Қидирув:

Тергов судьяси: янги институт

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари замирида аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини кафолатли таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Шу йилнинг 10 июнь куни имзоланган «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Мазкур фармонга мувофиқ Судьялар олий кенгашига Олий суд билан биргаликда 2025 йил 1 январига қадар тергов судьяси лавозими жорий этиладиган судларнинг юқори малакали ва масъулиятли кадрлар билан таъминлаш вазифаси юклатилди.

Демак, 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари — қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатмаларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаларини кўриб чиқади. Шунингдек, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ваколати ҳам юклатилмоқда. Бу орқали жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция суди судьялари ўртасида иш ҳажми мутаносиблиги таъминланади.

Қолаверса, бу жиноят ишларини кўриш жараёнида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан тўлиқ ва холисона текшириб чиқиш, судланувчиларнинг барча важларини текшириш ва тарафлар томонидан келтирилган илтимосномаларни батафсил кўриб чиқишга мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.

Энг асосийси, Фармонда тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Қисқаси, суд-ҳуқуқ тизимидаги бу муҳим ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтириш ҳамда судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиши учун кенг имкониятлар яратади.

 

Улуғбек Исмаилов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

Интизомий жазо чораси ва уни қўллаш муддатлари

Меҳнат муносабатига киришган ҳар бир шахс ўзига юклатилган вазифаларни виждонан бажариши, корхонада ўрнатилган тартибларга ва техника хавфсизлиги талабларига амал қилиши лозим. Акс ҳолда иш берувчи меҳнат интизомини бузган ходимга интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312-моддасида, меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи ходимга қандай интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақлилиги кўрсатилган:

1) ҳайфсан;

2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ҳоллари назарда тутилиши мумкин. Ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима интизомий жазосини қўллашда иш берувчи корхона ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима интизомий жазоси қўлланилиши белгиланганлигига аҳамият бериши лозим. Акс ҳолда иш берувчининг интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруғи қонун талабларига зид ҳисобланади.

3) меҳнат шартномасини бекор қилиш. Ушбу Кодексда, бошқа қонунларда, интизом тўғрисидаги уставлар ёки низомларда назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, иш берувчилар ҳам ходимга интизомий жазо чорасини қўллашда қонун талабларига амал қилиши лозим. Иш берувчи ходимдан интизомий жазо чораси қўлланилгунига қадар ёзма тушунтиришни талаб қилиши, шу жумладан, агар интизомий қилмиш хизмат текшируви натижаларига кўра аниқланган бўлса, талаб қилиши шарт. Ходимнинг ёзма тушунтириш тақдим этишни рад этганлиги интизомий жазо чораси қўлланилиши учун монелик қилмайди ва ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади. Ҳар бир интизомий қилмиш учун фақат битта интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин. Интизомий жазо чорасини танлаш ҳуқуқи иш берувчига тегишлидир. Интизомий жазо чорасини қўллашда содир этилган қилмишнинг оғир-енгиллиги, унинг содир этилиши ҳолатлари, ходимнинг аввалги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади. Ходимга интизомий жазо чорасини қўллаш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Иш берувчининг ходимга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида, ходим ишда бўлмаган вақт ҳисобга олинмасдан, унга жазонинг сабаблари кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб эълон қилинади. Ўзига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги буйруқ билан таништирилмаган ходим интизомий жазоси бўлмаган деб ҳисобланади. Ходимнинг ўзига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги буйруқ билан танишишни рад этиши ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади. Бундай ҳолда ходим буйруқ билан таништирилган деб ҳисобланади.

Интизомий жазо интизомий қилмиш аниқланганидан кейин дарҳол, бироқ аниқланган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қўлланилади, бунда ходим вақтинча ишга лаёқатсиз бўлган ёки таътилда бўлган давр ҳисобга олинмайди. Хизмат текшируви натижалари тўғрисидаги далолатнома комиссия томонидан имзоланган кун хизмат текшируви натижалари бўйича аниқланган интизомий қилмиш аниқланган кун деб ҳисобланади. Интизомий жазо интизомий қилмиш содир этилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай, тафтиш ёки молия-хўжалик фаолиятини текшириш ёхуд аудиторлик текшируви натижаларига кўра эса, у содир этилган кундан эътиборан икки йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин. Ушбу муддатларга жиноят ишини юритиш вақти киритилмайди.

 

 

 

Жумаев Анвар,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси

Иқтисодий судларда суд ҳужжатларини ижро этишнинг ўзига хос хусусиятлари

Бош Қомусимиз бўлган Конституциямизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги, давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши белгиланган.

Дарҳақиқат, инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, уларни ишончли ҳимоя қилиш, шу жумладан, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари амалга оширилишини кафолатлаш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловнинг самарадорлигини, халқимизнинг суд органларига нисбатан ишончи ва ҳурматини ошириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, суд томонидан қабул қилинадиган суд ҳужжатлари қатъий ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бажарилиши мажбурийдир.

Хусусан, суд томонидан қабул қилинадиган суд ҳужжатлари ижросини қонуний муддатларда таъминлаш ўта муҳим бўлиб, суд қарорларининг ижросини ўз вақтида бажарилиши фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ортишига ҳамда суд ҳокимиятининг нуфузини янада юксалишига хизмат қилади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (кейинги ўринларда матнда ИПК деб юритилади)нинг 15-моддасига мувофиқ, қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа органлар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.

Амалдаги, ИПКнинг 192-моддасига  асосан ҳал қилув қарори, агар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан бир ойлик муддат ўтгач, қонуний кучга киради. Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

Демак, ҳал қилув қарори ижро этилишининг асосий шарти унинг қонуний кучга кирганлиги ҳамда бекор қилинмаганлиги ҳисобланади.

Шунингдек, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд ҳужжатининг ижроси суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида амалга оширилади.

Ушбу кодекснинг 335-моддасига кўра, суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро эттириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ижро варақаси ҳисобланади.

ИПКнинг 336-моддасида белгиланганидек, суд ҳужжати бўйича битта ижро варақаси берилади, бундан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳоллар мустасно. Агар суд ҳужжатини ижро этиш турли жойларда ёхуд бир нечта ундирувчи фойдасига амалга оширилиши керак бўлса, суд ундирувчиларнинг илтимосига кўра ижро этиш жойи ёхуд суд ҳужжатининг ушбу ижро варақаси бўйича ижро этилиши лозим бўлган қисмини кўрсатган ҳолда бир нечта ижро варақасини беради. Ижро варақаси суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан берилади. Суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида ижро варақаси ундирувчига берилади ёки унинг илтимосномасига кўра давлат ижрочисига ижро этиш учун юборилади. Бюджетга маблағларни ундириш учун ижро варақаси қарздор турган жойдаги давлат ижрочисига суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида юборилиб, ижро варақа мазмуни ИПКда белгиланган талабларга жавоб бериши лозим.

Бундан ташқари, ИПКнинг 338-моддасига асосан суд ҳужжати қонуний кучга кирган кундан эътиборан ёки суд ҳужжатининг ижроси кечиктирилган ёки бўлиб бўлиб ижро этилган тақдирда, муддат тугаган кундан эътиборан уч йил ичида ижрога тақдим этилиши мумкин. Агар суд ҳужжатининг ижроси тўхтатиб қўйилган бўлса, унинг ижроси тўхтатиб қўйилган вақт ижро варақасини ижрога тақдим этиш учун белгиланган муддатга қўшиб ҳисобланмайди.

Статистик маълумотларни таҳлил қилсак, Учқудуқ туман иқтисодий суди томонидан 2024 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли туман (шаҳар) бўлимларига жами 572,3 млн. сўмлик 311 та ижро варақалар юборилган бўлиб, шундан 460,8 млн. сўмлик 228 та ижро варақаларнинг ижроси амалда  таъминланган.

Эътиборли жиҳатларидан яна бири шундаки, суд ҳужжатларини ижроси билан боғлиқ аризаларни судлар томонидан кўриб чиққанлик учун давлат божи ундирилмайди, манфаатдор шахс, асосан ундирувчи ариза ва унга зарур ҳужжатларни илова қилинишининг ўзи етарли ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, суд ҳужжатларини ўз вақтида ижросини таъминлаш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим мезонларидан бири ҳисобланади ҳамда фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга замин яратади.

 

Турдиев Дилшод,

Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси

Меҳнатлар самараси эътироф этилди

Судьялар Олий кенгашининг қарори билан 2024 йилдаги рейтинг кўрсаткичлар бўйича энг яхши 18 нафар судьялар «Ибратли судья» мукофоти ва 8 нафар судьяларнинг ота-онаси ташаккурнома билан тақдирланди.

Шулардан 3 нафари Олий суд судьялари, 15 нафари ҳудудий судларда фаолият юритадиган судьялардир.

Совриндорларга Судьялар Олий кенгаши томонидан тайёрланган эсдалик совғалари топширилди.

Мукофотланганлар орасида жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг раиси Алиқулов Баҳодир Арсланович ҳам бор.

Шунингдек, Навоий вилоят судининг иқтисодий судлов ҳайъати судьяси Жакеев Сабит Калдибековичнинг онаси Сайтбаева Рахима Эшимбетовна ташаккурнома билан тақдирланди.

Навоий вилояти суди жамоаси Баҳодир Арсланович ҳамда Сабит Калдибековичнинг келгусидаги фаолиятида улкан мувоффақиятлар тилаб, одил судловни амалга оширишда ҳамиша омад ёр бўлишини тилаб қолади.

 

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Навоий вилоят суди ходимларининг яқин-қариндошлари билан учрашув ўтказилди

Учрашув кун тартибидан Олий суд Раёсатининг 2024 йил 27 январдаги «Республика судларининг 2023 йилда одил судловни амалга ошириш ва суд тизимини янада такомиллаштириш борасидаги фаолияти ҳамда келгусидаги вазифалари тўғрисида» ги РС 06-24 сонли қарорининг 13-банди юзасидан очиқ мулоқот шаклида очиқ ва самимий мулоқот ўрин олди.

Жумладан, суд ходими ўз хизмат фаолиятида ва хизмат доирасидан ташқарида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя қилиши, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига, унинг ҳуқуқий ҳолатини белгиловчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, Олий суд раисининг буйруқлари ва фармойишларида белгиланган юриш-туриш қоидаларига амал қилиши, хизмат вазифалари билан боғлиқ ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган чеклашлар ва тақиқларга риоя этиши, ҳар қандай вазиятда ҳам ўз қадр-қимматини сақлаши, ўз шаънини қадрлаши, суд ҳокимияти нуфузини тушириши, суднинг обрўсига зиён етказиши мумкин бўлган ҳар бир нарсадан ўзини тийиши шартлиги таъкидланди.

Суд аппарати ходими фуқародан таъмагирлик қилишга ҳаққи йўқ. Шунингдек, шахсий, оилавий, ижтимоий ёки бошқа муносабатлар унинг хизматдаги хулқ-атворига, у томонидан қабул қилинаётган қарорларга таъсир этишига йўл қўймаслиги керак, ҳақиқатдан ҳам суд ходими ўз хизмат мавқеидан шахсий фойда олиш ёки бошқа шахслар манфаатини қаноатлантириш мақсадида фойдаланиши мумкин эмас.

Шунингдек, учрашувда суд аппарати ходими ўз хизмат вазифаларини мансаб йўриқномасига мувофиқ юқори профессионал даражада ҳалол ва виждонан бажариши лозим. У хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ муайян ҳаракатларни ўз вақтида ва самарали ҳал этиши, бунда мустақиллик, юқори даражада ташкилотчилик, талабчанлик ва принципиаллик намоён этиши лозимлги ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

  

Вилоят суди матбуот хизмати

Иқтисодий судларда соддалаштирилган тартибда иш юритиш

Маълумки, иқтисодий судга иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ҳамда бошқа ишлар тааллуқли ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (кейинги ўринларда матнда ИПК деб юритилади)нинг 231-боби “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” деб номланади.

Хўш, қандай ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши мумкин.

ИПКнинг 2032-моддаси биринчи қисмига кўра, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.

Мазкур модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ, агар ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида учинчи шахснинг ишга киришиш тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилган, ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган қарши даъво қабул қилинган бўлса ёхуд агар суд қуйидагилар хусусида, шу жумладан тарафлардан бирининг илтимосномасига кўра қуйидагилар хусусида хулосага келса, суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқаради:

1) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор қилинишига олиб келиши мумкин бўлса;

2) қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса;

3) билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса.

Агар юқорида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин.

Корпоратив низолар бўйича ишлар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризаси ушбу Кодекснинг 149-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак ҳамда даъво аризасига ИПКнинг 151-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинади.

Шунингдек, ИПКнинг 2034-моддасига асосан мазкур тоифадаги ишлар даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.

Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.

ИПКнинг 2035-моддасига асосан, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади ҳамда ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.

Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ишларни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриш, тарафларнинг қимматли вақтларини тежашга ҳамда уларнинг ортиқча оворагарчилигини олдини олишга хизмат қилади.

 

 

Дилшод Турдиев,

Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси 

Навбатдаги сайёр қабул ва тарғибот тадбири тафсилотлари

Навбаҳор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими биносида Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Джумаев, Навбаҳор туманлараро фуқаролик суди судьялари Ғ.Якубов, А.Бахронов томонидан мактабгача ҳамда мактаб таълим муассасалари директорларининг сайёр қабули ва давра суҳбати ўтказилди.

Ушбу сайёр қабул ва давра суҳбати давомида судьялар томонидан мактабгача ҳамда мактаб таълим муассасалари директорларининг мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Сайёр учрашувда суд ҳуқуқ соҳасида қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг мазмун моҳияти ва аҳамияти тўғрисида маърузалар қилинди.

Учрашув давомида, судьялар давлат томонидан педагог ходимлар фаолияти кафолатланганлигини, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1975-моддасига мувофиқ, таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши тўғрисида маълум қилишди.

Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида сўз юритилар экан, 2024 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1003-сонли Қонуни билан қўшимчалар киритилганлигини, жумладан, электрон маълумотлар электрон қурилмалардан ва ахборот тизимларидан, шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган холда яратиладиган, ишлов бериладиган хамда сақланадиган маълумотлар эканлигини, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлар рақамли далиллар эканлигини назарда тутувчи қўшимча моддалар билан тўлдирилганлиги ҳақида маълумот бериб ўтдилар.

Ўз навбатида, Навбаҳор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ва туманда жойлашган судлар, жумладан, Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди, жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди ўртасида меморандум имзоланди. Меморандумга кўра, 2025 йил давомида суд раислари ва судьялар томонидан Навбаҳор туманида жойлашган 37 та мактабда амалий дарс машғулотлари ўтказишга келишилди. Мактаб ёшларини амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлардан боҳабар қилиб бориш, суд-ҳуқуқ соҳасига бўлган қизиқишларини янада ошириш меморандумнинг устувор вазифаси этиб белгиланди.

Шунингдек, учрашув давомида болаларга ҳимоя ордер бериш тартиби, зўравонликдан жабр кўраётган болаларга шикоят қилишнинг махфий, болалар учун дўстона меҳанизмлари тўғрисида, болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик ҳамда одам савдоси жиноий хатти-ҳаракати учун жавобгарлик муқаррарлиги, судларга даъво ариза, ариза киритиш тартиби бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.

 

                                                                         Джумаев Бекзод,

                                                  Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси 

Қонун билан киритилган далилларнинг янги тури

Далилларга доир нормалар муайян жараёнлар таъсирида ривожланиб борган бўлиб одат ҳуқуқи ва кейинчалик шариат нормалари амал қилган вақтларда ҳам далиллар масаласи суд ишларини юритишда энг муҳим ҳал қилувчи аҳамият касб этган.

“Далиллар” тушунчаси, уларга қўйиладиган талаблар, далилларни тўплаш тартиби, манбалари ва усулларининг замон талаблари асосида такомиллаштирилган кўринишлари пайдо бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 65-моддасининг биринчи қисмига кўра, иш бўйича далиллар ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда олинган фактлар ҳақидаги маълумотлар бўлиб, улар асосида суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг арз қилинган талаблари ва эътирозларини асословчи ҳолатлар, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди. 

Кодекс ушбу моддасининг 2024 йил 21 ноябргача бўлган таҳририга кўра, далиллар – ёзма ва ашёвий далиллар иборат эди.

Ҳозирги замонда рақамли технологияларнинг жадал суратда кириб келиши ва улардан кенг равишда фойдаланиш, далилларнинг янги турини жорий этилишига олиб келди.

Шунга асосан, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 ноябрдаги ЎРҚ-1003-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 65-моддасининг биринчи қисмига ўзгартириш киритилиб, қонуннинг ушбу нормаси билан далилларнинг янги тури Кодексга киритилди. Яъни, далиллар нафақат, ёзма ва ашёвий, балки “рақамли далиллар”дан ҳам иборат бўлиши қонунда белгиланди.

Қонунга қиритилган ушбу ўзгартириш, рақамли далилларга таъриф беришни тақозо этишлиги сабабли, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси “Электрон маълумотлар” деб номланувчи 751-модда ва “Рақамли далиллар” деб номланувчи 752-модда билан тўлдирилди.

Қонунда берилган таърифга кўра, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлар рақамли далиллардир.

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, башарти унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланса, йўл қўйилади.

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга йўл қўйилиши ўзидан мазкур кўчирма нусха олинган рақамли далилнинг асли мавжудлиги билан таъминланади, бундан нотариус томонидан тасдиқланган рақамли далиллар мустасно.

Суд жараёнида тузилган процессуал баённомаларга илова қилинган, электрон маълумотлар тарзида шакллантирилган аудио – ва видеоёзувлар ҳам рақамли далиллар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 ноябрдаги ЎРҚ-1003-сонли Қонуни билан далилларга оид янги нормалар нафақат Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига, балки бошқа процессуал Кодексларга ҳам киритилган бўлиб, қонунга киритилган бундай  ўзгартириш судлар томонидан қонуний ва асосли қарорлар қабул қилиш билан бирга, юридик ва жисмоний шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини одил судлов йўли орқали тиклашга хизмат қилади.

 

 

Муродов Акмал,

Навоий вилоят маъмурий судининг раиси

Навоий вилоят ва туманлараро маъмурий судларининг 2024 йил давомидаги фаолиятига доир маълумотлар

2024 йил давомида Навоий вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан 866 та (2023 йилда эса 864 та) оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ маъмурий ишлар кўриб тамомланган, кўриб тамомланган ишлардан 503 таси қаноатлантирилган, 251 таси рад қилинган, 55 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 57 та ариза кўрмасдан қолдирилган.

 

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича кўриб тамомланган айрим ишларни тоифалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак: 

 

🔹Ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда маҳаллий ҳокимлик мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида 90 та иш кўрилган, шундан 38 таси қаноатлантирилган, 41 таси рад қилинган, 5 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 6 та ариза кўрмасдан қолдирилган;

 

🔹Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси қарорларини ҳақиқий эмас ҳамда мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида 343 та иш кўрилган, шундан 317 таси қаноатлантирилган, 12 таси рад қилинган, 7 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда  7 та ариза кўрмасдан қолдирилган ;

 

🔹Солиқ органи қарорларини ҳақиқий эмас ҳамда мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида 90 та кўрилган, шундан 30 таси қаноатлантирилган, 41 таси рад қилинган, 9 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 10 та ариза кўрмасдан қолдирилган;

 

🔹Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси қарорларини ҳақиқий эмас ҳамда мансабдор шахсларининг харакати  (ҳаракатсизлиги)ни  қонунга хилоф деб топиш ҳақида 110 та иш кўрилган, шундан 17 таси қаноатлантирилган, 58 таси рад қилинган, 17 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 18 та ариза кўрмасдан қолдирилган;

 

🔹Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан 25 та кўрилган бўлиб, шундан 22 таси қаноатлантирилган, 1 таси рад қилинган ҳамда 2 таси иш юритишдан тугатилган.

 

✅ Суд таъсирчанлиги фаолияти бўйича:

 

Навоий вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан 2024 йил давомида ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 215 та хусусий ажримлар чиқарилган.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

ЭЪТИРОФ

Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида жорий йилнинг октябрь-декабрь ойларида ташкил этилган раҳбар кадрларни тайёрлаш курсида таҳсил олган Навоий вилоят суди судьяси Қаҳҳоров Турғунбой Суннатович қайта тайёрлов курсини муваффақиятли тамомлаб, курс якунлари бўйича тест натижаларини аъло даражада топшириб Судьялар олий мактабининг сертификатини қўлга киритди.

          Т.С.Қаҳҳоровнинг “Иқтисодий суд иш юритувида медиацияга оид нормаларни қўллаш масалалари” мавзусидаги илмий лойиҳа иши Судьялар олий мактаби Илмий кенгаши томонидан алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, Турғунбой Суннатович Судьялар олий мактабида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси тингловчилари, қайта тайёрлаш курсида ўқиётган судьялар ва Судьялар олий мактаби докторантлари ўртасида ўтказилган  “Суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий асослари” мавзусидаги танловда фахрли 2-ўринни, Заковат интеллектуал турнирида эса фахрли 3-ўринни эгаллаб Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг фахрий ёрлиқлари ва совғалари билан тақдирланди.

Навоий вилоят суди жамоаси Навоий вилоят суди судьяси Қаҳҳоров Турғунбой Суннатовични қўлга киритиган ютуқлари билан қутлаб, унинг келгусидаги фаолиятига муваффқиятлар тилайди.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Skip to content