Қидирув:

Навоий вилоят ва туманлараро маъмурий судларининг 2024 йил давомидаги фаолиятига доир маълумотлар

2024 йил давомида Навоий вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан 866 та (2023 йилда эса 864 та) оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ маъмурий ишлар кўриб тамомланган, кўриб тамомланган ишлардан 503 таси қаноатлантирилган, 251 таси рад қилинган, 55 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 57 та ариза кўрмасдан қолдирилган.

 

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича кўриб тамомланган айрим ишларни тоифалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак: 

 

🔹Ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда маҳаллий ҳокимлик мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида 90 та иш кўрилган, шундан 38 таси қаноатлантирилган, 41 таси рад қилинган, 5 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 6 та ариза кўрмасдан қолдирилган;

 

🔹Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси қарорларини ҳақиқий эмас ҳамда мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида 343 та иш кўрилган, шундан 317 таси қаноатлантирилган, 12 таси рад қилинган, 7 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда  7 та ариза кўрмасдан қолдирилган ;

 

🔹Солиқ органи қарорларини ҳақиқий эмас ҳамда мансабдор шахсларининг харакати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш ҳақида 90 та кўрилган, шундан 30 таси қаноатлантирилган, 41 таси рад қилинган, 9 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 10 та ариза кўрмасдан қолдирилган;

 

🔹Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси қарорларини ҳақиқий эмас ҳамда мансабдор шахсларининг харакати  (ҳаракатсизлиги)ни  қонунга хилоф деб топиш ҳақида 110 та иш кўрилган, шундан 17 таси қаноатлантирилган, 58 таси рад қилинган, 17 таси иш юритишдан тугатилган ҳамда 18 та ариза кўрмасдан қолдирилган;

 

🔹Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан 25 та кўрилган бўлиб, шундан 22 таси қаноатлантирилган, 1 таси рад қилинган ҳамда 2 таси иш юритишдан тугатилган.

 

✅ Суд таъсирчанлиги фаолияти бўйича:

 

Навоий вилоят ва туманлараро маъмурий судлари томонидан 2024 йил давомида ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 215 та хусусий ажримлар чиқарилган.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

ЭЪТИРОФ

Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида жорий йилнинг октябрь-декабрь ойларида ташкил этилган раҳбар кадрларни тайёрлаш курсида таҳсил олган Навоий вилоят суди судьяси Қаҳҳоров Турғунбой Суннатович қайта тайёрлов курсини муваффақиятли тамомлаб, курс якунлари бўйича тест натижаларини аъло даражада топшириб Судьялар олий мактабининг сертификатини қўлга киритди.

          Т.С.Қаҳҳоровнинг “Иқтисодий суд иш юритувида медиацияга оид нормаларни қўллаш масалалари” мавзусидаги илмий лойиҳа иши Судьялар олий мактаби Илмий кенгаши томонидан алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, Турғунбой Суннатович Судьялар олий мактабида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси тингловчилари, қайта тайёрлаш курсида ўқиётган судьялар ва Судьялар олий мактаби докторантлари ўртасида ўтказилган  “Суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий асослари” мавзусидаги танловда фахрли 2-ўринни, Заковат интеллектуал турнирида эса фахрли 3-ўринни эгаллаб Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг фахрий ёрлиқлари ва совғалари билан тақдирланди.

Навоий вилоят суди жамоаси Навоий вилоят суди судьяси Қаҳҳоров Турғунбой Суннатовични қўлга киритиган ютуқлари билан қутлаб, унинг келгусидаги фаолиятига муваффқиятлар тилайди.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотлар

Ўзбекистон Республикасида ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ушбу соҳадаги қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 15-ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан самарали фойдаланиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-997-сон Қонуни билан муҳим ўзгартиришлар киритилди. Ушбу ўзгаришлар ер муносабатларини тартибга солиш, ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш ва жавобгарлик чораларини такомиллаштиришга қаратилган.

Қуйида ушбу ўзгартиришларнинг асосий жиҳатлари кенгроқ ёритиб берилган:

Ерга оид муносабатларни тартибга солиш – қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар асосида ер ресурсларидан оқилона, мақсадли ва шаффоф фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Ўзбошимчалик билан ер участкаларини эгаллаш ёки ноқонуний қурилишлар амалга оширишнинг олдини олиш мақсадида аниқ меъёрлар белгиланди.

Бу эса нафақат ер эгалари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, балки ер ресурсларининг барқарор бошқарувига ҳам хизмат қилади. Давлат ва маҳаллий ҳокимият органларининг ушбу жараёндаги назорат ваколатлари кучайтирилди.

Ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш – ерга эгалик ҳуқуқлари, фойдаланиш ва ижарага олиш ҳуқуқлари аниқ белгиланди. Ер эгаларининг қонуний ҳуқуқлари янада мустаҳкамланди, давлат мулки бўлган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш чоралари кучайтирилди. Шу билан бирга, ердан ноқонуний фойдаланишни аниқлаш ва бартараф этиш жараёнлари соддалаштирилди.

Жиноят ва маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш – Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик кодексларига киритилган ўзгартиришларга кўра, ердан фойдаланиш ва уни ҳимоя қилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик оширилди. Хусусан ноқонуний эгалланган ер участкалари учун жазо муддатлари ва жарималар миқдори оширилди, ноқонуний қурилишлар учун жиноий жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган. Бу чора-тадбирлар ерга оид қонунбузарликларнинг олдини олиш ва жавобгарликни оширишга қаратилган.

Суд жараёнларини соддалаштириш – фуқаролик ва иқтисодий протсессуал кодексларга киритилган тузатишлар орқали ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини қайтариш ва ноқонуний қурилган биноларни бузиш бўйича ишларни тезкор кўриб чиқиш тартиби белгиланди. Эндиликда судлар бу турдаги ишларни қисқа муддатда кўриб чиқишлари шарт.

Бундан ташқари, ноқонуний қурилишларни бартараф этишда зарарларни қоплаш масалаларини тартибга солувчи ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди.

Давлат божидан озод қилиш – маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ерга оид қонунбузарликларга доир суд даъволарида давлат божи бекор қилинди. Бу чора мазкур органларнинг суд жараёнларига аралашуви учун молиявий тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.

Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш – киритилган ўзгартиришлар давлат ва жамиятнинг ер ресурсларига бўлган эҳтиёжларини мувофиқлаштиришга, ресурслардан самарали фойдаланиш механизмларини жорий этишга йўналтирилган. Бу, ўз навбатида, ер участкаларининг мақсадли ишлатилишини таъминлайди ва ерга оид низоларни камайтиради.

Жамоатчилик назоратини кучайтириш – шунингдек, аҳолининг ер муносабатларидаги қонунбузарликларга қарши курашдаги иштирокини ошириш ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш чораларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу, айниқса, давлат мулкини асраш ва ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур ўзгаришлар давлат ва жамиятнинг ер ресурсларини бошқаришда ҳамкорлигини кучайтириш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, бу чоралар жамиятда ерга оид масалаларда ҳуқуқий маданиятни оширишга ҳамда ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибни жорий этишга замин яратади.

 

 

Рахимов Абубакр,
                                                                 Навоий туманлараро маъмурий суди раиси                                                       

Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтиришда муҳим қадам бўлди.

Навоий вилоят судида ташкил этилган очиқ мулоқот мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятига бағишланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби вакиллари, вилоят суди раҳбарияти ҳамда жиноят ишлари бўйича судьялари, тергов судьялари, прокуратура ва ИИБ терговчилари, Солиқ ҳамда Божхона органларининг суриштирувчилари, адвокатлар иштирок этишди.

Қайд этилганидек, мазкур фармон билан 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби йўлга қўйилади.

Бугунги кунда, жиноят ишлари бўйича судларга маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар, жиноят ишлари, мансабдор шахсларнинг чиқарилган қарорлари устидан берилган шикоятлар ҳамда судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган. Бу ўз ўрнида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида якка тартибда фаолият юритаётган бир нафар судьянинг ўзига жуда кўп ишларни кўриб чиқиш вазифасини юкламоқда. Бу фуқаролар томонидан ўринли эътирозларга сабаб бўлаётган эди.

2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича ҳудудий судларда иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари, яъни, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги ва бошқа илтимосномаларни кўриб чиқади.

Очиқ мулоқотда охирги пайтлар жойлардаги сайёр қабулларда ҳам аҳоли томонидан билдирилаётган мурожаатларни кўриб чиқишда учраётган муаммолар эндиликда бартараф этилиши айтиб ўтилди. Судьялар ва йиғилиш иштирокчилари фармон юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Янги киритилаётган ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаган ҳолда жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтириши, судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилишида кенг имкониятлар яратиши таъкидланди.

 

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Пиротехника воситаларининг қонунга хилоф муомаласи учун қонунда қандай жавобгарлик белгиганлан ?

Юртимизга янги йил байрами яқинлашиб келар экан, барчанинг диққат эътиборида бўлган ва шу билан бирга жуда ҳавфли ҳисобланган пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи деган тушунча авж ола бошлайди.

Бунга асосий сабаб, одамларнинг ушбу воситалар орқали кўнгилни чоғ қилишга бўлган иштиёқи ва шу билан бирга қўштирноқ ичидаги тадбиркорларнинг бу иштиёқда файдаланиб мўмай даромад топиш илинжида бўлишидир.

Тўғри ушбу воситалардан қонуний тарзда муомала қилувчилар ҳам йўқ эмас аммо, кўп ҳолларда бу каби воситаларни қонунга хилоф муомаласи билан шуғулланувчилар топилади.

Хўш бундай қилмиш учун қонунда қандай жазо мавжуд ?

Ўзбекистон қонунчилигида Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи қатъий таъқиқланган бўлиб, бундан ҳаракат учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1851-моддага асосан, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш, ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 250-моддасига асосан, портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, портловчи, тез алангаланувчи, ўювчи моддаларни ёхуд пиротехника буюмларини сақлаш, ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш, жўнатиш қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш: одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд шу муддатгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, ушбу кодекснинг 2501-моддасида пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш: кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса ва баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш: жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, одам ўлишига сабаб бўлса — беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ­ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, ­улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш: одамлар ўлимига ва бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, — саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилган.

 

Каримов Жаҳонгир,

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси

 

Кушатов Санжар,

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг судьяси

Оила муқаддас, уни сақлаб қолиш барчамизни бирдек бурчимиздир

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омили эканлигини исботлаб бермоқда. Мамлакатимизда ҳар бир оила давлат муҳофазасига олинган. Read More

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ЯРАШТИРИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ

Яраштириш тартиб-таомиллари тарафларда иқтисодий муносабатларни эркинлаштиришда самарали восита ҳисобланиб, тарафларнинг суд жараёнида ва унинг барча босқичида ярашиш имкониятини беради. Read More

Навоий шаҳар касб-ҳунар мактаби ва Навоий шаҳридаги 15-мактабда Навоий туманлараро маъмурий суди судьялари билан ҳамкорликда Конституциянинг 32 йиллигига бағишланган маърифий тадбир ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи халқ ҳисобланади, шу боис Конституция қабул қилинганлигини 32 йиллиги Республикамиз бўйлаб муносиб нишонланмоқда. Read More

Skip to content