Навоий вилояти Давлат солиқ бошқармаси биносида Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари, Марказий банк Навоий вилояти Бош бошқармаси ва Навоий шаҳридаги тижорат банклари маъсул ходимлари ҳамда суд (тугатиш) бошқарувчилари иштирокида Кармана туманлараро иқтисодий суди раиси ташаббуси билан семинар ташкил қилинди
Жорий йилнинг 28
апрель куни бўлиб ўтган ушбу семинар йиғилишида Кармана туманлараро иқтисодий
суди раиси ва судьялари томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар
бўйича узоқ муддатдан буён тугатишга доир иш юритиш якунланмаётган ишларнинг
таҳлили, иқтисодий судларга қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик ишини
қўзғатишга доир аризалар берилишида эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар,
Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 22 апрелдаги “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш
тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг
айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 1060-сонли
Қонунининг мазмун моҳияти семинар иштирокчиларига атрофлича тушунтириб берилди.
Жумладан, суд
раиси А.Б.Хамидов ўз маърузасида қарздор солиқлар ва йиғимлар бўйича
мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга
қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш
ҳуқуқига қарздорнинг ўзи, давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек устав
фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари
бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарзи бўлган юридик шахсларга нисбатан
тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича ваколатли давлат органи ва
унинг ҳудудий бошқармалари эга эканлиги, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш
ушбу Қонуннинг 5-моддаси назарда тутилган аломатлар
мавжуд бўлганда суд томонидан қўзғатилиши мумкинлиги, тўловга қобилиятсизлик
тўғрисида ишни юритиш кредиторларнинг, қарздорнинг ва ушбу Қонун билан ваколат
берилган шахсларнинг аризаси асосида жорий этилиши, тўловга қобилиятсизлик
тўғрисида иш қўзғатиш ва тўловга қобилиятсизликни тиклаш тартиб-таомилларидан
бирини қўллаш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилишга қарздорнинг вақтинча
тўловга қобилиятсизлиги асос бўлиши, қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик
тўғрисида иш қўзғатиш ҳамда уни банкрот деб топиш, шунингдек тугатишга доир иш
юритишни бошлаш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш учун қарздорнинг
доимий тўловга қобилиятсизлиги асос бўлиши, қарздорга нисбатан тўловга
қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани қабул қилиш ҳақидаги
масалани ёки тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани
қабул қилишни рад этиш ёхуд қайтариш тўғрисидаги масалани судья ариза тушган
пайтдан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал этиши, судья қарздорнинг тўловга
қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида Ўзбекистон Республикасининг
Иқтисодий процессуал кодекси ва ушбу
Қонун талабларига риоя этган ҳолда берилган аризани ўз иш юритувига қабул қилиши,
суднинг тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ажрими суд
томонидан давлат солиқ хизмати органларига ва бошқа ваколатли органларга,
қарздор жойлашган ердаги (яшаш жойидаги) давлат ижрочисига юборилиши ҳақида батафсил
тушунтириш берди.
Худди шундай,
Кармана туманлараро иқтисодий суди судьяси Ф.Ф.Бахронов ўз маърузасида Ўзбекистон
Республикасининг 2025 йил 22 апрелдаги “Кредиторларнинг гаров билан
таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши
муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига
ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1060-сон Қонуни мазмун
моҳияти тўғрисида гапириб, қонуннинг асосий мақсади кредиторларнинг талабларини
гаровга қўйилган мол-мулк орқали таъминлашни кафолатлаш, қарздор ва кредитор
ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни аниқ белгилаш, шунингдек, мол-мулкни сотишда
шаффофлик ва адолатли рақобат мезонларини таъминлаш эканлиги, бу эса кредит
тизимига бўлган ишончни кучайтириш, иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай
шарт-шароитлар яратиш ва умумий иқтисодий барқарорликка эришишда муҳим аҳамият
касб этиши, аввало, гаров ҳуқуқининг устуворлиги таъминланиши, яъни, агар
қарздор қарз мажбуриятини бажаролмаса ва унинг мол-мулкига нисбатан даъволар
бўлса, гаров билан таъминланган кредиторнинг талаблари биринчи навбатда
қондирилиши, бу норма кредиторларга ўз маблағларини тиклашда устувор ҳуқуқ бериши
ва уларни молиявий хавфдан ҳимоя қилиши, қонунга кўра, «жуда арзимас
бузилиш» тушунчаси жорий қилинганлиги, агар қарздорнинг қарзи гаров
қийматининг 15 фоизидан ошмаса ёки қарз тўлови 3 ойдан кам муддатга кечикса, бу
ҳолат «жуда арзимас бузилиш» деб баҳоланиши ва кредитор гаров
мол-мулкини сотиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги ҳақида семинар иштирокчиларига
тушунтириш бериб ўтди.
Шунингдек, кун тартибига
қўйилган мавзулар долзарб бўлганлиги сабабли тадбир сўнгида иштирокчиларни
қизиқтирган саволларга суд раиси ва судья томонидан атрофлича
жавоблар берилди.
Хамидов Акбар,
Кармана туманлараро иқтисодий судининг раиси
Бахронов Фахриддин,
Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси