Ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотлар
Ўзбекистон Республикасида ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ушбу соҳадаги қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 15-ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан самарали фойдаланиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-997-сон Қонуни билан муҳим ўзгартиришлар киритилди. Ушбу ўзгаришлар ер муносабатларини тартибга солиш, ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш ва жавобгарлик чораларини такомиллаштиришга қаратилган.
Қуйида ушбу ўзгартиришларнинг асосий жиҳатлари кенгроқ ёритиб берилган:
Ерга оид муносабатларни тартибга солиш – қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар асосида ер ресурсларидан оқилона, мақсадли ва шаффоф фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Ўзбошимчалик билан ер участкаларини эгаллаш ёки ноқонуний қурилишлар амалга оширишнинг олдини олиш мақсадида аниқ меъёрлар белгиланди.
Бу эса нафақат ер эгалари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, балки ер ресурсларининг барқарор бошқарувига ҳам хизмат қилади. Давлат ва маҳаллий ҳокимият органларининг ушбу жараёндаги назорат ваколатлари кучайтирилди.
Ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш – ерга эгалик ҳуқуқлари, фойдаланиш ва ижарага олиш ҳуқуқлари аниқ белгиланди. Ер эгаларининг қонуний ҳуқуқлари янада мустаҳкамланди, давлат мулки бўлган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш чоралари кучайтирилди. Шу билан бирга, ердан ноқонуний фойдаланишни аниқлаш ва бартараф этиш жараёнлари соддалаштирилди.
Жиноят ва маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш – Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик кодексларига киритилган ўзгартиришларга кўра, ердан фойдаланиш ва уни ҳимоя қилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик оширилди. Хусусан ноқонуний эгалланган ер участкалари учун жазо муддатлари ва жарималар миқдори оширилди, ноқонуний қурилишлар учун жиноий жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган. Бу чора-тадбирлар ерга оид қонунбузарликларнинг олдини олиш ва жавобгарликни оширишга қаратилган.
Суд жараёнларини соддалаштириш – фуқаролик ва иқтисодий протсессуал кодексларга киритилган тузатишлар орқали ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини қайтариш ва ноқонуний қурилган биноларни бузиш бўйича ишларни тезкор кўриб чиқиш тартиби белгиланди. Эндиликда судлар бу турдаги ишларни қисқа муддатда кўриб чиқишлари шарт.
Бундан ташқари, ноқонуний қурилишларни бартараф этишда зарарларни қоплаш масалаларини тартибга солувчи ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди.
Давлат божидан озод қилиш – маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ерга оид қонунбузарликларга доир суд даъволарида давлат божи бекор қилинди. Бу чора мазкур органларнинг суд жараёнларига аралашуви учун молиявий тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.
Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш – киритилган ўзгартиришлар давлат ва жамиятнинг ер ресурсларига бўлган эҳтиёжларини мувофиқлаштиришга, ресурслардан самарали фойдаланиш механизмларини жорий этишга йўналтирилган. Бу, ўз навбатида, ер участкаларининг мақсадли ишлатилишини таъминлайди ва ерга оид низоларни камайтиради.
Жамоатчилик назоратини кучайтириш – шунингдек, аҳолининг ер муносабатларидаги қонунбузарликларга қарши курашдаги иштирокини ошириш ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш чораларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу, айниқса, давлат мулкини асраш ва ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур ўзгаришлар давлат ва жамиятнинг ер ресурсларини бошқаришда ҳамкорлигини кучайтириш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, бу чоралар жамиятда ерга оид масалаларда ҳуқуқий маданиятни оширишга ҳамда ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибни жорий этишга замин яратади.
Рахимов Абубакр,
Навоий туманлараро маъмурий суди раиси