Барчаси “Инсон қадри учун” !!! Ноқонуний ишдан бўшатилган ходим судда ишга тикланди
Даъвогар Д.К жавобгар Навоий вилоят Транспорт бошқармасига нисбатан буйруқларни ғайриқонуний деб топиш, ишга тиклаш, иш ҳақи, мажбурий прогул юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарарни ундириш, мажбурий прогул кунларини иш стажига қўшиб ҳисоблаш, касаба уюшма розилик хати ва баённомаларнинг бир қисмини ғайриқонуний деб топиш ҳақида даъво ариза билан судга мурожаат қилган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари рад қилинган.
Даъвогар Д.К томонидан берилган апелляция шикоятида суд қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқариш сўралган.
Иш материалларидан ва судда аниқланган ҳолатлардан кўринишича, даъвогар Д.Киёмова 2019 йил 25 апрелдаги 33-сонли меҳнат шартномасига асосан Навоий вилоят Транспорт бошқармасига иш юритувчи вазифасига ишга қабул қилиниб, кейинчалик автомобиль ташувларини хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бўлими инспектори, мурожаатлар ва хатлар билан ишлаш сектори бош мутахассиси вазифасида ишлаб келиб, 2021 йил 6 сентябрдан бошлаб мурожаатлар ва хатлар билан ишлаш сектори бошлиғи вазифасига ўтказилган.
Иш берувчи томонидан 2023 йил 22 майда корхона касаба уюшмасига ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш тўғрисида тақдимнома берилган.
Касаба уюшмасининг 2023 йил 29 майдаги йиғилиш қарорига кўра, Д.К билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик берилган.
Иш берувчининг 2023 йил 8 июндаги 51-сонли буйруғига асосан Д.К билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 2-бандига асосан бекор қилинган.
Аниқланишича, иш берувчи 2023 йил 8 июндаги буйруғига касаба уюшмасининг 2023 йил 8 июндаги розилик хатини асос қилган.
Ваҳоланки, иш берувчи томонидан касаба уюшмасига 2023 йил 22 май куни Д.К билан иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик олиш юзасидан тақдимнома киритган.
Иш ҳужжатларидаги, касаба уюшманинг 2023 йил 29 майдаги йиғилиш баёнида йиғилиш котиби Г.Х имзо қўймаган.
Шундан сўнг, иш берувчи 2023 йил 8 июндаги хати билан касаба уюшмаси қўмитасининг ушбу баённомасини Д.К билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш юзасидан овозлар сони тўғри ёки нотўғрилигига аниқлик киритиш ва баённомани имзолаб беришлик учун қайтарилган.
Судлов ҳайъати суд мажлисида гувоҳ сифатида сўралган Г.Х мазкур ҳолатни тасдиқлаб, 2023 йил 29 майдаги йиғилишда овозлар сони ноаниқ бўлганлиги сабабли имзо қўймаганлигини маълум қилди.
Касаба уюшмаси қўмитаси 2023 йил 8 июнда йиғилиш ўтказиб, йиғилиш қарорида 2023 йил 29 майдаги йиғилиш баёнидаги овозлар қайта ҳисоб китоб қилинганлиги ва иш берувчининг 2023 йил 22 майдаги тақдимномасига розилик берилганлиги кўрсатилган.
Судлов ҳайъати суд мажлисида даъвогар Д.К касаба уюшмаси қўмитасининг 2023 йил 29 майдаги йиғилиш қарори тегишли тартибда расмийлаштирилмаганлигини, 2023 йил 8 июндаги йиғилишда қатнашмаганлигини, йиғилиш амалда бўлмаганлигини маълум қилди.
Судлов ҳайъати ушбу ҳолатга аниқлик киритиш учун касаба уюшмаси аъзолари Х.Р, Г.Х.ларни гувоҳ сифатида сўралганда, улар 2023 йил 8 июнда йиғилиш бўлганлиги, унда 2023 йил 29 майдаги йиғилиш баёни асосида овозлар қайта ҳисоб китоб қилинганлигини, Д.К иштирок этмаганлигини маълум қилди.
Демак, бу ҳолатда иш берувчи Д.К билан иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилиги қонунчиликда белгиланган тартибда олинмаган.
Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 4-сон оилавий поликлиникасининг меҳнатга лаёқатсизлик варақасига асосан даъвогар Д.К 2023 йил 6 июндан 13 июнга қадар “сурункали бронхит” касаллиги билан даволанган.
Гарчи, жавобгар вакили Д.К шу кунлари ишда бўлганлигини таъкидлаб, бу ҳолатни унинг ўзи ҳам инкор этмаган бўлсада, Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2024 йил 19 январдаги хатида, Д.К.га берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси белгиланган талаблар асосида расмийлаштирилганлиги ва унга текширув ҳамда даво режалари олиб борилганлигини маълум қилган.
Шу боис, судлов ҳайъати иш берувчи томонидан Д.К билан меҳнат шартномасини унинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида бекор қилган деб ҳисоблайди.
Қайд этилганларга кўра, биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳақиқий ҳолатларини аниқламасдан, тўлиқ ва холисона текширмасдан, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаб, даъво талабларини тўлиқ рад қилиш ҳақида асоссиз хулосага келган.
Шу сабабли, судлов ҳайъати иш берувчининг 2023 йил 8 июндаги
буйруғини ғайриқонуний деб топиб, даъвогарни Навоий вилоят транспорт бошқармаси мурожаатлар ва хатлар билан ишлаш сектори бошлиғи вазифасига ишга тиклашни лозим топди.
Шунга кўра, судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг иш юзасидан қабул қилган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, янги ҳал қилув қарори чиқаришни лозим деб топади.
Даъвогар К.Д Навоий вилоят транспорт бошқармаси мурожаатлар ва хатлар билан ишлаш сектори бошлиғи вазифасига ишга тикланиб,
Жавобгардан К.Д. фойдасига мажбурий бекор юрган кунлари учун 71.389.606 сўм иш ҳақи маънавий зарар учун 9.000.000 сўм товон пули ундирилди.
Беҳзод Шерматов,
Навоий вилоят судининг судьяси.