Қидирув:

Ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотлар

Ўзбекистон Республикасида ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ушбу соҳадаги қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 15-ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан самарали фойдаланиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-997-сон Қонуни билан муҳим ўзгартиришлар киритилди. Ушбу ўзгаришлар ер муносабатларини тартибга солиш, ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш ва жавобгарлик чораларини такомиллаштиришга қаратилган.

Қуйида ушбу ўзгартиришларнинг асосий жиҳатлари кенгроқ ёритиб берилган:

Ерга оид муносабатларни тартибга солиш – қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар асосида ер ресурсларидан оқилона, мақсадли ва шаффоф фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Ўзбошимчалик билан ер участкаларини эгаллаш ёки ноқонуний қурилишлар амалга оширишнинг олдини олиш мақсадида аниқ меъёрлар белгиланди.

Бу эса нафақат ер эгалари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, балки ер ресурсларининг барқарор бошқарувига ҳам хизмат қилади. Давлат ва маҳаллий ҳокимият органларининг ушбу жараёндаги назорат ваколатлари кучайтирилди.

Ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш – ерга эгалик ҳуқуқлари, фойдаланиш ва ижарага олиш ҳуқуқлари аниқ белгиланди. Ер эгаларининг қонуний ҳуқуқлари янада мустаҳкамланди, давлат мулки бўлган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш чоралари кучайтирилди. Шу билан бирга, ердан ноқонуний фойдаланишни аниқлаш ва бартараф этиш жараёнлари соддалаштирилди.

Жиноят ва маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш – Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик кодексларига киритилган ўзгартиришларга кўра, ердан фойдаланиш ва уни ҳимоя қилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик оширилди. Хусусан ноқонуний эгалланган ер участкалари учун жазо муддатлари ва жарималар миқдори оширилди, ноқонуний қурилишлар учун жиноий жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган. Бу чора-тадбирлар ерга оид қонунбузарликларнинг олдини олиш ва жавобгарликни оширишга қаратилган.

Суд жараёнларини соддалаштириш – фуқаролик ва иқтисодий протсессуал кодексларга киритилган тузатишлар орқали ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини қайтариш ва ноқонуний қурилган биноларни бузиш бўйича ишларни тезкор кўриб чиқиш тартиби белгиланди. Эндиликда судлар бу турдаги ишларни қисқа муддатда кўриб чиқишлари шарт.

Бундан ташқари, ноқонуний қурилишларни бартараф этишда зарарларни қоплаш масалаларини тартибга солувчи ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди.

Давлат божидан озод қилиш – маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ерга оид қонунбузарликларга доир суд даъволарида давлат божи бекор қилинди. Бу чора мазкур органларнинг суд жараёнларига аралашуви учун молиявий тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.

Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш – киритилган ўзгартиришлар давлат ва жамиятнинг ер ресурсларига бўлган эҳтиёжларини мувофиқлаштиришга, ресурслардан самарали фойдаланиш механизмларини жорий этишга йўналтирилган. Бу, ўз навбатида, ер участкаларининг мақсадли ишлатилишини таъминлайди ва ерга оид низоларни камайтиради.

Жамоатчилик назоратини кучайтириш – шунингдек, аҳолининг ер муносабатларидаги қонунбузарликларга қарши курашдаги иштирокини ошириш ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш чораларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу, айниқса, давлат мулкини асраш ва ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур ўзгаришлар давлат ва жамиятнинг ер ресурсларини бошқаришда ҳамкорлигини кучайтириш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, бу чоралар жамиятда ерга оид масалаларда ҳуқуқий маданиятни оширишга ҳамда ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибни жорий этишга замин яратади.

 

 

Рахимов Абубакр,
                                                                 Навоий туманлараро маъмурий суди раиси                                                       

Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтиришда муҳим қадам бўлди.

Навоий вилоят судида ташкил этилган очиқ мулоқот мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятига бағишланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби вакиллари, вилоят суди раҳбарияти ҳамда жиноят ишлари бўйича судьялари, тергов судьялари, прокуратура ва ИИБ терговчилари, Солиқ ҳамда Божхона органларининг суриштирувчилари, адвокатлар иштирок этишди.

Қайд этилганидек, мазкур фармон билан 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби йўлга қўйилади.

Бугунги кунда, жиноят ишлари бўйича судларга маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар, жиноят ишлари, мансабдор шахсларнинг чиқарилган қарорлари устидан берилган шикоятлар ҳамда судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган. Бу ўз ўрнида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида якка тартибда фаолият юритаётган бир нафар судьянинг ўзига жуда кўп ишларни кўриб чиқиш вазифасини юкламоқда. Бу фуқаролар томонидан ўринли эътирозларга сабаб бўлаётган эди.

2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича ҳудудий судларда иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари, яъни, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги ва бошқа илтимосномаларни кўриб чиқади.

Очиқ мулоқотда охирги пайтлар жойлардаги сайёр қабулларда ҳам аҳоли томонидан билдирилаётган мурожаатларни кўриб чиқишда учраётган муаммолар эндиликда бартараф этилиши айтиб ўтилди. Судьялар ва йиғилиш иштирокчилари фармон юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Янги киритилаётган ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаган ҳолда жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтириши, судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилишида кенг имкониятлар яратиши таъкидланди.

 

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Пиротехника воситаларининг қонунга хилоф муомаласи учун қонунда қандай жавобгарлик белгиганлан ?

Юртимизга янги йил байрами яқинлашиб келар экан, барчанинг диққат эътиборида бўлган ва шу билан бирга жуда ҳавфли ҳисобланган пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи деган тушунча авж ола бошлайди.

Бунга асосий сабаб, одамларнинг ушбу воситалар орқали кўнгилни чоғ қилишга бўлган иштиёқи ва шу билан бирга қўштирноқ ичидаги тадбиркорларнинг бу иштиёқда файдаланиб мўмай даромад топиш илинжида бўлишидир.

Тўғри ушбу воситалардан қонуний тарзда муомала қилувчилар ҳам йўқ эмас аммо, кўп ҳолларда бу каби воситаларни қонунга хилоф муомаласи билан шуғулланувчилар топилади.

Хўш бундай қилмиш учун қонунда қандай жазо мавжуд ?

Ўзбекистон қонунчилигида Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи қатъий таъқиқланган бўлиб, бундан ҳаракат учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1851-моддага асосан, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш, ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 250-моддасига асосан, портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, портловчи, тез алангаланувчи, ўювчи моддаларни ёхуд пиротехника буюмларини сақлаш, ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш, жўнатиш қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш: одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд шу муддатгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, ушбу кодекснинг 2501-моддасида пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш: кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса ва баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш: жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, одам ўлишига сабаб бўлса — беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши;

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ­ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, ­улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш: одамлар ўлимига ва бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, — саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилган.

 

Каримов Жаҳонгир,

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси

 

Кушатов Санжар,

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг судьяси

Оила муқаддас, уни сақлаб қолиш барчамизни бирдек бурчимиздир

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омили эканлигини исботлаб бермоқда. Мамлакатимизда ҳар бир оила давлат муҳофазасига олинган. Read More

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ЯРАШТИРИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ

Яраштириш тартиб-таомиллари тарафларда иқтисодий муносабатларни эркинлаштиришда самарали восита ҳисобланиб, тарафларнинг суд жараёнида ва унинг барча босқичида ярашиш имкониятини беради. Read More

Навоий шаҳар касб-ҳунар мактаби ва Навоий шаҳридаги 15-мактабда Навоий туманлараро маъмурий суди судьялари билан ҳамкорликда Конституциянинг 32 йиллигига бағишланган маърифий тадбир ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи халқ ҳисобланади, шу боис Конституция қабул қилинганлигини 32 йиллиги Республикамиз бўйлаб муносиб нишонланмоқда. Read More

Навоий вилоят суди томонидан барча судья ва суд ходимлари ўртасида Конституция кунига бағишланган «Заковат» интеллектуал ўйини ҳамда «Менинг Конституциям» шиори остида диктант ташкил этилди

Навоий вилоят судида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32-йиллиги кенг нишонланди, мазкур санани муносиб нишонлаш мақсадида судлар ўртасида “Заковат” интелектуал ўйини ҳамда «Анъаналар-манавий меросимиз«мавзусида диктант ташкил этилди.

“Заковат” интеллектуал ўйини клубнинг Навоий вилоятидаги махсус вакили томонидан ўтказилди. Мусобақада умидли, навқирон ва билимли ёшлардан ташкил топган, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг “Аристократлар”, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг “Тафаккур”, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг «Ренессанс» ҳамда Навоий вилоят маъмурий судининг “Адолат” жамоалари куч синашди.

Мусобақада “Тафаккур” жамоаси биринчи ўринни, “Аристократлар” жамоаси иккинчи ўринни, “Адолат” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, Навоий вилоят суди ҳамда туман, шаҳар, туманлараро судлари судьялари ва суд ходимлари иштирокида Навоий Давлат педагогика институти ўқитувчилари томонидан “Анъаналар-манавий меросимиз” мавзусида диктант синови олинди. Тадбир ниҳоятда чиройли, қизиқарли тарзда ўтди. Чунки, судьялар ва суд ходимлари диктант жараёнида мактабда ўқиган даврларини эсга олишиб, ўзларини яна бир бор мактаб партасида ҳис этишди, ташвишсиз, беғубор ва ширин дамларни эсга олишди.

Конституция байрами арафасида диктант натижалари эълон қилинди, унга кўра биринчи, иккинчи ва учинчи ўринлар ҳамда энг яхши ва чиройли ҳуснихат билан ёзилган иш наминатциялари ғолиблари аниқланди.Тадбир якунларига кўра, ўтказилган танловларда фахрли ўринларни эгаллаган судья ва суд ходимлари диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Олимжон Исмоилов Навоий вилоятида бўлиб, жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлар фаолияти билан яқиндан танишди.

Навоий шаҳар ва туманлардаги ўрганишлар жараёнида Олий суд раиси ўринбосари суд биноларида фуқаролар, судья ва ходимлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Ижро интизоми, ишларни ташкил қилиш ҳолатини ўрганиб, ходимлар билан суҳбатлашди. Мулоқотларда кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг моддий таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бугун ҳар бир судья ва суд ходими ана шу эътибордан келиб чиқиб ўз ишига масъулият билан ёндашиши кераклиги, коррупция, таъмагирлик каби иллатларга қўл урмаслик лозимлиги, бунинг учун эса, энг аввало, фидойилик ва ватанпарварликда ҳаммага намуна бўлиши, доимий равишда ўз билим ва тажрибасини ошириб бориши зарурлиги айтилди.

Шунингдек, юқори малакали, чуқур билим ва кўникмаларга эга кадрлар ёрдамида судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга эришиш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Навоий вилояти судида бўлиб ўтган ўрганишлар якунига бағишланган йиғилишда вилоят суди раислари, ўринбосарлар ва судьялар иштирок этдилар. Олий суд раиси ўринбосари суд тизимидаги ислоҳотларга тўхталиб, одил судловни амалга оширишда адолат ва қоунунийликни таъминлаш, суд идорасига нажот истаб келган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун доирасида ҳимоя қилиш бугун ҳар бир судьянинг энг асосий вазифаси бўлмоғи лозимлигини таъкидлади. Учрашувда шунингдек, маънавият ва маърифат масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик ҳукмрон бўлиши учун, энг аввало, юксак маънавиятли бўлиши кераклиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда суд раислари, судьялар сўзга чиқиб, судларда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловни холис ва беғараз амалга оширишда бор билим ва тажрибаларини аямасликларини билдирдилар.

 

 

Навоий вилоят суди матбуот хизмати

Skip to content