Қидирув:

Ўқитувчининг меҳнат ҳуқуқлари тикланди

2025 йил апрель ойининг 18 куни фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судининг сайёр очиқ суд мажлиси Хатирчи туманидаги 64-сонли умумтаълим мактаби биносида бўлиб, унда даъвогар С.Пармоновнинг жавобгар Хатирчи туманидаги 64-сонли умумтаълим мактабига нисбатан дарс соатларини олиб бериш мажбуриятини юклатиш ҳақидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган фуқаролик ишини очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.

Иш ҳужжатлардан аниқланишича С.Пармонов билан 64-сонли умумтаълим мактабда 2023-2024 ўқув йилида жами 14 соат дарс билан ўқитувчи бўлиб ишлаб келган, 2024 йил август ойида директор М.Тошматова томонидан жами дарс соатларини олиб қўйилган, фақат икки соат уй синфи қолган, 2024 йил октябрь ойида туман Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимининг аралашуви билан 10 соат дарси қайтариб олиб берилган, 2025 йил январь ойида эса яна 10 соат дарсини бошқа ўқитувчига олиб берган, ҳозирги кунда даъвогар С.Пармонов 2 соат уйда таълим дарслари билан қолган.

2025 йил январь ойидан бошлаб унинг розилигисиз 10 соат дарси мактаб директори томонидан олиб қўйиб бошқа ўқитувчига берилган.

Тарафлар ўртасида имзоланган меҳнат шартномасига кўра, шартнома муддати номуайян, асосий иш ҳисобланиши кўрсатилган.

2024-2025 ўқув йилининг иккичи ярим йиллигидаги қайта тарификацияга асосан С.Пармоновнинг 10 соат рус тили фанидан дарс соатлари олиниб, ҳозирги кунда 2 соат уй синфида дарси қолган.  

Ишда аниқланганларга кўра, С.Пармонов Хатирчи туманидаги 64-сонли умумтаълим мактабида 2023-2024 ўқув йилида жами 14 соат дарс билан ўқитувчи бўлиб ишлаб келган, мактабга М.Тошматова директор бўлиб келгандан кейин 2025 йил 22 январдаги 13-5-77 DUM/2025-сон ўқитувчиларга дарс соатларини тақсимлаш тўғрисидаги буйруғига кўра унинг 10 соат дарсини олиб бошқа ўқитувчига берган, яъни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда 3271 сон билан рўйхатдан ўтказилган, “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига зид равишда дарс соатлари тақсимланган.

Шундан кейин даъвогар С.Пармоновнинг 2 соат уй синфида дарси қолган.

Хатирчи туманидаги 64-сонли ўрта умумий таълим мактаби директори М.Тошматованинг 2025 йил 22 январдаги 13-5-77-ДУМ/2025 сонли ўқитувчиларга дарс соатларини тақсимлаш тўғрисидаги буйруғига кўра мактаб педагогик кенгашининг 29.08.2024 йилдаги №1-сон йиғилиш баёнига асосан мактабда мавжуд дарс соатлари иловага мувофиқ тақсимланган.

Мазкур 2025 йил 22 январь кунидаги буйруқ Хатирчи туман юридик хизмат кўрсатиш марказидан юридик экспертизадан ўтказилган бўлсада буйруқда “29.08.2024 йилдаги №1-сон йиғилиш баёнига асосан мактабда мавжуд дарс соатлари иловага мувофиқ тақсимлансин” деб нотўғри кўрсатилган, аслида мазкур буйруқ билан 2025 йил 6 январь кунидаги педагогик кенгаш қарори тасдиқланган.

2025 йил 22 январдаги 13-5-77-ДУМ/2025 сонли ўқитувчиларга дарс соатларини тақсимлаш тўғрисидаги буйруғига иловага қилинган жадвалдан кўринишича С.Пармоновга жами 2 соат уй синфи дарси берилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 9 июнда 2799-сон билан рўйхатдан ўтказилган, “Умумий ўрта таълим муассасасининг педагогик кенгаши тўғрисида”ги намунавий Низомнинг 11- бандига кўра, педагогик кенгаш йиғилишида умумтаълим муассасасининг фаолиятига оид энг муҳим ва долзарб масалалар муҳокама қилинади.

12-бандига кўра педагогик кенгаш йиғилиши ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Заруратга кўра, навбатдан ташқари йиғилишлар ўтказилиши мумкин.

Педагогик кенгаш йиғилиши баённомаси кенгаш котиби томонидан юритилади. Баённома педагогик кенгаш раиси ва котиби томонидан имзоланади.

Баённомаларнинг рақами, санаси ва йиғилишда кўрилган масалалар тўғрисидаги маълумотлар педагогик кенгаш йиғилиши баённомаларини қайд этиш дафтарига ёзиб борилади. Педагогик кенгаш йиғилиши баённомаларини қайд этиш дафтари рақамланади, ип ўтказиб тикилади ҳамда тегишли халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлими (бўйсунувига кўра юқори турувчи ташкилот) масъул ходими томонидан имзоланиб муҳрланади.

Даъвогар С.Пармонов ўзига нисбатан қисмини ғайриқонуний деб топишни сўраётган 64-сон мактабнинг 2025 йил 22 январь кунидаги ўқитувчилар ўртасида дарс соатларини тақсимлаш тўғрисидаги буйруғига асос бўлган мактаб педагогик кенгашининг 2025 йил 6 январь кунидаги йиғилиш баёнини расмийлаштиришда юқорида қайд этилган Низом талаблари бузилган.

Жумладан педагогик кенгашининг 2025 йил 6 январь кунидаги педагогик кенгаш йиғилиши баёни ёзилган дафтар рақамланмаган, ип ўтказиб тикилмаган ҳамда халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими масъул ходими томонидан имзоланиб муҳрланмаган.

Ваҳоланки Низомнинг 23-бандига кўра, мазкур Намунавий низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади деб кўрсатилган.

Ишда аниқланган ҳолатларга кўра С.Пармонов 64-сон умумтаълим мактабида рус тили фанидан 12 соат дарс соатига эга бўлиб, иш берувчи унинг 10 соат дарсини асоссиз равишда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда 3271 сон билан рўйхатдан ўтказилган, “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низом ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 9 июнда 2799 сон билан рўйхатдан ўтказилган, “Умумий ўрта таълим муассасасининг педагогик кенгаши тўғрисида”ги намунавий Низом талабларини бузган ҳолда олиб қўйган.

Суд бу ҳолатда 64-сон умумтаълим мактаби директорининг 2025 йил 22 январдаги 13-5-77-ДУМ/2025 сонли буйруғини қонуний деб ҳисоблаб  бўлмаслигини таъкидлайди.

Суд юқорида қайд этилган қонунлар талаби, тарафлар ўртасидаги меҳнат муносабатларини тартибга солувчи Низом талабларига кўра даъвогарнинг даъвоси қаноатлантирилиш ҳақидаги хулосага келди.

Суд мазкур иш бўйича 64-сон умумтаълим мактаби директори М.Тошматова ўқитувчиларга дарс соатларини тақсимлашда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда 3271 сон билан рўйхатдан ўтказилган, “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низом, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 9 июнда 2799 сон билан рўйхатдан ўтказилган “Умумий ўрта таълим муассасасининг педагогик кенгаши тўғрисида”ги намунавий Низом талабларига амал қилмагани, меҳнат шартларини ўз ташаббусига кўра, зарурат бўлмаган ҳолда ва ходим билан келишилмаган тарзда ўзгартирилганлиги сабабли 64-сон умумтаълим мактаби директорининг 2025 йил 22 январдаги 13-5-77-ДУМ/2025 сон “Ўқитувчиларга дарс соатларини тақсимлаш тўғрисида”ги буйруғининг С.Пармоновга тегишли қисмини ғайриқонуний деб топишни, мазкур буйруққа асосан С.Пармоновдан асоссиз олиб қўйилган 10 соат дарсни унга қайтариб бериш мажбуриятини мактаб директор М.Тошматова юклатишни лозим топди.

Бир сўз билан айтганда ўқитувчидан асоссиз олиб қўйилган дарс соатларини қайтариш мажбурияти мактаб директорига юклатилди.

 

Бабақулов Баҳодир,

Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг ташаббуси билан “Коррупция-миллат тараққиётининг кушандаси” мавзусида ўтказилган семинар тафсилотлари

Коррупцияга қарши курашиш давр талаби, бу иллат оғир оқибатларга олиб келишини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг ташаббуси билан Навоий вилоят қўриқлаш бошқармаси биносида қўриқлаш бошқармасининг ишчи ходимлари ҳамда ИЖҚК Департаментининг Навоий шаҳар бўлими ходимлари иштирокида Коррупцияни олдини олиш борасида ва маъмурий ишларни юритиш тўғрисида давра суҳбати ўтказилди.

Учрашувни ўтказишда мақсад ходимларнинг касбий маҳоратини шакллантириш, тинчлик ҳамда фаровонликни таъминлаш, коррупция ҳолатига қўл қўймасликдан иборатлиги таъкидлаб ўтилди.

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг ривожланишига жиддий путур етказадиган, давлатнинг қонун устуворлигини заифлаштирадиган, инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг оёқ ости бўлишига сабаб бўладиган, бугунги кунда халқаро миқёсда энг кўп таъкидланаётган иллатдир. Ушбу иллатга қарши кураш олиб бориш бугунда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш мақсадида ушбу йўналишда алоҳида қонунлар қабул қилингани, шу асосда аниқ мақсадларга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олган давлат дастурлари амалга оширилиб келинаётганлиги таъкидлаб ўтилди ва суд ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан одам савдоси, ЎРҚ-1047-сонли қонунлари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

 

Улуғбек Исмаилов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

 

Суннатжон Болтаев,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

Навоий шаҳрида жойлашган 16-сонли умумтаълим мактабида судья ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди

Кун тартибидаги масалалар юзасидан дастлаб Навоий шаҳридаги 16-мактаб директори ўринбосари Б.Джўраев сўзга чиқиб, Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьялари томонидан амалий дарс машғулоти ўтказилиши белгиланганлигини таъкидлаб, машғулот иштирокчиларига маърузачиларни таништирди ва сўз навбатини судъя Ф.Баҳроновга берди.

Судья Ф.Баҳронов сўзга чиқиб, аввало коррупция тушунчаси, уларни келтириб чиқарувчи омиллар, коррупциянинг жамият ривожига салбий таъсири, ёшларни коррупцияга тоқатсизлик руҳида тарбиялашнинг аҳамияти юзасидан қуйидаги бир қатор фикрларни билдириб ўтди:

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига кўра коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши эканлигини, қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари эканлигини, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ҳисобланишини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, маърузачининг келтириб ўтишича, жаҳон банкининг ҳисоб-китобига кўра ҳар йили бир триллион АҚШ доллари миқдоридаги пуллар коррупциявий жиноятларга, порага сарфланади. Коррупция мамлакат бойлигининг камайиб кетишига ва аҳоли турмуш даражасининг пасайиб кетишига олиб келади. Коррупция ҳар бир шахсга ва ҳар бир фуқарога, ҳаттоки у тўғридан тўғри дуч келмасада таъсир қилади. Коррупция тадбиркорлик ва ишбилармонликнинг ривожига салбий таъсир ўтказади. Ҳукумат меҳнаткашларга ва ижтимоий ёрдамга муҳтож шахсларга харажат қилиши лозим бўлган суммаларнинг камайишига, китоб, компьютер, дори воситалари сотиб олишнинг камайишига олиб келади. Давлат томонидан ажратиладиган ижтимоий харажатларнинг, масалан мактабгача ва мактаб таълимига, шифохоналарга, йўллар қурилишига, оқова сув ва тартиботни сақлашга кетадиган харажатларнинг камайишига, бу харажатларнинг нооқилона ишлатилишига, кўрсатиладиган хизматлар сифатининг пасайишига олиб келади. Коррупция кимда пул ва танишлар кўп бўлса, уларга қонунларни ва ҳукумат қарорларини ўзларига мослаб ўзгартиришга, ҳукуматга бўлган ишончнинг йуқолишига олиб келади.

Олиб борилган тадқиқодларга кўра мамлакатлар коррупцияга қарши курашишни олиб борганда давлат даромадлари, бюджетга тушум тўрт карра ошишига, бизнеснинг уч фоиз тез ривожланишига ва болалар ўлимининг 75 фоизга пасайишига олиб келиши аниқланган.

Коррупцияни йуқолишига мажбур қилмагунимизча у йуқолмайди. Барчада шунга қатъий хоҳиш-ирода бўлиши, пора бермаслиги ва пора олмаслиги шарт. Қонуний усулда ўз мақсадимизга эришишга ҳаракат қилишимиз керак. Коррупция ҳолатларини жамоатчиликка ошкор қилиш муҳим.

Коррупция жамиятда ва иқтисодиётда, ҳаётнинг барча соҳаларида янгиликнинг кириб келишини секинлаштиради.

Дунёдаги тадбиркорларнинг учдан бир қисми коррупцияни бизнеснинг ривожидаги асосий тўсиқ деб билади.

Зимбабведа коррупция шунчалик ривожланган ва ёмон тусга кирганки, бу давлатнинг шифокорлари, ҳаттоки улар ҳомилани дунёга келтирганлиги учун оналардан 50 АҚШ доллари, чақалоқларнинг йиғлагани учун 5 АҚШ доллари миқдорида жарима-пора ундиришади.

Қадимги Форс давлатида подшо Камбис Сизамна исмли порахўр қозининг терисини шилиб олиб, судья курсисига боғлаб қўйишни буюрган.

Курсига ўтирга қози порахўрлик нима оқибатларга олиб келишини кўриб туриши учун.

Россия императори Петр I биринчилардан бўлиб Россияда порахўрликка қарши курашувчи фискаль хизматни ташкил қилган.

Нью-Йоркдаги Чемберс-стрит кўчасида Твид суди биноси дунёга коррупциянинг энг машҳур кўриниши сифатида кирган. Чунки, маҳаллий ҳокимият идорасида 1850–1870 йиллар ишлаган амалдор Уильям Твид қурилишда ҳар қандай воситалар орқали бойишга ҳаракат қилганлиги оқибатида, қурилиш давлат бдюжетига Алясканинг Россиядан сотиб олишга кетган пулдан бир ярим баробар кўп харажатга тушган.

 

Раислик этувчи навбатдаги маъруза учун сўзни Кармана туманлараро иқтисодий суди судъяси Ҳ.Саъдуллаевга берди.

Ҳ.Саъдуллаевга ўз маърузасида машғулот иштирокчилари асосан юқори синф ўқувчилари эканлигини таъкидлаб, уларга 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаган шахсларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлиги ва бунинг учун белгиланган жавобгарлик хусусида қисқача тушантириш бериб ўтди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 14-моддаси вояга етмаганларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлиги кўрсатиб ўтилганлигини, унга кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан Болалар масалалари бўйича комиссиялар тўғрисидаги низомда назарда тутилган чоралар қўлланилишини, агарда ушбу шахслар маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган тақдирда, улар умумий асосларда маъмурий жавобгарликка тортилишларини, уларда белгиланган маъмурий жарима тўловлари миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисмидан бошланиб, БҲМнинг икки юз бараваригача бўлган жарималар ҳам назарда тутилганлиги ҳақида тушунтириш берди.

Шунингдек, содир этилган ҳуқуқбузарликнинг хусусиятини ва ҳуқуқбузарнинг шахсини ҳисобга олган ҳолда мазкур шахсларга нисбатан (бундан ушбу Кодекснинг 194, 1941 ва 1961-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар мустасно) ишлар болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиялари ихтиёрига берилиши мумкинлигини, ушбу Кодекснинг 61, 2061-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларнинг ишлари эса шу комиссияларга берилиши лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шу билан, маърузачилар келгусида амалий машғулот иштирокчиларига ёшларнинг ўз ҳуқуқий билими ва маданиятини ошириши, уларнинг қонунларга итоаткорлик ва ҳуқуқбузарликларга, коррупцияга тоқатсизлик руҳида тарбияланиши муҳим эканлиги хусусида тегишли кўрсатмалар бериб, уларга келгусида таҳсил олиш ва ишларида муваффақиятлар тилаб, ўз маърузаларини якунлашди.

 

Бахронов Фахриддин,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси,

 

Саъдуллаев Хамидулла,

Кармана туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Навоий бўлинмасида ўтказилган семинар тафсилотлари

Навоий вилояти судининг судьяси Ж.Каримов ва жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси У.Исмаиловлар томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агенлигининг Навоий бўлинмаси ходимлари иштирокида, агентликнинг судларда зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқларига оид ва судда иштирок этиш билан боғлиқ процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш борасида семинар йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 майдаги “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-175-сонли Қарорининг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтириш берилди.

Шунингдек, Агентликнинг жойлардаги “Инсон” марказлари томонидан туман (шаҳар) судларида кўрилаётган оилавий (маиший) зўравонлик билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларни кўришда марказ ходимларининг қатнашишлари мумкинлиги ҳақидаги саволларга атрофлича жавоб берилди.

 

Каримов Жахонгир,

Навоий вилоят судининг судьяси

 

Исмаилов Улуғбек,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

Жиноят ишлари бўйича Карманатуман суди томонидан ўтказилган сайёр суд ва ҳуқуқий тарғибот тадбири тафсилотлари

Кармана тумани Кумушкон маҳалласида жойлашган 11-сонли умумтаълим мактаби биносида жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик олдини олиш мақсадида кўпчилик омма олдида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Ўтказилган сайёр суд мажлисида туман ИИБ пробация назроатида рўйхатда турган 150 нафар шахсларга нисбатан бўлган ишлари кўриб чиқилиб, сайёр суд мажлиси иштирокчилари гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинди.

Бундай сайёр суд мажлисларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жиноят кўчасига кириб қолган ёки жиноят содир этишга мойиллиги бўлган шахсларга жиноят учун жазо муқаррарлигини эслатиш ва шу орқали келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишдан иборатдир.

Сайёр суд мажлиси якунига уланиб кетган тарғибот тадбирида сўзга чиққанлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида қилинаётган барча ишлар, қабул қилинаётга қонунлар барчаси “Инсон қадри ва манфаатлари учун” эканлиги, буни ҳар-бир Ўзбекистон фуқароси ич-ичидан ҳис қилиши ва жиноятчиликка қарши биргаликда муросасиз курашиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилганларга судьялар томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти ҳамда ЎРҚ-1047-сон Қонун юзасидан батафсил тушунтириш берилди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилганларга ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб берилди.

 

Имомов Бобир,

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси

Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судининг ташаббуси билан “Коррупция-миллат тараққиётининг кушандаси” мавзусида ўтказилган семинар тафсилотлари

Коррупцияга қарши курашиш давр талаби, бу иллат оғир оқибатларга олиб келишини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судининг ташаббуси билан туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ишчи ходимлари иштирокида Коррупцияни олдини олиш борасида давра суҳбати ўтказилди.

Учрашувни ўтказишда мақсад ходимларнинг касбий маҳоратини шакллантириш, тинчлик ҳамда фаровонликни таъминлаш, коррупция ҳолатига қўл қўймасликдан иборатлиги таъкидлаб ўтилди.

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг ривожланишига жиддий путур етказадиган, давлатнинг қонун устуворлигини заифлаштирадиган, инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг оёқ ости бўлишига сабаб бўладиган, бугунги кунда халқаро миқёсда энг кўп таъкидланаётган иллатдир. Ушбу иллатга қарши кураш олиб бориш бугунда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш мақсадида ушбу йўналишда алоҳида қонунлар қабул қилингани, шу асосда аниқ мақсадларга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олган давлат дастурлари амалга оширилиб келинаётганлиги таъкидлаб ўтилди ва суд ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан одам савдоси, ЎРҚ-1047-сонли қонунлари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

 

Адиз Авезов,

Жиноят ишлари бўйича Қизилтепа туман судининг раиси

 

Улуғбег Музаффаров,

Жиноят ишлари Қизилтепа туман судининг тергов судьяси

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг судья ва суд ходимлари «Автомобилсиз кун» акциясида фаол иштирок этишди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармонига кўра, ҳар ойнинг бир иш куни давомида Автомобилсиз кун жамоатчилик тадбирини амалга ошириш белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьялари томонидан ҳам ушбу жамоатчилик тадбири қўллаб-қувватланиб, ҳар ойнинг бир иш кунида автомобиллардан ҳоли равишда ишга келиб кетиш йўлга қўйилган ҳолда жамоатчиликка намуна кўрсатиб келинмоқда.

“Автомобилсиз кун” тадбирини ўтказишдан асосий мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, атроф-муҳитни автомобиллардан чиқувчи зарарли газлардан ҳимоя қилиш, жамоат транспорти тизимини ривожлаштириш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратишдир.

 

Алиқулов Баҳодир,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг раиси

 

Пардаева Дилобар,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг судьяси

 

Болтаев Суннатжон,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

 

Исмаилов Улуғбек,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга мурожаат қилиши учун қулайликлар яратилди.

Хусусан, айрим фуқаролар, корхона ва ташкилотлар ҳамда давлат органлари учун судларга даъво аризаси ёки ариза билан мурожаат қилишда давлат божи тўловидан озод қилиш каби имтиёзлар берилди.

Жумладан, 2025 йилнинг 20 февраль куни “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида ЎРҚ-1032-сон Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддаси биринчи қисми 47-банд билан ҳамда 9-моддасининг биринчи қисми 29-банд билан тўлдирилди.

Яъни, Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишинча иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш юзасидан хизматлар учун тўловлар бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга мурожаат қилинганда иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар давлат божини тўлашдан озод этилишини, шунингдек уларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда мазкур давлат божини ушбу етказиб берувчилардан ундириш белгиланди.

Қонунни қабул қилишдан мақсад шуки, иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар томонидан истеъмолчиларга энергия ресурслари етказиб берганлик ҳамда сифатли хизматлар кўрсатиш мақсадида етказиб берилган энергия таъминоти учун қарздорликларни ўз вақтида ундириш ҳисобланади.  

Мазкур Қонун истеъмолчилар томонидан қарзларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлашга, аҳолининг сифатли иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш бўйича хизматлар билан таъминланганлик даражасини оширишга хизмат қилади.

 

Дилшод Турдиев,

                                                              Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси

Суд тизимидаги ислоҳотлар

Ўзбекистон Республикасининг 2025-йил 11-мартдаги “Аҳолига суд муҳокамаларда масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг арим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1047-сон Қонунини билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг 209-моддасига, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 166-моддасига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 144-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг 209-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлар қуйидаги таҳрирда, яъни:

«Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференсалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобил видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаётган суд ушбу шахсларнинг келган-келмаганлигини текширади ва келган шахсларнинг шахсини аниқлайди. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида мобил видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган шахсларнинг шахси ишни кўраётган суд томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аниқланади» деб баён этилиши;

қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан, яъни:

«Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги, шунингдек гувоҳнинг қасамёди аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади» деб тўлдириш белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 166-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан, яъни:

«Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобил видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади» деб тўлдириш белгиланган;

учинчи ва тўртинчи қисмлар тегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисобланиши;

қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан, яъни:

«Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади» деб тўлдирилиши белгиланган;

бешинчи қисм олтинчи қисм деб ҳисобланиши кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 144-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан:

«Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобил видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади» деб тўлдирилди;

учинчи ва тўртинчи қисмлар тегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисоблаш белгиланди;

қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан, яъни:

«Видеоконференсалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференсалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади» деб тўлдириш белгиланди;

бешинчи қисм олтинчи қисм деб ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2025-йил 11-мартдаги ЎРҚ-1047-сон Қонунининг 4-моддасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлаш кўрсатиб ўтилган.

 

Саноқулов Фазлиддин,

 

Навоий вилоят маъмурий судининг судьяси

Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш – жамият тараққиётидаги ўта муҳим вазифа

Зарафшон шаҳар судларининг ташаббуси билан Зарафшон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги таълим муассасалари раҳбарлари ва устоз-мураббийлари ҳамда Зарафшон шаҳар тиббиёт бирлашмаси ишчи ходимлари иштирокида коррупцияни олдини олишга қаратилган давра суҳбати ташкил этилди.

Дастлаб судьялар Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгаш йиғилишида сўзлаган нутқидан келиб чиқадиган муҳим вазифалар, корупсияга қарши курашиш, унга нисбатан муросасизлик ҳиссини шакллантириш ва ушбу иллатга қарши курашиш борасида мамалакатимизда олиб борилаётган чора-тадбирлар бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Барча тизимда коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини самарали йўлга қўйиш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш талаб этилаётганлигига алоҳида эътибор қаратилиб, судлар томонидан коррупция билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларга нисбатан ишлар кўрилиб, қонунга асосан тегишли жазо чоралари қўлланаётган бўлсада, барча соҳаларда коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этилиши давом этаётганлиги, жумладан, таълим соҳасида ҳам жамиятнинг ривожланишига асосий тўсиқлардан бўлган бу каби жиноятларни содир этилаётганини кузатиш мумкинлигини таъкидланди.

Барча соҳалар каби таълим тизимида ҳам ушбу иллатга қарши курашиш, уни олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тўхталиб ўтилди.

Тадбир сўнгида судьялар томонидан йиғилиш иштирокчиларига хизмат вазифасини амалга ошириш жараёнида қонун талабларига зид бўлган ташқи таъсирларга берилмаслик, у ёки бу харакатни амалга ошириш ёки харакатсизлиги учун пул-моддий қимматликлар, қимматбахо буюмлар ва хизматлар кўринишида хақ олмаслик, ўз вазифаларини суиистеъмол қилмасликлари лозимлигини, хизмат фаолияти давомида пора олиш ва беришда воситачилик қилмаслик, шу билан бирга, ўзларига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришлари лозимлиги тушунтирилди.

 

Исоков Анвар,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг раиси

 

Ғофуров Шерзод,

Зарафшон туманлараро иқтисодий судининг раиси

 

Очилов Шерали,

Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг раиси

 

Эргашева Дилобар,

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг тергов судьяси

 

Насриев Анвар,

Фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судининг судьяси

Skip to content