлари учун” эканлиги, буни ҳар-бир Ўзбекистон фуқароси ич-ичидан ҳис қилиши ва жиноятчиликка қарши биргаликда муросасиз курашиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти ҳамда ЎРҚ-1047-сон Қонун юзасидан батафсил тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Имомов Бобир,

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси

Skip to content