“Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш тартиби” хусусида семинар ўтказилди

Судлар томонидан амалиётни бирхиллаштириш, келгусида моддий ва процессуал Қонун нормаларини қўллашда хато ва камчиликларга йўл қўймаслик чораларини кўриш мақсадида ўтказилган навбатдаги семинар “Жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарори мазмун-моҳиятига бағишланди.

Унда Навоий вилоят, туман (шаҳар) суди судьялари, туман (шаҳар) пробация гуруҳи ва ЖИЭК ходимлари иштирок этди.

Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш (ЖК 73, 89-моддалари) ва жазони енгилроқ жазо тури билан алмаштиришга оид (ЖК 74, 90-моддалари) масалани судлар ҳар бир маҳкумга алоҳида ёндашувни таъминлаган ҳолда ҳал этилиши, шунингдек фақат суд томонидан тайинланган жазонинг қонунда назарда тутилган қисмини ўташ пайтида (ҳукм қонуний кучга киргунга қадар ушлаб турилган, қамоқда, уй қамоғида сақланган вақтни ҳисобга олган ҳолда) ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумларга нисбатан қўлланилиши мумкинлиги таъкидланди.

Бундан ташқари Пленум қарорида судлар томонидан маҳкумларни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришни асоссиз равишда рад этишга, балки асоссиз равишда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришга ҳам йўл қўйилмаслиги, қонунда назарда тутилмаган асослар, жумладан, олдинги жиноятлари учун судланганлик ҳолати мавжудлиги, тайинланган жазо енгиллиги, маҳкум айбига иқрор эмаслиги, муайян жазони ижро этиш муассасасида қисқа вақт мобайнида бўлганлиги ва ҳ.к. бўйича жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришни рад этишга ҳақли эмаслиги белгилангани хусусида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, содир этилган жиноят хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси (унинг оғирлиги ва оқибатлари) ҳам илтимоснома ёки тақдимномани рад этиш учун асос бўлмаслиги, чунки бу ҳолатлар жазо тайинланган вақтда инобатга олинган бўлиб, бундан ташқари, ЖК 73, 74, 89 ва 90-моддаларида назарда тутилган муддатлар белгиланиши мезони ҳисобланаши ўқтирилди.

Маҳкумда жазони ижро этиш даврида қўлланилган таъсир чораларининг мавжудлиги, ўз-ўзидан, унинг тайинланган жазони ўташни давом эттириши зарурлигидан далолат бермайди. Мазкур масалани ҳал этишда, ҳар доим, нафақат бевосита илтимоснома киритилиши арафасида, балки жазони ўташнинг бутун даврида маҳкум томонидан йўл қўйилган ҳар бир тартиб-бузарликнинг муайян ҳолатлари, оғирлиги ва хусусияти, таъсир чоралари олиб ташланиши ёки тугалланишига оид маълумотлар, охирги таъсир чораси қўлланилганидан сўнг ўтган вақт, маҳкумнинг кейинги хулқ-атвори ва уни тавсифловчи бошқа маълумотлар инобатга олиниши лозим.

Хусусан, семинар иштирокчиларига жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришга оид масалани ҳал этишда суд жазонинг ўталмаган қисмини ЖК 72-моддаси тартибида шартлига алмаштиришга ҳақли эмаслиги, бунда суд, фақат, илтимосномани қаноатлантириши ёки рад этиши мумкинлиги, агар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришга оид илтимоснома судга келиб тушгандан сўнг маҳкумни жазодан озод қилишни ёки унга нисбатан тайинланган жазони қисқартиришни (камайтиришни) назарда тутувчи амнистия акти эълон қилинса, суд муҳокамаси бошланганидан қатъий назар, суд илтимосномани кўрмасдан қолдириши ва бу ҳақда жазони ижро этувчи органга хабариши лозимлиги борасида баён қилинди.

Семинар якунида иштирокчилар амалиётда учраётган масалалар юзасидан саволлар, фикр-мулоҳазалар билан фаол иштирок этди.

 

Абдумўмин Рахимов

Навоий вилоят суди судьяси